1446 йил 21 жумадис сони | 2024 йил 23 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Руҳий тарбия

Қалбнинг ўлими аломатлари

17:04 / 01.01.2018 3505 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Тоатларнинг сендан фавт бўлишига маҳзун бўлмаслик ва тойилишлар бўлса ҳам, қилганингга надомат қилмай қўйиш қалбнинг ўлими аломатларидандир.

– Маҳзунлик – ишга хилоф содир бўлганда ични қабзият босишидир.

– Надомат – бўлган нарсага ачиниш ва ўша нарсанинг бўлмаслигини исташдир. 

Зикр қалбнинг ҳаётидир. Ғафлат қалбнинг ўлимидир. Ғафлатнинг охири яхшини ёмон санаш билан тугайди. Бу эса ўша ёмоннинг қабиҳлигини унутишдан бошланади. Ушбу ҳикматда Ибн Атоуллоҳ Сакандарий раҳматуллоҳи алайҳи ўша нарсадан огоҳлантирмоқда.

Қалб ҳаётининг сабаби учтадир: дунёда зоҳид бўлиш, Аллоҳ таолони зикр қилиш ва Аллоҳ таолонинг авлиёлари суҳбатида бўлиш.

Қалб ўлимининг сабаби учтадир: дунёнинг муҳаббати, Аллоҳ таолонинг зикридан ғофил бўлиш ва аъзоларни маъсият содир қилишга қўйиб юбориш.

Қалб ўлимининг аломатлари учтадир: фавт бўлган ибодатларга маҳзун бўлмаслик, содир қилинган тойилишларга надомат чекмаслик ва маънавий ўлик бўлган ғофиллар билан суҳбатда бўлиш.

Зотан, тоатларнинг содир бўлиши саодат аломатидир, маъсиятларнинг содир бўлиши шақоват аломатидир. Агар қалб иймон ва маърифат ила тирик бўлса, ўзига шақоват келтирадиган нарса унга алам келтиради ва саодат келтирадиган нарса уни шодмон қилади. 

Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:

«Кимни яхшилиги хурсанд қилса ва ёмонлиги хафа қилса, ўша мўминдир».

Табароний ривоят қилган.

Ушбу ҳадисдан мўмин одам шариатга мувофиқ иш қилса, хурсанд бўладиган ва шариатга хилоф иш қилса, хафа бўладиган одамлигини билиб оламиз. Ушбу ҳадисдан мўмин инсон ҳам шариатга номувофиқ иш қилиши мумкинлиги ҳақиқатини ҳам англаб оламиз. Зотан, фақат анбиёларгина маъсум – хатога йўл қўймайдиган, гуноҳ иш содир этмайдиган зотлардир. Уларни бу нарсалардан асрашни Аллоҳ таолонинг Ўзи зиммасига олган.

Ибн Атоуллоҳ Сакандарий раҳматуллоҳи алайҳи эса ўзининг ушбу ҳикматида тоатни ўтказиб юборишдан хафа бўлмаслик ва содир бўлган хатога надомат чекмаслик қалбнинг ўлими аломати эканини таъкидлаган.

Нима учун мўминнинг хатоси эмас, хатога надомат қилмаслиги, тоат қилмаслиги эмас, қилинмаган тоатга маҳзун бўлмаслиги қалбнинг ўлими деб аталмоқда?

Бу саволнинг жавоби қуйидагича: Аллоҳ таолонинг махлуқотларидан бизнинг идрокимиз етадигани ҳайвонот олами, фаришталар олами ва инсоният оламидир.

Аллоҳ таоло ҳайвонларни жонли, шаҳватли, насл қолдирадиган қилиб яратган. Улар бу дунёда ейдилар, ичадилар, яшайдилар, насл қолдирадилар ва жонзотларга оид бошқа фаолиятларни ҳам олиб борадилар. Шу билан бирга, Аллоҳ таоло томонидан юкланган барча вазифаларни чуну чаросиз бажарадилар. Аммо Аллоҳ таоло уларга ақл ва қалб бермаган, шунинг учун уларни қилган ишларининг ҳисобини қилишга, охиратда жазога тортмаган ёки мукофот бермаган.

Фаришталар эса нурдан яратилганлар. Уларда шаҳватнинг бирорта туридан заррача ҳам йўқ. Улар фақат ақл ва идрок билан Аллоҳ таолонинг айтганидан заррача четга чиқмай амрни бажо келтирадилар. Бунинг мукофотига Аллоҳ таоло уларни Ўзининг муқарраб бандалари қилиб олган. Улар фақат мукофот оладилар. Жазога тортилмайдилар.

Инсонга эса Аллоҳ таолонинг Ўзи ҳам ҳайвоннинг, ҳам фариштанинг сифатларини аралаштириб берган. Унда ҳайвонлардаги шаҳватнинг барча турлари ҳам, фаришталардаги ақл ва қалб ҳам бор.

