1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Уламолар ҳаёти

«Барчамизнинг отамиз эдилар...»

18:26 / 14.05.2018 8012 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Одинахон Муҳаммад Содиқ қизи,

олима, «Муслимаат.уз» сайти раҳбари, 

«Омина» электрон журнали бош муҳаррири 

Бир неча йил Ватандан йироқда яшаганимизнинг ҳикматларидан бири акам икковимизнинг хорижда таҳсил олганимиз бўлди. Не бахтки, биз отамиз ўқиган илм диёрида ўқишни тамомлашга муваффақ бўлдик. Биз учун иккинчи ватан бўлиб қолган Либия ҳақида, унда кечирган кунларимиз ҳақида алоҳида бир китоб таълиф қилса арзийди.

«Исломга даъват куллияси» фақат ажнабийлар учун ихтисослашган илм маскани эди. Бу ўқув масканига дунёнинг турли нуқталаридан толиби илмлар оиласиз, ёлғиз ўзлари ўқиш учун келган эдилар. Биз эса оиламиз билан, ота-она бағрида яшаб туриб ўқиш бахтига муяссар бўлдик. Ҳазратим билан бир неча йил давомида талабалар масканида талабалар билан бирга яшадик. Шунинг учун талабалар у кишини яхши танишар эди. Улар: «Шайх ниҳоятда улуғ одам. У Аллоҳнинг йўлида юрибди. Ҳар бир босган қадами савоб. Унинг тарихини эшитганмиз. Шу сабаб у кишига бўлган ҳурматимиз чексиз», дейишарди.

Ҳазратимиз спорт билан шуғулланишни ҳеч қачон канда қилмаганлар. Ўша пайтларда ҳам талабалар билан баскетбол ўйнардилар. Шунинг учун талабалар ҳазиллашиб: «Шайхга кўз тегмасин, машааллоҳ! У кишининг ёшларига етганимизда биз ҳассага суяниб қолсак керак», деб қўйишарди. Мабодо талабалар билан тортишиб, хафалашиб қоладиган бўлсак, дарров ўртага тушиб, ислоҳ чораларини кўрардилар. Ҳар куни ўқишдан қайтганимда, Ҳазратим мендан янгиликларни сўрардилар. Мен бўлган ишларнинг ҳаммасини бирма-бир гапириб берардим. Қувончли ҳодисалар бўлса, мендан ҳам кўпроқ суюнардилар. Баъзида ошиб-тошиб ўқишнинг қийинлигидан, устозларнинг қаттиққўллигидан, талабаларнинг баъзи тасарруфларидан шикоят қиладиган бўлсам, тасалли берардилар, насиҳат қилардилар. Эсласак, эслайдиган гаплар кўп...

Бошимизга тушган оғир жудолик муносабати ила кўпгина собиқ талабалар таъзия мактубларини йўллашди. Уларнинг деярли барчасида Ҳазратимизни «Валидунаш-шайх» деб тилга олишган эди. Бу «Шайх отамиз» деганидир. Мен ўша пайтда бу атамадан ажабландим ҳам. Лекин оғир айрилиқ дардида ёниб турганим учун чуқурроқ ўйлай олмагандим. Мана, бироз муддат ўтиб, хотира саҳифаларини варақлаш асносида бунинг маъносини тушуниб етгандек бўляпман.

Ҳар бир инсоннинг ҳаётида унутилмас қувончли дамлар бўлади. Мен учун шундай дамлардан бири ўқишни тамомлаб шаҳодат олган кунимдир. Ўшанда 2000 йилнинг июль ойи эди. Битирув кечамиз бўладиган кун. Битирув либоси қўлимда, уйдан шошиб чиқдим-да, учинчи қаватдан пастга тушаётиб, зинадан юқорига кўтарилаётган Ҳазратимга йўлиқиб қолдим. У киши юзларида табассум ила йўлимни тўсиб, мени гапга тутдилар. Кутилмаганда пешонамдан ўпдилар. Ҳазратим ҳаётим давомида жуда кам марта пешонамдан ўпганлар. Шунинг учунми, бундай онларнинг ҳар бири ёдимда муҳрланиб қолган. Мен шошаётганимни ҳам унутиб, туриб қолдим. У киши менга: «Роппа-роса йигирма йил олдин худди шу кунда мен ўқишни битириб, шаҳодат олгандим. Мана, йигирма йилдан кейин сен олиб турибсан. Ўша йили сен туғилган эдинг. Энди кап-катта қиз бўлиб, мана, ўқишни ҳам битирдинг», дедилар. Бу сўзлардан юрагим тоғдек кўтарилиб, ҳатто қадам босиб юраётганимни ҳам сезмай қолдим. Гўё осмонда учиб борардим...

