1447 йил 14 жумадис сони | 2025 йил 05 декабрь, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Намоз

Намоздан кейинги жамоъий дуо

21:29 / 08.11.2017 11284 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Намоздан кейин имомнинг қавмга қараб ўтириши, сўнг барчалари жамоат бўлиб зикрлар айтиб, сўнгра қўлларини кўтариб дуо қилишлари, қавмнинг имомнинг дуосига «Омийн, омийн» деб туриши ҳақида саволлар кўп. Авваллари бу масалада ҳеч гап кўтарилмас эди. Аммо кейинги пайтда турли сабабларга кўра саволлар кўпайди.

Аслида бу масала аллақачон ҳал бўлган, муҳаддислар ўз китобларида бу борадаги ҳадисларни ривоят қилган ва фуқаҳолар ўз китобларида уни яхшилаб таҳлил қилиб, ечиб берган эдилар.

Аммо баъзи кишилар бу масалани яна қайта кўтариб, одамларнинг хаёли паришон бўлишига сабаб бўлдилар. Аслида эса эски гапни яна қайта қўзғадилар.

Начора, модомики ўзи билмаган нарсани инкор қиладиганлар бўлар экан, қайта-қайта овора бўлишдан бошимиз чиқмайди.

Шунинг учун муҳтарам китобхонга қисқача баёнот беришни лозим кўрдик.

Аввало, бу масалада алоҳида рисолалар ёзган уламолар ҳам бўлганини айтиб қўймоқчимиз.

Мисол учун, Махдум Муҳаммад Ҳошим ат-Таттавий ас-Синдийнинг «Мухтасарут-Туҳфатул‑Марғуба фии афзалиятид-дуои баъдал‑мактуба» («Фарз намозидан кейинги дуонинг афзаллиги ҳақида марғуб туҳфа мухтасари») китобини келтиришимиз мумкин.

Бу китобда муаллиф фарз намозидан кейин қўлни кўтариб дуо қилиш, жамоат бўлиб дуо қилиш ва «Омийн, омийн», деб туриш ҳақидаги кўплаб ҳадисларни келтирганлар.

Биз эса ўзимизга жуда керакли бўлган биргина иқтибос келтириш билан кифояланамиз:

«Агар бизга «Шайх Абдул Ҳақ Деҳлавий раҳматуллоҳи алайҳи «Ас-Сиротул Мустақийм»га қилган шарҳида: «Араб ва ажам юртларида одат бўлиб қолган саломдан кейин имом ва қавмнинг тўпланиб дуо қилишлари, имомлар дуо қилиб, қавмнинг «Омийн», деб туриши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳидоятларидан эмас, бу ҳақда бирорта ҳадис келмаган, бу нарса мустаҳаб саналган бидъатдир», деган, бунга қандай жавоб берилади?» дейилса, бундай жавоб берамиз:

«Мифтаҳус Солат»нинг соҳиби аллома Фатҳ Муҳаммад ибн шайх Ийсо аш-Шиторий «Футуҳул Аврод» деб номланган китобида қуйидагиларни айтган:

«Албатта, шайх Абдул Ҳақ олти саҳиҳ ҳадис китобларида ва бошқа китобларда намоздан кейин қилинадиган дуолар ҳақидаги ҳадисларни кўрмагани учун бу ишни бидъат деб айтган.

Агар шайх Абдул Ҳақ намоздан кейин дуо қилиш аслида бидъат, деган гапни ирода қилган бўлса, шубҳасиз, унинг гапи нотўғри. Чунки биз ривоят қилган фарз намозидан кейинги дуолар ҳақидаги ривоятларнинг ҳаммаси бу гапни рад қилади.

Агар шайх Абдул Ҳақ намоздан кейин икки қўлни кўтариб, иқтидо қилувчиларнинг «Омийн, омийн», деб туриши шаклидаги дуони бидъат деган бўлса, бу гапи ҳам нотўғри. Чунки дуода икки қўлни кўтариш суннатдир, дуонинг охирида икки қўлни юзга суртиш ҳам дуонинг суннатидир, эшитувчиларнинг «Омийн, омийн», деб туришлари ҳам дуонинг суннатларидан.

Агар бу ишларнинг ҳаммаси мустаҳаб суннатлардан бўладиган бўлса, суннат нарсалардан таркиб топган иш нима учун бидъат бўлар экан?! Бу ишни бидъат дейиш мутлақо нотўғридир».

Кейин муаллиф мазкур уч суннат амалнинг ҳар бирига ўнлаб ҳадисларни далил қилиб келтиради.

 

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Ҳадис ва ҳаёт китобидан)



 

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Бир кекса аёлдан фарзандларининг салоҳияти, уларнинг муваффақиятлари ва отаоналарига кучли эҳтироми сабабини сўрашганда, шундай жавоб берган экан .Аллоҳнинг давоми...

6294 11:00 / 14.01.2023
Рифоъа ибн Рофеъ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Бир куни Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга намоз ўқир эдик. Қачонки, бошларини рукуъдан давоми...

6975 05:00 / 09.01.2017
Ҳазрати Оиша розияллоҳу анҳодан Пайғамбар алайҳиссаломнинг кечасилик намозлари ҳақида сўрашганида шундай дедилар .Жаноби Расули акрам соллаллоҳу алайҳи давоми...

8519 11:45 / 02.09.2018
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга ўқийдиган намозимиз биз учун охирги намоз бўладигандек, дунё билан видолашмоқчи бўлган одамнинг намозидек намоз давоми...

2315 15:36 / 04.10.2024
Аудиолар

210862 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

130127 14:35 / 11.08.2021