1446 йил 21 жумадис сони | 2024 йил 23 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тафсири ҳилол

Бақара cураси, 144-оят

14:45 / 11.12.2017 3365 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Гоҳо юзингнинг осмонга тез-тез қараганини кўрурмиз. Бас, албатта, сени ўзинг рози бўлган қиблага бурурмиз. Юзингни Масжидул Ҳаром томон бур. Қаерда бўлсангиз ҳам юзингизни у томон буринг. Албатта, китоб берилганлар унинг Роббларидан бўлган ҳақ эканини билурлар. Ва Аллоҳ уларнинг қилаётган амалларидан ғофил эмасдир. Бақара 144.

Ояти кариманинг аввалидаги жумлага кўра, Пайғамбар алайҳиссолату вассалом Каъбаи Муаззаманинг қибла қилиб берилишини кутиб юрганлар. Каъбага нисбатан чексиз муҳаббат, бунинг устига, яҳудийларнинг ортиқча гап-сўзлари ва бошқа омиллар таъсирида у зотнинг тез-тез осмонга қараб, «Шояд, ваҳий келиб, қибланинг ўзгарганидан хабар берса», дея кутишларини Аллоҳнинг Ўзи кўриб турганлиги баён этилмоқда.

«Гоҳо юзингнинг осмонга тез-тез қайрилганини кўрурмиз».

Албатта, Аллоҳ таоло бу ишни кўриб-билиб тургани учун, вақти-соати келганда, Каъбанинг қибла бўлганини эълон этди.

«Бас, албатта, сени ўзинг рози бўлган қиблага бурурмиз. Юзингни Масжидул Ҳаром томон бур. Қаерда бўлсангиз ҳам юзингизни у томон буринг».

Мақсад Каъба бўлса ҳам, Масжидул Ҳаромнинг, яъни Каъбаи Муаззама атрофидаги масжиднинг зикр қилинганини эътиборга олиб, уламолар: «Намоз ўқувчи киши айнан Каъбага қараши шарт эмас, балки ўша томонга қараса ҳам жоиз», – деганлар.

Ер юзининг турли бурчакларида истиқомат этувчи мусулмон умматни ягона қибла жамлайди. Ватанлари, турган жойлари, ранглари, тиллари, шакллари, жинслари, ёшлари, ижтимоий ҳолатлари турли-туман бўлишига қарамай, намоз пайтида ягона қиблага юзланадилар. Бир қиблага қараш уларнинг бир тан, бир жон эканининг, мақсадлари, тутган йўллари бир эканининг, Робблари, Китоблари ва пайғамбарлари бир эканининг рамзидир.

Ушбу рамз Исломнинг бошқа рамзлари каби, мусулмонларни бошқалардан ажратиб туради. Мусулмон миллати ўзига мустақил, афзал, Аллоҳнинг йўлидан юрган миллатдир. Шунинг учун ҳар бир нарсада унинг мустақил экани билиниб туриши керак. Залолатда юрганларга тобе бўлиб қолмаслик зарур. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло мусулмонларни бошқаларга тақлид қилишдан, уларнинг одатлари, шиорлари ва рамзларини олишдан қайтарган. Инсон руҳ ва жасаддан иборат бўлгани учун, унда руҳий-маънавий нарсаларга зоҳирий шаклларни рамз қилиб олиш майли бор. Инсондаги ҳис-туйғу ўзининг моддий рамзига эришгандагина таскин топади. Ана шунда кўнгил тўлади, худди ичи билан таши бирлашгандек бўлади. Исломда ибодатга тааллуқли бўлган барча ҳолатлар мана шу асосда йўлга қўйилган. Фақат ният билан ёки ичида баъзи ояту дуоларни ўқиш билан кифояланиб қолмасдан, балки ҳар бир ибодатнинг ўзига яраша шакли, ҳаракати, рамзи борки, ўшаларга амал қилиш лозим. Намозда қиём, рукуъ, сажда, салом; ҳажда эҳром, талбия, тавоф, саъй, вуқуф, тош отиш, қурбонлик сўйиш ва бошқалар ана ўша рамзлар жумласидандир.

