1446 йил 9 жумадул аввал | 2024 йил 11 ноябрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Қуръон

Ҳаж сураси, 25-26

05:00 / 23.01.2017 3497 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

25. Куфр келтирганлар ва Аллоҳнинг йўлидан ҳамда ерли ва четдан келган одамлар учун баробар қилиб қўйганимиз Масжидул Ҳаромдан тўсганларга ва у ерда ким зулм ила янглиш йўлга бурилишни ирода қилса, унга аламли азобни тоттирурмиз.

Ушбу ояти карималар нозил бўлаётган пайтда Қурайш мушриклари худди шу ишни қилар эдилар. Улар Муҳамммад соллаллоҳу алайҳи васалламга иймон келтирмай, кофир ҳолда юрар эдилар. Бу ҳам етмаганидек, ўзгаларни Аллоҳнинг йўлидан тўсар, Ислом динига киришларига тўсқинлик қилардилар. Мусулмонларга Масжидул Ҳаромга киришга, у ерда ибодат қилишга йўл бермасдилар. Ҳолбуки, Байтуллоҳнинг эгаси Аллоҳ таолонинг Ўзи у ерни ҳамма одамлар учун — ерли аҳоли учун ҳам, мусофирлар учун ҳам бирдек ибодат жойи қилиб қўйган эди. Шу боисдан Масжидул Ҳаромда ҳамма баробар ибодат қилиш ҳуқуқига эга эди. Аммо Қурайш кофирлари ўзларича Масжидул Ҳаромга эга чиқиб олиб, унга мусулмонларни киритмасдан, йўлларини тўсмоқдалар. Шунинг учун улар Аллоҳнинг аламли азоби билан азобланишга лойиқдирлар.

Масжидул Ҳаром Аллоҳнинг уйи, у ерда ҳеч қандай ёмон ишга рухсат йўқ.

«...у ерда ким зулм ила янглиш йўлга бурилишни ирода қилса, унга аламли азобни тоттирурмиз».

Яъни, Масжидул Ҳаромда ким ноҳақлик билан тўғри йўлдан чиқиб, янглиш йўлга бурилишни ирода қилса, аламли азобга дучор бўлади.

Ушбу оятда «янглиш йўлга бурилиш» деб таржима қилинган маъно оятда «илҳод» лафзи билан ифодаланган. «Илҳод» сўзидан худосизлик, диндан чиқиш, йўлдан озиш маънолари тушунилади. Ислом дини ман этган амалларни қилиш ҳамма жойда ҳам гуноҳдир. Аммо Масжидул Ҳаром ҳудудида Ислом ман этган ишларни қилиш жуда катта гуноҳ–илҳод ҳисобланади. Бу маъно ҳазрати Умари Одилнинг розияллоҳу анҳу қуйидаги гапларида ҳам аксини топган. У киши: «Маккада таомни эҳтикор қилманглар (эҳтикор–баҳосини орттириш учун тўплаб олиш). Маккада таомни эҳтикор қилиш илҳоддир», деган эканлар.

Қурайш кофирларининг Масжидул Ҳаромга эга чиқишга ҳақлари йўқлигини баён этиш учун Байтуллоҳнинг тарихини ёритувчи оятлар келтирилмоқда:


26. Биз Иброҳимга Байтнинг жойини белгилаб бериб: «Менга ҳеч нарсани шерик қилма, Байтимни тавоф қилгувчилар, (ибодатда) қоим тургувчилар ҳамда рукуъ, сужуд қилгувчилар учун поклагин.

27. Одамларни ҳажга чақир, улар сен томон пиёда, узоқ-узоқ йўллардан юриб, озиган уловлар устида келсинлар.

28. Ва ўзларига бўладиган манфаатларга шоҳид бўлсинлар. Маълум кунларда уларга ризқ қилиб берган чорва ҳайвонларини (сўйишда) Аллоҳнинг исмини зикр қилсинлар. Бас, улардан енглар ва бечора ва фақирларга ҳам егизинглар.

