1446 йил 21 жумадис сони | 2024 йил 23 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Руҳий тарбия

Ғийбатнинг зарарлари (9-қисм)

11:19 / 25.04.2018 3810 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ўн еттинчи зарар: мусулмонларга зулм қилиш.

Насиҳат. Бир киши ҳакимга: «Менга насиҳат қилинг», деди. Ҳаким унга шундай насиҳат қилди: «Роббингга жафо қилма, халққа жафо қилма, ўзингга жафо қилма. Роббингга жафо қилмоғинг Унинг хизматини қўйиб, махлуққа хизмат қилмоғингдир. Халққа жафо қилмоғинг уларни одамлар орасида ёмонлик билан зикр қилишингдир. Ўзингга жафо қилмоғинг Аллоҳнинг фарзларига дангасалик қилишингдир».[1]

Ҳадис. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилдилар: «Икки хислат борки, улардан ёмон хислат йўқ: Аллоҳга ширк келтириш ва Аллоҳ таолонинг бандаларига зарар етказиш. Икки хислат борки, улардан яхши сифат йўқ: Аллоҳ таолога иймон келтириш ва Аллоҳ таолонинг бандаларига манфаат етказиш».[2]

Ўн саккизинчи зарар: Аллоҳ таолонинг душмани – иблиснинг хурсанд бўлиши.

Ийсо алайҳиссалом бир қўлида асал, иккинчи қўлида кул кўтариб олган иблисни кўриб, бунинг сабабини сўрадилар. Иблис алайҳиллаъна: «Кулни одамлар жирканиб, яхшилик қилмаслиги учун етимларнинг юзига сепаман. Асални эса (мени хурсанд қилганлари учун) ғийбатчиларнинг оғзига қуяман», деди.[3]

Шайтоннинг хурсанд бўлиши икки жиҳатдан зарарлидир. Биринчидан, шайтон Аллоҳ таолога осийлик қилиб, У Зотнинг ғазабига дучор бўлган. Шунинг учун шайтоннинг хурсандлиги Раҳмоннинг ғазабига сабаб бўлади. Зеро, хожасининг душманига итоат қилган қулдан хожанинг норизо бўлиши ҳаммага маълум. Иккинчидан, шайтон инсоннинг ҳақиқий душманидир. Мавлоно Румий айтади:

 

Зонки ин шайтон адувви жони туст,

Доимо дар фикрати иймони туст.

 

Назмий маъноси:

 

Шайтон душман тутингандир жонингга,

Шул сабаб таҳдид солар иймонингга.

 

Насрий баёни: Шайтон сенинг жонингга душман бўлгани учун, доимо сенинг иймонинг ғамида (уни заифлаштириш мақсадида) юради.

Зоҳиран қараганда шайтон сенга дўст бўлиб кўринади, чунки нафсинг унинг айтганини қилиш билан лаззату ҳаловат топади. Лекин яширин ҳолатда у сен учун олов ёқади. Нафсингни аҳмоқ қилиб, тузоққа илинтиради ва ўзи билан бирга жаҳаннамга олиб кетади. Бундай душман даф бўлиши ниҳоятда мушкул бўлган ёмон душман ҳисобланади, чунки очиқ-ойдин душманлик қилаётган кишини ҳамма ҳам танийди. Лекин яширин душман ундай эмас. Унинг гаплари бир қарашда чиройли бўлиб кўринади, ҳақиқатда эса у гаплар фитна қўзғовчи бўлади. Шунинг учун омма халқ ҳам, хос кишилар ҳам зоҳиран шайтонни сўккани билан аслида эса билиб-билмай, унга итоат қилиб юради. Ваҳб ибн Мунаббиҳ раҳимаҳуллоҳ айтган экан: «Эй одам боласи, Аллоҳдан қўрққин. Ичингда шайтонга дўст бўла туриб, ташингда уни сўкмагин».[4]

Тўғри, Аллоҳ таоло ҳидоят қилган бахтли кишилар зоҳирда ҳам, ботинда ҳам шайтонни ўзларига душман биладилар ва қўлларидан келганича ундан ўзларини олиб қочадилар.

Ҳикоя. Шақиқ Балхий раҳимаҳуллоҳ Ҳотимул Асамдан: «Сиз менинг олдимга қачондан бери келасиз?» деб сўради. Ҳотим: «Ўттиз йилдан бери», деди. Шақиқ: «Шу ўттиз йил ичида нима ўргандингиз?» дея савол берди. «Олти калима ўргандим. Умид қиламанки, агар уларга амал қилсам, дунё фитнасидан нажот топаман», деди Ҳотим. Шақиқ: «У калималарни менга ҳам айтинг, шояд, мен ҳам амал қилиб, нажот топсам», деди.

Ҳотим: «Биринчиси – Аллоҳ таолонинг «Ер юзида ўрмалаган нарса борки, уларнинг ризқи Аллоҳнинг зиммасидадир»[5] оятига қараб, ўзимни ҳам Аллоҳ ризқлантирадиган ўша жонзотлардан бири деб билдим ва мен учун ажратилган нарса албатта менга етишига ишондим. Зеро, Аллоҳ таоло фил катта бўлса ҳам уни ризқлантиради, лекин чивин кичик бўлса ҳам, уни унутиб қўймайди. Шунинг учун ишимни Аллоҳга топшириб, ибодат билан машғул бўлдим. Бошқа ишларга эътибор қаратмайман», деди. Шақиқ: «Сиз тушунган нарса жуда яхши экан. Иккинчи калима нима?» деди.

