1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Уламолар ҳаёти

Фидойилик тимсоли

15:47 / 25.05.2018 5011 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Исҳоқ Муҳаммад,

Шайхнинг шогирдларидан, 

мусулмонлар идораси ходими

Аллоҳ таоло мени шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳга шогирдлик қилиш, кўп марта у зотнинг суҳбатларида бўлиш бахтига муяссар этди. Ана шу мулоқотлар чоғида у зот билан боғлиқ кўпгина ажойиб воқеаларга гувоҳ бўлдимки, булар Шайх ҳазратларининг дин йўлидаги фидойиликлари, ҳақиқий Устозга хос гўзал фазилатлар соҳиби эканларини бироз бўлса-да очиб берар, деган умидда муҳтарам ўқувчиларимизга тақдим этмоқдаман.

Қори домлаларимиздан бири билан амри маъруф мажлисига кетаётган эдик. Ҳар доимгидек, ўзаро суҳбатимиз ўз-ўзидан Шайх ҳазратларига бориб тақалди. Устозимизнинг фазилатлари, илм-маърифат йўлида жон нисор қилишлари, гўзал хулқлари ҳақида бўлди. Шунда қори домла ўзлари гувоҳ бўлган воқеани ҳаяжон билан сўзлаб бердилар: «Бир куни бир маросимга соат еттида боришга ваъдалашган эдик, унга Ҳазрат ҳам таклиф қилинган эдилар. Бир киши бизни олиб кетиши керак эди. Ҳазратнинг уйларига олти яримда боришимиз керак бўлгани ҳолда ҳайдовчи ваъдалашганимиздан олдинроқ келиб қолди, шунинг учун ўн дақиқа олдин Ҳазратникига етиб бордик. Машинамиз тўхташи билан бизни кутиб турган Ҳазрат чиқиб келдилар ва машинага ўтирдилар. Одатдагидек дуо қилдилар, сўнг йўлга чиқдик. Кетаётганимизда: «Маросим нечада?» деб сўраб қолдилар. «Ҳазрат, соат еттида бошланади», деб жавоб қилди таклиф билан келган киши. Шунда Шайх ҳазратлари сал аччиқлангандай бўлиб дедилар: «Унда нега эрта келдинглар? Маросим еттида бўлса, ўн дақиқада етиб борардик. Энди йигирма дақиқа тўйхонада бекор ўтирамизми? Шунча вақт ичида илму маърифат билан машғул бўлсак, китоб ўқиб ёки бирор нарса қораласак, фойдалироқ бўлмасмиди?! Афсус, шунча вақтимиз беҳуда кетадиган бўлибди!»

Устозимиз ана шундай вақтини қадрлайдиган, ҳатто дақиқаларни ҳам исроф қилмаслик пайидан бўладиган инсон эдилар. Бунга ўзимиз ҳам, бошқа шогирдлар ҳам кўп гувоҳ бўлишган. Бу борада у зот ҳаммага тирик намуна эдилар.

Одатда имом Абу Ҳомид Ғаззолий каби ўз даврининг барча диний масалаларига ҳужжат билан, муфассал жавоб бера оладиган етук олимларга «Ҳужжатул-ислом», яъни айтаётган фатволари, ваъз-иршодлари, қилаётган ишлари, юриш-туришлари, ёзаётган китоблари тўлалигича Ислом шариатига мувофиқ келадиган олим унвони бериларди. Назаримда, бизнинг замонда ана шу мақомга муносиб инсонлардан бири шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳ эдилар, десак муболаға бўлмайди. Чунки ҳаммамиз шунга гувоҳмизки, юртимизда бирор шаръий, диний муаммо пайдо бўлса, унинг ечимини ҳар ким ўзича бир неча уламодан сўраб кўрар, шунда ҳам қалби барибир таскин топмаса, охири келиб Шайх ҳазратларига ҳавола қилар эди. У зотнинг муфассал ва ишонарли илмий жавобларигина мазкур муаммонинг ечимига узил-кесил нуқта қўяр эди. Ҳақиқатан, бу масала борасида ишончли кишилар «Бу ҳақда Шайх бундай деганлар» деса, ҳеч ким инкор қилолмас, бунга эътироз билдиришга журъати етмас эди. Чунки юртимизнинг илм аҳллари Шайх ҳазратларининг шариат масалаларида ўта омонатдорлиги, адолати, тақвоси, тўғрисўзлиги ва ижтиҳодларига тан берар эди. Сўзимиз қуруқ бўлмаслиги учун бир мисол тариқасида Ҳазратнинг ўзлари сўзлаб берган воқеани келтирмоқчиман.

