1446 йил 21 жумадис сони | 2024 йил 23 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Нима учун исломда закот учинчи рукн қилинган?

14:30 / 02.06.2019 4101 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Қуръони Каримда «закот» сўзи ўттиз мартадан ортиқ келган бўлса, шундан йигирма еттитасида у намоз билан бирга зикр қилинган. Қолаверса, Пай­ғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларида нима учун закотга алоҳида эътибор берилган? Закотни инкор қилган одам нима учун кофир бўлади? Бунга ўхшаш саволларни кўплаб бериш мумкин. Аллоҳ таолонинг ёрдами ва тавфиқи ила ушбу «Закот китоби»да бу каби саволларга ҳам жавоб беришга ҳаракат қиламиз.

Мол ва молиявий алоқалар инсонлар ҳаётида, хусусан, ижтимоий  ҳаётда муҳим ўрин тутишини ҳеч ким инкор қила олмайди. Қайси бир шахс, қайси бир жамият молиявий масалани, яъни иқтисод масаласини тўғри ҳал этса, катта муваффақиятга эришиши аниқ.

Шунинг учун ҳам бу масала ҳамиша кўпчиликни ўйлантириб келган ва келаётир. Ҳар ким бу масалада ўзича турли усулларни қўллаб кўрган ва кўрмоқда. Баъзилар ўз иқтисодий ҳолатини ўзи ишлаб, тўғрилашга уринган бўлса, яна баъзилар бу масалани ўзгаларни ишлатиш билан ҳал қилишга интилганлар. Учинчи тоифа кишилар ўртасидаги иқтисодий тафовутни йўқ қилиш учун бойларни йўқотиш зарур, деб ҳисоблаганлар. Тўртинчи тоифа эса ишни солиқ миршаби ўз жойи­га келтириши мумкин, деган фикрни илгари сурганлар. Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, бу масалада ҳар ким ўзича фикр-мулоҳаза юритиб, хатти-ҳаракат қилган ва қилмоқда.

Лекин буларнинг ҳаммаси ҳам аввалига энг тўғри йўл, энг муносиб омил бўлиб кўринган бўлса-да, бора-бора камчиликлари очилиб, ўз-ўзидан йўқ бўлиб кетмоқда. 

Закот масаласи фақат Аллоҳ таолонинг ягона Ўзига хос ишдир. Ким Аллоҳнинг таълимоти ила иш кўрса, ниятига етади. Аллоҳ таоло Ўзининг охирги дийнида – Исломда иқтисодий муаммоларни ҳал қилиш закот асосида бўлиши кераклигини кўрсатиб қўйган. Бугунги кун тили билан айтганимизда, закот иқтисоднинг асоси қилиб олинса, сўнгра унга бошқа исломий-иқтисодий омиллар қўшилса, иқтисодий масала ўз ечимини топган бўлади.

Албатта, ҳақиқий закот тушунчаси бугунги кунда кўпчилик ўйлаганидек, бойлар томонидан камбағалларга бериладиган уч-тўрт чақа эмас. Ҳақиқий закот жуда ҳам кенг ва шомил маънодаги тушунча эканлигини, Аллоҳ хоҳласа, келгусида аста-секин тушуниб борамиз.

Аввал айтиб ўтганимиздек, закот Исломдаги беш рукннинг учинчисидир. У исломий ибодат бўлиб, ақийданинг ажралмас қисмидир. Ким закотни инкор этса, кофир, уни адо этмаса, осий бўлади. 

Закот – имкони бор бўлган мусулмон одамга Аллоҳ томонидан амр қилинган муқаддас бурчдир. Мусулмон одам закотга амал қилар экан, иқтисодий муомалага эмас, илоҳий кўрсатмага биноан шаръий ибодат қилади. 

Шаръий рукнлар тартибида закот иймон ва намоздан кейин, рўзадан олдин, учинчи ўринда туради. 