Ҳотим деди: «Аллоҳ таолонинг «Албатта, мўминлар ака-укадирлар»[6] деган сўзига қараб, барча мўминларни ўзимга биродар деб билдим. Биродар эса биродарига шафқатли бўлмоғи лозим. Одамлар орасидаги душманчиликнинг аслини эса ҳасаддан деб билдим. Шунинг учун ҳаракат қилиб, ҳасадни қалбимдан чиқариб ташладим. Қалбим шу даражага етдики, машриқдаги бир мўминга ғам етса, ўша ғам менга етгандек ғамгин бўламан, мағрибдаги бир мусулмонга яхшилик етса, гўёки менга етгандек хурсанд бўламан». Шақиқ: «Сиз тушунган нарса қандай яхши экан! Учинчи калима нима?» деб сўради.

Ҳотим айтди: «Ҳар бир инсоннинг севикли дўсти борлигини кўрдим. Дўст эса ўз дўстига муҳаббатини изҳор қилмоғи лозим. Мен Аллоҳнинг тоатини дўст тутдим. Бошқа ҳамма дўстлар мендан узилади, фақат Аллоҳнинг тоати қолади. Чунки у мен билан қабрда, маҳшаргоҳда, сирот устида биргадир. Шунинг учун барча дўстлардан узилиб, Аллоҳнинг тоатини дўст тутдим». Шақиқ яна деди: «Сиз ўйлаган нарса қандай яхши! Энди тўртинчи калимани айтинг».

Ҳотим айтди: «Ҳар бир инсоннинг душмани борлигини кўрдим. Душманга эса душманлик қилиш, ундан сақланиш лозим. Мен кофир ва шайтонни ўзимга душман деб топдим. Кофирнинг душманлиги енгилроқ экан, чунки у мен билан урушиб, мени ўлдирса, шаҳид бўламан; агар мен уни ўлдирсам, ажру савобга эришаман. Шайтоннинг душманлиги эса оғирроқ экан, чунки у мени мен кўрмайдиган томондан кўради, мени ўзи билан бирга дўзахга олиб киришни хоҳлайди. Шунинг учун умр бўйи унга душманлик қилишга овора бўлиб, ундан бошқага душманлик қилишни тарк қилдим». Шақиқ айтди: «Сиз ўйлаган нарса қандай яхши! Бешинчи калима нима?»

Ҳотим деди: «Ҳар бир инсоннинг уйи бор экан. Уйни эса таъмир (обод) қилиш лозим. Мен қабрни уйим деб билиб, уни обод қилишга машғул бўлдим». Шақиқ айтди: «Сиз ўйлаган нарса қандай яхши! Энди олтинчи калимани айтинг». Ҳотим айтди: «Ҳар бир нарсанинг харидори бор экан. Менинг харидорим ўлим фариштаси эканини билдим. Аммо унинг қачон келишини билмайман. Унга тўй кечаси куёв уйига олиб кетиладиган келинчакдек тайёрландим. Қачон келса, ундан ортга суришни талаб қилмайман». Шунда Шақиқ айтди: «Сиз ўйлаган нарса қандай яхши! Агар буларга амал қилсак, иккимиз ҳам нажот топамиз».[7]

 

 

«?Ғийбат ўзи нима»

Муҳаммад Абдулҳай Лакҳнавий

Таржимон: Ёрқинжон Фозилов


[1] «Танбеҳул ғофилин».

[2] «Иҳёу улумид-дин».

[3] «Нузҳатул мажолис».

[4] «Иҳёу улумид-дин».

[5] Ҳуд сураси, 6-оят.

[6] Ҳужурот сураси, 7-оят.

[7] «Танбеҳул ғофилин».

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
.Зуҳд, сўзи аслида .оз нарса, маъносини билдиради. Зуҳд рағбатнинг тескарисидир. У бир нарсани тарк қилиш ва ундан юз ўгиришни англатади.Уламолар истилоҳида .зуҳд, давоми...

4759 12:04 / 19.03.2018
7. Муҳофаза ва ҳимоя қилиш ниятида ғийбат қилиш. Бир кишидан бошқаларга зарар етса ва улар ўша зарарнинг етишидан бехабар бўлишса, зарар етказувчини уларга давоми...

4316 20:02 / 28.02.2018
Учинчи зарар амаллар китобида ёмонликларнинг кўпайиб кетиши.Ҳадис. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилдилар .Ғийбатдан сақланинглар, чунки унда давоми...

4004 14:44 / 14.04.2018
Ҳикоя. Бир аёл мадраса шайхининг ёнига келиб, .Мен бир масала сўраш учун келдим, лекин уялганимдан айта олмаяпман,, деди. Шайх .Уялма, айтавер,, деди. Аёл .Мен зино давоми...

4803 13:52 / 13.03.2018