1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Руҳий тарбия

Ғийбатнинг рухсат этилган турлари

09:55 / 25.06.2018 8587 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Биринчи бобда ғийбатнинг таърифи баён этилган бўлса, иккинчи бобда ғийбатни олти тақсимга бўлиб, ҳар бир тақсим остида яна бир нечтадан қисмлар борлиги айтиб ўтилди. Бу бобда эса таъриф ва тақсимлари зикр этилган ана шу ғийбатнинг дуруст, яъни шариат олимлари жоиз деб рухсат берган, ҳатто баъзи ўринларда савобли бўлган турлари баён қилинади.

Имом Нававий «Саҳиҳи Муслим»нинг шарҳида, имом Ғаззолий «Иҳёу улумид-дин» ва «Кимёи саодат»да, Сафурий «Нузҳатул мажолис»да, Бадриддин Лоҳурий «Матолибул муъминин»да ҳамда имом Балхий «Айнул илм»да ғийбатнинг олти турини жоиз деганлар. Ибн Обидин «Ад-Дуррул мухтор»нинг шарҳи «Раддул муҳтор»да уларга яна тўрт кўринишни қўшиб, саноқни ўнтага етказганлар. Мен унга яна учта кўринишни қўшимча қиламан ва ҳар бир кўринишнинг нима сабабдан рухсат берилганини ҳам айтиб ўтаман.

1. Бош ҳокимга зулмда қолганлигидан шикоят қилиш. Қози ёки муфтийдан, девондагилар ёки амирдан зулм кўрган киши ҳаққини ундириш учун мазкур лавозимдаги кишилар устидан юқори ҳокимга шикоят қилиши жоиздир. Чунки бош ҳокимга золимнинг устидан шикоят ва ғийбат қилинмаса, мазлумнинг ҳаққи поймол бўлади. Бундан ташқари, кичик ҳокимнинг зулми юқори ҳокимга айтилса, у ўша золимни мансабдан бўшатиб, барчани унинг зулмидан халос қилиши мумкин. Мана шу фойдаларга биноан ғийбатнинг ушбу кўриниши дурустдир.

Тавсия. Шуъба раҳимаҳуллоҳ айтадилар: «Золимнинг устидан шикоят қилиш ва одамларни огоҳлантириш ғийбат бўлмайди».[1]

Оят. Оламларнинг Робби Аллоҳ таоло марҳамат қилади: «Аллоҳ (бирор киши ҳақида) ёмон гапни ошкор қилишни ёқтирмайди, бироқ мазлумлар бундан мустаснодир»,[2] яъни мазлум ўзига етган зулмни ошкора айтишида бирор зарар йўқ. Имом Розий «Тафсири кабир»да мазкур оятнинг Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган қуйидаги маъносини келтиради: «Аллоҳ таоло дуоибадни ёқтирмайди, бироқ мазлумнинг золимга қилган дуоибади бундан мустасно». «Тафсири Жалолайн» муаллифи: «Бу ояти каримада ҳар икки маъно ҳам: бировнинг айбини ошкор қилиш ҳам, дуоибад қилиш ҳам кўзда тутилган бўлиши мумкин», дейдилар. Шунда оятнинг маъноси қуйидагича бўлади: «Кимки бирор кишининг айбларини ошкор қилса ёки бирор кишининг ҳаққига дуоибад қилса, Аллоҳ таоло унга азоб беради, бироқ мазлум киши золимни дуоибад қилиши, унинг айбларини очиб, ғийбат қилиши бундан мустаснодир, яъни бу иши учун Аллоҳ таоло уни азобламайди». Демак, мазлум одам ҳаққини ундириш учун фалончи молимни ўғирлади ёки зўравонлик қилиб молимни тортиб олди ёхуд омонатимга хиёнат қилди деб, золим устидан юқори ҳокимга шикоят қилиши ҳам, золимнинг ҳаққига дуоибад қилиши ҳам дуруст ҳисобланар экан.

Ҳикоя. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам замонларида бир киши баъзи одамлардан ўзини зиёфат ила меҳмон қилишларини сўради. Улар уни меҳмон қилмадилар. У одам уларнинг устидан шикоят қилиб, уларнинг ёмонликларини ошкора баён қилди. Саҳобийлар ундан хафа бўлиб, қилган шикоятидан норози бўлдилар. Шунда Аллоҳ таоло юқоридаги оятни нозил қилиб, мазлумнинг ғийбат қилишига рухсат берди.[3]

Ҳикоя. Кинда қабиласидан бир киши ҳазра­мавтлик киши билан Ямандаги бир ер тўғрисида тортишиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келишди. Ҳазрамавтлик киши (киндаликнинг отаси устидан шикоят қилиб): «Эй Аллоҳнинг Расули, бунинг отаси менинг еримни тортиб олган, ҳозир ўша ер бунинг қўлида (шуни менга қайтариб олиб беринг)», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Далилинг (ёки икки гувоҳинг) борми?» деб сўрадилар. У киши: «Йўқ. Лекин у мана шу ер меники эканини, отаси уни мендан тортиб олганини билмаслиги ҳақида Аллоҳ номи ила қасам ичсин», деди. Киндалик киши қасам ичмоқчи бўлган эди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кимки (ёлғон) қасам билан бировнинг молини ўзлаштириб олса, (қиёмат куни) Аллоҳ таолога ажзам (қўл-оёқлари кесик ёки мохов) ҳолида йўлиқади», дедилар. Шунда киндалик: «Ер (ҳақиқатда ҳам) буники», деди, яъни ҳақиқатни эътироф этиб, ерни эгасига қайтариб берди.[4]


«?Ғийбат ўзи нима»

 Муҳаммад Абдулҳай Лакҳнавий

Таржимон: Ёрқинжон Фозилов


[1] Суютий «Ад-Дуррул мансур»да Байҳақийдан нақл қилган.

[2] Нисо сураси, 148-оят.

[3] Қози Саноуллоҳ, «Тафсири Мазҳарий».

[4] «Сунани Абу Довуд», 3244-ҳадис.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Инсон руҳий ҳолатига дуо қандай таъсир қилиши мумкинЧин дилдан қилинган дуо инсон қалбини тинчлантиради. Айниқса дуонинг кучи турли хил касалликлар, руҳий ва давоми...

7308 18:36 / 17.09.2017
Ҳар бир мусулмон билиши керак бўлган нарса шуки, албатта Қуръон Анбиё ва Расулларига нозил бўлган охирги ваҳий ҳисобланади. Қуръон Карим бутун олам учун барча давоми...

4758 18:49 / 03.12.2017
Умид амал билан бирлашган нарсадир. Агар ўшандай бўлмаса, хомхаёлдир.ndash Ражо ndash умид ndash қалбнинг келажакда ҳосил бўлиши тама қилинаётган нарсага уни ҳосил давоми...

5382 19:41 / 24.07.2017
Йигирманчи зарар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга қарши чиқиш.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ғийбат қилишдан қаттиқ қайтарганлар, саҳобийларга давоми...

3296 14:29 / 28.04.2018