1446 йил 24 жумадис сони | 2024 йил 26 декабрь, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тазкия

Майхўр ота ва тақволи бола

17:08 / 22.05.2018 4817 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бир одам «ўғлим мени менсимайди, гапимга кирмайди, дўстларим олдида мени шарманда қилди», деб зорланди. Маълум бўлишича, дўстлари билан майхўрлик қилиб ўтириб, ўғлига «дўкондан ароқ олиб кел», деб буюрганда, у ота буйруғини бажармабди. Бу ўринда биз отага бўйсунмаган ўғилни қоралайликми ё ақлли ўғилнинг қадрига етмаётган нодон отаними? Яна бир оилада ота-ўғил орасида зиддият туғилибди. Уйланаётган ўғил, «тўйда дастурхонга ароқ қўймаймиз» деса, ота «мен тўйларда ичганман, қўймасам уят», дебди. Ажаб, ота тўйларда насияга ичган эканми? Одам кимдан уялиши керак? Аллоҳдан уялса бўлмайдими?

Шунга ўхшаган воқеаларни эшитганимда қофқазлик мужоҳид имом Шомилнинг ёшлигини эслайман. Биласиз, қофқазликлар мусаллас тайёрлашлари ва ичишлари билан ном қозонганлар. Доғистон аҳли орасида ҳам бу иллат исломни қабул қилганларидан сўнг ҳам давом этган экан. Шомилнинг отаси мусаллас тайёрлаб сотаркан, шубҳасизки, ўзи ҳам тотиб турган. Бундан Шомил кўп сиқилган, охири отага қарши сўз айтишга журъат қилган. Отасининг «Ёшликда ўйнаб-кулиб олиш керак. Қуръон ўқиш, рўза тутиш учун, ана, қарилик даври бор», деган сўзидан кейин Шомил Қуръонни ўпиб, пешонасига қўяди-да, титроқ овозда хитоб қилади:

– Мен ўғилман, сизга қарши боришга ҳаққим йўқ. Аммо онт ичиб айтаманки, сизни яна бир марта бадмаст кўрсам, ўзимни ўлдираман!

– Бу гапинг бекор, – дейди ота унга жавобан, – ­Қуръонни ўқибсан-у, маъносини англамабсан. Ўз жонига қасд қилишни Қуръон тақиқлаган. Бундай гуноҳкорнинг жасади мусулмонларнинг қабристонига қўйилмайди. Лекин майхўр одам ўлса, унга бундай жазо йўқ.

– Қаерга кўмишлари менга фарқсиз. Қиёматда икковимиз Аллоҳ ҳузурида юзма-юз бўлганимизда қайси биримиз кўпроқ гуноҳкор эканлигимиз айтилади.

– Мусалласдан яхши даромад оляпмиз. Мен уни фақат кофирларга сотаман.

– Мусаллас кофирларга ҳам сотилмаслиги керак. Ичкилик душманнинг зулмини оширади. Ақлини тамоман чиритиб, ҳеч қачон инсофга келтирмайди.

Шундан кейин ҳам ота тийилмайди. Бир куни шаҳарга мусаллас сотгани кетиб шармандали ҳолда қайтади:

... Тор кўчада олти эшакдан иборат карвон кўринади. Йўл бошлаб келаётган эшакнинг бошига папоқ қўндирилган, эр киши учун шараф тожи ҳисобланган папоқ эшаклар учун шармандалик рамзи эдими, ҳар ҳолда эшак бечора уялгансиймон бош эгиб келарди. Эҳтимол, у бошидаги папоқдан эмас, балки хўжайинининг қилиқларидан иснод ўтида ёнаётгани сабабли кўча четида ва томлардаги томошабинларга қарай олмаётгандир. Орқадаги эшаклар бепарво қадам ташлайдилар. Уларга ортилган саватлардаги хумлар бўшаган, елкаларида оғир юк ҳам, бўлак ташвиш ҳам йўқ. Ғирт маст хўжайинлари тойиб йиқилганда эшаклар карвони тўхтамади. Гумбаздек бўлиб ётган одамни танимаймиз, дегандай четлаб ўтиб кетаверди. Олдинда бораётган папоқли эшак ҳам ортига қайрилиб қарамади, томошабин болаларнинг қувноқ қийқириқлари, катталарнинг асабий бақириқлари остида шерикларини ҳовлига бошлаб кирди...

Шомил отасини бу аҳволда кўргач, уятдан ёниб, аҳдини бажармоқ учун ўзини жарликка ташлайди. Лекин Аллоҳнинг мўъжизаси билан тирик қолади. Ана шундан кейингина ота ичкиликдан юз ўгиради.


 Тоҳир Малик  

«Зулмат салтанати» китобидан. 

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аввал ҳам айтиб ўтганимиздек, ҳар бир тариқатнинг ўз шайхидан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга етиб борадиган силсиласи бор. Мазкур силсилага кирувчи давоми...

4931 21:09 / 10.11.2018
МАЪРИФАТ БОБИМаърифат Аллоҳ таоло бандаларига буюрган биринчи фарздир. Бунга ушбу ояти карима далилдир Жин ва инс оламини фақат Ўзимгагина ибодат қилиши учун давоми...

3845 05:00 / 01.03.2017
иккинчи мақолаИслом динининг тузилиши жуда гўзал, қулай ва мураттабдир. Унга кўра яшаш тарзи ҳам чуқур маъно касб этади. Ислом ичра яшаган киши жисмини саломат давоми...

2681 19:02 / 11.11.2018
Тавба ҳақида Қуръони Каримда келган ояти карималарни бир неча қисмга тақсимлаш мумкин. Тавбани қабул қилиш Аллоҳ таолонинг сифатларидан бири экани. Бу ҳақда давоми...

850 19:00 / 05 октябрь