1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Сийрат

Жангчи гуруҳларни юборишнинг бошланиши

16:56 / 16.01.2018 4583 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ана шундай нозик бир пайтда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам уруш қилишга изн бўлганидан фойдаланиб, душманларга мусулмонларнинг кучини кўрсатиш мақсадида атрофларга жангчи гуруҳларни юбора бошладилар. Жанг маъносида бирор гап бўлмаса ҳам бошқаларга Ислом жамиятининг кучи пайдо бўлганини билдириш маъносида шундай қилинди.

Шу билан бирга, бундай юришлар мусулмон жангчилар учун машқ вазифасини ўтар, Маккадан келган муҳожир жангчилар учун янги ерлар билан танишиш ва ансорийлар билан биргаликда ўзаро тушунган ҳолда ҳаракат қилишни ўрганиш машқлари ҳам эди.

Ана шундай жангчи гуруҳларни юбориш «сарийя» дейилади. Бошқача қилиб айтганда, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзлари шахсан иштирок этмаган жангчи гуруҳнинг юришига «сарийя» деб аталади.

Биринчи сарийя Убайда ибн Ҳорис розияллоҳу анҳунинг сарийяси бўлиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уни Ҳижоздаги сув марказларидан бирига юборганлар.

Ундан кейин Ҳамза ибн Абдулмуттолиб розияллоҳу анҳу бошчилигидаги сарийя денгиз соҳилининг Ийс томонига юборилди.

Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу раҳбарликларидаги учинчи сарийя Ҳижознинг Хироз номли ерига юборилган.

Тарихчиларимиз Абдуллоҳ ибн Жаҳш розияллоҳу анҳунинг жангчи гуруҳи ҳодисасига алоҳида эътибор берадилар. Чунки ўша гуруҳ ҳодисаси ҳақида Қуръони Каримнинг оятлари нозил бўлган.

«Сендан ҳаром ойда уруш қилиш ҳақида сўрарлар. «Унда уруш қилиш катта гуноҳ. Аллоҳнинг йўлидан тўсиш, Унга куфр келтириш, Масжидул Ҳаромдан тўсиш, унинг аҳлини ундан чиқариш Аллоҳнинг ҳузурида ундан-да катта гуноҳдир. Фитна қатлдан каттароқдир», – деб айт. (Улар) агар қодир бўлсалар, сизларни динингиздан қайтаргунларича сизга қарши уруш қилаверадилар. Сиздан кимки диндан қайтиб, кофир ҳолида ўлиб кетса, ана ўшалар дунёю охиратда амали ҳабата бўлганлардир. Ана ўшалар дўзах соҳибларидир. Улар унда мангу қолувчидирлар» («Бақара» сураси, 217-оят).

Ушбу ояти кариманинг нозил бўлиши ҳақида бир неча ривоятлар келган бўлиб, қиссанинг мухтасари қуйидагича:

Пайғамбаримиз алайҳиссолату вассалом иккинчи ҳижрий йилнинг Ражаб ойида Абдуллоҳ ибн Жаҳш розияллоҳу анҳуни саккиз нафар муҳожир саҳобийлардан иборат жангчи гуруҳга бошлиқ қилиб, муҳим топшириқ билан юборганлар.

Шу билан бирга, Абдуллоҳ ибн Жаҳшга хат бериб, уни икки кун юргандан сўнг очишга буюрганлар.

Вақти келиб, хатни очса, унда:

«Ушбу мактубни ўқиганингдан сўнг Макка билан Тоиф орасидаги Ботну Нахла деган жойгача юриб бор. Ўша ерда Қурайш қабиласини кузатасан ва бизга хабарини берасан. Шерикларингдан бирортасини ўзинг билан боришга мажбур қилма», деган гаплар ёзилган экан.

Бу Бадр урушидан аввал эди. Абдуллоҳ ибн Жаҳш розияллоҳу анҳу мактубни ўқиб кўриб:

«Эшитдик ва итоат қиламиз», дедилар. Кейин шерикларига қараб:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мени Ботну Нахлага бориб, Қурайшни кузатиб, у зотга хабарини олиб боришимни буюрдилар. Сиздан бирортангизни ҳам мажбур қилишимдан қайтардилар. Сиздан ким шаҳид бўлишни хоҳласа, мен билан юрсин, ким ёқтирмаса, ортига қайтсин. Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амрларини бажариш учун бораман», дедилар.

