1446 йил 30 рабиъус сони | 2024 йил 02 ноябрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Сийрат

Ҳижрат ҳақида (2-қисм)

16:59 / 05.01.2018 4326 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

2738. «Суроқа ибн Молик ибн Жўъшум ал-Мудлижий айтади:

«Бизга Қурайш кофирларининг элчилари келиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва Абу Бакрни ким ўлдирса ёки асирга олса, икковларининг диясича мукофот борлигини айтдилар. Мен ўз қавмим Бану Мудлиж билан бир мажлисда ўтирган эдим. Бирдан улардан бир киши илгарилаб келиб қолди. Устимизга келиб, тўхтади. Биз ўтирган эдик. Шунда у:

«Эй Суроқа! Ҳозиргина соҳилда одамларнинг қорасини кўрдим. Менимча, Муҳаммад ва унинг ҳамроҳлари бўлса керак», деди.

Суроқа айтади:

«Мен дарҳол ўшалар улар эканлигини англадим. Лекин «Улар бўлмаса керак, сен фалончи ва фалончиларни кўрган бўлсанг керак. Ҳозиргина кўз олдимизда ўтиб кетишган эди», дедим.

Сўнгра мажлисда бир муддат ўтирдим. Кейин ўрнимдан туриб, уйга кирдим. Жориямга отимни тепалик ортига олиб чиқиб, ушлаб туришни амр қилдим. Найзамни олиб, уйнинг орқа томонидан чиқдим-да унинг учини пастлатиб, ерга судраб отимнинг олдига келдим. Уни миниб, учириб кетдим. У оёқларини тенг ташлаб чопиб, мени уларга яқинлаштирди. Шунда отим қоқилиб, мен қулаб тушдим. Ўрнимдан туриб, ўқдонимдан фол очиш чўпларини олдим. Уларга зарар етказаманми-йўқми, деб фол очдим. Менга ёқмаган нарса чиқди. Фол очиш чўпларига бўйсунмай, отимни миндим. У мени уларга яқинлаштирди. Ҳаттоки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қироатларини эшитдим. У зот атрофга қарамас эдилар. Абу Бакр тез-тез атрофга қарар эди. Бирдан отимнинг олдинги оёқлари тиззасигача ерга ботиб кетди. Мен унинг устидан қулаб тушдим. Сўнгра отни қистадим. У ўрнидан турди. Олдинги оёғини чиқара олмай, чираниб зўрға чиқарди. У ўзини тиклаши билан олдинги оёқларининг ўрнидан тутунга ўхшаш чанг кўтарилди.

Фол чўплари билан фол очдим. Менга ёқмаган нарса чиқди. Мен уларга омонлик сўраб, нидо қилдим. Улар тўхтадилар. Отимни миниб, олдиларига бордим. Мен улардан тўсилганимни ўйлаб, кўнглимдан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ишлари тезда зоҳир бўлиши ўтди. Бас, у зотга:

«Албатта, қавмингиз сиз учун дия миқдорида мукофот эълон қилдилар», дедим. Кейин одамлар уларга қарши нима қилмоқчи эканликлари ҳақида хабар бердим. Уларга зоди роҳила бермоқчи бўлдим. Улар мендан ҳеч нарса олмадилар ҳам, сўрамадилар ҳам. Фақат «Биз ҳақимиздаги гап махфий қолсин», дедилар.

Мен у зотдан омонлик китоби ёзиб беришларини сўрадим. У зот Омир ибн Фуҳайрага амр қилдилар. У бир парча терига ёзди. Сўнгра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам юриб кетдилар».

Шарҳ: Оддий инсоний ўлчов билан қаралганда ўзидан кўп марта кучли душмандан қочиб кетаётган киши бировга омонлик хати ёзиб, «Менинг ишим юришганда сенга омонлик бераман», дейиши мумкин эмас. Аммо Аллоҳ таоло юборган ҳақ пайғамбар учун бу оддий иш. У зот ўзларининг иши албатта ғолиб келишини биладилар. Шунинг учун Суроқага бемалол омонлик хати бердилар.

