1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Уламолар

Алихонтўра Соғуний

13:30 / 20.12.2017 21215 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

“Зиёрат” рукнидаги туркум суҳбатларнинг навбатдаги сонида Туркистоннинг атоқли олими ва адиби Алихонтўра Соғунийнинг ибратли ҳаёт йўллари  билан танишиб чиқамиз.

Алихонтўра Соғуний

 (18851976) 

ТАҚДИМ

Алихонтўра Шокирхонтўра ўғли Соғуний Туркистоннинг атоқли олими ва адиби, улкан давлат арбоби ва саркардаси, Шарқий Туркистон ислом жумҳуриятининг биринчи президенти ва маршали эди. У милодий 1885 йили Туркистон ўлкасининг Тўқмоқ шаҳрида туғилган (Адабий тахаллуси туғилган шаҳрининг қадимий номи Баласоғун билан боғлиқ). Яхши билим олган Алихонтўра улуғ олим ва сиёсий арбоб бўлиб етишди. Тафсир, ҳадис, фиқҳ илмлари билимдони, маърифатпарвар ва тақволи зот эди. Умрининг катта қисмини Шарқий Туркистонда миллий-озодлик ҳаракатини бошқариш ишига сарфлади, Туркистон қайғуси ва миллат дарди билан яшади. Бир неча асарлари бор: булардан пайғамбаримиз сийратларига бағишланган «Тарихи Муҳаммадий» советлар зулмидан халос бўлган халқимизга Исломни танитган илк китоб бўлди. Бундан ташқари, «Туркистон қайғуси» хотиралар китоби, шеър ва достонлари, табобатга оид «Шифаъул-илал» асарлари чоп этилган. У «Темур тузуклари», Аҳмад Донишнинг «Нодир воқеалар», Ҳерман Вамберининг «Мовароуннаҳр ёки Бухоро тарихи» ва бошқа асарларни ўзбекчага ўгирган. 1976 йил 29 февралда Тошкентда вафот этган.

 


Шундай инсонлар бўладики, уларнинг қилган ишлари, ҳаётда қолдирган излари миннатдор инсонлар қалби ва хотирасидан бир умрга ўчмайди. Дин ва жамоат арбоби, миллат фахри, мамлакатнинг таниқли уламоси Алихонтўра  Соғуний ҳам номи ва шаънини шарафларга, шуҳратларга буркаган, миллат ва ватан тарихида ўчмас ном қолдирган саодатманд инсонлардан эди.

Алихонтўра Шокирхонтўра ўғли (тахаллуси Соғуний) 1885 йили 21 мартда Туркистон ўлкасининг Тўқмоқ шаҳрида туғилган. Бу шаҳарнинг эски номи Болосоғун бўлиб, Алихонтўра ўз тахаллусини танлашда унга нисбат берган. У кишининг отаси Шокирхонтўра даврининг ўқимишли кишиси бўлгани учун ўғлини Саудия Арабистонининг Мадина шаҳрига ўқишга юборади. Кейинчалик у таҳсилни Бухородаги Мир Араб мадрасасида давом эттиради. Табиатан заковатли, зийрак, янгиликка ўч бўлган ёш Алихон мамлакатга қайтиб келганидан кейин юртдаги ижтимоий-сиёсий фаолиятга аралашиб кетади.  
Мустабид босқинчиларнинг маҳаллий аҳоли вакилларини мардикорликка олиш сиёсатига қарши чиққани учун ёш Алихонтўра 1914 йили рус подшоҳининг махфий полицияси назоратига тушиб қолади. 1916 йили халқ қўзғолони шафқатсизларча бостирилгач, у мамалакатда қолиш хавфлилигини сезиб, сиёсий муҳожир сифатида Қашқарга (Хитой) кетишга мажбур бўлди. Кейинроқ Шарқий Туркистоннинг бошқа бир йирик шаҳри Ғулжага борди.

Алихонтўра Шарқий Туркистонда ҳам ижтимоий-сиёсий фаолиятини давом эттириб, халқнинг миллий-озодлик ҳаракатига қўшилади. Халқ орасида юртни босқинчилар зулмидан озод қилиш ғояларини фаол тарғиб қилгани сабабли 1937 йили Хитой маъмурлари томонидан ҳибсга олиниб, умрбод қамоқ жазосига ҳукм этилди. 1941 йили адлиявий тафтиш натижасида озод қилинди. 1944 йил 12 ноябрда Шарқий Туркистон жумҳурияти эълон қилиниб, Алихонтўра Муваққат инқилобий ҳукумат раислигига сайланди. Миллий қўшинни тузиш, уни қуроллантириш ва таркибини мустаҳкамлаш ишининг ташаббускори сифатида қўшин бош қўмондони этиб тайинланди ва унга “маршал” олий ҳарбий унвони берилди.  

