1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Сийрат

Набий алайҳиссаломга саловот

17:08 / 30.03.2018 16037 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таоло:

«Албатта, Аллоҳ ва Унинг фаришталари Набийга саловот айтурлар. Эй иймон ‎‎келтирганлар! (Сиз ҳам) унга саловот айтинг ва салом йўлланг», деган («Аҳзоб» сураси, 56-оят).

Ушбу ояти карима Пайғамбаримиз Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қадр-қимматлари Аллоҳ таолонинг ҳузурида қанчалар улуғ эканини яна бир бор кўрсатмоқда. Бошқа биров эмас, ҳатто Аллоҳ таолонинг Ўзи Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга саловот айтиши таъкидланмоқда. Араб тилида «саловот» сўзи «салот»нинг жами бўлиб, «дуо» маъносини англатади. Арабчада намоз ҳам «салот» дейилади. Чунки намозда ҳам дуо маъноси бор. Аммо «салот» Аллоҳ таоло томонидан бўлганида «дуо» маъносини йўқотади.

Аллоҳ таолонинг Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга саловот айтиши у зот соллаллоҳу алайҳи васалламга Ўз раҳматини юбориши, улуғлаши, мақомларини кўтариши ва фаришталар ҳузурида шаънларига мақтовлар айтишини англатади.

Фаришталарнинг Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга саловот айтишлари у зоти бобаракотнинг ҳақларига дуо қилишлари, истиғфор айтишлари маъносида бўлади.

Мўмин-мусулмонларнинг Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга саловот айтишлари эса улар томонидан бўлган дуо ва улуғлаш маъносидадир.

Демак, Аллоҳ таоло доимо Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга Ўз раҳматини юбориб, у зот соллаллоҳу алайҳи васалламдан рози эканини билдириб, у зот соллаллоҳу алайҳи васалламга мақтовлар айтиб турар экан.

Фаришталар ҳам у зот соллаллоҳу алайҳи васалламга Аллоҳдан раҳмат, саломатлик, розилик сўраб дуо қилиб туришар экан.

Ояти каримада таъкидли хабардан кейин мўминларга:

«Эй иймон келтирганлар! (Сиз ҳам) унга саловот айтинг ва салом юборинг», деб амр қилинмоқда.

Бу амрга биноан, ҳар бир мўмин учун Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга саловот айтиш ва салом юбориш фарз бўлиб қолади. Бу хусусдаги баҳсларда уламоларимиз «Умр давомида бир марта ёки ҳар бир мажлисда бир марта ёки у зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг номлари ҳар зикр қилинганида бир марта саловот айтиш керак», деганлар.

Амалда эса охиргиси – ҳар доим номлари зикр қилинганида саловот айтиш урф бўлган. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга саловот айтишни амр қилган экан, бу саловот қандай қилиб айтилади, деган савол пайдо бўлиши табиий. Жумладан, ушбу оят нозил бўлганидан кейиноқ саҳобаи киромларда худди шу савол пайдо бўлган.

Баъзи кишиларда «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга Аллоҳ таолонинг Ўзи саловот айтиб турса, Унинг фаришталари саловот айтиб турса, мўминларнинг саловотига нима ҳожат бор?» деган савол пайдо бўлиши ҳам мумкин.

Бу муҳтамал саволга жавоб шу: Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мўминларнинг саловотларига эҳтиёжлари йўқ. Балки мўминлар у зотга саловот айтишга муҳтождирлар. Улар ушбу саловотлари ила Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни улуғлаб, савоб оладилар. Дуолари қабул бўлади. Муродларига етадилар.

Имом Аҳмад ибн Ҳанбал ва Имом ибн Можалар ривоят қилган ҳадисда Омир ибн Робиъанинг оталари қуйидагиларни айтадилар:

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Ким менга саловот айтса, фаришталар унга ҳам менга айтган саловотининг баробарида саловот айтиб турадилар. Банда саловотни хоҳласа, оз айтсин, хоҳласа, кўп», деганларини эшитдим».