29. Сўнгра ўзларидаги кирларни кетказсинлар, назрларига вафо қилсинлар ва «қадимги уй»ни тавоф қилсинлар», деганимизни эсла.

Демак, Қурайш кофирларининг Масжидул Ҳаромга эга чиқиб, мусулмонларни у ерга киришдан ман қилишга ҳеч қандай ҳақлари йўқ.

Аввало, Байтуллоҳни улар қурмаган.

«Биз Иброҳимга Байтнинг жойини белгилаб бериб...»

Ҳатто Каъбаи Муаззамани қаерга қуришни ҳам Аллоҳ таолонинг Ўзи белгилаб берган. Белгилаб берганда ҳам, Ўзининг Пайғамбари Иброҳим алайҳиссаломга белгилаб берган. Қурайш кофирларига эмас. Иброҳим алайҳиссалом ўғиллари Исмоил алайҳиссалом билан Аллоҳ таолонинг амрига мувофиқ кўрсатилган жойга Байтуллоҳни қуриб битирганларидан сўнг, Аллоҳдан қуйидаги фармон келди:

«Менга ҳеч нарсани шерик қилма...»

Яъни, менга дунёдаги ҳеч бир нарсани шерик келтирма. Байтнинг эгасига ширк келтириш мумкин эмас. Унинг шериги йўқ. Аммо Қурайш қабиласи кофирлари Байтнинг атрофида, унга қўшни бўлиб яшаб туриб, сон-саноқсиз бутларни Байтлуллоҳнинг эгасига «шерик худолар» билиб, уларга ибодат қилмоқдалар. Ҳатто, Байтуллоҳнинг ичига ҳам уч юз олтмиш бутни киритиб қўйиб, яна қандай қилиб, Масжидул Ҳаромга эга чиқадилар?! Мусулмонларнинг унга кириш йўлларини тўсадилар?!

«...Байтимни тавоф қилгувчилар, (ибодатда) қоим тургувчилар ҳамда рукуъ, сужуд қилгувчилар учун поклагин».

Байтуллоҳнинг эгаси Аллоҳ таоло томонидан, унинг қурувчиси Иброҳим алайҳиссалом, айтилаётган бу сифатлар Қурайш кофирларида эмас, мусулмонларда мавжуд. Демак, Байтуллоҳга, Масжидул Ҳаромга Қурайш кофирлари эмас, мусулмонлар ҳақлидирлар.

«Одамларни ҳажга чақир...»

Эй Иброҳим, одамларни ҳаж ибодатига чақир.

Демак, ҳаж фақат Қурайш кофирлари учун эмас. Ҳамма одамлар учундир.

«...улар сен томон пиёда, узоқ-узоқ йўллардан юриб, озиган уловлар устида келсинлар».

Энг узоқ юртлардан ҳам келсинлар. Пиёда юриб бўлса ҳам, келсинлар. Йўл узоқлигидан, машаққатлилигидан уловлари озиб-ҳориб кетса ҳам, келсинлар.

Байтуллоҳнинг эгаси унинг қурувчисига шундай деб турганидан кейин, Қурайш кофирларининг мусулмонларни ундан тўсишга ҳеч ҳақлари йўқ.

«Ва ўзларига бўладиган манфаатларга шоҳид бўлсинлар».

Байтуллоҳни ҳаж қилишда ҳар бир ҳожи учун кўплаб дунё ва охират манфаатлари бор. Ҳажда ижтимоий, иқтисодий ва маънавий манфаатлар кўп. Ҳажга келувчилар, аввало, Аллоҳга ибодат қилади, тақвоси зиёда бўлади, қолаверса, бир-бирлари билан танишадилар, ўзаро фикр ва тажриба алмашадилар, фойдали маслаҳатлар оладилар, шунингдек, савдо-сотиқ, тижорат ҳам қиладилар. Уларнинг бу манфаатларидан баҳраманд бўлишга ҳақлари борлигини Аллоҳнинг Ўзи эълон қилиб қўйган. Энди қандай қилиб, Қурайш кофирлари мусулмонларни Масжидул Ҳаромдан, мазкур манфаатлардан тўсадилар?!