Фиқҳий китобларимизда ибодатлар қисми алоҳида, муомалалар қисми алоҳида баён қилинган бўлиб, закот ибодатлар қисмида келган. Закотда ибодат маъноси бўлиши билан бирга, улуғ инсоний ғоялар, ахлоқий кўринишлар, руҳий қадриятлар ҳам мавжуд. Унда фақат моддий маъно эмас, балки маънавий, руҳий, ахлоқий маънолар ҳам ўз аксини топган. 

Закотда закот берувчига ҳам, закот олувчига ҳам, улар яшаб турган жамиятга ҳам кўплаб дунёвий ва ухровий фойдалар бор.

Исломда закот орқали мол тўплаб, хазинани тўлдириш кўзда тутилмаган. Шунингдек, фақир, бева-бечораларга молиявий ёрдам маъноси ҳам кўзда тутилмаган. Булар закотни татбиқ қилишнинг самараси бўлиши мумкин. 

Закотдан асосий мақсад, инсонни молу дунёдан устун қўйиш, яъни инсон мол-дунёнинг қули эмас, молу дунё инсоннинг қули эканлигини таъминлашдир. 

Исломда аввал закот берувчи шахс ҳақида сўз кетади. Бой одам закот бериш билан атрофлича пок­ланиши, гуноҳлари ювилиши, охиратда олий даражаларга эришиши баён этилади. 

Закот бериш орқали мусулмон жамиятидаги иқтисодий жиҳатдан ўзига тўқ бўлган барча кишилар бахиллик балосидан покланадилар. Қайси бир жамиятда, қайси бир кишида бахиллик бўлса, оқибати ёмон бўлиши ҳаммага маълум. Ушбу муаммони ҳал қилишнинг энг тўғри йўли закотдир. 

Бошқа йўллар бахиллик муаммосини ҳал қила олмаслигини инсоният тарихи очиқ-ойдин кўрсатди. Закот орқали бахиллик балосидан қутулган кишилар ва жамият бошқа иқтисодий масалаларни ҳам жуда осонлик билан ҳал қиладилар. 

Шу йўл билан жамиятдаги ҳар бир иқтисодий имконияти бор бўлган киши ва томон жамият фойдаси учун мол-дунё сарфлашга ўз ихтиёри билан доимо тайёр туради.

Закот бериш бой кишининг Аллоҳ томонидан ўзига берилган неъматларга шукронаси ҳамдир. 

Имом Ғаззолий раҳматуллоҳи алайҳи: «Аллоҳ таоло Ўз бандасига жон неъмати ва мол неъматини бергандир. Бадан ибодатлари жон неъматининг шукридир. Молиявий ибодатлар мол неъматининг шукридир», деганлар. 

Демак, закот ибодати туфайли закот берувчи киши ўзининг ихтиёридаги мол-дунё Аллоҳ томонидан берилган неъмат эканлигини, бу молу дунёга вақтинчалик соҳиб бўлиб турганини тушуниб етади. Шунинг учун у қўлидаги молу дунёни Аллоҳ кўрсатган ҳалол-пок йўлларга сарфлашга интилади. Бу нарса ҳар бир шахс, ҳар бир жамият учун иқтисодий муаммоларни ҳал қилишда жуда муҳим ва зарур омилдир. 

Шундай қилиб, закот мулкдорнинг қалби пок­ланиб, унинг маънавий ва руҳий томондан ўсиб боришига сабаб бўлади. Бундай киши аввало бировнинг ҳаққига кўз олайтирмайдиган, ўзининг молиявий бурчларини ўрнида адо этадиган, жамияти учун керакли сарф-харажатни чин қалбдан, оғринмай кўтарадиган шахсга айланади. 

Бой инсон закотини вақтида бериб борар экан, унинг жамиятига ва бутун инсониятга меҳр-шафқати, ҳурмат-эҳтироми, муҳаббати ҳам зиёда бўлиб бораверади.

Закот нафақат закот берувчининг шахсини, балки унинг мол-мулкини ҳам поклаб, сайқаллаб, унинг зиёда бўлишига сабаб бўлади. 