Алихонтўра бошлиқ Шарқий Туркистон фидойилари юртни Хитой зулмидан озод қилиш учун умумхалқ курашини бошлаб юборишади. 1944 йил 7–10 ноябрда Ғулжада мусулмон шарқий туркистонликларнинг қуролли қўзғолони ғалаба қозонади. Хитой ва Совет давлати оралиғидаги катта бир ҳудудда уйғур, қозоқ, ўзбек, қирғиз, татар ва дўнган халқларини мустаҳкам ишонч ва диний биродарлик асосида бирлаштирган Шарқий Туркистон жумҳуриятини барпо этиш ҳаракати бошлканиб кетади. Хитойнинг Чанкайши ва гоминданчилардан иборат юз минг кишилик армияси кетма-кет бўлган шиддатли жангларда тор-мор этилади.  

Советлар империясининг ёнгинасида пайдо бўлган ва кўпгина мамлакатлар тан олиши муқаррар бўлиб қолган Шарқий Туркистон мусулмон давлати мустабид ҳукмдорларни ваҳимага солиб қўйган эди. Шу сабабли совет ҳукуматининг хиёнаткорона тузган режаси ва ҳийла-алдов билан қўполларча амалга оширилган геосиёсий ўйинлари натижасида Алихонтўра 1946 йил 28 июнда Ғулжа шаҳридан ўғринча Тошкентга келтирилади. Олимнинг авлодларидан Баҳманёр Шокировнинг ёзишича, ”Халқнинг: “Жумҳурраис қаерда?” деган саволларига совет элчихонаси ёлғон жавоблар беради. Ўшанда ўн минглаб жонфидо ватанпарварлару неча миллион озод Шарқий Туркистон халқи мунғайиб қолаверган. Бобом оиласи билан дастлаб Марказқўм боғида яшаган. Маршалга кўз-қулоқ бўлиб туриш “халқлар отаси” (Сталин) томонидан шахсан Усмон Юсуповга топширилган экан. Шундай қилиб, фаол сиёсатдан воз кечишга мажбур этилган, қалби қайғу-ҳасрату, дарду аламга тўлган, аммо ўз эътиқоди, ўз мафкурасидан заррача воз кечмаган жафокаш инсон илму фан тадқиқотларига шўнғиб кетади”.

1959 йили Алихонтўра Соғуний ўзининг кўпйиллик ижодий меҳнати маҳсули бўлган “Тарихи Муҳаммадий” асарини ёзиб тугатади. Аммо совет тузуми бу асарни босиб чиқаришга рухсат бермайди. Фақат юртимиз мустақил бўлганидан кейингина Пайғамбар алайҳиссалом сийратларига бағишланган бу ноёб асар китобхон қўлига бориб тегди. Узоқ йиллар даҳрийлик сиёсати ҳукмрон бўлган бу юртда бундай асарнинг пайдо бўлиши мусулмонлар онги ва қалбида чин маънода маънавий инқилоб ясади, десак муболаға бўлмайди.

Буюк саркарда ва давлат арбоби Амир Темур ҳақида биринчи бўлиб рост сўзни айтган ҳам Алихонтўра Соғуний бўлган эди. Совет тузумининг “кучга тўлган” бир даврида, 1967 йили унинг форсийдан таржима қилган “Темур тузуклари” асари республиканинг янги нашрларидан “Гулистон” журналида чоп қилина бошлади. Журналнинг “Тузуклар” босилган сонини қўлга киритиш ўша пайтда энг катта ғалаба эди, уни ўқиш эса бундан каттароқ жасорат талаб қиларди. Аммо “ҳушёр” тузум бу “хавфли” асарнинг чоп этилишини тўхтатиб қўйди, бу ишга бош-қош бўлганлар таъзирларини “ейишди”. Мустақиллик йилларидагина асар тўлиғича нашрдан чиқарилди.  

