1447 йил 22 жумадис сони | 2025 йил 13 декабрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тасвирда ҳикматлар

Таълим бериш ва муаллим одоблари

09:00 / 26.05.2022 9825 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

«Таълим» бир нарсанинг ҳақиқатини батафсил ва яхшилаб билдириш маъносини англатади. «Таълим бериш», «дарс бериш» ва «ўргатиш» сўзларининг маънолари бир-бирига яқин бўлиб, маълумотларни муаллимдан мутаъаллимга (таълим олувчига) нақл қилишни билдиради. Таълим шарҳлаш, очиқлаш, яқинлаштириш, ҳужжатлаш, далил келтириш, тарбия бериш ва насиҳат қилиш каби ишлардан иборатдир.

Таълим бериш билан таълим олиш бир-бирига чамбарчас боғлиқдир. Бирисиз иккинчиси бўлмайди. Шунинг учун ҳам талаба бўлиб илм олишга қанчалик тарғиб қилинган ва бу ишга савоб-мартабалар ваъда қилинган бўлса, олим бўлиб таълим беришга ҳам шунчалар тарғиб қилинган ва бу ишга ҳам савоб-мартабалар ваъда қилинган. Илм талаб қилиш фарз бўлгани каби, таълим бериш ҳам фарз қилинган.

Мўмин-мусулмонлар таълим ишларига доимо катта эътибор бериб келишган. Шунинг учун ҳам Исломга амал қилинган даврларда мусулмон оламида илм кенг миқёсда тарқалган, дунё аҳамиятига молик улуғ алломалар етишиб чиққан. Мусулмонларчалик кўп олим етиштирган миллатни тарих ҳали-ҳануз билмайди. Бу ҳолатни яхшилаб ўрганган ғарблик шарқшунослардан бири инсоф билан: «Мусулмонлар барча-барчалари мадрасага қатнайдиган бутун бошли бир миллат бўлган», деб ёзган.

Ҳа, мусулмонлар бешикдан то қабргача илм излашган. Ҳар бир эркагу аёлга илм талаб қилиш фарзлиги учун ўз ихтиёрлари билан, иймон ва ихлос ила, мисли кўрилмаган шавқу завқ билан таълим ишларига шўнғишган.

Мусулмонларнинг таълим борасида қилган саъй-ҳаракатлари туфайли дунёда биринчи тўлақонли дорилфунунларга асос солинди. Мағрибнинг Фас шаҳридаги «Қаравийюн», Тунисдаги «Зайтуна» ва Қоҳирадаги «ал-Азҳар» дорилфунунларининг минг йиллик байрамлари ўтказилганига анча бўлди. Исломнинг таълимга берган аҳамиятидан таълим ходимлари бўлмиш муаллимларни улуғлаш ва уларга бўлган ҳурмат-эҳтиром юзага келган.

Абу Умома Боҳилий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Албатта, Аллоҳ, Унинг фаришталари, осмонлару ернинг аҳли, ҳаттоки уясидаги чумоли ва балиқ ҳам одамларга яхшиликни ўргатувчига салавот айтадилар», дедилар».

Термизий ривоят қилган.

Ушбу ҳадиси шарифдаги одамларга яхшиликни ўргатувчилар асосан мусулмон муаллимлардир. Бу шарафга муяссар бўладиганларга кичкинтойларга алифбе ҳарфларини ўргатаётган муаллимлардан тортиб, фан докторлиги илмий ишларига раҳбарлик қилаётган устозлар, илмий кашфиётларни бошқараётган раҳбарларгача барчалари кирадилар.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Одам боласи ўлганида амали кесилади. Илло уч нарса: жорий садақа, манфаат олинадиган илм ёки унинг ҳаққига дуо қиладиган солиҳ фарзанд мустасно», дедилар».

Муслим, Абу Довуд, Термизий, Насаий ривоят қилганлар.

Мўмин одам ўз вафотидан кейин ортидан манфаат берадиган илм қолдирса, савоби узилмайдиган амал қолдирган бўлади. Бу эса илмнинг асари доимий бўлишидир.

Киши қандай қилиб ўзидан кейин манфаат берадиган илм қолдира олади? Бу иш, аввало, бошқаларга илм ўргатиш билан амалга ошади. Модомики, шогирдлар, шогирдларнинг шогирдлари ўша илмни ишлатмоқдами, кишиларга манфаати етмоқдами, устозга савоби ёзилиб тураверади.

Иккинчиси китоб ёзиб қолдириш билан бўлади. Қуръон, ҳадис ва диний илмлар бўйича, мусулмонларга фойда келтирадиган бошқа илмлар бўйича иймон ва ихлос билан китоб ёзиб қолдирган кишига, агар китобидан мусулмонлар фойдаланиб туришса, ўлганидан кейин ҳам унга савоб етиб тураверади.

Учинчиси илм йўлида хизмат қилиш билан бўлади. Мисол учун, имконияти бор одам толиби илмларга, устозларга илм йўлида ёрдам бериб, илм даргоҳи қуради, ўз маблағидан китоб чоп эттиради, кутубхона қилади ва ҳоказо. Мана шунга ўхшаш ишлар илм йўлида хизмат қилиш ҳисобланади. Бу ишларни қилган одамлар вафот этиб кетса ҳам, савоблари узилмай бориб туради.

Мўмин-мусулмонлар таълим ишларига доимо катта эътибор бериб келишган. Шунинг учун ҳам маълум даврларда мусулмон оламида илм кенг миқёсда тарқалган, дунё аҳамиятига молик улуғ алломалар етишиб чиққан.

                               Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳ

                              «Ижтимоий одоблар» китобидан


Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Беморликка йўлиққан киши сабр қилади, савоб умидида бўлади ва ўзига етган хасталикни Аллоҳ таолонинг қазои қадари деб тан олади.Абдуллоҳ розияллоҳу анҳу давоми...

11831 14:00 / 18.04.2019
. . Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. У киши айтадилар .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бир соъдан беш муддгача бўлган сув билан ғусл қилар давоми...

15008 17:00 / 21.03.2024
1. Қазои ҳожат қилмоқчи бўлган шахс Аллоҳ таолонинг исми ёзилган, шунингдек, малоикалар, Азиз, Карим, Муҳаммад, Аҳмадга ўхшаш улуғ исмлар ёзилган нарсаларни ўзи давоми...

7618 13:45 / 19.03.2019
Мусулмон инсон йўлга қазои ҳожат қилинишига ва бавл қилинишига мутлақо йўл қўймайди.Чунки бундай қилиш ўта беодоблик бўлгани учун динимиз йўлларга бавл қилиш ва давоми...

6787 11:57 / 05.03.2019
Аудиолар

213193 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

132413 14:35 / 11.08.2021