1447 йил 14 жумадис сони | 2025 йил 05 декабрь, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Қуръон

«Роббингиз эмасманми?»

22:44 / 05.04.2018 5142 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Эсла, Роббинг Одам ўғилларининг белларидан зурриётларини олиб, ўзларига ўзларини гувоҳ қилиб: «Роббингиз эмасманми?» – деди. Улар: «Оре, гувоҳ бўлдик!» – дедилар. (Бу) қиёмат куни «Бундан ғофил эдик», демасликларингиз учундир.

Бу ояти каримада ғаройиб бир ҳолат таъриф этилмоқда. Аллоҳ таоло Ўзига маълум бўлган бир пайтда қиёматгача дунёга келадиган барча одамларнинг уруғликларини оталарининг сулбидан чиқариб олган ва ўша уруғликларга:

«Роббингиз эмасманми?» – деб савол берган.

Бу саволни беришдан биринчи мақсад уларни ўзларига гувоҳ қилиш бўлса, иккинчи мақсад қиёмат куни «Бундан ғофил эдик», демасликлари учундир. Мазкур илоҳий саволга ҳамма зурриётлар:

«Оре!» яъни «Албатта, Сен Роббимизсан, «Гувоҳ бўлдик!» деб жавоб беришган. Шунга биноан, инсон уруғлик пайтида, яъни она қорнига ўтганда ва инсон бўлиб яралганда, Аллоҳнинг Робб эканини эътироф этувчи табиат соҳиби бўлади. Яъни Аллоҳ таоло уни шу ҳолда яратади. Қисқаси, одам боласи онадан Аллоҳнинг тавҳидини тан оладиган соф табиат билан дунёга келади. Чунки унинг ўзи уруғлик ҳолидаёқ Аллоҳга ал-мийсоқ – аҳду паймон бериб қўйган. Инсоннинг ушбу ал-мийсоққа – аҳду паймонга содиқ қолиши ёки хиёнат қилиши кейинги омилларга боғлиқ.

Имом Бухорий, имом Муслим ва бошқа ҳадис илми имомлари Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳар бир гўдак соф табиат ила туғилади. Бас, ота-онаси уни ё яҳудий, ё насроний, ё мажусий қилади», – деганлар. Яъни тарбия қилишда шундай йўл тутадилар.

Демак, Аллоҳ таоло инсон табиатини тавҳидга мос равишда бунёд этган. Қай бир инсон ўзининг азалий соф табиатини асраб қола олган бўлса, мўмин-мусулмон бўлади. Кимки ўз табиатини соф ҳолда сақлай олмаган бўлса, кофир, мушрик, худосизга айланади. Чунки аслида кофирлик, мушриклик ва худосизлик инсон табиатига зид нарсалардандир.

Аллоҳ таоло ушбу мийсоқни ва гувоҳликни Бану Одам зурриётидан талаб қилишининг асосий сабабларидан бири, аввал айтиб ўтганимиздек, қиёмат куни «Биз бундан ғофил эдик», демасликлари учундир. Қиёмат куни ҳақиқатан ҳам мазкур даъвони қилмасликлари ҳақидаги ҳақиқатни имом Аҳмад ибн Ҳанбал ва бошқа имомлар Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси шарифдан англаб оламиз. Пайғамбармиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Қиёмат куни дўзах аҳлидан бўлган ҳар бир кишига:

– Айт-чи, агар ер юзидаги ҳамма нарса сеники бўлса, қутулиш учун тўловга берармидинг? – дейилади. У:

Ҳа, – дейди. Аллоҳ:

Мен сендан бундан кўра осон нарсани хоҳлаган эдим. Одамнинг сулбида турганингда Менга ҳеч бир нарсани ширк келтирмаслигингга аҳду паймон олган эдим. Сен эса фақат ширк келтиришни хоҳладинг, – дейди».

Кейинги оятда Бану Одам зурриётини ўзини ўзига гувоҳ қилиб, аҳд олишдан кўзланган яна бир мақсад баён этилади:

Ёки «Ҳақиқатда, олдинда ота-боболаримиз ширк келтирганлар, биз эса улардан кейинги зурриёт бўлдик. Ботил иш қилувчиларнинг қилмиши туфайли бизларни ҳалок этасанми?» демаслигингиз учундир.

Яъни айбни ота-бобога ағдариб, қутулиб кетишга ҳаракат қилмасликлари учун оталарининг сулбида турганларидаёқ ҳар бирларидан алоҳида-алоҳида ал‑мийсоқ – аҳду паймон олинган. Аллоҳ таолонинг ана шу аҳду паймонга биноан сўроқ-савол қилишга ҳаққи бор. Зеро, Аллоҳ бандаларига ақл берди ва ақлсизларни сўроқ-саволдан озод этди. Ана ўша ал-мийсоқ ва ақл асосида бандаларни сўроқ-савол қилиб, жазолайверса ҳам бўлар эди. Аммо яна меҳрибонлик қилиб, ал-мийсоқни – аҳду паймонни эслашлари ва ақлни пешлашлари учун пайғамбарлар юборди. Бандаларнинг ақллиларини ва пайғамбарларнинг даъватига эришганларини сўроқ-савол қилишга қарор қилди.

Аммо Бану Одамдан кўплари ҳам аҳду паймонни, ҳам ақлни ва ҳам пайғамбарлар даъватини унутиб, Аллоҳга куфр ва ширк келтирдилар. Баъзилари эса «Ширкка ўзимиз айбдор эмасмиз, балки ота-боболаримиз гуноҳкордирлар, аслида ширк келтирганлар улар, биз улардан кейин келган зурриётлармиз, уларнинг ортидан эргашганмиз, холос, бизни ҳалок этма,

«Ботил иш қилувчиларнинг қилмиши туфайли бизларни ҳалок этасанми?» – дейдилар.

 Шояд, қайтсалар деб, оятларни мана шундай батафсил баён қиламиз.

Яъни «Бандалар куфрдан қайтишлари учун ва куфрдан юз буриб, иймонга юришга одамзот ақлининг қудрати етмагани учун пайғамбарлар юбориб, улар орқали оятларни худди шу тарзда батафсил баён қиламиз».

 

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Тафсири Ҳилол китобидан)



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ осмонлару ерни яратган, осмондан сув тушириб, у ила меваларни сизга ризқ қилиб чиқарган, Ўз амри ила денгизда сузмоғи учун кемаларни сизга беминнат давоми...

4424 19:13 / 12.03.2018
биринчи қисмМуташобиҳ уч қисмга тақсимланади1. Фақат лафз жиҳатидан муташобиҳ.2. Фақат маъно жиҳатидан муташобиҳ.3. Ҳам лафз жиҳатидан, ҳам маъно жиҳатидан давоми...

4619 14:40 / 14.07.2020
Сабаби нузулни билишнинг саҳиҳ нақлдан бошқа йўли йўқдир. . ,. Воҳидий Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилади.Расулуллоҳ давоми...

6314 15:50 / 18.06.2019
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Қуръони Каримни Аллоҳ таолонинг ҳузурида қандоқ бўлса ўшандоқ ҳолида Жиброил алайҳиссаломдан қабул қилиб олганлар. У давоми...

8020 05:00 / 19.01.2017
Аудиолар

210859 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

130124 14:35 / 11.08.2021