1446 йил 3 рабиъус сони | 2024 йил 06 октябрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Закот

Ҳовли-жой, уй жиҳозлари, уловлар ва иш қуролларининг закоти

13:54 / 13.06.2018 6976 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Савол: Бир кишининг ўзи яшаб турган уйидан бошқа уйи бўлса, унинг қийматидан закот чиқариладими?

Жавоб: Яшаб турган ҳовлиси, устидаги кийими, уй жиҳозлари, уловлар, хизматкорлар, иш қуролларидан закот йўқ, чунки улар аслий ҳожатларидан ҳисобланади.

Ўзи яшаб турган ҳовлида бир неча хона бўлса, улардан фақат иккитасини ишлатиб, қолганидан фойдаланмаса, аслий ҳожатидан ташқари бўлган тақдирда ҳам, ўша икки хонадан бошқасидан закот чиқармайди. Иккита ҳовлиси бўлиб, бирида истиқомат қилиб, иккинчисида истиқомат қилмаса ва уни тижорат мақсадида олмаган бўлса, иккисидан ҳам закот чиқармайди. Аммо зиммасига қурбонлик қилиш лозим бўлади. Агар иккинчи ҳовлини тижорат мақсадида олган бўлса, тижорат молларига қўшиб, ўша ҳовлининг ҳам закотини чиқаради.

Савол: Ижарага берилган бино, дўкон ва уловлардан закот бериладими?

Жавоб: Уларнинг ўзидан закот берилмайди, лекин улардан тушган маблағ нисобга етса, закот берилади. Юқорида айтилганидек, яшаб турган ҳовлиси, эгнидаги кийими, уй жиҳозлари, уловлар, иш қуроллари аслий ҳожатлар бўлгани учун улардан закот бермайди.

Савол: Пулни банд қилиш мақсадида олинадиган уйлардан закот чиқариладими?

Жавоб: Уй, ер сотиб олинаётган пайтда одатда учта нарса ният қилинади: 1) Кейинчалик уни сотиб юбораман, деб ният қилса, ҳар йили закот бераётган йилдаги қийматидан закот чиқариши вожиб бўлади. Тижорат учун сотиб олган нарсаси тижорат учун бўлади. Бу савдо вақтида тижорат нияти борлиги учундир. Ижмоъга кўра, закотни адо қилиш кунидаги қиймат эътиборга олинади, шу саҳиҳдир; 2) «Уй қуриб, ўзим яшайман» деган ниятни қилса, бундай ҳолатда сотиб олинган ҳовлининг қийматидан закот чиқариш вожиб бўлмайди, чунки яшаб турган ҳовлисидан закот чиқармайди; 3) Ҳеч қандай ниятсиз сотиб олинса, бунда ҳам ундан закот чиқариш вожиб бўлмайди. Чунки айтиб ўтилганидек, яшаб турган ҳовлиси, эгнидаги кийими, уй жиҳозлари, уловлар, иш қуролларидан закот йўқ. Чунки улар аслий ҳожатлар ҳисобланади.

Савол: Иш қуролларидан, яъни ишлаб чиқариш дастгоҳларидан закот бериладими?

Жавоб: Касб эгаларининг иш анжомларидан закот берилмайди, яъни хоҳ ишлатиш жараёнида теша, омбир каби йўқ бўлиб кетмайдиган анжомлар бўлсин, хоҳ (кир ювувчининг совун-содаси каби ишлатиш жараёнида) йўқ бўлиб кетадиган нарсалар бўлсин, булардан закот берилмайди.

Савол: Уй жиҳозларидан закот вожиб бўладими?

Жавоб: Тилла, кумуш тақинчоқлардан бошқа рўзғор буюмларидан закот вожиб бўлмайди.

Савол: Шахсий кутубхонадаги китоблар закот молига қўшиладими?

Жавоб: Ўқиш мақсадида сотиб олинган китоблар закот молига қўшилмайди, чунки илм аҳлидан бўлган кишининг китоблари закот молига қўшилмайдиган нарсалардандир. Агар илм аҳлидан бўлмаса ва китоблар қайси мавзуда бўлмасин, (масалан, фиқҳ, ҳадис, наҳв) қиймати икки юз дирҳамга етса, тижорат мақсадида олинган бўлса, закот вожиб бўлади. Агар тижорат учун бўлмаса, закот бериш вожиб бўлмайди, лекин бундай кишига закот олиш ҳалол бўлмайди.

Савол: Одатда жуда кам ишлатиладиган рўзғор буюмлари закот молига қўшиб ҳисобланадими?

Жавоб: Рўзғор буюмлари гарчи йил мобайнида жуда кам ишлатилса ҳам, закот молига қўшилмайди. Кўргазма учун сақлаб қўйилган буюмлар закот беришда закот молига қўшиб ҳисобланмайди. Лекин улар қурбонлик қилиш-қилмаслик ёки закот олишга ҳақдорликни аниқлашда ҳисобга олинади.

Савол: Яшаб турган уйини сотса, ундан закот бериладими?

Жавоб: Яшаб турган уйини сотган бўлса ва агар унинг қиймати нисобга етиб, бир йил айланган бўлса, ундан закот бериш вожиб бўлади.

Савол: Бир киши бир неча уй сотиб олиб, уларни ижарага берса, улардан закот чиқарадими?

Жавоб: Бу кишида нисоб миқдоридаги бошқа мол бўлмаса, уйни нисоб миқдоридаги қиймат эвазига ижарага берса, бу уйларни тижорат мақсадида сотиб олмаган бўлса, ижара ҳаққини қўлга олганидан кейин унга бир йил тўлмаса, закот вожиб бўлмайди. Агар нисоб миқдоридаги бошқа моли бўлса, нисобга қўшиб, закот беради.

Пулни банд қилиб, кейинчалик сотиш мақсадида уй ёки шу каби нарсаларни сотиб олса, сўнг уни ижарага берса, уларнинг қийматидан ҳам, улардан тушган ижара ҳақларидан ҳам закот берилади.

Савол: Бир киши насияга, яъни пулини бир йилдан кейин бериш шарти билан уй сотиб олса ва бир йилдан аввал закот берадиган вақт келса, уй учун бериладиган маблағдан ҳам закот чиқарадими?

Жавоб: Агар уйнинг пулини закот бериш вақти келишидан аввал тўласа, ундан закот чиқармайди. Закот бериш вақти келишилган вақтдан аввал келган бўлса, уй учун бериладиган маблағдан ҳам закот чиқаради.


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Мўминнинг нажоти китобидан)



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Нақд пулдан қандай қилиб закот чиқарилади Унинг шартлари қандайНақд пулдан закот чиқариш фарз бўлиши учун унда қуйидаги шартлар мавжуд бўлиши лозим1. Пул нисобга давоми...

7268 16:57 / 05.06.2018
Ҳисоблаш вақтида тижорат дўкони бинолари, бинонинг асбобанжомлари, тижорат моллари қўйиладиган жойлар, пештахта ва шунга ўхшаш сотувга қўйилмаган нарсалар давоми...

4512 09:00 / 06.05.2021
Нима учун Қуръони Каримда Закот сўзи ўттиз мартадан ортиқ келган бўлса, шундан йигирма еттитасида намоз билан бирга зикр қилинганНима учун Пайғамбаримиз давоми...

3838 05:00 / 14.01.2017
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилган.Эй иймон келтирганлар, касб қилган нарсаларингизнинг покизаларидан нафақа қилинглар, Бақара сураси, 267оят. давоми...

3637 16:14 / 06.06.2018
Аудиолар

131171 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

51684 14:35 / 11.08.2021