1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Қуръон

Баййина сураси

05:00 / 23.01.2017 6695 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Маккада нозил бўлган. 8 оятдан иборат.

Ушбу сураи кариманинг номи ҳам ўзининг биринчи ояти охиридаги келган «Баййина» сўзидан олингандир. 

«Баййина» сўзи луғатда «баён қилувчи», «очиқ-ойдин ҳужжат» ва «далил» маъносини билдиради. Ҳақни собит қилиш учун келтириладиган ашёвий далил-баййинадир. Ушбу сурадаги «Баййина» Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Пайғамбарликларидир.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга Қуръон нозил бўлишидан аввал оламни фисқ-фасод қоплаган, ҳамма диёнатлар ботил, бидъат, хурофотга тўлган эди. Аҳли китоб ҳам, мушриклар ҳам баробарига ақидаси бузуқ кишиларга айланган эдилар.

Яҳудийлар мушрик арабларга, бизнинг муқаддас китобимизда айтилишича, яқинда Аллоҳ араблардан бир Пайғамбар юборади, у ҳақ билан ҳукм қилади, адолат ўрнатади, биз унга эргашиб сизларнинг устингиздан ғалаба қиламиз, дейишарди. Мушриклар бўлса, ундоқ бўлса, Сиздан кўра биз унга яқинроқ бўламиз, деб янги Пайғамбар келишини орзиқиб кутардилар.

Аллоҳ таоло Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни Пайғамбар қилиб юборганида эса барчалари у зотга қарши чиқдилар. Куфр қалбларини кўр қилди ва иймон йўлини тўсди.

Ушбу сураи карима мазкур ҳақиқатни баён қилиб келди.

«Баййина» сураси Маккий суралардан бўлиб, уни «Лам якун» сураси ҳам дейилади. Бу сураи карима:

- Аҳли китобларнинг Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Пайғамбарликларига нисбатан муносабатларини.

- Аллоҳ таолога ихлос ила ибодат қилиш масаласини.

- Охиратда кофиру мушриклар ва мўминларнинг оқибати қандоқ бўлиши масаласини баён қилади.

Сураи карима аҳли китоблар: яҳудий ва насороларнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даъватларига бўлган муносабатларини баён қилиш ила бошланади.

Сўнгра иймоннинг муҳим унсурларидан бири бўлган Аллоҳга ихлос ила ибодат қилиш масаласи муолажа қилинади.

Суранинг охирида эса, аҳли китоб ва мушриклар одамларнинг ёмонлари эканлиги ҳамда уларнинг жаҳаннамга киришлари баён қилинади.

Шунингдек, мўмин-мусулмонларнинг одамларнинг яхшиси эканликлари ва улар жаннатдан жой олишлари муқаррар эканлиги таъкидланади.




БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ



1. Аҳли китоб ва мушриклардан бўлган куфр келтирганларга «баййина» келмагунча ажралмасдилар.

Ушбу ояти каримадаги «Аҳли китоб»дан мурод яҳудий ва насоролардир. Бузилган бўлса ҳам, самовий китоби бор қавмга аҳли китоб, дейилади. Ушбу ояти карима нозил бўлган пайтда ҳам, ҳозир ҳам яҳудий ва насоро-хиристианлардан бошқа аҳли китоб йўқ. Яҳудийлар Таврот аҳли, насоролар Инжил аҳлидирлар.

Шунингдек, оятдаги «мушриклар»дан мурод бутпарастларидир. Баъзи кишилар яҳудийлар ва насоролар ҳам, мушрик-ку, яҳудийлар Узайр-Аллоҳнинг ўғли, насоролар Ийсо-Аллоҳнинг ўғли, дейишади-ку?, деган мулоҳаза билан ушбу ояти карима маъноси ҳақида ўйлаб ҳам қолишади. Тўғри, уларда ҳам мушриклик аломати бор, лекин аҳли китоблик васфи устун. Шунинг учун уларни аҳли китоб, дейилаверади.