Суроқа ўша хатни яхшилаб сақлаб юрди. Макка фатҳ қилиниб, Ҳунайн ва Тоиф ҳодисаларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам зафар қозонганларида уни кўтариб келди. У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга яқинлашиб, хатни боши устига кўтарди ва:

«Эй Аллоҳнинг Расули, мана бу менга берган хатингиз! Мен Суроқа ибн Моликман!» деди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Бу кун вафо кунидир!» дедилар.

Имом Ибн Абдул Барр «Ал-Истийъоб фии там­йизил-асҳоб» китобида қуйидаги қўшимчани ривоят қилган:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Суроқага «Кисронинг кўйлакларини кийишга нима дейсан?» дедилар. Шундай бўлди ҳам. Умар ибн Хаттобга Кисронинг кўйлаклари, камари ва тожи келтирилганда Суроқани чақирди ва уларни унга берди».

Суроқа ортда қолганидан кейин Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳамроҳлари билан ҳижрат сафарини давом эттирдилар.

Улар йўлда ўз чодири атрофида уй ишлари билан машғул бўлиб юрган Умму Маъбад ал-Хузоъийяга йўлиқдилар. Унинг қарилиги ва касаллиги туфайли подадан ажраб қолган совлиғи бор эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам изн сўраб, ҳалиги сов­лиқнинг елинини ушлаб туриб, «бисмиллаҳ»ни айтдилар ва дуо қилдилар. Бирдан совлиқнинг елини сутга тўлди. У зот сутдан Умму Маъбадга ҳам, ўз ҳамроҳларига ҳам бердилар. Ҳамма сутга тўйди. Сўнгра ўзлари ҳам ичдилар. Кейин идишларни ҳам сутга тўлдирдилар. Сўнгра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бошлиқ мусофирлар йўлларида давом этдилар.

Абу Маъбад келиб, Умму Маъбаддан қиссани сўради.

Умму Маъбад:

«Аллоҳга қасамки, ҳеч нарса бўлгани йўқ. Фақат бир муборак одам ўтди, холос», деб, у зотни гўзал сифат ила васф қилди.

Абу Маъбад:

«Аллоҳга қасамки, менимча, бу Қурайш қидириб юрган одам бўлса керак», деди.

2739. «Ибн Шиҳоб айтади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир гуруҳ мусулмон отлиқлар билан келаётган Зубайр­га йўлиқдилар. Улар Шомдан қайтаётган тожирлар эдилар. Бас, Зубайр Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга ва Абу Бакрга оқ кийим кийдирди.

Мадинадаги мусулмонлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Маккадан чиққанларини эшитдилар. Улар ҳар куни эрталаб ҳаррага чиқиб, то Пешиннинг иссиғи уларни қайтаргунча у зотни интизор бўлиб кутар эдилар.

Бир куни, интизорликлари чўзилиб кетгач, ортга қайтдилар. Улар уйларига кирганларидан ке­йин яҳудийлардан бир киши ўз иши билан қўрғонларидан бирининг устига чиқди. Бас, унинг кўзи саробда оппоқ бўлиб кўриниб-йўқолиб келаётган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва У зотнинг ҳамроҳларига тушди. Яҳудий ўзини тута олмай, баланд овоз билан:

«Эй араблар жамоаси! Ана сизлар интизор бўлиб кутаётган бобонгиз!» деб бақирди. Мусулмонлар силоҳларига отилдилар. Улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни ҳарранинг юқорисида кутиб олдилар. У зот уларнинг ўнг томонларида юриб келиб, Бану Амр ибн Авфникига тушдилар. Ўшанда Робийъул аввал ойининг душанба куни эди.

