1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Закот қандай ибодат?

12:10 / 17.05.2019 5009 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

«Закот» сўзи луғатда «поклик» ва «ўсиш» деган маъноларни англатади. Закот берган кишининг моли покланади. Закот бермаган кишининг моли эса ичида закотга ҳақдорларнинг моли ҳам аралашгани учун нопок бўлиб туради. Қачон закотини берса, покланади, бўлмаса йўқ. Закоти берилган молга барака киради, кўпайиб, ўсади.

Шаръий истилоҳда «Закот – махсус молдан махсус жузни махсус шахсга Аллоҳнинг розилиги учун шариатда тайин қилингандек мулк қилиб беришдир».

Энди ушбу умумий таърифдаги истилоҳлар билан танишиб олайлик:

«Махсус мол» – нисобга етган мол демакдир. «Махсус жуз» – закот берувчининг мулкидан ажратиладиган миқдордир. Мисол учун, бир кишига «Ушбу уйда бир йил ўтириб туришинг сенга закот», деб бўлмайди. «Махсус шахс» деганда закот олишга ҳақли бўлган шахс назарда тутилган. «Аллоҳнинг розилиги учун» жумласи эса закотнинг ибодат нияти билан берилиши кераклигини англатади. «Шариат тайин қилган» деганда закот чиқариш миқдори шариатда кўрсатилган миқдорга тўғри келиши кераклиги назарда тутилади. Озгина садақа бериб, «шу закот» деб бўлмайди. «Мулк қилиб бериш» деган жумладан эса «ўша берилаётган мол уни олувчига мулк бўлмагунича закот бўлмайди» деган маъно англанади.

Закот Исломнинг беш рукнидан бири бўлиб, шариат фарз қилган амалдир. Закот Мадинаи Мунавварада ҳижрий иккинчи санада Рамазондан олдин фарз қилинган. Закот Қуръони Каримда йигирма етти жойда намоз билан бирга зикр этилган. Бу эса ўз навбатида намоз билан закотнинг бир-бирига чамбарчас боғлиқ эканини кўрсатади.

Закот Қуръон оятлари ва Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари билан фарз бўлган. Мусулмонлар барча асрлар ва ўлкаларда закотнинг фарзлигига ижмоъ қилишган.

Қуръони Каримда закотнинг фарзлиги ва унинг фазилатлари ҳақида бир неча ояти карималар нозил бўлган. Қуръони Каримда «закот» сўзи ўттиз мартадан ортиқ келган бўлса, шундан йигирма еттитасида у намоз билан бирга зикр қилинган.

«Намозни тўкис адо этинглар, закот беринглар ва Расулга итоат қилинглар. Шоядки, раҳм қилинсангиз» (Нур сураси, 56-оят).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Молингнинг закотини адо қилган бўлсанг, батаҳқиқ, зиммангдаги(бурч)ни бажарибсан», дедилар». 

Термизий ривоят қилган.

Ким закотнинг фарзлигини инкор қилса, кофир бўлади, у уч марта тавба қилишга чақирилади. Тавба қилса – қилди, акс ҳолда унга нисбатан «муртад» деган ҳукм чиқарилади. Исломга янги киргани туфайли ёки чет жойларда жоҳил бўлиб ўсгани учун закотнинг фарзлигини инкор қилган одамга эса тушунтирилади ва ўргатилади, дарҳол кофир деб ҳукм қилинмайди.

Нима учун закот Исломда учинчи рукн деб эълон қилинган? Қолаверса, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларида нима учун закотга алоҳида эътибор берилган? Закотни инкор қилган одам нима учун кофир бўлади?

Мол-мулк ва молиявий алоқалар инсонлар ҳаётида, хусусан, ижтимоий ҳаётда муҳим ўрин тутишини ҳеч ким инкор қила олмайди. Қай бир шахс, қай бир жамият молиявий масалани тўғри ҳал этса, катта муваффақиятга эришиши аниқ. Шунинг учун ҳам бу масала ҳамиша кўпчиликни ўйлантириб келган ва келаётир.