Қуръон тиловати ва Аллоҳнинг зикридан кейин Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга саловот айтиш энг савобли ишлардан ҳисобланади. Чунки бу нарса Аллоҳ таолонинг амри. Шунинг учун ҳам намознинг ташаҳҳудида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга саловот айтилади.

Имом Шофеъий:

«Ташаҳҳудда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга саловот айтилмаса, намоз намоз бўлмайди», деганлар.

Имом Насаий ва имом Аҳмад ибн Ҳанбаллар ривоят қилган ҳадисда Абу Толҳа розияллоҳу анҳу қуйидагиларни айтадилар:

«Бир куни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам юзларидан қувонч балқиган ҳолда келдилар. Биз: «Юзингизда қувонч кўрмоқдамиз?!» дедик.

У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Чунки ҳузуримга фаришта келиб, «Эй Муҳаммад, албатта, Роббинг айтур: «Ким сенга саловот айтса, албатта, Мен унга ўн марта саловот айтишим, ким сенга салом айтса, Мен унга ўн марта салом айтишим сени рози қилмайдими?» деди», деб хабар бердилар.

Ушбу маънодаги ҳадиси шарифлар жуда ҳам кўпдир. Асрлар давомида мусулмонлар ушбу оятга ва ҳадисларга чин ихлос билан амал қилиб келмоқдалар. Намозларида ўз Пайғамбарлари соллаллоҳу алайҳи васалламга саловот айтмоқдалар. У зоти бобаракотнинг номи шарифлари зикр этилиши билан саловот айтишга шошиладилар. Аҳли солиҳ кишиларнинг Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга саловот айтишдан иборат кундалик вазифалари ҳам бор.

Аксинча, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг номлари зикр қилинганда у зотга саловот айтмаслик мусулмонларнинг надоматга йўлиқишларига сабаб бўлади. Чунки Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари Имом Термизий ва Имом Насаийлар ривоят қилган ҳадисда:

«Кимнинг ҳузурида мен зикр қилинсам-у, у менга саловот айтмаса, ўша одам бахилдир», деганлар.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак номлари зикр этилганида у зот соллаллоҳу алайҳи васалламга саловот айтмаслик ниҳоятда ёмон ишдир.

4681. Абу Ҳумайд ас-Соъидий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Баъзи одамлар:

«Эй Аллоҳнинг Расули, сизга қандай саловот айтамиз?» дедилар.

У зот:

«Аллоҳумма! солли ъала Муҳаммадин ва азвожиҳи ва зурриятиҳи, кама соллайта ъалаа оли Иброҳийм. Аллоҳумма! барик ъалаа Муҳаммадин ва азвожиҳи ва зурриятиҳи, кама барокта ъалаа оли Иброҳийм. Иннака ҳамийдум-мажийд», деб айт», дедилар.

Учовлари ривоят қилганлар.

Саловатнинг маъноси: «Аллоҳим! Муҳаммадни, унинг завжаларини ва зурриётларини худди оли Иброҳимни ёрлақаганингдек ёрлақагин. Муҳаммадни, унинг завжаларини ва зурриётларини худди оли Иброҳимни баракотли қилганингдек баракотли қилгин. Албатта, Сен Ҳамийдсан, Мажийдсан».


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Ҳадис ва ҳаёт китобидан)



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
347. Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ўнгларига ва чапларига салом берар ва .АсСалому алайкум ва давоми...

1956 19:00 / 29.12.2023
513. Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан ғазотда эдим, бўрам сувчи туям чарчаб қолди. Секинлаб давоми...

988 19:00 / 11 октябрь
327. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам намоз бошласалар .Субҳанакаллаҳумма ва биҳамдика ва табарокасмука ва таъала давоми...

2142 19:00 / 08.12.2023
Аллоҳ таоло.Ўз бандасини кечаси Масжидул Ҳаромдан атрофини баракали қилганимиз Масжидул Ақсога мўъжизаларимизни кўрсатиш учун сайр қилдирган Зот покдир. давоми...

7000 15:13 / 02.01.2018