1447 йил 14 жумадис сони | 2025 йил 05 декабрь, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тафсири ҳилол

Бақара сураси, 198-оят

08:56 / 05.02.2018 3712 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Роббингиздан фазл исташингизда сизга гуноҳ йўқ. Арафотдан қайтиб тушганингизда, Машъарул Ҳаромда Аллоҳни зикр қилинг. Сизни ҳидоятга бошлагани учун У Зотни зикр қилинг. Дарҳақиқат, илгари адашувчилардан эдингиз. Бақара 198.

Оятда зикр қилинган «фазл» сўзи «ризқ», «касб» маъноларини англатади. Одамлар ўртасида «Ҳажга борган киши тижорат билан ёки бошқа бирор касб билан шуғулланса бўлмайди» деган тушунча бор эди.

Имом Насафий ривоят қилишларича, бир қавм «Ҳаммоллик ва тожирлик қилган одамнинг ҳажи ҳаж бўлмайди» деган гапни тарқатганида шу оят нозил бўлган экан. Шунга ўхшаш маънолар бошқа ривоятларда ҳам келган.

Имом Аҳмад қилган ривоятда Абу Умома айтадиларки:

«Абдуллоҳ ибн Умардан:

– Биз кира(га ижара бериб, тижорат) қиламиз, ҳажимиз ҳаж бўладими? – деб сўрадим. У:

– Байтуллоҳни тавоф қилиб, Арафотда вуқуф қилиб, тош отиб, сочингизни олдирасизми? – деди. Биз:

– Албатта, – дедик. У деди:

– Бир одам Расулуллоҳнинг ҳузурларига келиб, ҳозир сен мендан сўраган нарсани сўраган эди, жавоб бермай турдилар. Сўнг «Жаброил «Роббингиздан фазл исташингизда сизга гуноҳ йўқ» деган оятни олиб тушди», – дедилар».

Имом Бухорий қилган ривоятда Абдуллоҳ ибн Аббос:

«Укоз, Мажална, Зул-Мажозлар жоҳилият бозорлари эди. Ҳаж мавсумида савдо қилиш гуноҳмикан, деб иккиланиб қолганларида, Аллоҳ тарафидан «Роббингиздан фазл исташингизда сизга гуноҳ йўқ» деган оят нозил бўлган», – дейдилар.

Ибн Жарирнинг ривоятларида Абу Солиҳ ҳазрати Умардан:

«Эй мўминларнинг амири! Ҳажда тижорат қилармидингиз?» – деб сўраганида у киши:

«Тирикчиликларим ҳаждан бўларди-да», – деб жавоб берган эканлар.

Айни чоғда уламолар: «Кимки ҳаж ва тижоратни ният қилса, тижорат нияти устун бўлса, ҳажнинг савоби қолмайди», – деганлар. Демак, олдин тижорат, кейин ҳаж бўлиши керак эмас. Ҳажга астойдил ҳаракат қилиб, орада бўш вақтларда тижорат қилса бўлаверади. Ҳалол йўл билан ризқ талаб қилиш ҳеч айб бўлмайди.

Ризқ талаб қилиш ҳақидаги гаплардан кейин бевосита ҳаж ибодатларининг баёни келиши ҳам бежиз эмас.

«Арафотдан қайтиб тушганингизда, Машъарул Ҳаромда Аллоҳни зикр қилинг».

«Арафот»нинг луғатдаги маъноси ҳақида ҳазрати Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳудан қилинган ривоятда айтилишича, Аллоҳ таоло Иброҳим алайҳиссаломга ҳазрати Жаброил алайҳиссаломни юбориб, ҳажни ўргатган. Арафотга келганларида: «Арафта?» (яъни «Танидингми?») – деб сўраган экан. Чунки Иброҳим алайҳиссалом у ерга бундан аввал ҳам бир марта келган эканлар. Шундан ўша жой Арафот деб номланиб қолган экан. Яъни бу сўз «билиш», «таниш» деган маъноларни англатади.

Арафотда туриш ҳажнинг бош ибодати, рукни ҳисобланади. Набий алайҳиссалом: «Ҳаж Арафотдан иборатдир», – деганлар. Ҳожи арафа куни заволдан бошлаб, шу куннинг шомигача бўлган муддатда Арафотнинг чегараси ичида бир оз бўлса ҳам турмаса, ҳажи ҳаж бўлмайди.

