1446 йил 6 жумадис сони | 2024 йил 08 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Фиқҳ

СЎЙИШ

05:00 / 18.01.2017 6591 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

...Ҳайвоннинг сўйиш пайтидаги қаршилигини синдириш учун сўйишдан олдин уни баъзи бир кимёвий моддаларни бериб хушидан кетказиш жоиз. Бу ишда ҳайвонга азоб бериш бўлмаслиги лозим. Фақат ҳайвонни сўйиш пайтидан унинг жони бўлиши ва қон отилиб чиқиши шарт. Ҳайвонни ўқ отиб йиқитиш, ёғоч, темир ёки болта каби нарсалар ёки электр токи билан уриб йиқитиш шариат бўйича ҳаромдир...

Рофеъ ибн Ходийж розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. «Эй, Аллоҳнинг Расули, эртага душманга дуч келурмиз ва биз ила пичоқ бўлмас?» дедим. У зот: «Қон оқизган ва Аллоҳнинг исми зикр қилинган ҳар бир нарсани зудлик ила ейявер, фақат, тиш ва тирноқ билан(сўйилган)ни эмас. Сенга айтиб бераман, тиш суякдир, тирноқ эса, ҳабашларнинг пичоғидир», дедилар.
Биз туя ва қўйларни ўлжага олдик. Уларнинг ичидан бир туя қочиб кетиб, уни тутиб бўлмади. Шунда бир киши уни ўқ билан отиб, тутди.
Бас, у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, ушбу туяларнинг ёввойи ҳайвонларнинг қочоқларига ўхшаш, қочоғи бўлур. Қачон улардан бирорта сизга ғолиб келса, манавунга ўхшаш қилинг», дедилар
». Бешовлари ривоят қилган.
Шарҳ: Ушбу ривоятда зикр қилинаётган ҳодиса, саккизинчи ҳижрий санада Тоиф билан Мадина орасидаги Туҳома ерларида бўлган. Ўша пайтда душман ила уришга таёргарлик кўриб турилган. Олдинги тажрибаларга суянган ҳолда Рофеъ розияллоҳу анҳу Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан:
«Эй, Аллоҳнинг Расули, эртага душманга дуч келурмиз ва биз ила пичоқ бўлмас?» деб сўраган.
Яъни, эртага уриш бўлиб душманга дуч келган вақтимизда баъзи ҳайвонларни сўйиб ҳалоллаб олишга пичоқ топиб бўлмай қолади, пичоқдан бошқа нарса ила сўйса бўладими?-деганларидир. Бу саволга Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам батавси жавоб бериб:
«Қон оқизган ва Аллоҳнинг исми зикр қилинган ҳар бир нарсани зудлик ила ейявер, фақат, тиш ва тирноқ билан(сўйилган)ни эмас».
Демак, пичоқ топилмай қолган пайтда тиш ва тирноқдан бошқа ҳар бир кесадиган тарафи бор, қон оқизишга яроқли нарса билан ҳайвонни сўйса, бўлар экан.
Нима учун тиш ва тирноқ билан сўйиб бўлмайди, улар ҳам қон оқизади-ку дейдиган савол бўлиши эҳтимолини ҳисобга олиб Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Рофеъ розияллоҳу анҳуга берган жавоблари давомида:
«Сенга айтиб бераман, тиш суякдир, тирноқ эса, ҳабашларнинг пичоғидир», дедилар».
Яъни, нима учун тиш ва тирноқ билан ҳайвон сўйиб бўлмаслигининг сабабини мен сенга айтиб бераман, эй, Рофеъ! Тиш суякдир. Суяк мусулмон жинларнинг таомидир. Сўйилган ҳайвондан чиқадиган қон ҳаромдир. Суякка ҳаром қон тегса, мусулмон жинларнинг таоми ҳаромга айланур.
Тирноқ ҳабашларнинг пичоғидир. Шунинг учун улар тирноқларини ўстириб юрурлар. Ҳабашлар кофирдир. Мусулмонлар кофир қавмларга ўхшамасликлари матлубдир.
Сўнгра Рофеъ ибн Ходийж розияллоҳу анҳу ўз ривоятларини давом этдириб қуйидагиларни айтадилар:
«Биз туя ва қўйларни ўлжага олдик. Уларнинг ичидан бир туя қочиб кетиб, уни тутиб бўлмади. Шунда бир киши уни ўқ билан отиб, тутди».