Ислом таълимоти бўйича мол нисобга (закот берадиган миқдорга) етганидан кейин унинг ичида закотга ҳақдор бўлган кишиларнинг моли пайдо бўлади. Яъни унга бировнинг ҳаққи аралашади. Ўша бировнинг ҳаққи чиқариб берилмагунича мазкур мол пок ҳисобланмайди. Бу мол эгаси ўзининг ҳалол молига бировнинг ҳаққини – ҳаром  молни  қўшиб  олгандек  бўлади.  Аллоҳнинг амрига бўйсуниб, закоти чиқариб берилсагина бу мол покланади.

Ислом жамиятидан бошқа жамиятларда бундай тушунча йўқ. Замонамиздаги кўпгина молиявий муаммолар айнан мана шу руҳнинг етишмаслигидан келиб чиқаётганини ҳамма ҳам тушуниб етса эди!..

Бой мусулмон одам агар закотини вақтида чиқариб бермаса, қолган моли ҳам ҳаром бўлишини ва ҳалокатга учрашини яхши билади. 

Расулуллоҳ  соллаллоҳу  алайҳи  васалламнинг ҳадиси шарифларидан бирида: «Қайси молга закот аралашса, уни албатта ҳалок қилади», деганлар.

Шу билан бирга, закот молнинг ўсишига, кўпайи­шига, энг муҳими, унинг баракали бўлишига ва турли бало-офатлардан сақланишига ҳам сабаб бўлади. 

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«Молларингизни закот ила ўраб, ҳимоялангиз», деганлар.

Маълумки, закот берувчи ўзига фарз қилинган молиявий ибодатни адо этиш учун аввало уни закотга ҳақдор бўлган кишиларга олиб бориб бериши керак. Улардан бошқага берса, закот ўрнига ўтмайди. 

Бунинг учун эса у аввало закотга ҳақдор тоифалар кимлар эканлигини билиши керак. Улар эса мискин, фақир, қул, қарздор, муҳтож бўлиб қолган мусофирлар бўлиб, уларни излаб топиб, ўз молиявий ибодатини адо этишга ёрдам сўраши керак. Бошқача қилиб айтганда, улардан закотни қабул қилиб олишларини сўраш керак бўлади. 

Бу ҳам бой-бадавлат одамда камтарлик, ўзини паст тутиш сифатларини мужассам қилиши билан бирга, бева-бечора, камбағал, қулу қарз­дор, шунингдек, бегона юртда мол-мулксиз қолган одамларда иззат-ҳурмат, хорликдан қутулиш, улар ҳақида ғамхўрлик қиладиган кишилар борлигини тушуниб етиш ҳиссини орттиради. Чунки закотни хоҳ тайин қилинган вазифадорлар келтириб берсин, хоҳ закот берувчининг ўзи олиб келиб берсин, олувчини таҳқирлашга, паст санашга, миннат қилишга ҳеч ҳақлари йўқ. Агар шундай қиладиган бўлсалар, закот олувчига миннат қилганлари туфайли берган закотлари ботил бўлади. 

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда: 

«Эй иймон келтирганлар, садақаларингизни миннат қилиш ва озор бериш билан ботил қилманг!» деган. 

Демак, закот туфайли уни олувчилар хору зорлик, бировга ялиниш, ўзини пастга уриш ва бошқа шунга ўхшаш ҳоллардан қутуладилар.

Бу ибодат бойларни бахиллик, манманлик балосидан поклаганидек, камбағалларни ҳам ҳасад, ичи куйиш каби дардлардан поклайди. Зеро, бойдан закотни қабул қилиб олган, ундан гўзал муомала кўрган камбағал унга ҳеч қачон ҳасад қилмайди. Аксинча, унга доимо ҳурмат-эҳтиром билан қарайди, унинг ҳаққига дуо қилади, Аллоҳдан «Унинг моли яна ҳам кўп бўлсин, менга ўхшаганларга яна ҳам кўпроқ закот берсин», деб сўрайди. 