Закот масаласи фақат Аллоҳ таолонинг Ўзига хос ишдир. Ким Аллоҳнинг таълимоти билан иш кўрса, ниятига етади. Аллоҳ таоло Ўзининг охирги дини – Исломда иқтисодий муаммоларни ҳал қилиш закот асосида бўлиши кераклигини кўрсатиб қўйган. Бугунги кун тили билан айтганимизда, закот иқтисоднинг асоси қилиб олинса, сўнгра унга бошқа исломий-иқтисодий омиллар қўшилса, иқтисодий муаммолар ўз ечимини осонгина топган бўларди.

Аввал айтиб ўтганимиздек, закот Исломдаги беш рукннинг учинчисидир. У исломий ибодат бўлиб, ақийданинг ажралмас қисмидир. Ким закотни инкор этса, кофир бўлади, бордию уни адо этмаса, осий бўлади. Закот – имкони бор бўлган мусулмон одамга Аллоҳ томонидан амр қилинган муқаддас бурчдир. Мусулмон одам закотга амал қилар экан, иқтисодий муомалага эмас, илоҳий кўрсатмага биноан шаръий ибодат қилади. Шаръий рукнлар тартибида закот иймон ва намоздан кейин, рўзадан олдин, учинчи ўринда туради.

Фиқҳ китобларимизда ибодатлар қисми алоҳида, муомалалар қисми алоҳида баён қилинган бўлиб, закот ибодатлар қисмида келган. Закотда ибодат маъноси бўлиши билан бирга, улуғ инсоний ғоялар, ахлоқий кўринишлар, руҳий қадриятлар ҳам мавжуд. Унда фақат моддий маъно эмас, балки маънавий, руҳий, ахлоқий маънолар ҳам ўз аксини топган. Закотда уни берувчига ҳам, закот олувчига ҳам, улар яшаб турган жамиятга ҳам кўплаб дунёвий ва ухровий фойдалар бор.

Исломда закот орқали мол тўплаб, хазинани тўлдириш кўзда тутилмаган. Шунингдек, фақир, бева-бечораларга молиявий ёрдам маъноси ҳам кўзда тутилмаган. Булар закотни татбиқ қилишнинг самараси бўлиши мумкин. Закотдан асосий мақсад, инсонни молу дунёдан устун қўйиш, яъни инсон мол-дунёнинг қули эмас, мол‑дунё инсоннинг қули эканини таъминлашдир.

Исломда аввал закот берувчи шахс ҳақида сўз кетади. Бой одам закот бериш билан покланиши, гуноҳлари ювилиши, охиратда олий даражаларга эришиши баён этилади. Закот бериш орқали мусулмон жамиятидаги бойлар бахиллик балосидан покланадилар. Қай бир жамиятда, қай бир кишида бахиллик бўлса, оқибати ёмон бўлиши ҳаммага маълум. Ушбу муаммони ҳал қилишнинг энг тўғри йўли закотдир.

Бошқа йўллар бахиллик муаммосини ҳал қила олмаслигини инсоният тарихи очиқ-ойдин кўрсатди. Закот орқали бахиллик балосидан қутулган кишилар ва жамиятлар бошқа иқтисодий муаммоларни ҳам жуда осонлик билан ҳал қилишади. Шу йўл билан жамиятдаги иқтисодий имконияти бор ҳар бир киши жамият фойдаси учун мол-дунё сарфлашга ўз ихтиёри билан доимо тайёр туради.

Закот бериш бой кишининг Аллоҳ томонидан ўзига берилган неъматларга шукронаси ҳамдир. Имом Ғаззолий раҳматуллоҳи алайҳ: «Аллоҳ таоло Ўз бандасига жон неъмати ва мол неъматини берган. Бадан ибодатлари жон неъматининг шукридир, молиявий ибодатлар мол неъматининг шукридир», деганлар.