Зал одамларга тўла, турли элчихонаю консулхоналардан меҳмонлар келган, устозу уламолар, таниқли кишилар ташриф буюрган. Ҳазратим ҳам ҳозир бўлиб, орқароқдан жой олдилар. Бошқа талабалардан кўра менинг имтиёзим шундай қувончли кунда отамнинг ёнимда ютуғимга шоҳид бўлишлари эди. Бошқалар эса бундай бахтдан бенасиб. Ахир ҳамма ҳам бундай бахтли онларида оиласи, айниқса, ота-онаси иштирок этишини хоҳлайди-ку. Мен дам-бадам орқага ўгирилиб, кўзларим ёниб отажонимга қараб қўярдим.

Бизнинг гуруҳимиз энг катта гуруҳ эди. Одатда гуруҳлар олтмиш кишидан ташкил топган бўларди. Биз эса юз кишига яқин эдик. Бизнинг гуруҳ барокатли эди. Бу эса битириш дамларимизда яна бир бор намоён бўлди. Бизга бошқалардан кўра кўпроқ имтиёзлар насиб қилди. Ҳеч кимга очиб берилмаган зал битирув кечасидан бир ҳафта олдин биз учун очиб берилди ва безатиш ишлари ўз ихтиёримизга топширилди. Ҳар йилги талабалар эсдалиги оқ-қора рангда нашр қилинарди. Бу йилгиси рангли бўлиб чиқди ва бу хизмат акам Исмоилжон бошчилигида амалга ошди. Акам ўша пайтларда ҳам кишиларга кўп хизматларни тақдим қилар, техника билан боғлиқ ишларда моҳир эди.

Худди шу куни кечки пайт яна бир байрам уюштирдик. Бу байрам гуруҳимиз учун хос бўлиб, битиришимиз муносабати билан қилинаётган эди. Шу билан бирга, ўзига хос хайрлашув кечаси ҳам эди. Ушбу кечани уюштириш таклифи Ҳазратимдан чиққан бўлиб, унга ўзлари бош-қош бўлдилар. У киши: «Ҳаммани мен меҳмон қиламан», дедилар. Лекин ўзларининг ташрифи қудумларини кутмаган эдик.

Биз талабалар зални тайёрлаб, ҳозирлик кўрдик. Дастурхон тузадик. Акам ҳам мезбонлик ишлари билан машғул. Талабалар йиғилишди. Хурсандчилик сабаб шовқин-сурон авжида. Ҳамма олти йиллик меҳнат маҳсулидан ўзида йўқ хурсанд. Кечамиз жуда файзли ўтмоқда эди. Бир пайт кутилмаганда залга Ҳазратим кириб келдилар. Ўзим ҳам ҳайрон қолдим. Мен талабалар шовқини, бебошлиги туфайли у кишидан хижолатда эдим. У кишининг ташрифлари ила мажлисимиз файзига файз қўшилди.

Кеча диний одатларимизга кўра Қуръони Карим тиловати билан очилди. Талабалар раиси Муҳаммад Умар чиқиб нутқ сўзлади, кўз ёши қилди. Кейин Ҳазратим сўзга чиқдилар. Эҳ, аттанг!!! Нима учун бу чиқишларни суратга тушириб олмаган эканмиз?! У киши шундай чиройли хутба қилдиларки... Сўзни табрик билан бошлаб, барчамизни бу қувончли муносабат билан қутладилар. Кейин ушбу илм даргоҳининг бошида турган, талабаларнинг таҳсил олишига сабабчи бўлган кишиларнинг барчасига ташаккур изҳор қилиб, улар ҳақида мақтов сўзлари айтдилар, хизматларини муносиб тақдирладилар.

Шундан сўнг бизнинг гуруҳимиз ҳақида сўз айтдилар: «Мен ўзим бир неча йил аввал шу даргоҳда ўқиганман. Ўқиш даргоҳи ва талабалар ҳақида кўп мулоҳазаларга эгаман. Тўғриси, шу пайтгача сизларнинг гуруҳингизга ўхшаш гуруҳни кўрмадим. Мен сизларнинг бошқалардан ажраб турадиган хусусиятларингизни қисқа қилиб, асосий уч нарсада жамладим. Шулардан бири: сизларнинг ичингиздан «мумтоз» тақдирини олганлар кўп бўлди. («Мумтоз» – энг олий баҳо). Одатда, ҳар гуруҳдан битта, иккита, боринг, энг кўпи билан учта мумтоз чиқарди. Сизлардан ўнта чиқди. Шу билан бирга, ичингизда ҳофизлар кўп. Иккинчиси: сизлар бир-бирларингиз билан жуда аҳил бўлдинглар. Аҳиллик, бирдамлик ва ҳамжиҳатлик яхшиликларнинг бошидир. Мен сизларнинг ўзаро бундай муносабатингиздан жуда қувондим. Учинчиси – орангизда опа-сингил толибаларимизнинг борлиги жуда катта ютуқ бўлди. Қизларимиз хайр-баракадир. Улар сизларни яхшиликларга ундаб туришди. Уларнинг бори бахтдир. Улар ўз меҳрларини, меҳнатларини тақдим қилиб чарчашмади. Ҳаммангизнинг зафарларингизда уларнинг ўрни катта эканлигида ҳеч шубҳа йўқ».