Закот ибодати закот берувчига ҳам, закот олувчига ҳам кўплаб фойда келтирар экан, демак, у жамиятга ҳам катта фойдалар келтиради. Шунинг учун ҳам закот ибодати татбиқ қилинган жамиятларда кўпгина мушкулот ва муаммолар ўз-ўзидан ҳал бўлади.

Ижтимоий таъминот масаласини олиб кўрайлик. Ислом бу масалани закот орқали ўн беш аср олдин ҳал қилиб қўйган. Ҳозирги замонда эса кўп давлатлар бу муаммони ҳал қила олмай, бошлари қотиб ётибди. Умуман, ҳозирги одамлар «ижтимоий таъминот» деб атаётган истилоҳ илк бор АҚШ ва Англияда 1941 йилдан бошлаб муомалага киритилган. Унгача бу нарса ҳеч кимнинг хаёлига ҳам келмаган.

Закот орқали ижтимоий таъминот масаласининг ҳал этилишини тушуниб етиш қийин эмас. Бунинг учун закотдан тушган маблағ кимларга сарфланишига бир назар солинса, кифоя. 

Закот фақирларга, мискинларга, закот йиғиб, тарқатувчиларга, қалбини Исломга улфат қилиш керак бўлганларга, қул озод қилишга, қарздорларга, Аллоҳнинг йўлига ва йўқсил йўлчиларга берилади. 

Иншааллоҳ, бу масала кези келганида муфассал ўрганилади. Аммо ҳозир, бир назар ташлаш билан бир жамиятдаги бойлар ўз ихтиёрлари ила молларидан маълум қисмини чиқариб, мискин, фақир, қул, қарздор, йўқсил мусофир каби кишиларга бўлиб бериб турганларида нима бўлишини тушуниб олиш қийин эмас. 

Шундай қилиб, жамиятдаги барча ижтимоий таъминот масалалари ҳал қилинади. Закот туфайли жамиятда камбағаллик, тиланчилик, кўчада қолган кишилар, қаровсиз қолган қариялар ва болалар муаммоси ҳамда шунга ўхшаш кўпгина муаммолар ҳал этилади.

Ҳозирги куннинг иқтисодий муаммоларидан бири — жамиятдаги мавжуд пул маблағларининг маълум бир жойга тўпланиб, «айланмай» туриб қолиши эканлигини иқтисодчилар кўп такрорлайдилар. Ҳукуматлар, иқтисодий муассасалар одамлар қўлидаги пулларни қайтариб ололмай, қийналадилар. Нақд пулга эҳтиёж кўпайиб, янги пул чиқарилаверса, пулнинг қиймати тушиб кетиши ҳам сир эмас. Закот билан худди шу муаммони ҳал қилишга ҳам йўл очилади. Ҳар йили тўпланиб қолган пулнинг маълум миқдори бойларнинг қўлидан камбағалларнинг қўлига ўтади ва натижада «айланмай» туриб қолган нақд пулнинг маълум миқдори ўз-ўзидан айланишни бошлайди.

Аллоҳ таоло «Ҳашр» сурасида душман томонидан урушсиз ўлжага тушган молу мулкни бир неча тоифа киши­ларга, жумладан, яқин қариндош, етимлар, мискинлар ва йўқсил йўлчиларга бўлиб беришга амр қилганидан сўнг: «Сизлардан бўлган бойларнинг орасида айланиб юрмаслиги учун», дейди. Бу эса «мол-мулк бойлар орасида туриб қолмаслиги учун мазкур кишиларга ўлжани бўлиб беринг», деганидир. Худди шу  ҳикмат закотга ҳам тегишли.

Жамиятда закотга ҳақдор бўлган кишиларнинг бир тоифаси қалбларини улфат қилиш зарур бўлган кишилардир. Яъни, Ислом жамиятига хайрихоҳ бўлишларига ҳожат тушадиган одамлардир. Бу тоифага янги мусулмон бўлган кишилар ёки мусулмон бўлишидан умид қилинган кишилар киради. Бу эса, закот бошқа халқлар вакиллари билан алоқаларни яхшилаш масаласида ҳам хизмат қилади, деганидир.