Демак, закот ибодати туфайли закот берувчи киши ўзининг ихтиёридаги мол-дунё Аллоҳ томонидан берилган неъмат эканини, бу мол-дунёга вақтинчалик эга бўлиб турганини тушуниб етади. Шунинг учун у қўлидаги мол-дунёни Аллоҳ кўрсатган ҳалол-пок йўлларга сарфлашга интилади. Бу ҳар бир шахс, ҳар бир жамият учун иқтисодий муаммоларни ҳал қилишда жуда муҳим ва зарур омилдир.

Шундай қилиб, закот мулкдорнинг қалби покланиб, унинг маънавий ва руҳий томондан ўсиб боришига сабаб бўлади. Бундай киши аввало бировнинг ҳаққига кўз олайтирмайдиган, ўзининг молиявий бурчларини ўрнида адо этадиган, жамият учун керакли сарф-харажатни чин қалбдан, оғринмай кўтарадиган шахсга айланади. Бой киши закотини вақтида бериб борар экан, унинг жамиятга ва бутун инсониятга меҳр-шафқати, ҳурмат-эҳтироми, муҳаббати ҳам зиёда бўлиб бораверади. Закот нафақат закот берувчининг шахсини, балки унинг мол-мулкини ҳам поклаб, сайқаллаб, унинг зиёда бўлишига сабаб бўлади.

Ислом таълимоти бўйича мол нисобга етганидан кейин унинг ичида закотга ҳақдор бўлган кишиларнинг моли пайдо бўлади, яъни унга бировнинг ҳаққи аралашади. Ўша бировнинг ҳаққи чиқариб берилмагунича мазкур мол пок ҳисобланмайди. Бу мол эгаси ўзининг ҳалол молига бировнинг ҳаққини – ҳаром молни қўшиб олгандек бўлади. Аллоҳнинг амрига бўйсуниб, закоти чиқариб берилсагина, у покланади.

Исломдан бошқа жамиятларда бундай тушунча йўқ. Замонамиздаги кўпгина молиявий муаммолар айнан мана шу туйғунинг етишмаслигидан келиб чиқаётганини ҳамма ҳам тушуниб етмаётир. Бой мусулмон агар закотини вақтида чиқариб бермаса, қолган моли ҳам ҳаром бўлишини ва ҳалокатга учрашини яхши билади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадиси шарифларидан бирида: «Закот қайси молга аралашса, уни албатта ҳалок қилади», деганлар, яъни қайси молнинг закоти берилмай, ўша молга аралашиб тураверса, унга зарар етади.

Шу билан бирга, закот молнинг ўсишига, кўпайишига, энг муҳими, унинг баракали бўлишига ва турли бало-офатлардан сақланишига ҳам сабаб бўлади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Молларингизни закот билан ўраб, ҳимояланглар», деганлар.

Маълумки, закот берувчи ўзига фарз қилинган молиявий ибодатни адо этиш учун аввало уни закотга ҳақдор бўлган кишиларга олиб бориб бериши керак. Улардан бошқага берса, закот ўрнига ўтмайди. Бунинг учун эса у аввало закотга ҳақдор тоифалар кимлар эканини билиши лозим. Улар эса мискин, фақир, қул, қарздор, муҳтож бўлиб қолган мусофирлар бўлиб, уларни излаб топиб, ўз молиявий ибодатини адо этишга ёрдам сўраши керак. Бошқача қилиб айтганда, улардан закотни қабул қилиб олишларини сўраши керак бўлади.

Бу ҳам бой-бадавлат одамда камтарлик, ўзини паст тутиш сифатларини мужассам қилиши билан бирга, бева-бечора, камбағал, қулу қарздор, шунингдек, бегона юртда мол-мулксиз қолган одамларда иззат-ҳурмат, хорликдан қутулиш, улар ҳақида ғамхўрлик қиладиган кишилар борлигини тушуниб етиш ҳиссини орттиради. Чунки закотни хоҳ тайин қилинган вазифадорлар келтириб берсин, хоҳ закот берувчининг ўзи олиб келиб берсин, олувчини таҳқирлашга, паст санашга, миннат қилишга асло ҳақлари йўқ. Агар шундай қиладиган бўлишса, закот олувчига миннат қилганлари туфайли берган закотлари ботил бўлади. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда:

«Эй иймон келтирганлар! Садақаларингизни миннат ва озор бериш билан ботил қилманг!» деган (Бақара сураси, 64-оят.)

