1446 йил 22 жумадис сони | 2024 йил 24 декабрь, сешанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Савдо, тижорат

Қачон бойлик бахт келтиради

15:03 / 25.05.2018 4726 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бойлик бахт келтиришини ким ҳоҳламайди? Хамда ким ўз бойлигини, ўзининг ва яқинларининг хурсандчилиги учун сарф қилишни ҳоҳламайди?

Ҳаром йўл билан ишлаб топилган пул хайрсиздир. У инсоннинг мол-мулкига аралашиб, гўё, тоза сув солинган қадаҳга заҳар солингани каби заҳарлайди. У қалбни булғайди, сўнг инсон ичига кириб, унинг тан-жонини ва қонини заҳарлайди.

Харом йўл билан топилган пул инсоннинг соғлигига шикаст етказади, хамда, бу пулдан ризқланган болалари ва яқинларининг хам соғлигини нобуд қилади. Йиринг каби секинлик билан етилиб, бир куни ёрилиб, ножоиз ишдан ўзини эҳтиёт қилмаганнинг тақдирини синдиради. Бу иш қанчалик тез содир бўлса, ўша инсон учун шунчалик яхшидир, чунки Қуръони Каримда айтилган: “Сизлардан бирортангиз остидан анҳорлар оқиб турган хурмозор ва узумзор, турли мевали боғи бўлатуриб, ёши бир жойга етганда, заифҳол зурриёти бор пайтда унга ўтли бўрон келиб, ёниб битишини ҳоҳлайдими?! Аллоҳ сизларга шу тариқа Ўз оятларини баён қилур, шоядки фикр юритсангиз” (“Бақара” сураси, 266-оят)

Харомдан топилган иш ҳақининг ёмон оқибатидан сақланиш учун, ўз вақтида тавба қилиб, ўнглаб олиш мумкин бўлган ишни, тўғирлаб олиш зарур. Агар инсон бировнинг мулкини ўғирласа ёки ғайриқонуний равишда ўзлаштирса, бу мулкни ўз эгасига қайтариши керак. Агар, инсон фоиз ҳисобига пул берган бўлса, у ҳолда, энг аввалги берган пулинигина қайтариб олиб, қолган фоизидан бош тортиши керак. Тавба қилиб, қилган ишларига чин кўнгилдан пушаймон бўлиши ва бу гуноҳ ишга  қайта қўл урмасликка қатъий ният қилмоғи керак. Ҳаром йўл орқали пул топишида давом этиб, мол-мулкини поклаб бўлмайди.

“Харом”дан топилган пуллардан қандай қутилишга келсак, фақир-қамбағалларга садақа қилиш, касал одамларнинг даволаниши учун ёки етимларни тўйдириш учун ишлатилгани албатта яхшироқдир. Аммо, инсоннинг бу иши, мол-мулкини номаъқул йўл билан топилгани учун зарар топмайди, дегани эмас. Фақатгина астойдил тавба қилиб ва бунинг учун қилинадиган ҳамма амалларни бажарганидан кейингина, бу ҳаром топилган мол-мулк унга ва оила аъзоларига зарар қилмаслигига умид қилса бўлади.

Бироқ, мол-мулкни ҳалол йўл билан топган тақдирда хам, поклаб туриш керак. Исломда, мажбурий хайр-садақа закот, деб аталади. Араб тилида “закот” сўзи икки хил маънони англатди: “ўсиш” ва “покланиш”. Хайр-эҳсон қилиб, инсон бир томондан, ўз мулкини поклаб олади. Иккинчи томондан эса, бу билан у Яратган Аллоҳ берадиган хайру-баракасига ва молининг кўпайишига эришади. Шунинг учун хам, саҳиҳ ҳадисда айтиладики, хайр-эҳсондан мол-мулк камайиб қолмайди.