«Аллоҳнинг йўлида» деган бандга эса асосан ҳарбий харажатлар киради. Яъни, жамиятдаги аскар армияни тутиб туриш учун керак бўлган сарф-харажатларга ҳам закотдан сарфланади. Ҳозирги кунда бу мақсаддаги сарф-харажатлар давлатлар учун асосий муаммо бўлиб турганини ҳисобга олсак, бу билан жамиятнинг яна бир оғири енгиллашади.

Ҳозирги вақтда жамиятдаги мавжуд бўлган ҳақиқий бойликни аниқлаш жуда ҳам мушкул ишлардан бири бўлиб турибди. Чунки мол эгалари солиқ тўлашдан қочиб, ўз мол-мулклари, даромадларини турли усуллар билан яширадилар. Бу эса ўз навбатида иқтисодий ҳисоб-китоб қилиш, келажак режаларини тузиш ишини мушкуллаштирмоқда. 

Агар закот ибодати тўғри равишда йўлга қўйилса, бу муаммо ҳам осон ҳал бўлади. Чунки ҳар бир мулкдор иймон-эътиқод тақозоси ила Аллоҳ фарз қилган молиявий ибодатни адо этиш учун ҳар йили бир марта ўз мулкини аниқ ҳисоблаб, закотини чиқаради. Закот нафақат пулдан, балки чорва ҳайвонларидан, зироатчилик маҳсулотларидан, конлардан ва бошқа шунга ўхшаш нарсалардан ҳам чиқарилишини ҳисобга оладиган бўлсак, ҳар йили жамиятдаги молу мулк ҳисоб-китоби харажат сарфланмай амалга оширилади.

Умар ибн Абдулазизнинг халифалик даврларида кенг ҳудудли Ислом давлатида закот тўпланиб, закот оладиган одам топилмай қолган. Бу эса давлатдаги ҳар бир оила закот бериш даражасига етган, деганидир. Шунда уламолар йиғилишиб, «Тўпланган закотни «Аллоҳнинг йўлида» деган бандга амал қилиб, Африқода Исломни тарқатиш ишларига сарфлаш керак» деган фатво чиқарганлар.

Бугунги кунда кўпгина юртларда закот ибодати адо этилмаётганлиги сир эмас. Баъзи жойларда қисман адо этилаётгани ҳам аниқ. Баъзи жойларда бу масалани қайтадан ўрганиб, йўлга қўйиш ҳаракатлари ҳам бор.

Бизнинг ушбу сатрларимиз ҳам закотга оид бўлган шаръий таълимотларни ўрганиш йўлидаги ожизона бир уринишдир. Аллоҳ таолонинг Ўзи ёрдам бериб, ўрганганларимизга амал қилишни насиб этсин.

"Ҳадис ва ҳаёт" китобидан



Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Суфён ибн Уяйнадан ривоят қилинади .Ибн Айёш Умар ибн Зарр ҳақида гапирса, ноўрин гапларни айтиб, уни ҳақорат қиларди. Бундан хабар топган Умар ибн Зарр бир куни давоми...

1373 08:09 / 30.01.2020
Абдулхолиқ Абу Ҳумом Заҳроний айтади .Бир куни Бишр ибн Мансур узоқ намоз ўқиди. Бир киши унга қараб турган эди, Бишр ибн Мансур раҳматуллоҳи алайҳ буни сезиб давоми...

1876 08:01 / 03.03.2020
.Буқаламун, деган бир жонзот бор. Уни бошқа тилда .хамелеон, ҳам дейишади. Бу жонзотнинг ўзига хос томони табиий шароитга қараб тусини, рангини, кўринишини тез давоми...

4553 11:00 / 26.09.2021
Савол рўза тутмасликни ёки тутган бўлса ҳам очишни мубоҳ қилувчи амаллар қайсиларЖавоб улар қуйидагилардир1. Беморлик. Ҳалок бўлиши, бирор аъзосига талофат етиши, давоми...

1610 16:09 / 20.05.2020