1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Ихлос

15:03 / 16.03.2018 7685 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

«Ихлос» луғатда «тозалаш» ва «тўғрилаш» деган маъноларни англатади. «Холис бўлди» дегани «мусаффо бўлди» маъносига тўғри келади. Бу икки маъно орасидаги фарқ шуки, олдин бирор нарса аралашган бўлиб, кейин тозалангани «холис» дейилади. Мусаффо нарса олдиндан тоза бўлиши ҳам мумкин.

Уламолар ихлоснинг таърифида бир-бирини тўлдирувчи жумлаларни айтганлар.

Кафавий:

«Ихлос ибодатга сазовор Зотнинг ёлғиз Ўзини ибодат ила қасд қилишдир. Дил, тил ва амалнинг мусаффо бўлиши, дейилгани ҳам бор», деган («Куллиёт», 64-бет).

Муновий:

«Ихлос қалбни унинг мусаффолигини кир қилувчи ҳар бир нарсадан халос қилишдир. Ҳар бир нарса ўзини кирлантирадиган нарсадан мусаффо ва халос бўлса, «холис» дейилади. Ихлос халос бўлишга ёрдам берадиган амалдир, деганлар ҳам бор», деган (Муҳаммад Абдурроуф Муновий. «Ат-Тавқийф алаа муҳиммотит-таъорийф», 42-бет).

Аллоҳ таоло Зумар сурасида марҳамат қилади:

 

«Бас, Аллоҳга Унга динни холис қилган ҳолингда ибодат эт. Огоҳ бўлингким, холис дин Аллоҳникидир», деган (2-3-оятлар).

Аллоҳнинг динига ихлос қилиш фақат Аллоҳ таолонинг Ўзини кўзлаб, розилигини ўйлаб иш қилишдан иборатдир. Ихлос ибодатнинг мағизидир.

 

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:

«Аллоҳ таборака ва таоло айтади: «Мен ширкдан беҳожатларнинг беҳожатиман. Бас, ким бир амал қилса-ю, унда Менга бошқани ширк келтирса, Мен уни ҳам, ширкини ҳам тарк қилурман».

Муслим ривоят қилган.

Демак, Исломда ихлосли бўлиш катта ўрин тутади. Аллоҳга ибодат қилган одам фақат ихлос билан ибодат қилиши керак. Аллоҳ таолони кўриб тургандек ҳис билан, сезги билан яшаб, ўша ҳолатда туриб амалларни адо этиши лозим. Яратган Зотнинг талаби шу!

Дунёда ихлос қилиш лозим бўлган дин Аллоҳ таолонинг динидир.

Дунёда ихлос қилиш лозим бўлган шариат Аллоҳ таолонинг шариатидир. Холис дин тавҳид динидир. Аллоҳнинг дини Исломдир.

Аллоҳ таоло Соффат сурасида марҳамат қилади:

 

«Албатта, сиз аламли азобни тотувчидирсиз. Фақат қилиб ўтган амалингизнинг жазосини оласиз, холос. Лекин Аллоҳнинг танланган бандалари мустасно. Улар, ана ўшалар учун маълум ризқ – мева-чевалар (бордир). Улар икром этилганлардир. Неъматланиш жаннатларида...» (38-43-оятлар).

Кофирлар гуноҳлари учун жазо ўлароқ, жаҳаннам азобига учрасалар, мўминлар тамоман бошқача ҳолатда бўладилар. Ихлосли мўмин бандалар учун ўзларига хос маълум ризқ бор. Бу ризқ турли-туман мева-чевалардан иборат. У мева-чевалар уларга кўринган жойда берилмайди.

Балки улар иззат-икром этилган ҳолда, наъим жаннатларида – нозу неъмат жаннатларида тақдим этилади. Мухлис-мўмин бандалар ўша ноз-неъмат жаннатларида ясатилган, устига, атрофига гўзал пардалар тутилган сўриларда бир-бирларига қараб, ҳузурланган ҳолларида бўладилар.