«Кунлар қисқа, тунлар узун бўлган кеч куз ойлари эди. Бир куни Тошкентда ифторлик қилиб, Қуръон хатмида қатнашиш учун водийга қараб йўлга чиқдик. Етиб борганимизда тун яримлаб қолган эди. Масжидда ҳануз хатм давом этарди. Бир неча ракъат таровеҳ намозини ўқиганимиздан кейин қарасам, хатм ҳали узоқ давом этадиганга ўхшади. Шунда у ердагилардан «Хатм неча кунлик ва у қачон якунланади?!» деб сўрадим. «Бир кунлик эди, бугун тамомлаймиз» деб жавоб қилишди. «Ундай бўлса, мен сафар давомида чарчадим, бироз дам олмоқчиман», дедим. Бир пайт «Хатм тугай деб қолди» деб мени саҳарликка таклиф қилишди. Чиқиб хатмни якунладик. Дуо қилганимдан сўнг масжидда тўпланганларга шундай дедим: «Сизларга бир масалани айтиб қўяй, акс ҳолда менинг бу хатмда иштирокимни келажакда «бир кунлик хатм жоиз экани»га ҳужжат қилиб олишларинг мумкин. Шунинг учун сизларнинг бугунги ишингизга эътирозимни билдириб, бир кунлик Қуръон хатми шариатда жоиз эмаслигини билдириб қўймоқчиман. Чунки шаръан хатми Қуръоннинг энг оз муддати уч кунлик бўлиши керак. Ҳадиси шарифларда хатм учун энг оз муҳлат уч кун деб белгиланган. Бундан озига рухсат йўқ, дуруст ҳам эмас. Сабаби, хатм қилаётган қори бор вужуди билан Қуръонни бир кечада хатм қилишга уриниб, ўта тез ўқигани учун махражларнинг ўз жойида чиқишига путур етказади. Қолаверса, Қуръони Каримнинг тадаббури, унга бўлган ҳиммат ва муҳаббат сусаяди. Қуръонни хатм қилишдан кўзланган асосий мақсад рўёбга чиқмайди. Шунинг учун ҳам Пайғамбар алайҳиссалом уч кундан кам муддатда хатм қилишдан қайтарганлар».

Ҳазратнинг ҳаётларида бундай воқеалар кўп бўлган. У зот қаерда бўлсалар ҳам, ўз иштирокларида ёки кўз ўнгларида шариатга хилоф бўладиган бирор иш содир этилса, тезлик билан уни тузатишга – ислоҳ қилишга киришар, бунинг шариатга хилоф эканини ҳаммага билдириб қўяр эдилар. Бунинг ҳикмати шунда эдики, баъзилар билиб-билмай ёки қасддан улуғлар иштирок этадиган мажлисларда содир бўлган ҳар бир иш ёки айтилган ҳар бир сўзга «Фалончи ҳам ўша жойда бўлган эди» ё «кўрган эди» ёки «ҳеч қандай эътироз билдирмаган эди» қабилида ҳужжат келтириши мумкин эди. Шайх ҳазратлари бундай ҳолатларни яхши тушунганларидан келгусида ғарази бор кимсалар у зотнинг номларидан бирор ношаръий ишга ҳужжат келтирмаслиги учун дарров ўз эътирозларини изҳор қилар эдилар. У киши бунда ўз номларининг қораланишини ўйламас, балки шариатга ўзгартириш киритишнинг, одамларни фитна ва залолатга учратиб қўйишнинг олдини олиш учун норозиликларини билдирар эдилар.