Яъни, ўша кунинг эртасига бўлган ғазотда биз туя ва қўйларни ўлжага олдик. Ўша ўлжага олган қўй ва туяларимиз ичидан бир туя қочиб кетиб, уни тутиб бўлмади. Одамлар уни ортидан қувиб чарчадилар. Ҳеч иложини қилиб бўлмагандан кейин бир киши мазкур қочоқ туяга ўз камонидан ўқ узиб, уни қулатди. Одамларда буниси қандоқ бўлди? Бу иш шариатга тўғри келадими ёки йўқми?-деган савол пайдо бўлди.
Шунда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Албатта, ушбу туяларнинг ёввойи ҳайвонларнинг қочоқларига ўхшаш, қочоғи бўлур. Қачон улардан бирорта сизга ғолиб келса, манавунга ўхшаш қилинг», дедилар».
Яъни, қайси бир уй ҳайвони қочиб кетиб уни тутиб сўйишни имкони бўмаса, уни манави одам ҳалиги туяни камон билан отиб йиқитганига ўхшатинглар.
Албатта, отиш пайтида «Бисмиллаҳ»ни айтиш шарт. Бунга ўхшаш нарсаларни изтирорий сўйиш дейилади. Ихтиёрий равишда шариат таълимотларига тўлиқ амал қилиб сўйишнинг имкони бўлмаса, изтирорий сўйишга ўтилади.
Мисол учун, бирор ҳайвон боши билан қудуққа тушиб қисилиб қолди. Чиқариб бўлмаяпти. Бўйнидан сўйишнинг иложи йўқ. Шу ҳолида тураверса, ҳаром ўлиши мумкин. Ана ўшанда, имкон бўлган еридан «Бисмиллаҳ» айтиб қон чиқарилади.

Каъб ибн Молик розияллоҳу анҳунинг Салъ тоғида қўйини боқадиган чўри қизи бор эди. Бас, бир қўй оғир ҳолга тушиб қолди. Қиз бориб уни тош билан сўйди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўралган эди, уни ейяверинглар, дедилар». Бухорий ривоят қилган.
Шарҳ: Демак, аёл киши ҳайвон сўйса ҳам бўлар экан. Тош билан сўйса ҳам бўлар экан.

Абу Довуднинг ривоятида: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шайтонинг шарийтасидан қайтардилар. У- сўйишда терини кесиб, қон томирларни кесмай ўлгунча ташлаб қўйишдир», дейилган.
«Эй, Аллоҳнинг Расули, сўйиш ҳалқум ва томирларни кесиш билан бўлмайдими?» дейилди. У зот:
«Агар унинг сонига тиқсанг ҳам кифоя қилур», дедилар». Сунан соҳиблари ривоят қилган.
Шарҳ: Ушбу ривоятда сўйишга оид икки масала муолажа қилинмоқда.
Биринчи масала; ҳайвонни бўйин терисини кесиб, қон томирларини кесмай қони оқиб жони чиққунча қўйиб қўйиш. Бу ишни арабларда «шайтоннинг шарийтаси» деб аталар экан. Бу нарса ҳайвонга азоб бериш бўлгани учун Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ундан қайтаган эканлар.
Иккинчи масала; зарурат бўлганда, ҳайвонни томоғидан сўйиш иложи бўлмаса, сонига пичоқ тиқиб қонини оқизиб сўйса ҳам бўлиши. Чунки, саволда зарурат юзасидан сўйиш ҳақида эшитиб, уни ғалати санаб, қандоқ қилиб ҳайвонни бошқа жойига пичоқ уриш мумкин? маъноси бор.
«Эй, Аллоҳнинг Расули, сўйиш ҳалқум ва томирларни кесиш билан бўлмайдими?» дейилди».
Шунда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ишни ғалатилиги йўқлиги, зарурат юзасидан сўйишга мажбур бўлинганда, агар унинг сонига тиқсанг ҳам кифоя қилур, дедилар.
Бу масалани аввал батафсил муҳокама қилдик.
Аслида, тўғри ҳолатда сўйганда кесилиши лозим бўлган нарсалар тўрттадир; ҳалқум, қизилўргач ва икки қон томири.

ҲОМИЛАНИНГ СЎЙИЛИШИ ОНАСИНИНГ СЎЙИЛИШИ ИЛА БЎЛУР

Абу Саъид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. «Эй, Аллоҳнинг Расули, туя наҳр қилинур, сигир ва қўй сўйилур, биз уларнинг ичидан ҳомила топирмиз, уни ташлаб юборайликми ёки ейликми?» дедик. У зот: «Агар истасангиз, уни енглар, унинг сўйилиши онасининг сўйилишидир», дедилар». Абу Довуд, Аҳмад ва Термизий ривоят қилган.