Шундан кейин олимнинг етти йил мобайнида ёзган “Туркистон қайғуси” тарихий-публицистик асари дунёга келди. Унда Соғуний ўз ҳаёт йўлида ўзи гувоҳ бўлган кўплаб воқеаларга донишманд назари билан баҳо беради, миллат, юрт ва дин қайғусидаги ўтли дардларини тўкиб солади. Бундан ташқари, табъи назм олим ўзининг шеърий асарларини тартибга солиб, “Девоний Соғуний” девонини тузди, табобатга бағишланган “Шифаъул-илал” асарини ёзди. Бир неча китобларни турк ва форс тилларидан ўзбекчага ўгирди.

Тошкент зиёлилари, аҳли фазл кишилари Алихонтўра Соғунийни маънавий устоз, билимдон донишманд сифатида севиб, у кишининг суҳбатига ҳамиша ошиқишар эди. Мавжуд тузум олимни одамлардан узиб, уй тутқунлигида тутишга ҳаракат қилса ҳам, унинг хонадони ҳамиша мухлислар талпинадиган қутлуғ даргоҳга айланган эди. Дин ва фан олимлари тўра хонадонининг кунда-шундасига айланишган эди. Машҳур геолог олимлардан Ҳабиб Абдуллаев, Ғани Мавлонов, қози Фозилхўжа, Шайх Зиёуддинхон Бобохонов ва бошқалар Алихонтўра суҳбатларидан кўп баҳраманд бўлишган.

Ушбу сатрлар муаллифига Алихонтўра билан шахсан кўришиш бахти насиб этмаган эса-да, у зот билан боғлиқ бир неча воқеаларга гувоҳ бўлганман. Шулардан бири Алихонтўранинг садоқатли шогирдларидан Сирожиддин домла Жаҳонгиров билан кечган эди. Ўша пайтда қадрдонимиз Сирожиддин ака Кўкалдош мадрасасида мударрислик қилар, мен ишлаётган журнал вақтинча шу мадраса биносига кўчиб келгани учун у киши билан ҳар куни кўришиб, суҳбатлашиб турардик. Бир куни суҳбат асносида Сирожиддин ака Алихон тўрадан сабоқ олиб юрганида у кишининг гўзал бир суҳбатларини ёзиб олганини айтиб қолди. Мен дарров қизиқиш билдириб, ўша суҳбат билан танишмоқчи бўлдим. Сирожиддин ака эртасига ўқувчилар дафтарига майда ҳарфлар билан битилган ўша суҳбат матнини олиб келдилар. Ҳақиқатан, у киши айтмоқчи Алихонтўранинг талабалар ҳузурида қилган бу мавъизаларини жуда мазмунли, ҳикматга тўлиқ эди. Домланинг розиликлари билан суҳбатни журнал ўқувчиларига тортиқ қилишга келишдик. “Қалб хотиржамлиги” сарлавҳаси остида берилган бу мақола кўпчиликка манзур бўлди. Қисқагина ана шу суҳбатдаёқ атоқли олимнинг салоҳияти, билимдонлиги, айниқса инсоннинг руҳий оламини яхши билиши аниқ кўриниб турарди. Сўзимиз қуруқ бўлмаслиги учун шу мақоладан ушбу биргина иқтибосни келтириш билан кифояланамиз:

“Мўминнинг ҳаёти фақат хотиржамликдан иборат бўлади. Шунинг учун жон таслим қилаётганида унга “Эй, хотиржам-сокин нафс” деб нидо қилинади. Бунинг мукофотига у жаннат билан тақдирланади. Чунки жаннат – хотиржамлик, осойишталик, ором ва таскин масканидир. Бу улкан мукофотга у дунё ҳаётида Аллоҳнинг зикрида бўлиб, Унинг розилиги йўлида солиҳ амаллар қилгани учун мушарраф бўлди. Энди у абадий ором ва хотиржамлик оғушида бўлади... Дин йўлида хизмат қилган бирор инсон дунёдан “аттанг” деб ўтмайди. Аллоҳнинг Каломини ўрганиб, Унинг зикри билан машғул бўлган бирор мўмин вақти беҳуда ўтганига надомат чекмаган. Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларини ўрганиб ва ўргатиб, фарзандларини солиҳ инсон этиб тарбиялаган бирор киши охират сари сафарида пушаймон бўлмаган. Қалби хотиржам, кўнгли тинч-осойишта, лабида табассум билан кўз юмган. Мўмин киши учун бундан ортиқ неъмат, бундан-да ортиқ бахт борми?!”