Ҳазрат учун диний масалаларнинг катта-кичиги бўлмасди. У киши мухлисларнинг энг оддий саволларига ҳам эринмай жавоб берганлари ҳолда мусулмонларнинг майда-чуйда нарсалар билан ўралашиб қолишларидан ҳам изтироб чекар эдилар. Бир куни суҳбатимиз чоғида таажжубланарли ва афсусланарли бир воқеани ачинган ҳолда сўзлаб бердилар: «Тунда, чамаси соат ўн иккиларда уйдагилар: «Сизни телефонда сўрашяпти», деб қолишди. Дарс қилаётган эдим. «Шунчалик муҳиммикин дарсдан қолдириб? Ярим кечада телефон қилаётган ким экан ўзи?» деб сўрадим. Уйдагилар: «Фалончи ҳожилар экан, ниҳоятда муҳим саволлари бор экан, ҳозир шунинг жавобини билмасак бўлмайди, дейишяпти» деган жавобни беришди.

Ноилож, дарсни қолдириб, телефонни олдим. Салом-аликдан сўнг мени безовта қилган ёшлари улуғ ҳожи акани танидим. У киши ўта муҳим саволи борлигини айтиб, уни сўрашга ижозат олди. Саволи шу мазмунда эди: «Ҳазрат, ҳозир бир жойда ҳожилар йиғилишиб, «гап»да ўтирибмиз. Суҳбатимиз асносида бир саволнинг жавоби муаммо бўлиб қолди. Ҳамманинг фикри иккига бўлиниб қолди, ечим топилмаяпти. Охири келишган ҳолда сизни ярим тунда безовта қилиб бўлса ҳам шу саволни сўрашга қарор қилдик. Саволимиз қуйидагича: аёл кишининг тунда ётоғида гулли лозим кийиб ётишига рухсат борми ёки йўқми? Бир гуруҳимиз «рухсат» десак, бошқаларимиз «бу мумкин эмас» дейишяпти. Шунинг ечимини ўзингиз топиб бермасангиз бўлмайди».

Бу саволдан бир муддат ўзимга келолмай қолдим. Ўзимни қўлга олиб, у кишига шундай дедим: «Эй ҳожи ака, бир гуруҳ ҳожи акалар бир жойга тўпланиб, ярим тунда бошларингизни қотирган қаёқдаги тутуриқсиз «муаммо» билан бошқаларни ҳам безовта қилишдан уялмайсизларми? Қачонгача аёллар лозимининг ичида ўралашиб юрасизлар? Бунинг ўрнига бирор фойдали иш ёки дунё ва охиратингизга манфаатли бўлган машғулот билан шуғулланиш вақти келмадими? Сизлар аёлларнинг ётоқда қандай лозим кийиши ҳақида соатлаб тортишиб ётганингизда бошқа дин вакиллари Ойга чиқиб, сайёрани ўзаро тақсимлаб олишяпти. Қанчалаб ихтиро ва кашфиётлар қилишяпти. Ўз тараққиётлари билан бутун дунёни қўлга олишяпти. Дунёнинг бутун халқини ўзларига бўйсундиряпти. Сизлар нима қиляпсизлар, нима ҳақда бош қотиряпсизлар?» деб қаттиқроқ гапирдим, анча-мунча танбеҳ бердим».

