1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Қуръон

Нисо сураси, 1-оят

05:00 / 23.01.2017 8957 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

1. Эй одамлар! Сизларни бир жондан яратган ва ундан унинг жуфтини яратиб, икковларидан кўплаб эркагу аёллар таратган Роббингиздан қўрқинглар! Номини ишлатиб бир-бирингиздан сўровда бўладиганингиз Аллоҳдан ва қариндошлик(алоқалари)дан қўрқинг. Албатта, Аллоҳ устингиздан рақобат этувчи зотдир.

«Эй одамлар!» дея барча инсониятга хитоб ўлароқ бошланган бу ояти каримада бир нечта улкан ҳақиқатлар ўз аксини топган. Аввало, бу ояти карима одамларга уларнинг одам–инсон эканликларини, уларни Аллоҳ таоло яратганини эслатади. Инсон ўзининг инсон эканини эслаб туриш  жуда ҳам фойдалидир. Чунки, кўпгина разилатлар худди шу нуқтани–инсон ўзининг кимлигини эсидан чиқариб қўйганидан келиб чиқади. Агар инсон доимо ўзини кучсиз, иродасиз бир нарса бўлганини, фақат Роббининг инояти билан шу ҳолатга етганини, яна ўша Робб ҳузурига қайтиб боришини эсласа, ундан қўрқиб турса, ҳеч қачон ҳеч бир разилатга қўл урмагай.

 Шунингдек, бу оятда одамларни яратган Холиқ бир бўлиши билан бирга, инсонларнинг асли ҳам бир жон бўлганлиги баён этиляпти:

«Сизни бир жондан яратган».

Демак, ҳозирги дунёда турли-туман бўлиб яшаётган, бир-бирлари билан ирқий, миллий, диний урушлар қилаётган, мен яхши, сен ёмон, деб жанжаллашаётган, кишиларни тана рангига, қабиласига, миллати ёки ирқига қараб ажратаётган одамларнинг асли бирдир. Уларни  бир Аллоҳ,  бир жондан яратган. Агар одам ушбу ҳақиқатни, яъни, ўзининг бир Аллоҳ бир жондан яратганлигини тўлиқ тушуниб, доимо ёдда тутганида эди, ҳозирги кундаги кўплаб фалокатлар, разилатлар вужудга келмаган бўлур эди. Кишилар бир-бирларига меҳрибон бўлар эдилар, ёрдам қўлини чўзар эдилар.

Имом Муслим Жарир ибн Аблуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда айтиладики, Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг ҳузурларига Музар қабиласидан оч-яланғоч бир гуруҳ кишилар келган вақтда–пешин намозидан кейин у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам хутба қилиб ваъз сўзладилар. Ўз сўзларида, жумладан: «Эй одамлар! Сизларни бир жондан яратган ва ундан унинг жуфтини яратиб, икковларидан кўплаб эркагу аёлларни таратган Роббингиздан қўрқинглар!» оятини ўқидилар. Сўнгра одамларни садақа қилишга чақирдилар. Шунда кимдир диноридан, кимдир дирҳамидан, кимдир буғдойидан ва яна кимдир хурмосидан садақа қилди. 

Ушбу оятдаги улкан ҳақиқатлардан бири, 

«...ва ундан унинг жуфтини яратиб» жумласида ўз аксини топгандир. Яъни, у жондан унинг жуфтини, яъни, хотинини яратган маъноси келиб чиқади. Бу эса, ўз навбатида, аёл киши ҳақидаги барча нотўғри фикр ва тушунчаларни чиппакка чиқариб, ҳуқуқда ва дунё ҳаётидан баҳрамандликда у ҳам эркаклар билан тенг туришини, у ҳам бир жондан яралганини англатади.

Инсоният Ислом дини келгунга қадар аёл киши ҳақида катта хато тасаввурда ва аҳмоқона муносабатларда эди. Аввалги суранинг тафсирида бирмунча айтиб ўтганимиздек, хусусан, Ғарб халқлари орасида аёл киши ҳақида бўҳтон назариялар тўқилган эди. Яъни, аёл киши шайтоннинг малайи бўлиб, эркак кишини йўлдан оздириш учун яратилган, деган фикр ҳукм сурган. Шунинг учун улар аёл кишини кўришни ҳам истамас, ундан шайтондан қочгандай қочар, аёл кишига кўзлари тушиб қолса, тавба қилишга шошилар эдилар. Шу даврда Оврупада одам кўпаймай қолгани ҳаммага маълум. Энг ачинарлиси, ҳозирда аёлларнинг ҳомийлигини ва уларнинг озодлигининг гаровдорлигини даъво қилаётган Оврупада бир вақтлар аёл ўзи аслида ким эканлигини «аниқлаш» учун махсус анжуман ҳам ўтказилган. Бу йиғин аёлни «эркак хизматига яратилган махлуқ», деб қарор чиқарган. Ислом дини бу тахлит бидъат ва хурофотларнинг барчасини барбод этиб, аёлнинг тенг ҳуқуқли инсон эканини, уни ҳам Аллоҳ яратганини, эркакка жуфт қилганини, икковларидан кўплаб эркагу аёлларни таратилишини эълон қилган.