Шерикларининг ҳаммаси ҳам битта қолмай, бордилар. Ҳижознинг йўлига юриб кетдилар, бир ерга етганларида Саъд ибн Абу Ваққос ва Утба ибн Fазвоннинг туялари йўқолиб қолди. Уларни излаймиз, деб Абдуллоҳ ибн Жаҳш розияллоҳу анҳунинг гуруҳидан ажраб қолдилар.

Қолган олти киши юриб кетдилар. Жангчи гуруҳ Ботну Нахлага етганда Қурайшнинг тижорат ортилган карвони ўтиб қолди. Карвонда Амр ибн ал-Ҳазрамий ва яна уч киши бор эди.

Жангчи гуруҳ Амр ибн ал-Ҳазрамийни ўлдириб, икки кишини асир олди, бир киши қочиб кетди. Карвон ўлжа қилиб олинди.

Улар ўша кунни Жумадул охир ойининг охирги куни деб ҳисоблаган эдилар.

Кейин маълум бўлишича, Ражаб ойининг биринчи куни экан. Жангчи гуруҳ ўлжани ва икки асирни олиб, Пайғамбар алайҳиссаломнинг ҳузурларига келишди. У зот:

«Мен сизларни уруш ҳаром қилинган ойда уруш қилишга амр қилмаган эдим», дедилар ва ўлжа ҳамда икки асирни олишдан бош тортдилар.

Шундан сўнг бу гуруҳ одамларнинг назаридан қолди. Мусулмон биродарлари уларга қўпол муомала қила бошладилар. Кўпчилик «Булар ҳалокатга учради», деб ўйлади.

Қурайш эса «Муҳаммад ва унинг саҳобалари уруш ҳаром қилинган ойнинг ҳурматини оёқости қилдилар, у ойда қон тўкдилар, мол-дунёни тортиб олдилар, одамларни асир қилдилар», деб гап тар­қатдилар.

Пайтни пойлаб турган яҳудийлар дарҳол турли-туман иғво-бўҳтонлар тўқиб чиқара бошладилар.

Ноқулай ҳолат вужудга келди. Қадимдан ҳеч ким бу ойларда уруш қилмас, бирорта кишини асир қилмас, ўлжа ҳам олмас эди. Бу қоида Исломда ҳам амалда эди. Бирдан ҳалиги иш бўлди. Ҳамма ҳайрон.

Шунда Аллоҳ таоло ушбу ояти каримани тушириб, Ўзининг ҳақ ҳукмини чиқарди. Аллоҳ таоло Ўз Пайғамбарига хитоб қилиб, деди:

«Сендан ҳаром ойда уруш қилиш ҳақида сўрарлар. «Унда уруш қилиш катта гуноҳ. Аллоҳнинг йўлидан тўсиш, Унга куфр келтириш, Масжидул Ҳаромдан тўсиш, унинг аҳлини ундан чиқариш Аллоҳнинг ҳузурида ундан-да катта гуноҳдир. Фитна қатлдан каттароқдир», – деб айт. (Улар) агар қодир бўлсалар, сизларни динингиздан қайтаргунларича сизга қарши уруш қилаверадилар. Сиздан кимки диндан қайтиб, кофир ҳолида ўлиб кетса, ана ўшалар дунёю охиратда амали ҳабата бўлганлардир. Ана ўшалар дўзах соҳибларидир. Улар унда мангу қолувчидирлар».

Бу ояти карима ҳаром ойда уруш қилишнинг ҳаром эканлигини таъкидламоқда. Тўғри, бу ойда уруш қилиш катта гуноҳ, лекин:

«Аллоҳнинг йўлидан тўсиш, Унга куфр келтириш, Масжидул Ҳаромдан тўсиш, унинг аҳлини ундан чиқариш Аллоҳнинг ҳузурида ундан-да катта гуноҳдир. Фитна қатлдан каттароқдир».