Одамларни Абу Бакр кутиб олди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам жим ўтирар эдилар. Ансорлардан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни кўрмаганлари Абу Бакрга салом бера бошлашди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга қуёш тушиб қолганида Абу Бакр бориб, ридоси билан у зотни соя қилиб, тўсди. Ана шунда одамлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни танидилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Бану Амр ибн Авфникида ўн кеча турдилар. Тақвога асосланган масжидга асос солинди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унда намоз ўқидилар. Сўнгра уловларини миндилар. Одамлар у зотнинг атрофларида пиёда юриб кетдилар. Охири уловлари Мадинадаги масжидур расулнинг ўрнига чўкди. Ўша кунларда у ерда баъзи мусулмонлар намоз ўқир эдилар. (Аслида) бу жой Асъад ибн Зуроранинг тарбиясидаги Суҳайл ва Саҳл исмли икки етимнинг хурмо хирмони эди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уловлари у зот билан чўкканида:

«Иншааллоҳ, мана шу манзилдир», дедилар.

Сўнгра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам икки ғуломни чақирдилар ва хирмон ўрнини масжид қилиб олиш ниятида савдолашдилар. Улар:

«Йўғ-е! Биз сизга уни ҳадя қиламиз», дедилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам улардан уни ҳадя сифатида қабул қилишдан бош тортдилар. Охири улардан сотиб олдилар. Кейин у ерга масжид бино қилдилар. Уни бино қилишда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам одамлар билан ғишт таший бошладилар. У зот ғиштни кўтариб кетаётиб, (қуйидаги байтни) айтар эдилар:

«Бу юклар Хайбар юкларидек эмасдир.

Эй Роббимиз, бу яхшироқ ва покроқдир».

У зот яна:

«Аллоҳим! Ажр охират ажридир.

Ансору муҳожирларни раҳм қил!» дер эдилар.

У зот мусулмонлардан бир кишининг шеърини мисол қилдилар. Унинг кимлиги менга айтилмади».

Ибн Шиҳоб:

«Бизга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу байтлардан бошқа шеърнинг тўлиқ байтини мисол қилганлари ҳадисларда етмади», деди».

Шарҳ: «Тақвога асосланган масжидга асос солдилар», дейилган жумладаги масжид машҳур Қубо масжидидир.

2740. «Анас розияллоҳу анҳу айтадилар:

«Аллоҳнинг Набийси соллаллоҳу алайҳи васаллам Абу Бакрни мингаштирган ҳолларида Мадинага кириб келдилар. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ёш кўринар ва танилган эмас эдилар. Абу Бакр шайх ва танилган эди. Унга учраган киши:

«Эй Абу Бакр, олдингдаги одам ким?» деб сўрарди. Абу Бакр бўлса:

«Бу мени йўлга ҳидоят қиладиган», дер эди. Эшитган одам йўлни тушунар эди. У эса яхшилик йўлини қасд қилар эди. Абу Бакр қайрилиб қараб, бирдан уларга етай деб қолган отлиқни кўрди ва:

«Эй Аллоҳни Расули! Ана отлиқ! Бизга етиб қолди!» деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қайрилиб қарадилар ва:

«Аллоҳим, уни йиқитгин!» дедилар. Бас, оти уни йиқитди ва туриб, кишнай бошлади. У:

«Эй Аллоҳнинг Набийси! Мени хоҳлаган нарсангизга амр қилинг!» деди. У зот:

«Жойингда туриб, бизга бировнинг етиб олишига йўл қўйма», дедилар. У куннинг аввалида Аллоҳнинг Набийси соллаллоҳу алайҳи васалламга душман эди. Куннинг охирига келиб, у зотга ёрдамчи бўлиб қолди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳарранинг бир томонига тушдилар. Бас, у зот ансорийларга одам юбордилар. Улар келиб, у зотга салом бердилар ва:

«Икковингиз омонлик-ла ва (сизларга) итоат қилинган ҳолда маркабга мининглар», дедилар.

Аллоҳнинг Набийси ва Абу Бакр миндилар. Улар силоҳлар билан иккиларини ўраб олдилар. Мадинада «Аллоҳнинг Набийси келдилар! Аллоҳнинг Набийси келдилар!» дейилди. Улар интилиб, назар солишар ва:

«Аллоҳнинг Набийси келдилар! Аллоҳнинг Набийси келдилар!» дейишарди. У зот юриб бориб, Абу Айюбнинг ҳовлиси ёнига тушдилар. Кейин Аллоҳнинг Набийси соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Аҳлимизнинг уйларидан қай бири энг яқин?» дедилар. Абу Айюб:

«Меники, эй Аллоҳнинг Набийси! Мана бу ҳовлим, мана бу эшигим», деди. У зот:

«Сен бориб, биз учун қайлулага жой ҳозирла», дедилар. У:

«Аллоҳнинг баракаси ила ўрни­нгиздан туринглар», деди».