Агар инсон ақлини ва қалбини шаҳватидан устун келтириб, ҳавойи нафсини енгиб, Аллоҳ таолонинг шариатида юрса, фариштадан афзал бўлади. Чунки фаришталарнинг ибодати шаҳватларини енгиб эмас, ўзларидаги гуноҳ қилиш қобилияти йўқлиги асосида бўлади. Инсон эса жинс, қорин, мол-дунё зийнати, мансаб ва бошқа кўплаб шавҳатларини енгиб, уриниб, ҳаракат қилиб, Аллоҳ таолонинг ибодатида собитқадам бўлади. 

Агар инсон шаҳватини ақли ва қалбидан устун қўйиб, ҳавойи нафсига берилиб, шаҳватларнинг кетидан қувиб, Аллоҳ таолонинг шариатига юрмаса, ҳайвондан баттар бўлади. Чунки Аллоҳ таоло ҳайвонга шаҳватдан қайтарадиган ақл, қалб ва илоҳий шариат бермаган. Шунинг учун уни сўроқ-саволга ҳам тутмайди. Аммо инсонга эса ақл, қалб берган, ақлини пешлаб турадиган, қалбини поклаб турадиган диний таълимотлар берган. Шунинг учун уни сўроқ-савол қилади. Динида юрса, мукофотлайди, динида юрмаса, жазолайди.

Худди шу нуқтада юқоридаги, мўминнинг хатоси эмас, хатога надомат қилмаслиги, тоат қилмаслиги эмас, қилинмаган тоатга маҳзун бўлмаслиги қалбининг ўлими аломати экани ҳақидаги саволнинг жавоби аён бўлади.

Модомики, Аллоҳ таоло инсонни жисм ва руҳдан иборат қилиб яратган экан, инсонда мазкур икки тарафнинг таъсири давом этиб туради. Жисми уни пастга тортса, руҳи уни юқорига тортади. Жисми ва шаҳватлари уни ҳайвондан паст бўлишга чорласа, руҳи уни фариштадан юқори бўлишга чорлайди. Нима бўлганда ҳам, инсоннинг ожизлиги бор. Гоҳида ўша ожизлиги устун келиб, тоатларни ўтказиб юбориши ёки тойилишларни содир этиши ҳам бор гап. Бу ҳақиқатни Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари ҳадиси шарифларида баён этиб қўйганлар.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Барча одам боласи серхатодир. Серхатоларнинг яхшиси сертавбалардир», дедилар».

Термизий, Аҳмад ва Ҳоким ривоят қилишган.

Одам боласининг жисмоний тарафи устун келиб, шайтоннинг иғвосига учиб, заифлик қилиб ёки тоатни ўтказиб юбориши, ёки ундан тойилиш содир бўлиб туриши бор. Ўша пайтда тезда тавбага юзланадиганлари яхшиларидир. Айни ушбу ҳолат банданинг Аллоҳ таолога яқинлашишига сабаб бўлади. Банда ўзининг заифлигини англаб етади ва Роббига илтижо қилади. Бошқача қилиб айтганда, бандалигини чин қалбдан тан олади, ўша тан олишини амалда исбот қилади ва қуйидаги ояти кариманинг тасдиғини ўз танасида яна бир бор синаб кўради.

Аллоҳ таоло Фотир сурасида марҳамат қилади: 

«Эй одамлар! Сизлар Аллоҳга муҳтождирсиз. Аллоҳ ўта беҳожатдир, ўта мақталгандир» (15-оят). 

Оятда одамларнинг Аллоҳ таоло билан алоқаси йўсини баён қилинмоқда. Инсонлар айнан ушбу ҳақиқатни англаб етмаганларидан ўзларининг Аллоҳга банда эканликларини унутадилар. Оқибатда бошқа муаммолар келиб чиқади. Шунинг учун Аллоҳ таоло одамларга хитоб қилиб:

«Эй одамлар! Сизлар Аллоҳга муҳтождирсиз»деяпти.

Ҳа, инсон ҳар бир нарсада – дунёга келишида ҳам, нафас олиши ва нафас чиқаришида ҳам Аллоҳга муҳтождир. Агар Аллоҳ инсоннинг нафас олиш ёки чиқариш эҳтиёжини қондирмаса, одам ўша заҳоти тамом бўлади. Озиқ-овқат ейиш, ичимлик ичиш ва уларнинг чиқиндисини чиқаришга ҳам шундай муҳтожлик бор. Бошқа барча иш ва ҳолатларни ҳам шунга таққосласа бўлади.

Инсоннинг энг катта эҳтиёжларидан бири – икки дунё саодатига эришишдир. Шу эҳтиёж юзасидан Пайғамбар юборилди, илоҳий дастур – Қуръон нозил қилинди. Илоҳий кўрсатмаларга амал этиб, ибодат қилиб яшаган инсоннинг бу эҳтиёжи ҳам қондирилади. Билиб қўйиш лозимки, ҳар кимнинг ибодати ўзи учун, Аллоҳнинг бировга ҳам, унинг ибодатига ҳам ҳожати йўқдир. Чунки

«Аллоҳ ўта беҳожатдир, ўта мақталгандир».