 

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: 

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Ўз Робблари азза ва жалладан ривоят қилиб айтадилар: 

«Албатта, Аллоҳ яхшиликлар ва ёмонликларни ёзиб қўйди. Сўнгра ўшани баён қилди. 

Ким бир яхшиликни қасд этса-ю, унга амал қилмаса, Аллоҳ уни Ўз ҳузурида баркамол бир яхшилик қилиб ёзиб қўяди. 

Агар уни қасд қилиб, амал ҳам қилса, Аллоҳ уни Ўз ҳузурида ўнтадан етти юз яхшиликкача, ундан ҳам бир неча марта кўп қилиб ёзади. 

Агар бир ёмонликни қасд этса-ю, унга амал қилмаса, Аллоҳ уни Ўз ҳузурида бир яхшилик қилиб ёзади. 

Агар у(ёмонлик)ни қасд қилиб, амал ҳам қилса, Аллоҳ уни бир ёмонлик қилиб ёзади».

Бешовларидан фақат Абу Довуд ривоят қилмаган.

Ушбу ҳадисда Ислом шариатининг гўзаллиги, қанчалик даражада яхшилик тарафдори экани-ю, ёмонликка қанчалик қарши экани баён қилинмоқда. Қилинган амалга бериладиган ажру савоб банданинг ихлосига қараб бўлиши айтилмоқда. Чунки бир хил ният билан бир хил амални бажарган кишиларнинг бирига ўн ҳисса, иккинчисига етти юз ҳисса, учинчисига ундан бир неча баробар кўп савоб берилиши, албатта, аввало ихлосга қараб бўлади.

Ҳа, ихлос ана шундай нарса. Ихлос билан қилинган ибодатнинг савоби ана шундай кўп бўлади.

Ихлоснинг самараси ўлароқ, банда ўз Роббига қилган ибодатининг лаззатини топади, ичи мусаффо бўлади, қалби нурга тўлади ва амалига қўшимча савоб олади.

Ихлосли банда ваъз-насиҳат ва ибратлардан ўзига тезда фойда олади.

Ихлос Аллоҳ таоло тамонидан бандага бериладиган улкан мукофот ва неъматдир.

 

Ҳадиси қудсийда: 

«Ихлос Менинг сирларимдан биридир. Бандаларимдан кимга муҳаббат қилган бўлсам, уни ўшанинг қалбига жойлаганман», дейилган.

 

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«У киши: 

«Эй Аллоҳнинг Расули, қиёмат куни сизнинг шафоатингиздан энг саодатманд бўладиган ким?» деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«Эй Абу Ҳурайра, сенинг ҳадисга ўта қизиқишингни билганимдан, шу гапни сендан олдин ҳеч ким сўрамаслигини билган эдим. Қиёмат куни менинг шафоатимдан энг саодатманд бўладиган кимса «Лаа илааҳа Иллаллоҳу»ни чин қалбдан (ёки нафсидан) ихлос билан айтган одамдир», дедилар».

Бухорий ривоят қилган.

Бу ерда ҳам ихлосга алоҳида эътибор берилмоқда. «Ихлос»ни Аллоҳни кўриб тургандек ибодат қилиш, деб билган эдик.

Демак, калимаи тавҳидни Аллоҳни кўриб тургандек ҳис билан, чин қалбдан айтиш қиёмат куни Набийимиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шафоатларидан энг кўп баҳраманд бўлишга олиб келар экан.

 

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«Қачон маййитга намоз ўқисангиз, унга дуони ихлос ила қилингиз», дедилар». 

Абу Довуд ва Ибн Ҳиббон ривоят қилишган. Ибн Ҳиббон саҳиҳ деган.

 

Мусъаб ибн Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Отам ўзини ундан паст одамдан фазли бор деб билар эди. Бас, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«Заифларингиз сабабидангина нусратланурсизлар ва ризқланурсизлар», дедилар».

Бешовларидан фақат Муслим ривоят қилмаган.