Ояти каримада «аҳли китоб ва мушриклардан бўлган куфр келтирганлар», дейилиши бу икки тоифа ҳам кофир эканлигини билдиради. «Аҳли китоб»лар ҳам Худога, Пайғамбарга, илоҳий китобга, охиратга иймон келтиради-ку, улар мўмин бўлишмайдими?» деган савол ноўрин. Чунки, улар Аллоҳ айтганидек, иймон келтиришмаган, Аллоҳнинг амрини ва китобини ўзларича бузишган, бу эса куфрнинг каттасидир.

Ушбу ояти каримадаги «баййина»дан мурод аввал ҳам айтиб ўтилганидек, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Қуръонни қабул қилиб олиб, Исломга чақиришлари очиқ-ойдин ҳужжат бўлган. Жумладан, аҳли китоб ва мушрикларнинг куфр ва залолотда эканликларини ҳам баён қилувчи очиқ-ойдин ҳужжат бўлган.

Ояти каримада ана ўша, «баййина» келгунча ажралмасдирлар, дейилмоқда. Нимадан ажралмасдилар? Ўзлари лозим тутган куфр ва залолотдан. Уларнинг ҳаммалари ота-боболаридан уларга мерос бўлиб қолган куфрлари ва залолотларидан ажралмасдан аввал қандоқ бўлсалар, шундоқ бўлиб юраверар эдилар.

Лекин Аллоҳ таоло томонидан ҳидоят ва ҳақиқатнинг «баййина»си–очиқ-ойдин ҳужжати бўлиб, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Пайғамбарликлари келгандан сўнг уларнинг баъзилари куфр ва залолатдан ажраб, иймон ва ҳидоятга кира бошладилар. Зотан, мусулмон бўлганларнинг асли аҳли китоб ёки мушрик бўлгандир.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, ушбу ояти кариманинг маъноси қуйидагича бўлади.

Аҳли китоб бўлмиш Яҳудий ва Насоролар ҳамда мушриклардан иборат бўлган куфр келтирганларга ўтган иоҳий китобларда зикри келган «баййина»–ҳужжат–Муҳаммад алайҳиссалом Пайғамбар бўлиб келмагунча улар ўз куфрлари ва залолатларидан ажралмасдилар.

«Баййина»–ҳақни баён қилувчи ҳужжат нималигини келаси оят тушунтиради.


2. У (баййина), Аллоҳ тарафидан юборилган Расул бўлиб, покланган саҳифаларни тиловат қиладур.

Яъни, «Баййина» Аллоҳ томонидан юборилган Расулдир. У ёлғондан, шакдан, нифоқдан, залолотдан ва барча шунга ўхшаш ифлосликлардан покланган саҳифаларни, Қуръонни уларга ўқиб беради.


3. Уларда ажойиб битиклар бор.

Яъни, ўша Аллоҳ томонидан юборилган ҳақни ботилдан баён қилувчи ҳужжат бўлмиш Пайғамбар уларга ўқиб берадиган саҳифаларда ажойиб битиклар бордир.


4. Китоб берилганлар уларга «баййина» келганидан сўнггина бўлиниб кетишди.

Аввал китоб берилганларнинг ҳаммалари бир овоздан, иттифоқ бўлиб, яқинда янги Пайғамбар чиқади, унинг сифатлари бизнинг муқаддас китобларимизда бундоқ-бундоқ, деб айтишарди.Аллоҳ таоло худди ўша сифатларга эга бўлган зотни, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни Пайғамбар қилиб юборгандан сўнг улар тафриқага тушиб бўлиндилар, баъзилари иймон келтириб, мусулмон бўлди, баъзилари ҳасад қилиб, инкор қилди, учинчилари эса биз айтган Пайғамбар бошқа эди, дейишди ва ҳоказо.


5. Ҳолбуки, улар фақат Аллоҳгагина ибодат қилишга, Унинг динигагина ихлос қилишга, бошқа динларга мойил бўлмасликка, намозни тўлиқ ўқишга, закот беришга буюрилган эдилар. Ана шу тўғри(миллат)нинг динидир.