Аллоҳ таоло ҳеч кимга муҳтож эмас, ҳамма Унга муҳтождир. Аллоҳ таоло ҳеч кимнинг мақтовига ҳам зор эмас, Аллоҳ Ўзи аслида мақталган Зотдир.

Доимо ўзининг Аллоҳ таолога ҳожатманд эканини тан олиб юрган, қачон ўзидан камчилик содир бўлса, Роббига илтижо ила тавба қиладиган банда охири бориб гуноҳ содир этмаса ҳам тавба қиладиган бўлиб қолади. 

Банда ўзи ўтказиб юборган тоатлардан маҳзун бўлиб, содир этган тойилишлардан надомат чекиб, Роббига тавба қилиб, аста-секин У Зотга қурбат ҳосил қилади ва қуйидаги ояти каримада зикри келган бандалар қоторига қўшилади.

Аллоҳ таоло Ҳижр сурасида марҳамат қилади: 

«Албатта, сенга бандаларим устидан ҳукмронлик йўқдир, сенга эргашган гумроҳларгина мустасно» (42-оят).

Менинг мухлис бандаларимга сенинг ҳукминг ҳам, гапинг ҳам ўтмайди. Чиройли кўрсатишинг ҳам, йўлдан оздиришинг ҳам таъсир этмайди. Сенинг бу нарсаларинг фақатгина сенга эргашган, йўлдан адашган гумроҳларгагина ўтади ва таъсир қилади. Қонун ва ҳукм шу. Бошқача бўлмайди.

Аллоҳ таолога муқарраб банда бўлиш учун маъсум – мутлақо гуноҳ содир этмайдиган бўлиш шарт эмас. Балки гуноҳ содир бўлиши билан дарҳол Аллоҳ таолога тавба қилиш лозим. Тоатлар ўтиб кетганда маҳзун бўлиш, тойилишлар содир бўлганда надомат чекиш билан бирга тавба қилиш ҳам шарт.

Ҳамма бало ва давосиз дард – бандалик ҳис-туйғусининг йўқолишига сабаб бўладиган, тоатлар ўтганда маҳзун бўлмаслик ва тойилишлар содир бўлганда надомат чекмаслик ортидан келиб чиқадиган қалбнинг ўлишидир. Қалб ўлими осийнинг ўзи қилган осийликни хаспўшлаши, қилган хатосини тан олмаслиги туфайли ҳосил бўлади. Бу эса ўз навбатида иймонсизликнинг натижасидир. Аллоҳ таолонинг Ўзи барчани бундай ҳолга тушишдан асрасин! 

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу айтади: «Мўмин гуноҳларини бошига қулаш хавфи бўлган тоғ каби кўради. Фожир эса гуноҳларини бурнига қўнган пашша каби кўради. Мана бундай қилса, учириб юборади».

Ҳа, мўмин банда доимо гуноҳдан қўрқиб туриши керак. Тоатлар ўтиб кетганда маҳзун бўлиб, тойилишлар содир бўлганда надомат чекиши, тавбага шошилиши лозим. Аммо бу ҳолат ҳаддан ошиб, уни ноумидлик даражасига олиб бормаслиги зарур. Худди шу маъно Ибн Атоуллоҳ Сакандарий раҳматуллоҳи алайҳининг кейинги ҳикматида зикр қилинган.

Аллоҳ таоло барчамизга қалбнинг ўлими аломатларидан хабардор бўлиб туришимизни насиб этсин! Тоатларнинг биздан фавт бўлишига маҳзун бўлмасликдан ва тойилишлар бўлса ҳам, қилганимизга надоматни тарк қилишимиздан асрасин!

 

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Хислатли ҳикматлар шарҳи китобидан)




Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Одамларга аёллардан, фарзандлардан, тўптўп тилла ва кумушдан, боқилган отлардан, чорвалардан, экинтикиндан иборат шаҳватларнинг муҳаббати чиройли кўрсатилди. давоми...

4116 13:51 / 02.03.2018
Аллоҳ азза ва жалла бандалари қаршисида Ўзининг олий Зотига мажбурият олиб бандаларига ҳам бажаришлари учун мажбурият топширди. Буюклиги чексиз бўлган Зот давоми...

4239 15:02 / 25.01.2018
Роғиб вараъни уч турга тақсимлаган1. Вожиб.Бу турдаги вараъ ҳаромлардан сақланишдан иборат бўлиб, барчага баробардир.2. Мандуб.Бу турдаги вараъ шубҳалардан давоми...

3041 22:03 / 09.03.2018
Тақво билан вараъ орасидаги фарқлар қуйидагилар1. Тақво ҳимояга тайёргарликдир. Вараъ шубҳани даф қилишдир.2. Тақво сабаби аниқ нарсадир. Вараъ сабаби гумон давоми...

4407 12:53 / 07.03.2018