Бундай исломий шиор ва рамзларнинг боши бўлмиш Каъбаи Муаззама намозда ҳам, ҳажда ҳам марказий ҳиссий рамз ҳисобланади. Намоз ер юзининг қайси бурчагида ўқилишидан қатъи назар, ушбу Каъбага қараб ўқилиши шарт. Ҳатто агар бирор киши сафардами, чўлу саҳродами юрганда Каъбанинг қайси тарафдалигини билолмай қолса, ижтиҳод қилиб, бир тарафни «қибла» деб жазм этиб, намозни бошлайди.

Ҳажда ҳам мусулмон ер юзининг қаеридан келган бўлишига қарамай, ният билан келиб, ушбу азиз Байтуллоҳнинг атрофида айланиб, тавоф қилмагунча, ҳажи ҳаж бўлмайди.

Аллоҳ таоло мусулмон умматини энг афзал уммат қилиш билан бирга, бу умматнинг қибласини ҳам энг афзал қибла қилиб қўйган. Бу қибла ернинг киндигида, қуруқликнинг қоқ марказида, ер куррасининг энг муқаддас ва муборак жойидадир. Барча пайғамбарларнинг отаси, халилурроҳман Иброҳим алайҳиссалом Аллоҳнинг амри ила бино қилган Каъбанинг мусулмон миллати учун қибла қилиниши бу уммат учун улкан шарафдир. Бу мартабанинг улуғлигини, бу мақомнинг улуғлигини нафақат аҳли китоблар, балки бошқалар ҳам яхши биладилар, аммо ҳасадларини ичларида сақлайдилар. Бу ҳақда ояти каримада:

«Албатта, китоб берилганлар унинг Роббларидан бўлган ҳақ эканини билурлар»,  деб баён қилинмоқда.

Яҳудий ва насронийларнинг илоҳий китоблари бўлмиш Таврот ва Инжилда ҳамда бошқа диний масдарларида бу ҳақда маълумотлар бор. Улар қиблани Каъбаи Муаззамага буриш Аллоҳдан бўлган ҳақ эканини яхши биладилар.

Бир вақтлар насроний дини роҳибларидан бўлиб, кейин Аллоҳнинг инояти ила ҳидоят топиб, Исломга мухлис бўлиб, унга даъват қилувчилардан бирига айланган биродаримизнинг таъкидлашича, насроний динининг бош канисаларидан биридаги қибла ҳам Каъбаи Муаззамага қараган экан.

Лекин аҳли китоблар, хоссатан, яҳудийлар қибланинг Каъбаи Муаззамага қараб ўзгаришидан турли иғво ва фитна гаплар келтириб чиқардилар. Мусулмонларни чалғитишга уриндилар. Ҳолбуки,

«Аллоҳ уларнинг қилаётган амалларидан ғофил эмасдир».

Аҳли китобларнинг душманлиги далил ва ҳужжатнинг етишмовчилигидан эмас, балки бошқа нарсадан эканини келаси оят баён қилади:

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Бақара 110. Намозни қоим қилинг, закотни беринг. Ўзингиз учун нимаики яхшилик тақдим қилсангиз, уни Аллоҳнинг ҳузурида топасиз. Албатта, Аллоҳ нима амал давоми...

3299 03:18 / 29.05.2017
Оналар фарзандларини тўлиқ икки йил эмизурлар. Бу эмизишни батамом қилмоқчи бўлган киши учундир. Уларни маъруф ила едириб, кийинтириш туғдирганнинг зиммасидадир. давоми...

4648 09:00 / 14.03.2018
Эсла, вақтики, Робби Иброҳимни калималар ила синаб кўрганда, у уларни батамом адо этди. У Зот .Албатта, Мен сени одамларга пешво қилмоқчиман,, ndash деди. У давоми...

3148 09:25 / 21.11.2017
Ана ўшалар дунё ҳаётини охиратга сотиб олганлардир. Улардан азоб енгиллатилмас ва уларга ёрдам ҳам берилмас. Бақара 86.Охиратни сотиб, дунёни олиш яҳудийларнинг давоми...

4439 01:29 / 12.10.2017