1447 йил 5 шаъбон | 2026 йил 24 январь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Садақа қилиш ва тиланчилик

08:08 / 18.06.2020 7355 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Молларини кечасию кундузи яширин ва ошкора нафақа қиладиганларнинг ажрлари Робблари ҳузуридадир. Уларга хавф йўқ ва улар маҳзун ҳам бўлмаслар.

«Кечасию кундузи» дейишдан мурод ҳамма вақт назарда тутилмоқда, «молларини» деган сўз замирида эса ҳамма турдаги моллар ва ҳамма турдаги эҳсон қилувчиларга ишора бор.

«Молларини кечасию кундузи яширин ва ошкора нафақа қиладиганларнинг ажрлари Робблари ҳузуридадир».

Уларнинг ажрлари энг олиймақом жойда – Робблари ҳузурида экани таъкидланмоқда. Бас, шундай экан, мўмин-мусулмонлар юқорида васф қилинган кишилардан бўлиш учун ҳаракат қилмоқлари лозим. Чунки:

«Уларга хавф йўқ ва улар маҳзун ҳам бўлмаслар».

Ҳа, бундай кишиларга охиратда хавф йўқ ва бу дунёда қилган ишларига хафа ҳам бўлмайдилар.

Ислом тузуми, аввало, ишга қодир бўлган ҳар бир инсоннинг осонлик билан ҳалол ризқ топишини таъминлайди. Лекин инсон ҳаёти доимо бирдек кечавермайди, турли фавқулодда ҳолатлар, кутилмаган ҳодисалар оқибатида баъзи кишилар ноқулай иқтисодий ҳолатга тушиб қоладилар. Бундай ҳолатлар садақа, хайр-эҳсон йўли билан муолажа қилинади. Ўта бой кишилардан маълум миқдордаги молу мулк закот сифатида фарз ҳукми ила олиниб, ҳақдорларга тарқатилади.

Сўнгра қодир бўлган барча кишиларни ихтиёрий садақа қилишга тарғиб қилинади.

Шу билан бирга, муҳтожларни ҳам одоб доирасидан чиқмаслик, юқоридаги оятда айтилганидек, хиралик билан одамлардан тиланчилик қилмасдан, иффатли-қаноатли бўлишга чақирилади.

Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳи қилган ривоятда Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу айтадиларки: Пайғамбар алайҳиссолату вассалом: «Бир-икки хурмо ёки бир-икки луқмани олиб, қайтадиган мискин эмас, иффатли бўлиб турган мискиндир, хоҳласангиз, «Одамлардан хиралик қилиб сўрамалар» оятини ўқинг», – дедилар.

Имом Аҳмад ибн Ҳанбал розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз алайҳиссолату вассалом:

– Ким ўзида етарли нарса бўла туриб, одамлардан тиланса, қиёмат куни тиланчилиги юзида тирналиш бўлиб келади, – дедилар. Одамлар:

– Эй Аллоҳнинг Расули, етарли нарса қанча? – дедилар. У зоти бобаракот:

– Эллик дирҳам, – дедилар.

Шундан келиб чиқиб, «Етарли нарсаси бор одамга тиланчилик қилиш ҳаром» деган ҳукм чиқарилган.

 

"Тафсири Ҳилол" китобидан



Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Дунёнинг машҳур нашрларида энг кўп ўқилган китоблар ва энг машҳур муаллифлар рўйхатини эълон қилиб бориш анъанаси бор. Масалан, .Барча замон ва халқларнинг энг давоми...

3073 15:07 / 30.06.2020
Ўлим ҳамма нарсанинг охир, тугаши эмас, худди чақалоқ онанинг қорнидан туғилиб бу дунёга келгани каби кенгроқ оламга, боқий ҳаётга кўчишдир. Ўлимдан кейин ҳам ҳаёт давоми...

3036 11:02 / 22.11.2020
Қашқадарё вилоятида тарихий ёдгорликлар, меъморий обидалар, қадамжолар талайгина.Уларнинг аксари нафақат юртимизда, балки дунё миқёсида ном таратган сайёҳлик давоми...

3869 19:30 / 12.09.2020
Шогирдларига илм ўргатган устознинг мақом ва мартабаси шунчалар улуғ бўлганки, уларни дунёни титратган ҳукмдорлардан тортиб улуғ саркардаларгача, оддий давоми...

4038 18:05 / 24.09.2019