Ҳа, ўша аҳли китоб бўлмиш яҳудий ва насоролар Таврот ва Инжилда фақат Аллоҳ таолонинг Ўзигагина ибодат қилишга амр этилган эдилар. Аммо, улар бу амрни бажо этмадилар. Улар Аллоҳдан бошқага, Узайрга, Ийсога, Марямга, ҳатто ўз аҳбор ва раҳбарларига ҳам ибодат қилдилар.

Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло «Тавба» сурасида: 

«Ва улар аҳборлари ва роҳибларини Аллоҳдан ўзга Робб қилиб олдилар ва Масийҳ ибн Марямни ҳам. Ҳолбуки, улар фақат ягона илоҳгагина ибодат қилишга амр қилинган эдилар», деган.

Албатта, аҳбор ва роҳибларга ибодат қилиш уларга сажда қилиш эмас, уларнинг ўзларига ҳалол деганини ҳалол билиб, ҳаром деганини ҳаром билиб, Аллоҳнинг айтганини қўйиб, уларнинг айтганига юришдир. Улар.

«Унинг динигагина ихлос қилишга... буюрилган эдилар. 

Ҳа, аҳли китоблар бўлмиш, яҳудий ва насоролар фақатАллоҳ таолонинг динигагина ихлос қилишга, холис шу дингагина амал қилишга амр қилинган эдилар. Лекин улар бу амрни бажо келтирмадилар. Улар Аллоҳнинг динига турли туман нарсаларни, жумладан, ўзлари тўқиб чиқарган бидъат-хурофотларни ҳам аралаштириб юбордилар.

Аллоҳнинг динига ихлос қилиш фақат Аллоҳнинг Ўзини кўзлаб, розилигини ўйлаб иш қилишдан иборатдир. Ихлос ибодатнинг мағзидир. Ҳадиси қудсийда Аллоҳ таоло: 

«Мен ширкдан беҳожатларнинг беҳожатиман. Бас, ким бир амал қилса-ю, унда Мендан бошқани ширк келтирса, Мен уни ҳам, ширкини ҳам тарк қилурман», деган.

Уламоларимиз амалларни учга тақсимланганлар:

1) Амр қилинган амаллар. Буларни қилишда Аллоҳнинг розилигини кўзлаш шарт. Агар ният сал бошқача бўлса риёга айланади.

2) Наҳий қилинган-қайтарилган амаллар. Бундоқ амалларни ният қилмай тарк қилса, уларнинг зараридан фориғ бўлади, аммо савоб олмайди. Аммо, ният қилиб, Аллоҳнинг розилиги учун мазкур ишларни тарк қилса, ажр олади.

3) Мубоҳ амаллар. Емоқ-ичмоқ-оила ҳаётига ўхшаш ишлар. Бу амалларни ниятсиз қилса, ажр олмайди. Аммо, Аллоҳнинг розилигини олиш ниятида қилса, ажр олади. Ҳар бир мубоҳ амал Аллоҳ розилигини ният қилиш ила ибодатга айланади. Ибодатга қувват бўлсин, деган ниятда таом тановул қилиш ҳам ибодат.

Шунингдек улар,

«бошқа динларга мойил бўлмасликка...»-буюрилган эдилар. 

Ҳа, аҳли китоб бўлмиш яҳудий ва насоролар Аллоҳнинг динида собит туришга, бошқа динларга мойил бўлмасликка амр қилинган эдилар. Улар бу амрни ҳам бажо келтирмадилар. Аллоҳнинг дини Ислом қолиб, турли дин ва мазҳабларга эргашиб кетдилар.

«Намозни тўлиқ ўқишга, закот беришга буюрилган эдилар».

Ҳа, аҳли китоб бўлмиш яҳудий ва насоролар намозни тўлла-тўкис адо этишга, фарз бўлган закотни беришга амр қилинган эдилар. Аммо, улар бу амрни ҳам бажо этмадилар.

Улар ўзларига буюрилган мазкур амрларни бажо этганларида ўзларига яхши бўлар эди. Чунки,

«Ана шу тўғри(миллат)нинг динидир». 