Иккинчи воқеани Тўранинг яна бир содиқ шогирди Дўстмуҳаммад домла Бодарий сўзлаб берган эди: “Умрлари ниҳоясмида устозга одамлар билан аралашишга ижозат берилган эса-да, аммо улар ҳузурида сўзлаш ҳамон тақиқда эди. Бир куни Тўрам билан Оқлонга бир тўй маросимига бордик. Еб-ичилиб, одамлар бирин-кетин тарқала бошлаган пайтда устоз “Бир дақиқага кетмай туринглар!” деб хитоб қилиб қолдилар. Эшикка қараб юрганлар жойларида тўхташди, ҳали улгурмаганлар жойларига яна ўтиришди. Устоз тилларидагини ичларига ютавериб, одамларга гапларини айтолмай, тўлиб кетган эканлар, ўзларига хос маймин, аммо қатъиятли овозда мавъиза қилишни бошлаб юбордилар. Ўша куни у киши Қуръони каримнинг Аср сурасини шунақанги ҳаяжон ва дард билан ярим соатча тафсир қилиб бердиларки, тўйхонада йиғламаган одам қолмади. Тўрамнинг ўша суҳбатлари ҳозиргача ўзим гувоҳ бўлган ваъз-иршодларнинг энг ажойиби бўлганди”.

Бутун ҳаётини дин, миллат, ватан дея кураш билан ўтказган, одамларга динларини танитиш йўлида улуғ фидойилик кўрсатган олим ва адиб, улкан жамоат арбоби Алихонтўра Соғуний 1976 йилнинг қиши ниҳоясида фоний дунёни тарк этиб, Мавлосига қовушди. Васиятига кўра, қадрдон дўсти, қози Фозилхўжа билан ёнма-ён дафн этилди. Чунки Фозилхўжа қози домла   Алихонтўра Соғуний билан жуда яқин эди. Уларнинг қанчалар яқин  бўлишганига ушбу воқеа яхши мисол бўла олади: Қози домла бу дунёдаги сафари қариганини сезгач, “жанозамни Алихонтўра Соғуний ҳазратлари ўқисалар…” деб васият қилади. Олимнинг бу васияти сўзсиз амалга оширилган. Орадан кўп ўтмай, Алихонтўра Соғуний ҳазратлари тўқсон бир ёшда вафот этади. Бу зотнинг васиятлари бундай бўлган экан: “Бул ожиз бандани шайх Зайниддин бобо қабристонига мулла Фозилхўжа эшон ёнига дафн этинглар”. Бу васият ҳам сўзсиз бажарилди. Дунёда ҳамиша ёнма-ён юрган, ҳаммаслак икки дўстнинг қабрлари ҳам бир жойда бўлди. Истиқлол йилларида Алихонтўра Соғунийнинг хотирасини абадийлаштириш мақсадида Тошкентнинг Яккасарой туманидаги ўрта мактабга, Чилонзор туманидаги маҳаллага, Шайхонтоҳур туманидаги кўчага у кишининг номи берилди. 

 Аҳмад МУҲАММАД

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Тоҳиpxон тўpa 1900 йил Наманган шаҳри Сардоба даҳаси ҳозирги .Тўрақўрғон, кўчасида маърифатли хонадонлардан бирида таваллуд топди. Бобоси Яҳёхон тўра XIX аср охири ва XX давоми...

1337 19:30 / 15.12.2022
Ҳофиз, муҳаддис, илм талабида юрт кезган Абу Имрон Мусо ибн Қурайш ибн Нофеъ Тамимий Бухорий.Абу Нуъайм, Али ибн Айёш, Ҳимсий, Муслим ибн Иброҳим, Исҳоқ ибн Бакр ибн давоми...

1563 11:00 / 10.01.2021
ndash Мендан ҳазратнинг вирдлари ҳақида кўп сўрашади. Ҳазратнинг асосий вирдлари илм эди. У киши .Оддий мўминнинг вирди зикр, қорининг вирди Қуръон, толиби илмнинг давоми...

4695 10:49 / 21 октябрь
Бисмиллаҳир роҳманир роҳим. Ислом дини насоро ва масиҳо динларидек Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло тарафидан юборилган диндир. Унинг китоби ndash Қуръони Карим эса ўз давоми...

839 20:24 / 29 июнь
Аудиолар

137637 11:58 / 10.10.2018
Фотолар

7544 09:50 / 18.04.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

57704 14:35 / 11.08.2021