Демак, закот туфайли уни олувчилар хору зорлик, бировга ялиниш, ўзини пастга уриш ва бошқа шунга ўхшаш ҳоллардан қутуладилар.

Бу ибодат бойларни бахиллик, манманлик балосидан поклаганидек, камбағалларни ҳам ҳасад, кўролмаслик, ичи куйиш каби дардлардан поклайди. Зеро, бойдан закотни қабул қилиб олган, ундан гўзал муомала кўрган камбағал унга ҳеч қачон ҳасад қилмайди. Аксинча, унга доимо ҳурмат-эҳтиром билан қарайди, унинг ҳаққига дуо қилади, Аллоҳдан «Унинг моли янада кўп бўлсин, менга ўхшаганларга яна ҳам кўпроқ закот берсин», деб сўрайди.

Закот ибодати нафақат закот берувчи ва закот олувчига, балки жамиятга ҳам улкан фойда келтиради. Шунинг учун закот ибодати татбиқ қилинган жамиятларда кўп мушкулот ва муаммолар ўз-ўзидан ҳал бўлади.

Масалан, ижтимоий таъминот масаласини олиб кўрайлик. Ислом бу масалани закот орқали ўн беш аср олдин ҳал қилиб қўйган. Умуман, ҳозирги одамлар «ижтимоий таъминот» деб атаётган истилоҳ илк бор АҚШ ва Англияда 1941 йилдан бошлаб муомалага кирган. Унгача бу нарса ҳеч кимнинг хаёлига ҳам келмаган.

Ижтимоий таъминот масаласининг закот орқали ҳал этилишини тушуниб етиш қийин эмас. Бунинг учун закотдан тушган маблағ кимларга сарфланишига бир назар солинса, кифоя. Закот фақирларга, мискинларга, закот йиғиб, тарқатувчиларга, қалбини Исломга улфат қилиш керак бўлганларга, қул озод қилишга, қарздорларга, Аллоҳнинг йўлидагиларга ва йўқсил йўлчиларга берилади.

Ҳозир бир назар ташлаш билан бир жамиятдаги бойлар ўз ихтиёрлари билан молларидан маълум қисмини чиқариб, мискин, фақир, қул, қарздор, йўқсил мусофир каби кишиларга тақсимлаб бериб турганларида нима бўлишини тушуниб олиш унча қийин эмас. Шундай қилиб, жамиятдаги барча ижтимоий таъминот масалалари ҳал қилинади. Закот туфайли жамиятда камбағаллик, тиланчилик, кўчада қолган кишилар, қаровсиз қолган қариялар ва болалар муаммоси ҳамда шунга ўхшаш бошқа кўпгина муаммолар ҳал этилади.

Ҳозирги куннинг иқтисодий муаммоларидан бири жамиятдаги мавжуд пул маблағларининг маълум бир жойга тўпланиб, «айланмай» туриб қолиши эканини иқтисодчилар кўп такрорлашади. Ҳукуматлар, иқтисодий муассасалар одамлар қўлидаги пулларни қайтариб ололмай қийналади. Нақд пулга эҳтиёж кўпайиб, янги пул чиқарилаверса, пулнинг қиймати тушиб кетиши ҳам сир эмас. Закот билан худди шу муаммони ҳал қилишга йўл очилади. Ҳар йили тўпланиб қолган пулнинг маълум миқдори бойларнинг қўлидан камбағалларнинг қўлига ўтади ва натижада «айланмай» туриб қолган нақд пулнинг маълум миқдори ўз-ўзидан айланишни бошлайди.