Шарҳ: Туя ва унга ўхшаш узун бўйинли ҳайвонлар ўзига хос сўйилиб, уни «наҳр» деб аталади. Наҳр кўкракка яқин жойдан пичоқ солиш билан амалга оширилади.
Бўйни қисқа ҳайвонларни бошига яқин жойидан пичоқ солинади ва уни «забҳ» дейилади.
Ушбу ривоятдан жумҳури уламолар сўйилган ҳайвоннинг қорнидан ўлик ҳомиласи чиқса, ҳалол бўлади, деганлар.
Ҳанафий уламолар, жумладан, имом Абу Юсуф ва имом Муҳаммад раҳматуллоҳи алайҳимолар ҳам, агар ҳомила тўлиқ шаклда бўлса, ейилади, деганлар.
Имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳи бўлса, бундоқ нарсани еб бўлмайди, деганлар. У киши, ҳадисни, ҳомилани сўйиш, худди онасини сўйиш каби бўлур, деб тушинганлар.

БИСМИЛЛАҲ АЙТИБ ВА ЯХШИЛАБ СЎЙИШ

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади. «Эй, Аллоҳнинг Расули, жоҳилиятга яқин бўлган қавмлар бизга гўштлар келтирурлар. Уларга Аллоҳнинг исми айтилганми ёки айтилмаганми билмаймиз, уларни ейяверайликми?» дедилар. Бас, у зот: «Аллоҳнинг исмини айтиб ейяверинглар», дедилар».
Абу Довуд, Бухорий ва Насаий ривоят қилган.
Шарҳ: Ушбу ҳадисни имом Молик ҳам ривоят қилиб, охирида, «бу Исломнинг аввалида бўлган эди»ни зиёда қилган эканлар. Ана шундан ушбу ҳадиси шариф насх қилинган ва унга амал қилиш тўхтаган.
Сўйиш вақтида «Бисмиллаҳ»ни айтиш сўйишнинг икки шартидан биринчиси ҳисобланади. Бунга бир неча далиллар бор:
1. Аллоҳ таоло «Ҳаж» сурасида қуйидагиларни айтади:
«Ва туяларни сиз учун Аллоҳнинг нишонларидан қилдик. Уларда сизга яхшилик бор. Уларга олд оёқларидан бири боғлиқ турган ҳолида Аллоҳнинг номини зикр қилинг. Ёнлари ерга текканида эса, бас, улардан енг ва қаноатли ва тиланган камбағалларни ҳам таомлантиринг. Шундай қилиб, Биз уларни сизга бўйинсундириб қўйдик. Шоядки шукр қилсангиз».
Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло ушбу ояти каримада қурбонлик қилинадиган ҳайвонларнинг энг каттаси бўлмиш туя ҳақида сўз юритмоқда.
«Ва туяларни сиз учун Аллоҳнинг нишонларидан қилдик».
Яъни, туяларни Аллоҳнинг динидаги улкан ибодатда қурбон этиладиган ҳайвонлардан қилдик.
«Уларда сизга яхшилик бор».
Туяларда одамлар учун кўплаб яхшиликлар бор. Керак бўлганида, минадилар, юк ортадилар, маркабларга қўшадилар, сутини ичадилар, гўштини ейдилар, терисидан, жунидан фойдаланадилар, сотиб, моддий манфаат кўрадилар. Энг муҳими, уларни қурбонликка сўйиб, Аллоҳга қурбат ҳосил қиладилар.
«Уларга олд оёқларидан бири боғлиқ турган ҳолида Аллоҳнинг номини зикр қилинг».
Туя тик турган ҳолида, олд оёқларидан бири бўйнига боғлаб турилиб сўйилади. Бу ҳолни араб тилида бир сўз билан «саваффа» дейилади. Демак, туяни қурбонликка сўйиш учун олд оёқларидан бирини боғлаб қўйган чоғда Аллоҳнинг номини зикр қилиб сўйиш керак.
Яъни, «Бисмиллаҳи, Аллоҳу акбар. Аллоҳумма, минна илайка», деб туриб сўйиш керак.
2. Аллоҳ таоло «Анъом» сурасида бундоқ дейди:
«Аллоҳнинг исми зикр қилинмаган нарсаларни еманглар. Албатта, бу иш фисқдир. Албатта, шайтонлар ўз дўстларига сизлар билан тортишишни васваса қилурлар. Агар уларга итоат қилсангиз, сизлар ҳам мушриклардан бўлурсизлар».