Ҳақиқатан, баъзи иззатталаб кишилар ўзини илмли қилиб кўрсатиш ва бу мақсадини рўёбга чиқариш учун таниқли уламолар ва илм аҳлларидан оддий инсонларнинг ақли етмайдиган, қолаверса, ҳеч қандай фойдаси бўлмаган саволлар беришга уриниб кўради. Бунда у икки мақсадни кўзлаган бўлади: биринчидан – диний илмдан хабардорлигини билдириб, обрў олиш, иккинчидан – сўралаётган киши мазкур саволга жавоб бермаса, уни бошқаларга «илмсиз» қилиб кўрсатиш. Бундай ҳолатлар Ҳазратнинг ҳаётларида жуда кўп учраган бўлса-да, фақат биттасини келтириб ўтмоқчиман. Устоз раҳимаҳуллоҳ катта бир йиғинда ўтирсалар, маҳмадона ҳожи акалардан бири шундай гап бошлабди: «Ҳазрат, мен бир саволни олти нафар домладан сўрадим, лекин жавоб тополмадим. Еттинчисидан сўраган эдим, ниҳоят у жавоб берди. Яна бир масалани беш домладан сўрадим, олтинчисидан сўраган эдим, у жавоб топди. Энди, шу десангиз, яна бир масала бор, тўрт кишидан сўраганман, жавоб бера олишмаган. Насиб бўлиб, сиз билан учрашиб турибмиз. Фурсатдан фойдаланиб, шу саволни сиздан сўрасам, нима дейсиз?» Ҳазрат: «Энди бу маҳмадона ҳожи ҳаммани оғзига қаратиб, нимани сўраркин?» деган хаёлга борибдилар. Ўша ҳожи саволини берибди: «Ҳазрат, китобларда ўқиганмиз, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларида «Ким жамоат билан намоз ўқиса, йигирма беш ёки йигирма етти баробар савоб бўлади», дейилган. Энди мен ҳайронман, сира ақлим етмаяпти, шунча савобни Аллоҳ бўлиб-бўлиб берадими ёки яхлит қилиб берадими?». Шунда Ҳазрат ўша кишига бошқача бир қараш қилибдилар, виқор ва салобат билан туриб: «Ҳой ҳожи ака, ўша савобни сиз берасизми ёки мен бераманми ёхуд Аллоҳ берадими?» деб сўрабдилар. Ҳожи ака Ҳазратнинг важоҳату салобатларидан қўрқиб кетиб, шоша-пиша: «Йўқ, Ҳазрат, ундоқ эмас. Албатта Аллоҳ беради», дебди. Шунда Ҳазрат: «Шундай бўлса, сўраб нима қиласиз? Савобни берувчи Аллоҳнинг Ўзи, хоҳлаганидек қилиб бераверади. Сизга бунинг нима қизиғи бор?» дебдилар. Шундан кейин ўша ҳожи ака мажлис охиригача чурқ этмай жим ўтирибди.

Ҳазрат умр бўйи дин қайғусида, илм аҳлини ҳимоя қилиб, халқимизни маърифатли, диний саводхон қилиш борасида жон фидо этиб ўтдилар. У кишининг Ислом йўлидаги фидокорликлари бесамар кетмади, у зот ёқиб кетган маърифат чироқлари нурафшон порлаб турибди. Шайхнинг ҳисобсиз шогирдлари у кишининг илмий-маърифий ишларини баҳоли қудрат давом эттиришмоқда. Буларнинг бари Устозимизнинг дунёда ҳаммага ибрат бўлиб яшаб ўтганларига энг яхши далилдир.  

Хотира китобидан.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Муҳаммад Мустафо алАъзамий билан Профессор, доктор Ражаб Шантурк суҳбатиР. Шантурк Докторлик ишингиз қандай мавзуда эди Ушбу мавзуни танлашдан бирор аниқ давоми...

3596 17:42 / 11.01.2018
Ҳофиз, аллома, муқрий, имом Абул Валид Ҳишом ибн Аммор ибн Нусайр Шомнинг етук олимларидан бўлиб, ҳижрий IIIII асрларда яшаб, ижод қилган.Ҳишом ибн Аммор имом Молик, давоми...

4623 09:00 / 10.10.2019
Имом Аҳмад ибн Ҳанбал ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам .Ер юзида уламолар худди еру сувнинг қоронғулигида йўл топишга ёрдам давоми...

2814 16:01 / 16.12.2020
Устоз, биласизким, Кавсарийнинг Шайхулислом Мустафо Сабри Афанди билан ораларида қадим дўстликлари бўлган... Сабрий Афанди Кавсарий каби тингловчиси борлигидан давоми...

3712 19:59 / 23.04.2018