1447 йил 24 шаъбон | 2026 йил 12 февраль, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Қуръон

Бизни «мусулмонлар», деб Аллоҳнинг Ўзи номлаган

22:47 / 07.04.2018 5297 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Эй иймон келтирганлар! Рукуъ қилинглар, сажда қилинглар ва Роббингизга ибодат қилинглар ҳамда яхшилик қилинглар, шоядки, зафар топсангиз. ۩

Ва Аллоҳ учун ҳақ жиҳод қилингиз. У сизларни танлаб олди. Ва сизга бу динда ҳеч қандай танглик қилмади. (Бу) отангиз Иброҳимнинг миллати. У сизларни бундан олдин ва бу(Қуръон)да «мусулмонлар» деб номлади. Токи Расул сизларга гувоҳ бўлсин, сизлар эса одамларга гувоҳ бўлинглар. Бас, намозни тўкис адо этинглар, закот беринглар ва Аллоҳга боғланинглар. У сизнинг Хожангиздир. Бас, У Зот қандай яхши Хожа ва қандай ҳам яхши нусрат берувчидир!

Суранинг охиридаги ушбу икки оятда Аллоҳ таоло Ислом умматига нидо қилмоқда. Бу нидо мусулмонларга энг маҳбуб мурожаат билан

«Эй иймон келтирганлар!» – дея бошланмоқда. Бу нидо ўзидан кейин келадиган амрларни алоҳида кўтаринки руҳда адо этишга ундайди. Ундан кейин келаётган амрлар эса рукуъ, сажда қилмоқликдир.

«Эй иймон келтирганлар! Рукуъ қилинглар, сажда қилинглар...»

Бу икки амал энг улуғ ибодат бўлмиш намознинг муҳим ва кўзга кўринган амалларидан ҳисобланади. Бу нарса, ўз навбатида, намознинг қанчалик муҳим эканини ҳам кўрсатади.

«...ва Роббингизга ибодат қилинглар...»

Яъни «Барча ибодатларни қилинглар». Зотан, Исломда ҳаётнинг ҳар бир соҳасида дин кўрсатмаларига амал қилиш ибодат ҳисобланади. Демак, бу жумлани «Роббингизнинг айтганини қилиб яшанглар», деб таржима қилсак ҳам бўлади.

«...ҳамда яхшилик қилинглар...»

Яъни бу дунёда Аллоҳга ибодат этиб, Унинг махлуқотларига, хусусан, одамларга яхшилик қилиб яшанглар.

«Ва Аллоҳ учун ҳақ жиҳод қилингиз».

«Жиҳод» сўзининг луғавий маъноси «бир нарса учун бор имкониятини ишга солиш»дир. Демак, мусулмон инсон ўз ҳаётида Аллоҳ йўлида бор имконларини ишга солиб, ҳаракат қилиб яшамоғи керак. Душманларга қарши уруш қилиш, ҳавойи нафсга қарши курашиш, адолатсизлик, зулм ва бошқа ёмонликларга қарши туриш ҳам жиҳод саналади. Мусулмонлар ана шундай ишларни қилишга масъулдирлар. Чунки

«У сизларни танлаб олди».

Аллоҳ таоло сизларни бошқалар ичидан танлаб олди ва ушбу масъулиятларни юклади. Энди эса ушбу масъулиятларга муносиб бўлишингиз, бу ишончни оқлашингиз керак. Сиз бу масъулиятлар қаршисида тушкунликка тушманг. Чунки Аллоҳ

«...сизга бу динда ҳеч қандай танглик қилмади».

Бу динда инсонга оғир келадиган, унинг тоқатидан ташқари ҳеч нарса йўқ.

Бу дин башарият тарихида қадимдан Аллоҳ томонидан жорий қилиб келинаётган бир йўл. Бу дин

«...отангиз Иброҳимнинг миллати».

Ҳа, бу тавҳид миллати Иброҳим алайҳиссаломдан буён келмоқда. Бу миллатни ўзингизга лозим тутинг.

«У сизларни бундан олдин ва бу(Қуръон)да «мусулмонлар» деб номлади».

Ҳа, Аллоҳнинг Ўзи бу миллатни «мусулмонлар» деб номлаган. Қуръон келишидан олдин, ўтган самовий китобларда ҳам «мусулмонлар» деб номланган. Қуръонда ҳам «мусулмонлар» деб номланган. Шунинг ўзи бу миллат учун чексиз шон-шарафдир. Бу ишни қилишдан мақсад:

«Токи Расул сизларга гувоҳ бўлсин...»

Яъни Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Исломни умматларига етказиб, йўл-йўриқ кўрсатиб, гуноҳ нима-ю, савоб нима, тўғри йўл қайси-ю, нотўғриси қайси, ўргатадилар. Қиёмат куни эса шу ҳақда гувоҳлик берадилар.

«...сизлар эса одамларга гувоҳ бўлинглар...»

Яъни «Эй мусулмонлар, сизлар қиёматгача бошқаларга Исломни етказиб, уларга йўл-йўриқ кўрсатиб, гуноҳ нима-ю, савоб нима, тўғри йўл қайси-ю, нотўғриси қайси, ўргатиб боришингиз учун шундай қилинди. Қиёмат куни эса бу ҳақда гувоҳлик берасиз.

Бу ишга алоҳида тайёргарлик, сафарбарлик керак. Шунинг учун

«Бас, намозни тўкис адо этинглар, закот беринглар ва Аллоҳга боғланинглар».

Бусиз мазкур омонатни адо эта олмайсиз.

«У сизнинг Хожангиздир».

Аллоҳ сизнинг хожангиздир. Хожанинг айтганини қилмасдан, мақсадга эришиб бўлмайди.

«Бас, У Зот қандай яхши Хожа ва қандай яхши нусрат берувчидир!»

Шундай хожага муносиб банда бўлганларгина Унинг нусратига сазовор бўлурлар.

 

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Тафсири Ҳилол китобидан)



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Шайх Аҳмад Мустафо Мароғий ўзининг .ТафсирулМароғий, деб номланган китобини кичик ҳажмда ўттиз жуз қилиб ёзди. Бу тафсир катта ҳажмда ўн жилдда нашр этилган. Шайх давоми...

3774 15:30 / 18.05.2021
Халаф уламолар мазҳабига кўрабиринчи мақола 1. Аллоҳнинг қўли ndash қудрати..Қўл, сўзи луғатда инсон жисмидаги маълум аъзони англатади. У инсон бармоғининг учидан давоми...

5241 13:00 / 27.10.2020
Эй иймон келтирганлар Агар фосиқ хабар келтирса, аниқлаб кўринглар, бир қавмга билмасдан мусибат етказиб қўйиб, қилганингизга надомат чекувчи давоми...

4648 05:00 / 23.01.2017
.Таъвил, сўзи .бирор сўз ёки тушунчани сиртқи маъносидан бошқа маънога кўчириш, деган маънони англатади. Қалбларида ҳидоятдан оғиш бор бўлган мазкур кишилар давоми...

1829 19:00 / 19.05.2025
Аудиолар

230134 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

148714 14:35 / 11.08.2021