Уламоларимиз ушбу оятнинг тафсирида, агар мусулмон киши ҳайвонни сўяётиб, Аллоҳнинг исмини зикр қилишни унутиб қўйса, сўйган гўшти ҳалол, деганлар. Аммо билиб туриб, қасддан зикр қилмаса, ундай гўшт ҳаром бўлади.
«Аллоҳнинг исми зикр қилинмаган нарсаларни еманг лар».
Шунингдек, аввал ўтган оятларнинг ҳукмига биноан, аҳли китобларнинг сўйиши ҳам ҳалолдир. Бошқаларини эса, ейиш мутлақо мумкин эмас.
«Албатта, бу иш фисқдир».
Яъни, Аллоҳнинг номи зикр қилинмай сўйилган ҳайвоннинг гўштини ейиш фисқ, яъни, дин амридан чиқишдир.
«Албатта, шайтонлар ўз дўстларига сизлар билан тортишишни васваса қилурлар».
Шайтоннинг дўстлари бўлмиш кофир ва мушриклар имконлари борича сизлар билан тортишадилар. Турли масалаларда, жумладан, Аллоҳнинг номи зикр этилмай сўйилган ҳайвонлар гўшти ҳақида ҳам тортишадилар. Сизлар уларнинг гапларига, тортишувларига ҳеч эътибор бермасликларинг керак.
«Агар уларга итоат қилсангиз, сизлар ҳам мушриклардан бўлурсизлар».
Аллоҳнинг гапини уқмай, ўзганинг гапига юрган одам мушрик бўлмай, ким мушрик бўлсин?! Аллоҳнинг амрини тутмай, бошқанинг амрини тутган киши мушрик бўлмай, ким мушрик бўлсин?! Ҳатто ҳайвонларни сўйишда Аллоҳдан бошқанинг амрини тутиш ҳам ширк ҳисобланади. Кофир бўлиш эса, умуман бошқа кулфат. Мусулмон билан кофирнинг орасидаги фарқ жуда ҳам улкан:
3. Аллоҳ таоло «Анъом» сурасида айтадики:
«Агар Унинг оятларига иймон келтиргувчилардан бўлсангиз Аллоҳнинг исми зикр қилинган нарсадан енг!»
Яъни, ҳақиқий мўмин бўлсангиз, Аллоҳнинг номи билан сўйилган ҳайвонларнинг гўштидан озуқланинг. Киши ҳаётида озиқ-овқат муҳим ўрин тутганидан, хусусан, тановул қилинадиган таомнинг ҳалол бўлиши муҳимлигидан иймонни ўртага қўйиб, Аллоҳнинг номи зикр қилиниб сўйилган ҳайвоннинг гўштини ейишга амр қилинмоқда.
«Агар Унинг оятларига иймон келтиргувчилардан бўлсангиз Аллоҳнинг исми зикр қилинган нарсадан енг!»
Бу бошқасини еманг, деганидир. Воқеъликда баъзи одамлар эътиборсизлик ёки арзимас баҳоналар билан ҳалол ҳайвонларни сўйишда Аллоҳнинг номини зикр қилишни йўлга қўймасалар, бошқалари ундан ҳам арзимаган баҳоналарни рўкач қилиб, ўша гўштларни ейишни ўзига, фарзандларига раво кўрадилар. Аслида эса, уларнинг бандалик бурчлари ҳалол-пок, Аллоҳнинг номини зикр қилиб сўйилган ҳайвонларнинг гўштини емоқлари керак эди.
«Сизга нима бўлдики, Аллоҳнинг номи айтиб сўйилган нарсани емас экансизлар?! У сизларга ҳаром қилган нарсаларини батафсил баён қилиб берган-ку?! Магар музтар бўлганингизда, майли. Албатта, кўпчилик билмасдан, ҳойу ҳаваслари ила адаштирурлар. Албатта, Роббинг тажовузкорларни яхши билгувчидир».
Агар мўмин-мусулмон бўлсангиз, Аллоҳнинг ҳукмига таслим бўлиб, иймон келтирган бўлсангиз, Аллоҳ сизга Ўзининг номи айтиб сўйилган ҳайвонларнинг гўштидан емоқни буюрган экан.
«Сизга нима бўлдики, Аллоҳнинг номи айтиб сўйилган нарсани емас экансизлар?!»
Унда мусулмонлигингиз қолдими?