Ана ўша васфи юқорида зикр қилинган  тўғри миллатнинг дини-Ислом миллатининг динидир. Модомики, ўша аҳли китобдан ва мушриклардан бўлган куфр келтирганлар Аллоҳнинг амрини адо этмаган эканлар, тўғри йўлдаги миллатнинг динига юрмаган эканлар. Энди...


6. Албатта, аҳли китоб ва мушриклардан бўлган куфр келтирганлар жаҳаннам ўтидадурлар, у ерда абадий қолурлар. Ундайлар халойиқнинг энг ёмонидирлар.

Яъни, аҳли китоб бўлсин, мушрик бўлсин, бари-бир Қуръонга, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга иймон келтирмай куфр келтирса, охиратда жаҳаннамга тушади ва у ерда абадий қолади. Улар халойиқнинг энг ёмонидирлар. Чунки, дунёда кофирликдан кўра ёмонроқ нарса йўқ.

Бунинг аксича...

 

7. Албатта, иймон келтирганлар ва солиҳ амалларни қилганлар, ана ўшалар, халойиқнинг энг яхшисидир.

Чунки, дунёда иймон ва амали солиҳдан кўра яхшироқ ҳеч бир иш йўқ.

Қуръони Карим доимо иймондан сўнг амали солиҳни келтиради. Чунки ҳақиқий иймон қалбда тасдиқ топиб, амал билан тасдиқланганидир. Амали солиҳ эса Аллоҳ буюрган яхши ишлардан иборатдир.


8. Уларнинг мукофотлари Роббилари ҳузуридаги остидан анҳорлар оқиб турган жаннат «адн»дир. У ерда абадул абад қолурлар. Аллоҳ улардан рози бўлди, улар ҳам Ундан рози бўлдилар. Бу-Роббисидан қўрққанлар учундир.

Яъни, иймон келтиргач, солиҳ амаллар қилиб, халойиқнинг энг яхшиси унвонига мушарраф бўлган аброр бандаларнинг у дунёдаги мукофотлари Роббилари ҳузуридаги остидан анҳорлар оқиб турадиган жаннати «адн»дир. «Адн» дегани «доимий иқомат жойи» маъносини англатади.

«У ерда абадул абад қолурлар». 

Яъни, улар мазкур жаннати «адн»да доимий қоладилар. У ердан чиқмайдилар ҳам, у ерда ўлмайдилар ҳам. Балки, доимий ҳузур-ҳаловат, нозу неъматда бардавом бўладилар. 

«Аллоҳ улардан рози бўлди».

Яъни, Аллоҳ улардан бу дунёда қилган иймон-эътиқод ва тоат-ибодатларидан рози бўлди.

«улар ҳам Ундан рози бўлдилар». 

Яъни, мўмин бандалар ҳам ўзларига берилган олий мартабалар ва яхшиликлар учун Аллоҳ таолодан рози бўлдилар.

«Бу-Роббисидан қўрққанлар учундир».

Аллоҳ таоло барчамизни Роббисидан қўққанлардан қилсин. Омин!


Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
14. Аллоҳнинг ғазабига дучор бўлган қавмни дўст тутганларни кўрмайсанми Улар сизлардан ҳам эмас, улардан ҳам эмас. Билиб туриб, ёлғонга қасам ичарлар.Аллоҳ таоло бу давоми...

4307 05:00 / 23.01.2017
Жундуб ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Ким Аллоҳнинг китобида ўз райи билан гапириб тўғри айтган бўлса ҳам давоми...

3561 05:00 / 19.01.2017
88. Куфр келтирган ва Аллоҳнинг йўлидан тўсганларга фасод қилганлари учун азоб устига азоб зиёда қилдик.Ўзи кофир бўла туриб, бошқаларни Аллоҳнинг йўлидан тўсган давоми...

4065 05:00 / 23.01.2017
Қуръони Карим қироатида мусулмонлар орасида пайдо бўлиши мумкин бўлган ихтилофларни йўқ қилиш учун ҳазрати Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг даврларида жамланган давоми...

4499 16:07 / 19.11.2019