Насоийнинг лафзида: 

«Албатта, Аллоҳ ушбу умматга заифлари сабабидан нусрат берур. Уларнинг дуолари, намозлари ва ихлослари сабабидан», дедилар», дейилган.

 

Абдуллоҳ ибн Муовия Ғозирий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«Уч нарса борки, ким уларни қилса, иймоннинг таъмини тотган бўлади: ким Аллоҳнинг ёлғиз Ўзига ибодат қилса ва албатта, «Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ», деса, молининг закотини ихлос ила ва чин қалбдан ҳар йили ёрдам ўлароқ берса, қарисини, ифлосини, касалини ва сутсизини бермаса, лекин молингизнинг ўртачасидан бўлса. Албатта, Аллоҳ сиздан яхшисини сўрагани йўқ, ёмонига амр қилгани ҳам йўқ», дедилар».

Абу Довуд ва Табароний ривоят қилишган.

Макҳул раҳматуллоҳи алайҳи:

«Банда қирқ кун ихлос қилса, албатта, унинг қалбидан ва тилидан ҳикмат булоқлари отилиб чиқади», деган.

Абу Сулаймон Дороний:

«Қачон банда ихлос қилса, ундан васвасанинг кўплиги ва риё кесилади», деган.

Юсуф ибн Ҳусайн:

«Дунёдаги энг азиз нарса ихлосдир. Қалбимдан риёни чиқариш учун қанчалар уринмайин, у яна янги ранг ила ўсиб чиқаверади», деган.

Жунайд раҳматуллоҳи алайҳи:

«Ихлос Аллоҳ таоло билан банда орасидаги сирдир. Уни ёзиб қўяй деса, фаришта ҳам, васваса қилай деса, шайтон ҳам ва мойил қилай деса, ҳаво ҳам билмайди», деган.

Ибн Қайюм раҳматуллоҳи алайҳи:

«Ихлос ва иқтидосиз амал худди қопини қумга тўлдириб олиб кетаётган ва фойда олмаётган мусофирга ўхшайди», деган.

Сусий раҳматуллоҳи алайҳи айтади:

«Ихлос – ихлоснинг зоҳирини йўқотишдир. Ким ўз ихлосида ихлосни кўрса, ихлоси ихлосга муҳтож бўлади».

Яъни банда ўз ихлоси ила ғурурланмаслиги керак. Чунки «холис» дегани барча офатлардан мусаффо бўлди деганидир. Бу эса битта офатга – ихлоси ила мақтанишга мубтало бўлди.

Саҳл раҳматуллоҳи алайҳи айтади:

«Ихлос банданинг ҳаракати ва саканоти Аллоҳ таолога хос бўлишидир».


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Руҳий тарбия китобидан)



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ғассон ибн Фазлдан ривоят қилинади .Бишр ибн Мансур раҳматуллоҳи алайҳ дўстларидан бирини кўриб қолса, ёнига бориб, уловнинг жиловидан тутиб юрар эди. Менга ҳам кўп марта шундай қилган,..Солиҳлар гулшани, китобидан

2116 08:01 / 02.03.2020
Имом Шиблий роҳимаҳуллоҳдан, Аллоҳни ҳақиқий маънода танувчи кишининг аломати ҳақида сўрашди. Шунда у киши .Кўкси кенг, қалби мажруҳ, жисми ташлаб қўйилган, давоми...

2483 15:30 / 22.05.2021
Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Юсуф Исфаҳоний раҳимаҳуллоҳ Мусойсада жанозага қатнашдилар. У зот қабристонда Абу Исҳоқ Фузорий билан Махлад ибн Ҳусайннинг қабрлари давоми...

1429 08:02 / 25.05.2020
Суфён ибн Уяйна айтади .Муҳаммад ибн Мункадир Кўфада Муҳаммад ибн Савқаникига келди. Уни эшакка миндириб кетаётиб, қуйидагиларни сўради .Эй Абу Абдуллоҳ, сиз учун давоми...

1552 07:05 / 26.09.2019