Сўнг биз битирувчиларга насиҳатлар қилдилар: «Биз дин ғами билан яшашимиз керак. Асосий мақсадимиз динга, элга хизмат бўлиши керак. Биз ҳаракат қилмасак, ким ҳаракат қилади?», «Сизлар дин кишиларисиз. Одамлар динларини сизлардан оладилар. Улар сизларга эргашадилар. Агар сиз тўғри йўлдан юрмасангиз, улар ҳам сизнинг ортингиздан бориб, адашиб кетадилар. Шундай экан, уларга тўғри йўлни кўрсатувчи бўлинглар». Баъзи бебош талабалар ҳам бу гаплардан кейин бошларини қуйи эгиб қолдилар. Залда сукут ҳукм сурарди. Ҳамма чуқур ўйга толди...

Бу хотиралар худди кино тасмасидек кўз олдимдан ўтар экан, нима сабабдан Ҳазратимни «ота» дейишганини англагандек бўлдим. Бизнинг кўзимизга кўпроқ ўзлари билан машғулдек кўринган отажоним ҳаммага ва ҳар бир нарсага эътиборли бўлганларини бугун англаб турибман. Сиртдан ҳадеб ташқи ишларга аралашавермайдиган одам бўлиб кўринсалар-да, Ҳазратим талабалар билан бирга яшаган эканлар. Уларнинг ҳолларидан хабардор эканлар. Бўлганда ҳам, яхшигина хабардор эканлар. Йўқса, юқорида зикр этилган учта нуқтани бу даражада нозик жиҳатларигача баён қилиб бера олмасдилар. Таъбир жоиз бўлса, оталик ҳам қилган эканлар. Мен «фақат менинг отам ёнимдалар» деб шодланганимда, у киши бошқаларни ҳам ўйлаган эканлар. Уларнинг шуурларини инобатга олиб, уларга ғамхўрлик қилган эканлар. Меҳмон қилиб, бошларини силаган эканлар. Табрик ва тақдир ила кўнгилларини кўтарган эканлар. Оталарча насиҳатларини аямаган эканлар. Шу сабаб ҳамма у кишини «шайх отамиз» дейишар экан.

Мен ёш бўлганимданми, буларнинг мағзини чақмаган эканман. Кунда бўлган ишларни ёш бир қизчанинг тилидан эшитиб юриб, керакли хулосаларни олиб улгурган эканлар. Яна мен билмаган, эшитмаган ва кўрмаган нарса қанча экан.

Бугунги кунда курсдошларимизнинг кўплари катта олим, таниқли кишилар бўлиб кетишди. Бу гуруҳга Ҳазратимизнинг назарлари тушган эди. Анча йиллар ўтганига, орадаги масофалар узоқлигига қарамай, юракка мадор бўладиган таъзияларни изҳор қилишди. Кўнгилга тасалли берадиган мактубларни ёзиб, ҳолимиздан хабардор бўлиб туришибди.

Ҳазратимизнинг биров билган ва билмаган хусусиятлари ҳали бисёр. Дунёга эзгулик уруғини сепиб кетган бу улуғ зотни Аллоҳ раҳмат айласин. Сон-саноқсиз кишиларнинг қалбидан жой олган мушфиқ Устозимизни Аллоҳ Ўз муҳаббати билан сийласин.

Ҳазратимизни ва у кишига ўхшаш олимларни етиштирган, Исломга беҳисоб хизматларини тақдим этган Либия улуғларидан ўтганларини Аллоҳ раҳмат айласин, амали солиҳларини ўзларига ҳамроҳ қилсин. Қолганларини саломатликда, офиятда айласин! Бу азиз диёрга аввалги тинчлик ва хотиржамликни қайтарсин, омин!


Хотира китобидан.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Имом, ҳофиз, мусанниф, сиқа Абул Аббос Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Осим Розий.Оталаридан, Али ибн Мадиний, Иброҳим ибн Ҳажжож Сомий, Абу Рубай Заҳроний, Ҳудба ибн Холид, давоми...

1545 11:00 / 08.11.2020
Имом Бухорийнинг ибодатлари ҳақида «Тарихи Бағдод» ва бошқа китобларда қуйидаги маълумотлар келтирилган«Рамазон ойининг биринчи кечаси имом Бухорийнинг давоми...

4550 16:49 / 01.06.2018
Имом Аҳмад ибн Ҳанбал ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам .Ер юзида уламолар худди еру сувнинг қоронғулигида йўл топишга ёрдам давоми...

2814 16:01 / 16.12.2020
Устоз, суҳбатимизнинг сўнггида Туркиядаги олимларга ва толиби илмларга нималарни тавсия қилган бўлардингизШайх Муҳаммад Аввома Илм билан шуғулланаётган давоми...

4516 11:23 / 03.05.2018