«У сизларга ҳаром қилган нарсаларини батафсил баён қилиб берган-ку?!»
Ўша батафсил баён қилинган ҳаром нарсалар ичида ҳамма нарса айтилган-ку. Жумладан:
«Магар музтар бўлганингизда, майли», ҳам дейилган-ку.
Яъни, ноилож ҳолга тушиб, емасангиз ҳалокатингиз муқаррар бўлиб қолганда, ҳаддан ошмай, ҳаром нарсани есангиз ҳам, майли, дейилган-ку. Ҳамма нарса аён бўлиб туриб, нимага яна ортиқча гап қиласиз?
«Албатта, кўпчилик билмасдан, ҳойу ҳаваслари ила адаштирурлар».
Жумладан, ҳалол-ҳаром масаласида. Аллоҳнинг номи зикр қилинмай сўйилган ҳайвонларнинг гўштини истеъмол қилиш масаласида ҳам хоҳ билмасдан, хоҳ билиб туриб, аммо ҳавою нафснинг гапига кириб, одамларни адаштирадилар. Одамларга нотўғри фатво берадилар.
«Албатта, Роббинг тажовузкорларни яхши билгувчидир».
У Ўзининг ҳукмига тажовуз қилиб, ҳаром нарсаларни, Аллоҳнинг номи айтилмай сўйилган ҳайвонлар гўштини еганларни жуда яхши билади ва уларга тегишли жазони беради. Шунингдек, илмсиз, ҳавою нафснинг кўйига кириб, бу масалада ва бошқа масалаларда одамларни адаштирганларни ҳам яхши билади ва уларга ҳам тегишли жазосини беради.
4. Аллоҳ таоло «Моида» сурасида ов ҳалол бўлиши учун ҳам «Бисмиллаҳ»ни айтиш шарт эканлигини баён қилувчи оятда қуйидагиларни айтади:
«Сендан уларга нима ҳалол қилинганини сўрарлар. Сен: «Сизларга пок нарсалар ҳалол қилинди. Овчи итларга ўхшатиб, Аллоҳ сизга ўргатган нарсалардан уларга ҳам ўргатган овчи ҳайвонларингиз сизга тутиб берган нарсадан енглар. Уларга Аллоҳнинг исмини зикр қилинглар. Аллоҳга тақво қилинглар. Албатта, Аллоҳ ҳисоби тезкор зотдир», деб айт!»
Ояти кариманинг аввалида Аллоҳ таоло Ўзининг маҳбуб Пайғамбари Муҳаммад алайҳиссаломга хитоб қилиб, у кишидан мусулмонлар ўзларига нималар ҳалол қилинганини сўрашларини айтмоқда.
«Сендан уларга нима ҳалол қилинганини сўрарлар».
Баъзи нарсаларнинг, хусусан, истеъмоли ҳаром қилинган нарсаларнинг ҳукми тушгач, мусулмонлар тасаввурида улкан инқилоб содир бўлди. Улар энди нима ҳалол ва нима ҳаром эканини фақат Аллоҳгина ҳукм қилишини билиб олдилар. Ҳалол-ҳаромнинг ҳаётларидаги тутган ўрнини ҳам англаб етдилар. Шунинг учун ҳам Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб, ўзларига нима ҳалол қилинганини сўрашга ўтдилар. Улар билмасдан ҳаромга қўл уриб қўйишдан қўрқар эдилар. Ҳаромдан ҳазар қилардилар. Мусулмон банданинг ҳақиқий сиймоси шундай бўлиши лозим. Ўзининг ҳар бир иши, жумладан, ейдиган таоми ҳам шариат ҳукмига мувофиқ бўлишига ҳаракат этиши керак. Кўнглига келганини қилиш, қўлига тушганини ейиш ҳайвонларнинг иши.
Мусулмонларнинг саволларига нима деб жавоб беришни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга Аллоҳ таолонинг Ўзи ўргатиб:
«Сизларга пок нарсалар ҳалол қилинди», деб айтишни буюрмоқда. Яъни, мусулмонлар пок нарсалардан маҳрум қилинганлари йўқ. Нимаики пок бўлса, уларга ҳалол. Демак, уларга нопок нарсаларгина ҳаром қилинган.
Шундан келиб чиқилса, Аллоҳ таоло ҳалол қилган нарсалар пок, фойдали дегани бўлади. Аксинча, Аллоҳ таоло ҳаром деган нарсалар ифлос ва зарарли деганидир.