Уйида нисобга етган моли бор бўлган хар бир мусулмон, йилда бир маротаба закот бериши фарз. Закот нисоби, маълум бир мулкдан ажратилиб берилади, аммо биз бу ҳақда тўхталиб ўтирмаймиз, сабаби, закот нисобининг ҳисоб-китоби махсус китобларда баён этилган. Бу ерда айтмоқчи бўлганими, закот мискин ва муҳтожларга бўлиб берилиши керак. Агар берилган закот, ўз эгасининг қўлига етмаган бўлса, у ҳолда унинг ҳаққи бошқатдан адо қилиниши керак!

Закотни олишга, хаммадан хам кўпроқ, ночор бўлган етимлар ва бевалар хақлидирлар. Росулаллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Ким бева ва муҳтожларга ўз маблағидан ёрдам берса, гўё у Аллоҳ йўлида жиҳод қилгандек, ёки кундузлари рўзадор бўлиб, кечаларни бедор ўтказган кимса кабидир” (Бухорий ва Муслим). Аллоҳ Таоло муҳтожларнинг ризқини бизнинг мулкимизга қўшиб, бу билан бизларга катта марҳамат кўрсатди. Мискин ва хожатмандларга ёрдам бераётганлар, бунга мажбурмиз, деб ҳисобламасинлар. Аксинча, мискин ва хожатманд инсонлар, бизларга қанчалар илтифот кўрсатаётганларини билишимиз керак. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам бу хақда шундай деганлар: ”Менга ичларингиздаги ожизларингизни кўрсатинглар. Дарҳақиқат, сизлар Аллоҳнинг ёрдамини ва ризқингизни ораларингиздаги ожизлар сабабидан оласизлар”. (Абу Довуд ва Термизий).

Мана шу ожизларнинг дуолари сабабидан, Аллоҳ Таоло бутун инсонларнинг ризқини беради, муҳтожларнинг ризқини эса, инсонларнинг ичидаги бойларга беради, токи улар муҳтожларга ғамхўрлик қилсинлар. Имом Табароний, Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳудан шундай ривоят қилади: “Дарҳақиқат, Аллоҳ бой мусулмонларга, ўз мол-дунёсидан мискинларга етарли даражада бўладиганини тарқатишни фарз қилди. Агар мискинлар аянчли аҳволда бўлсалар, егуликка ва кийимга муҳтож бўлсалар, у ҳолда бу фақат бойларнинг айби билан содир бўлади. Дарҳақиқат, Аллоҳ бойларни (ушбу айблари учун) қийноқли аъзобларга дучор қилади”.

Шундай экан, мискин ва муҳтожлар бизнинг яхши муносабатимизга лойиқ эмасми? Ночор етим, кўп фарзандлик бева, танг аҳволда қолган мусофир, ногирон – буларнинг ҳаммаси ёрдам олишга, ҳеч бўлмаса яхши муносабатга ҳақлидирлар. Агар муҳтож одам, мустақил равишда нонини топиб ейишга қодир бўлса, у ҳолда у учун энг катта ёрдам, уни иш билан таъминланиши бўлади, чунки бир боғлам ўтинни олиб келиб, бозорда сотиш, бировдан ёрдам кутиб ўтиргандан афзалроқдир.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Қўл остидагилар деганда хизматчи, мардикор ва шунга ўхшаган кишига қарам бўлган шахслар кўзда тутилади.Убода ибн Валид ибн Убода ибн Сомит розияллоҳу анҳудан давоми...

3615 05:00 / 17.02.2017
Бугунги кунда кўпчиликнинг хулқ атвори тижорий манфаатларга боғланиб қолган. Улар учун фақат бойларнинг ҳазиллари кулишга арзигулик ва уларнинггина хато давоми...

3206 05:00 / 17.02.2017
Бундоқ шубҳалар айниқса ҳалол билан ҳаромнинг арашалиб кетишидан келиб чиқади. Мисол учун бир дона ҳаром ўлган ҳайвон гўшти, битта ёки ўнта ҳалол йўл билан давоми...

8512 05:00 / 03.03.2017
Cавдода ёлғон гапириш ҳаромndash Тожир савдо молини мақташ учун ёлғон гапириш ҳаром эканини зинҳор унутмаслиги зарур.Шунингдек, ваъдага вафо қилмай, сўнг ёлғон давоми...

3605 05:00 / 06.03.2017