«...ва икковларидан», яъни, ўша «бир жон» бўлмиш Одам ва унинг жуфти Ҳаводан, 

«кўплаб эркагу аёлларни таратган»лик ҳам муҳим бир ҳақиқатдир. Аллоҳ таоло агар хоҳласа, бирданига хилма-хил, сон-саноқсиз эркагу аёлларни яратишга ҳам қодир эди. Аммо у бундай қилишни хоҳламади. Ер юзидаги турфа инсонларнинг қариндошлик алоқалари, оила ришталари ила ўзаро боғлиқ бўлишларини ирода қилди. Исломда оилани мустаҳкамлашга катта эътибор берилишининг сири ҳам шунда. Ояти кариманинг бир жумласини биз,

«Номини ишлатиб бир-бирингиздан сўровда бўладиганингиз–Аллоҳдан ва қариндошлик(алоқалари)дан қўрқинг», деб таржима қилдик. Бу жумладаги маънони тўлиқроқ англатиш учун баъзи ёрдамчи ифодаларни ҳам қўшишимизга тўғри келди. Аслида эса, асосий матнда бу жумла жуда қисқадир, сўзма-сўз таржима қилинса, «Ўзаро сўрашадиганингиз Аллоҳга ва қариндошликка тақво қилинг», маъноси чиқади.

Одатда, кишилар ўзаро меҳр ва лутфга эришмоқчи, ўзларига нисбатан мойиллик уйғотмоқчи бўлсалар, орага Аллоҳни ва қариндошликни қўшадилар. Аллоҳнинг номи ила одамлар орасида аҳдномалар тузилади, ваъдага вафо қилиш сўралади ва ҳатто қасам ҳам ичилади. Шунингдек, икки томон орасида қариндошлик ришталари бўлса, уларни ҳам орага солинади. Аллоҳга тақво қилиш, яъни, ундан қўрқиш тушунчаси маълум ва машҳур тушунчадир. Кўпгина оят ва ҳадисларда, таълимотларда қайта-қайта зикр қилинган.  Аммо қариндошлик риштасига тақво қилмоқ (ундан қўрқиш) ўзига хос бир таъбир бўлиб, бу нарса муқаддас алоқаларни улуғлаш, ҳақ-ҳуқуқларини адо этиш, уларни муҳофаза қилиш, узмаслик нақадар зарурлигини таъкидлайди.

Оятнинг аввалидаёқ тақвога–яратган Холиқдан ва қариндошлик ҳаққига зулм қилишдан қўрқишга даъват этилган бўлса, оятнинг охирида бу чақириқлар беҳуда эмаслиги, балки ҳаммасининг ҳисоб-китоби бўлиши таъкидланади: 

«Албатта, Аллоҳ устингиздан рақобат этувчи зотдир».

Инсонларни яратган, улар ўртасида қариндош-уруғлик ришталарини пайдо қилган, ҳар бир нарсани билувчи ва кўрувчи зотнинг Ўзи рақобат қилиб туриши нақадар таъсирчан, нақадар масъулиятли ҳолдир.


Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
14. Ҳақ даъвати Уникидир. Ундан ўзгага дуо қилаётганларга эса, ҳеч бир нарсада ижобат этмаслар. Магар, икки кафтини сувга узатиб, сув оғзига етишини кутган одамга давоми...

5361 05:00 / 23.01.2017
Эй иймон келтирганлар Ўз уйларингиздан бошқа уйларга то изн сўрамагунингизча ва уларнинг аҳлига салом бермагунингизча, кирманг. Ана шундай қилмоғингиз сиз учун давоми...

6931 05:00 / 23.01.2017
Замон ўзгариб, одамлар қадимги китобларнинг услуби ва тилидан узоқлашиб қолдилар. Ушбу сабаб туфайли катта уламолардан бошқалар эски тафсирлардан фойдаланишни давоми...

2911 17:30 / 11.05.2021
14. Аллоҳнинг ғазабига дучор бўлган қавмни дўст тутганларни кўрмайсанми Улар сизлардан ҳам эмас, улардан ҳам эмас. Билиб туриб, ёлғонга қасам ичарлар.Аллоҳ таоло бу давоми...

4307 05:00 / 23.01.2017