Сўнгра умумий ҳалол қилинган пок нарсалардан баъзи изоҳга ҳожати борлари эслатиб ўтилади:
«Овчи итларга ўхшатиб, Аллоҳ сизга ўргатган нарсалардан уларга ҳам ўргатган овчи ҳайвонларингиз сизга тутиб берган нарсалардан енглар».
Баъзи ҳайвонлар ва қушлар бошқа ҳайвон ва қушларни овлаши ҳаммага маълум. Аввал ўтган оятда, ўргатилмаган йиртқич ҳайвон ёки қуш овлаган ҳалол ҳайвоннинг, агар жони бор пайтида сўйиб олинмаса, гўштини еб бўлмаслиги баён қилинган эди. Бу ерда эса, гап йиртқич ҳайвон ва қушлар билан ов қилиш ҳақида кетмоқда. Одатда, овга кўпроқ ит ўргатилади. Оятда: «Овчи итларга ўхшатиб», деб айтилаётганининг боиси ҳам шундан. Демак, итни овга ўргатгандек қилиб бошқа ҳайвонлар ҳам овга ўргатилган бўлса, улар овлаган ҳайвонни мусулмон одам истеъмол қилса, бўлади.
Ҳайвонларни овга ўргатиш ҳақидаги жумлада,
«Аллоҳ сизга ўргатган нарсалардан уларга ҳам ўргатган ҳайвонларингиз», деган ифода келмоқда. Бундан, инсонга ҳамма нарсани, жумладан, ҳайвонни овга ўргатишни ҳам Аллоҳ таълим берганлиги келиб чиқади. Инсонга ақл ато қилиб, йиртқичларни унга итоат эттириб қўйган зот ҳам Аллоҳнинг Ўзи.
Аммо мазкур ўлжанинг ҳалол бўлишининг асосий шарти шуки, ов ҳайвонини ўлжа томон қўйиб юбораётган пайтида овчи «Бисмиллаҳи»ни айтиши шарт. Чунки оятда:
«Уларга Аллоҳнинг исмини зикр қилинг», деб амр этилмоқда. Мўмин-мусулмон киши ҳеч қачон Аллоҳни унутмаслиги керак. Овчи ҳайвонни ўлжага қўяётганда «Бисмиллаҳи»ни айтса, ҳайвони ўлжани тиши ёки чангали билан ўлдирса, сўйиш вақтидаги «Бисмиллаҳи»нинг ўрнига ўтади.
Албатта, бундай ишларда ҳар хил ҳолат рўй бериши мумкин. Масалан, мол-дунёга қизиқиб, ҳалоллик шартига тўғри келмайдиган ҳайвонларни ҳам баъзан ҳалол деб юборилаверади. Шундай ҳолнинг олди олиниб, ояти кариманинг охирида:
«Аллоҳга тақво қилинг. Албатта, Аллоҳ ҳисоби тезкор зотдир», дейилмоқда.
5. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Адий ибн Ҳотим розияллоҳу анҳуга: «Агар ўргатилган итингни (овга) қўйсанг ва уларга Аллоҳнинг исмини зикр қилган бўлсанг, агар ўлдириб қўйган бўлса ҳам ейявер. Модомики, улардан бошқа ит уларга шерик бўлмаса, бўлди», дедилар».
Демак, Ит эгасининг уни овга қўйиб юбориш пайтида «Бисмиллаҳ» айтиши шарт, бундоқ қилиш, сўйиш пайтида «Бисмиллаҳ» айтиш ўрнига ўтади.
Таом учун тановули ҳалол қилинган ҳайвонларни сўйиш пайтида Аллоҳ таолонинг исмини айтишни шарт қилиб қўйилиши улкан ҳикматни ўзида мужассам қилгандир.
Маълумки, сўювчига ҳам сўюлувчига ҳам жонни Аллоҳ таоло берган. Аллоҳ таоло берган жон ила ҳаракат қилаётган сўювчи, Аллоҳ таоло жон берган ва унга таом учун ҳалол қилиб қўйган ҳайвонни жонини чиқариб гўштга айлантириш пайтида унга жон берган Аллоҳ таолони эсламаслиги улкан маънавий жиноятдир. Ана шу жиноят ила сўйилган ҳайвон ҳаромга айланиши айни адолатдир.
Агар сўювчи Аллоҳ таолонинг исмини айтишни эсидан чиқариб қўйса, сўйгани ҳалол бўлади. Чунки, шариатимизнинг умумий қоидаларидан бири эсидан чиққан афв қилинишидир.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз ҳадисларидан бирида ухлаб қолган, эсидан чиққан ва мажбур қилинган афвли эканлигини баён қилганлар.