«Маълум кунларда уларга ризқ қилиб берган чорва ҳайвонларини (сўйишда) Аллоҳнинг исмини зикр қилсинлар».

Ҳаж палласи Аллоҳни зикр қилиш авжига чиқадиган мавсум. Бу мавсумнинг авжи эса, ийд кунлари бўлиб, унда зикр қурбонлик сўйиш жараёнида яна авжланади. Ҳар бир ҳожи Аллоҳни йўлида барча нарсани қурбон қилиш рамзи сифатида Аллоҳнинг номини зикр этиб туриб, туя, мол, қўй каби чорва ҳайвонларини қурбонлик қилади.

«Бас, улардан енглар ва бечора ва фақирларга ҳам егизинглар».

Қурбонлик қилувчи ҳожи қурбонлигидан ўзи еса ҳам бўлади, бева-бечора, фақир-фуқароларга егизса ҳам бўлади.

Масжидул Ҳаромнинг эгаси Аллоҳ таолонинг бу амрига қарши мусулмонларни ўша манфаатлардан, қурбонлик қилишдан, Аллоҳнинг номини зикр этишдан тўсишга Қурайш кофирларининг нима ҳаққи бор?

«Сўнгра ўзларидаги кирларни кетказсинлар...»

Қурбонлик қилиб бўлганидан кейин, ҳожига эҳромдан чиқишга рухсат бўлади. Шунда унинг учун эҳром вақтида мумкин бўлмаган соч олдириш ёки қисқартиришга, қўлтиқ остидаги ва бошқа жойлардаги тукларни, тирноқларни олишга изн берилади. Ҳожи бу ишларни бажариб, ювиниб-таранади. Оятда

«...ўзларидаги кирларни кетказсинлар...» дейишдан мақсад шу.

«...ва «қадимги уй»ни тавоф қилсинлар».

«Қадимги уй»дан мурод Каъбатуллоҳ. Бу тавофни фарз тавоф, ифоза тавофи, дейилади. Бу тавофсиз ҳаж ҳаж бўлмайди. Шуни адо этишлик билан ҳаж ибодати ҳам тугайди.

Ушбу ибодатлардан мусулмонларни тўсишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Ким уларни тўсса, катта гуноҳ қилган, зулм ила илҳодга юрган бўлади.

Масжидул Ҳаромнинг тарихи ва унда қилинадиган амаллар ана шулардан иборат. Аллоҳ таоло у ернинг ҳурматини сақлашга чақирган. У ерда маълум ишларни ҳаром қилган. Бунга ҳамма амал қилиши керак.


Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ва фаҳш иш ёки ўзларига зулм қилганларида Аллоҳни эслаб, гуноҳларини мағфират қилишини сўрарлар. ndash Гуноҳларни Аллоҳдан ўзга ким ҳам мағфират қиларди ndash Ва билиб давоми...

5052 22:15 / 31.03.2018
Қуръони Каримни хатм қилган чоғда дуо қилиш саҳобаи киромлар ва улардан кейинги салафи солиҳларнинг суннатларидандир.Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят давоми...

34620 12:40 / 12.06.2018
62. Огоҳ бўлингким, Аллоҳнинг дўстларига хавф йўқдир ва улар хафа ҳам бўлмаслар.Ҳа, Аллоҳнинг дўстларига ҳам бу дунёда ва ҳам охиратда ҳеч қандай хавф йўқдир. Улар давоми...

5783 05:00 / 23.01.2017
4. .Ухдуд, эгаларига лаънат бўлсин..Ухдуд,ndashерда ковланган узунузун чуқурдир. Ухдуд эгалари кофирлар бўлиб, мўминларни Аллоҳга ишонганлари учун олов ёниб турган давоми...

4206 05:00 / 23.01.2017
Аудиолар

134093 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

54439 14:35 / 11.08.2021