Набий алайҳиссалом видолашув ҳажини қилганларида, пешинни ўқигандан сўнг қуёш ботгунча турганлар. Арафотдан қайтиб тушиш қуёш ботгандан сўнг бошланади. Оятда «Аллоҳни Машъарул Ҳаромда зикр қилинг», – дейилмоқда. Машъарул Ҳаром эса Муздалифа, деганидир. «Машъар»нинг маъноси – «очиқ аломат». Муздалифанинг бу ном билан аталиши у ер ҳарам ҳудудида бўлганидандир. «Муздалифа»нинг маъноси «яқинлашиш» бўлиб, ҳожилар у ерга тушганларида Байтуллоҳга яқинлашадилар. Ҳожилар шом ва хуфтон намозларини қўшиб, Муздалифада ўқийдилар. Ҳанафий мазҳабига кўра, Муздалифада ҳайит куни фажрдан кейин бир лаҳза бўлса ҳам туриш вожибдир. Пайғамбаримиз алайҳиссолату вассалом ҳам ўз ҳажларида Муздалифада бир азон икки иқома билан шом ва хуфтон намозларини қўшиб ўқиганлар. Сўнгра фажргача ёнбошлаб, тонг отгандан сўнг бомдодни ўқиб, кейин туяларини миниб, Машъарул Ҳаромга келганлар ва қиблага қараб дуои такбирлар қилганлар. Тонг ёришгандан сўнг юриб кетганлар.

Аллоҳ таоло мусулмонларга Машъарул Ҳаромда Ўзини зикр қилишга буюрмоқда, уларни ҳидоятга бошлагани учун зикр қилмоқ ила шукр келтиришга амр этмоқда.

«Сизни ҳидоятга бошлагани учун У Зотни зикр қилинг. Дарҳақиқат, илгари адашувчилардан эдингиз».

Илгари мусулмонлар Исломдан олдинги ҳаётлари билан мусулмон бўлганларидан кейинги ҳаётларини солиштириб кўриб, бу улуғ неъматларни тушуниб етар эдилар ва уни берган Аллоҳга шукр қилар эдилар. Ҳозирги кунда ҳам янги мусулмон бўлганларнинг кўплари фақат мусулмон бўлганларидан кейингина ўзларини ҳақиқий инсон деб ҳис қилаётганларини айтиб, уларни ҳидоятга бошлаган Аллоҳга шукр айтмоқдалар. Асли мусулмон бўлиб келаётганлар эса мусулмон бўлмаган кишиларни кўриб, уларнинг залолат ботқоғида тортаётган азобларини билиб, ўзларини ҳидоятга бошлаган Аллоҳга шукрлар айтадилар.

Инсон илоҳий таълимотдан узоқлашганда турли номаъқулчиликларни қилади. Жумладан, ўзини мақташ, мутакаббирлик қилиш, ўзини бошқалардан устун қўйиш каби хислатлар уларнинг асосий сифатларига айланади. Жоҳилият даврида Қурайш қабиласи бошқа араблардан ўзларини юқори тутишар, улардан ажралиб турадиган баъзи имтиёзларни ўзларига раво кўришар эди. Ҳаж қилганда бошқаларга қўшилмас, Арафотда ҳам алоҳида туришар эди. Арафотдан қайтиб тушишда ҳам айрим бўлиб, одамлардан бошқа жойда имтиёзли бўлиб туришарди.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Албатта, осмонлару ернинг яратилишида, кеча ва кундузнинг алмашиб туришида, одамларга манфаатли нарсалари ила денгизда сузиб юрган кемада, Аллоҳнинг осмондан сув давоми...

4647 08:20 / 31.12.2017
Жолут ва унинг лашкарларига рўбарў келганларида .Роббимиз, устимиздан сабр тўккин, қадамларимизни собит қилгин ва кофир қавмлар устидан бизга нусрат бергин,, ndash давоми...

4221 09:30 / 02.04.2018
Оналар фарзандларини тўлиқ икки йил эмизурлар. Бу эмизишни батамом қилмоқчи бўлган киши учундир. Уларни маъруф ила едириб, кийинтириш туғдирганнинг зиммасидадир. давоми...

5718 09:00 / 14.03.2018
Қачон иймон келтирганларни учратсалар .Иймон келтирдик,, ndash дерлар, шайтонлари билан холи қолганларида эса .Албатта, биз сизлар биланмиз, биз истеҳзо давоми...

6126 12:15 / 04.07.2017
Аудиолар

210932 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

130190 14:35 / 11.08.2021