Баъзи ривоятларда зикр қилинишича, одамлар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўйиш пайтида «Бисмиллаҳ»ни эсидан чиқариб қўйиш ҳақида сўраганларида У зот алайҳиссалом, Аллоҳнинг исми ҳар бир мусулмоннинг қалбидадир, деган эканлар.
Уламоларимиз, агар сўйиш пайтида «Бисмиллаҳ»ни айтишни унитганнинг сўйишини ҳаром, дейилса, улкан торлик бўлар эди, деганлар.
Сўювчи «Бисмиллаҳ»ни нима эканини идрок этуви ва тўлиқ айта олиши ҳам шарт.
Сўйювчи ҳайвонинг томоғига пичоқ тортаётиб «Бисмиллаҳи, Аллоҳу Акбар» демоғи керак.
Сўйиш пайтида Аллоҳ таолонинг исмидан бошқа исмни айтиб бўлмайди. Ҳатто, «Бимиллаҳи, Аллоҳу Акбар, бу Фалончидан қурбонлик, дейиш ҳам макруҳдир.
Аташ учун бирор нарса айтмоқчи бўлса, ҳайвонни ётқизишдан ёки «Бисмиллаҳ»ни айтишдан олдин айтса, мумкин.
Имом Бухорий, Муслим, Абу Довуд, Термизий, Насаий, Ибн Можа ва Аҳмадлар қилган ривоятда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам жонлиққа пичоқ тортиб бўлиб:
«Эй, бор Худоё, ушбуни Муҳаммаднинг умматидан, Сенинг ваҳдониятингга ва менинг етказишимга шаҳодат келтирганлардан қабул қил», деганлар.
Энди сўйилган ҳайвоннинг ҳалол бўлиши учун «Бисмиллаҳ»ни айтилишидан кейинги иккинчи шарти, сўювчига қўйилган, «Сўювчи мусулмон ёки китобий бўлиши шарт»лиги ҳақида ҳам қисқача гапириб ўтайлик.
Сўйювчи мусулмон бўлиши ва сўйиш пайтида «Бисмиллаҳ»ни айтиши шартлиги ҳаммага маълум.
Аҳли китобнинг сўйгани ҳалол бўлиши «Моида» сурасидаги:
«Бугунги кунда сизларга пок нарсалар ҳалол қилинди. Китоб берилганларнинг таоми сиз учун ҳалолдир. Сизнинг таомингиз улар учун ҳалолдир» ояти каримасига биноандир.
Булардан бошқаларнинг, жумладан, муртад ва динсизларнинг сўйиши ҳам ҳаромдир.
Аҳли китобнинг аёллари сўйган нарса ҳам, худди муслима аёллар сўйган нарса каби ҳалолдир. Шунингдек, балоғатга етмаган болаларники ҳам.
Мажусий ва муртад овлаган балиқ ва чигиртка ҳалолдир. Чунки у нарсаларга «Бисмиллаҳ» айтиш шарт эмас.

Шадод ибн Авс розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. «Икки нарсани Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ёдлаб олдим, у зот:
«Албатта, Аллоҳ ҳар бир нарсага яхшиликни ёзгандир. Агар қатл қилсангиз, қатлни яхшилаб қилинг! Агар сўйсангиз, сўйишни яхшилаб адо этинг! Ҳар бирингиз пичоғини ўткир қилсин ва сўйиладиганни роҳатлантирсин!» дедилар
». Бешовлари ривоят қилган.
Шарҳ: Ушбу ҳадиси шариф Ислом дини яхшилик дини эканининг улкан шиорларидан биридир. Ислом ҳар бир нарсада, ҳар бир ишда, ҳар бир тасарруфда, ҳар бир ҳаракатда яхшилик бўлишининг тарафдоридир. Бировни қатл этиш энг ночорликдан қилинадиган иш. Ҳаддан ташқари катта гуноҳ содир этган, одамлик доирасидан чиқиб кетганларгина қатл жазосига ҳукм қилинадилар. Ундоқ кишиларга бошқа тузум ва низомларда ҳар қанча қўпол муомалани, эсидан чиқмайдига қилиб «кунини кўрсатиб қўйишни» раво кўрилиши мумкин. Аммо, Исломда бунга йўл йўқ. Ноиложликдан ўлимга ҳукм бўлдими, энди, энг осон йўл билан ўлдириш керак.