Аллоҳ таоло Ҳашр сурасида душман томонидан урушсиз ўлжага тушган мол-мулкни бир неча тоифа кишиларга, жумладан, яқин қариндош, етимлар, мискинлар ва йўқсил йўлчиларга бўлиб беришга амр қилганидан сўнг, «…бойларингиз орасидагина айланадиган нарса бўлиб қолмаслиги учун», дейди (7-оят). Бу эса «мол-мулк фақат бойлар орасида туриб қолмаслиги учун мазкур кишиларга ўлжани бўлиб беринг», деганидир. Худди шу ҳикмат закотга ҳам тегишлидир.

Ҳозирги вақтда жамиятдаги мавжуд ҳақиқий бойликни аниқлаш жуда мушкул ишлардан бири бўлиб турибди. Чунки мол эгалари солиқ тўлашдан қочиб, ўз мол-мулклари, даромадларини турли йўллар билан яширишади. Бу эса ўз навбатида иқтисодий ҳисоб-китоб қилиш, келажак режаларини тузишни мушкуллаштиради.

Агар закот ибодати тўғри йўлга қўйилса, бу муаммо ҳам осон ҳал бўлади. Чунки ҳар бир мулкдор иймон-эътиқод тақозоси билан Аллоҳ фарз қилган молиявий ибодатни адо этиш учун ҳар йили бир марта ўз мулкини аниқ ҳисоблаб, закотини чиқаради. Закот нафақат пулдан, балки чорва ҳайвонларидан, деҳқончилик-зироат маҳсулотларидан, конлардан ва бошқа шунга ўхшаш нарсалардан ҳам чиқарилишини ҳисобга оладиган бўлсак, ҳар йили жамиятдаги мол-мулкнинг ҳисоб-китоби харажатсиз амалга оширилади.

Умар ибн Абдулазизнинг халифалик даврларида кенг ҳудудли Ислом давлатида закот тўпланиб, закот оладиган одам топилмай қолган. Бу эса давлатдаги ҳар бир оила закот бериш даражасига етган, деганидир. Шунда уламолар йиғилишиб, «Тўпланган закотни «Аллоҳнинг йўлида» деган бандга амал қилиб, Африкада Исломни тарқатиш ишларига сарфлаш керак» деган фатво чиқаришган.

Бугунги кунда кўпгина юртларда закот ибодати адо этилмаётгани, маълум бир жойларда эса қисман адо этилаётгани сир эмас. Баъзи жойларда бу масалани қайта ўрганиб, йўлга қўйиш ҳаракатлари ҳам бор. Бизнинг ушбу сатрларимиз ҳам закотга оид шаръий таълимотларни ўрганиш йўлидаги ожизона бир уринишдир. Аллоҳ таолонинг Ўзи ёрдам бериб, ўрганганларимизга амал қилишни насиб этсин!

"Мўминнинг нажоти" китобидан


Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади .Умар розияллоҳу анҳу Бадрда қатнашган улуғ саҳобалар билан бирга мени ҳам ҳузурига киритар эди. Уларнинг давоми...

1525 08:00 / 08.01.2021
Кечирасиз, жаноб Ньютон Бизни ўзига тортаётган нарса Раҳмоннинг муҳаббатидир.Узр, жаноб Декарт Мен мусулмонман, демак мавжудман.Леонардо да Винчи, маъзур тутасиз, давоми...

5963 11:30 / 02.04.2019
Ибн Абу Заррдан ривоят қилинади .Машҳур муҳаддис Суфён ибн Уяйна Каъбанинг Бану Ҳошим эшиги олдида ҳаммага кўриниб турадиган баланд жойда ўтирарди. Бир пайт ҳадис давоми...

2083 08:00 / 05.12.2020
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Рамазон кечаларини ибодат ила бедор ўтказишга тарғиб қилар, аммо қатъий буйруқ давоми...

2132 20:10 / 19.05.2019