Ушбу учовини Бухорий ривоят қилган.

2741. Баро ибн Озиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

У: «Абу Бакр отамдан ўн уч дирҳамга бир эгар сотиб олди», деди. Сўнгра Абу Бакрдан ҳижрат ҳақидаги ҳадисни ривоят қилиб келиб, жумладан шундай деди:

«Суроқа бизга яқинлашиб келганда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг зиддига дуо қилдилар. Бас, унинг оти қорнигача ерга кириб кетди. Унинг ўзи отилиб тушди ва:

«Эй Муҳаммад! Мен билдим. Бу сенинг ишинг. Аллоҳга дуо қил. Мени гирифтор бўлган нарсамдан халос қилсин. Сен учун ортимдагиларнинг кўзини кўр қилиш менинг зиммамда. Мана бу ўқдоним. Ундан битта ўқни олиб ол. Фалон жойда менинг туяларим ва ғуломларимнинг олдидан ўтасан. Улардан керагича ол», деди.

«Бизга сенинг туянгнинг кераги йўқ», дедилар у зот.

Бас, Мадинага кечаси келдик. Одамлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қай бирлариникига тушишлари ҳақида талашиб кетдилар. У зот:

«Бану Нажжорникига, Абдулмуттолибнинг тоғалариникига тушаман. Бу билан уларга икром кўрсатаман», дедилар.

Эркак-аёллар уйларнинг устига чиқиб олган, ғуломлар ва ходимлар кўчаларни тўлдириб юборган эди. Улар:

«Эй Муҳаммад! Эй Расулуллоҳ! Эй Муҳаммад! Эй Расулуллоҳ!» деб қичқиришар эди».

Муслим ва Бухорий ривоят қилганлар.

2742. Баро розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Мадинага, бизнинг олдимизга биринчи келган киши Мусъаб ибн Умайр ва Ибн Умму Мактум бўлдилар. Икковлари одамларга Қуръон ўқитишарди. Кейин Билол, Саъд ибн Абу Ваққос ва Аммор ибн Ясир келишди.

Сўнгра Умар ибн Хаттоб Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг йигирмата саҳобалари билан келди. Кейин Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам келдилар. Мадина аҳлининг ҳеч бир нарсага Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга хурсанд бўлганларидек хурсанд бўлганларини кўрмаганман. Ҳаттоки чўрилар ҳам «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам келдилар», дейишарди».

Бухорий ривоят қилган.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳижратларидан кейин бошқа мусулмонлар ҳам Мадинага ҳижрат қила бошладилар.


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Ҳадис ва ҳаёт китобидан)



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
. .Фотима бинти Ҳубайш розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади.Эй Аллоҳнинг Расули, мен мустаҳоза бўламан,, деди. У зот унга.Агар ҳайзнинг қони давоми...

2291 12:07 / 22.03.2020
Доктор Муҳйиддин ибн Муҳаммад Аввома У ЗОТ ТАОЛОНИНГ .АЛЛОҲ ВА УНИНГ ФАРИШТАЛАРИ НАБИЙГА САЛАВОТ АЙТУРЛАР, ДЕГАН ҚАВЛИНИНГ МАЪНОЛАРИ ҲАҚИДА БИСМИЛЛАҲИР давоми...

5039 20:04 / 28.04.2017
848. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу унга шундай айтиб берган .Биз ғорда турганимизда бошимиз тепасидаги давоми...

2078 19:00 / 17.02.2023
Энг яхши асрда дунёга келганларАбу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам.Мен асрмааср, токи ўзим бўлган асрга етиб давоми...

3164 17:07 / 28.11.2018