Ўйлаб қаралса, зикр этилган бу бузғунчилик ишлар айни Қурайшнинг ишларидир. Уларнинг мусулмонларга қарши қилган бу ишлари одам ўлдиришдан кўра каттароқ гуноҳдир.

Қурайшнинг ўзи қонун-қоидага мутлақо риоя этмас эди, муқаддас тушунчаларни бемалол оёқости қиларди. Аллоҳ таоло Ислом динини юборганида ҳам улар одамларни Аллоҳнинг йўлидан тўсдилар ва Аллоҳга куфр келтирдилар. Энг катта гуноҳ аслида шу эмасми? Энди бўлса мусулмонларни ҳаром ойни беҳурмат қилишда айблашмоқда.

Ҳеч қандай муқаддасликнинг ҳурматини қилмайдиган Қурайш Масжидул Ҳаром аҳли бўлган мусулмонларни ўлдириб, қийноқ-азобга олиб, охири ҳаммаларини ҳайдаб чиқардилар. Мусулмонлар ҳижрат қилишга мажбур бўлдилар.

Энди бировни уруш ҳаром қилинган ойни ҳурмат қилмасликда айблайдиган бўлиб қолишибдими?! Ўзларининг ишлари одам ўлдиришдан кўра каттароқ гуноҳ-ку!

Кофирларнинг иши кишиларни иймондан, Аллоҳнинг йўлидан қайтариш ва куфрга юргазишдир. Бу фитна деб аталади.

«Фитна қатлдан каттароқдир».

Сўнгра ояти карима кофирларнинг Ислом умматига бўлган доимий адоватини баён қилиб, айта­ди:

«(Улар) агар қодир бўлсалар, сизларни динингиздан қайтаргунларича сизга қарши уруш қилаверадилар».

Яъни кофирлар мусулмонларга қарши ҳар бир фурсатдан фойдаланишга уринадилар. Мақсадлари – нима қилиб бўлса ҳам, мусулмонларни Исломдан қайтариш. Кофир ким бўлишидан, қаерда яшашидан ва қачон бўлишидан қатъи назар, ушбу ишини қилаверади. Уларнинг мусулмонларга қарши олиб борадиган урушлари ҳар хил, турли-туман, лекин мақсадлари битта – мусулмонларни диндан қайтариш.

Лекин мусулмонлар сабр қилишлари, чидашлари, таслим бўлиш ҳақида ўйламасликлари керак. Аллоҳ кўрсатмасин, мабодо диндан қайтиб қолсалар, икки дунёнинг ҳасратига учрайдилар.

Ушбу ояти карима тушгандан кейин Пайғамбаримиз алайҳиссолату васаллам ривоятда зикр қилинган икки асирни ва ўлжани қабул қилдилар.

Ҳамманинг кўнгли жойига тушди. Мусулмонлар, айниқса, Абдуллоҳ ибн Жаҳш розияллоҳу анҳу ва у кишининг жангчи гуруҳи аъзолари хурсанд бўлдилар. Чунки улар ҳодиса бўлиб ўтгандан кейин «Гуноҳ иш қилиб қўйибмиз», деб, хижолатда эдилар. Ушбу ояти карима тушгач, уларнинг қалбида умид учқунлари порлади.


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Ҳадис ва ҳаёт китобидан)



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
379. Убода ибн Сомит розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар .Ким кечаси уйғонганда .Лаа илааҳа иллаллоҳу, ваҳдаҳу лаа шарийка давоми...

4640 13:00 / 26.06.2020
76. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Уч кишилик гуруҳ Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг завжалари уйларига Набий соллаллоҳу алайҳи давоми...

5484 11:27 / 14.12.2018
885. Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Мадинада бир уй кечаси аҳли билан бирга ёниб кетди. Улар ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга давоми...

2061 19:00 / 21.04.2023
294. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам .Мусулмон ёки мўмин банда таҳорат қилаётиб, у юзини ювганида ўша сув ёки давоми...

1741 19:00 / 14.10.2023