Ҳайвон сўйишда ҳам шу гап. Бошқалар турли-туман услубларни қўллайдилар. Энг кўп эътибор берадиган нарсалари сўювчига осонлик яратиш бўлиши мумкин.
Аммо Ислом сўйиладиган ҳайвонни роҳат қилдириб сўйишни талаб қилади. Шунинг учун ҳам Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Агар сўйсангиз, сўйишни яхшилаб адо этинг! Ҳар бирингиз пичоғини ўткир қилсин ва сўйиладиганни роҳатлантирсин!» дедилар».
Ҳаттоки, пичоқни ҳайвоннинг олдида қайрашга рухсат берилмайди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳайвонни ётқизиб қўйиб пичоғини қайраётган одамга:
«Буни ётқизишингдан олдин қайрасанг бўлмасмиди!» деганлар.
Шунингдек, бир ҳайвоннинг ҳузурида иккинчисини сўйишга ҳам рухсат берилмаган.
Ҳайвоннинг томоғига пичоқ тортганда суякка етказиб юборилмайди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳайвонни сўйганда пичоқни оқ мия деб аталувчи, умуртқа поғанадаги оқ нарсага етказиб пичоқ тортишдан қайтарганлар. Чунки, бунда ҳайвонни ортиқча азоблаш бордир.
Ҳайвоннинг бўғизига пичоқ тортгандан кейин танаси совумагунча, калласини узиш ва терисини шилиш ҳам мумкин эмас. Бунда ҳам уни азоблаш бордир.

Ибн Умар розияллоҳу анҳу Яҳъё ибн Саъиднинг ҳузурига кирса, унинг болаларидан бир ўғли товуқни боғлаб қўйиб унга тош отаётган экан. Ибн Умар бориб, уни ечдилар ва уни ҳам, болани ҳам олиб келиб: «Ўғлингизни манабу қушни қийнаб ўлдиришдан зажрла қайтаринглар! Мен Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни ҳайвон ёки бошқа жониворни қийнаб ўлдиришдан қайтарганларини эшитганман», деди». Учовлари ривоят қилган.
Шарҳ: Саҳобаи киромларда ҳар бир мусулмонда бўлиши лозим яхши сифатларнинг барчаси мавжуд эди. Айниқса, улар шариатга хилоф ҳеч бир ишга тоқат қила олмас эдилар. Ўзлари кўрган, билган ҳар бир хатони дарҳол Ислом таълимотларига мос равишда тўғрилашни муқаддас бурчлари деб билар эдилар.
Мана ўша улуғ ва саодатли авлоднинг бир вакили, Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу «Яҳъё ибн Саъиднинг ҳузурига кирса, унинг болаларидан бир ўғли товуқни боғлаб қўйиб унга тош отаётган экан».
Ҳазрати Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу бу номаъқул ҳолни кўришлари билан ҳамма нарсани йиғиштириб қўйиб, дарҳол уни тўғрилашга киришдилар. Бевосита номаъқул иш содир бўлаётган жойга етиб бордилар. Болани товуқни азоблашдан ман қилдилар ва «бориб, уни ечдилар ва уни ҳам, болани ҳам олиб келиб:
«Ўғлингизни манабу қушни қийнаб ўлдиришдан зажрла қайтаринглар! Мен Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни ҳайвон ёки бошқа жониворни қийнаб ўлдиришдан қайтарганларини эшитганман», дедилар.
Ибн Умар ёш болани мункар ишдан қайтарибгина кифояланиб қолмадилар. Балки унинг отаси ва оиласидаги бошқа катталарни ҳам танқид қилдилар, уларни бола табиясига масъулият билан қарашга чақирдилар.
Бугунги кун истилоҳи билан айтадиган бўлсак, катталарга ёш авлодга қандоқ қилиб экологик билим бериш бўйича кўргазмали дарс бердилар.
Агар ҳозирги авлод мусулмонларида ушбу нарса мужассам бўлганида мусулмон оламида табиатни муҳофаза қилиш бўйича ҳеч муаммо бўлмас эди. Мусулмонлар дунё халқларига бу борада ўрнак бўлар, керак бўлса, дарс берар эдилар.
Ушбу ҳадиси шарифдан олинадиган фойдалар:

1. Ҳеч бир ҳайвонни қийнаш мумкин эмаслиги.
2. Мусулмон киши ношаръий ишни кўрганда тўғрилашга уринмоғи лозимлиги.
3. Ёш болаларга катта ёшдагилар ҳар бир нарсани шариатга мувофиқ қилиб ўргатиб боришлари зарурлиги.
4. Исломнинг ҳайвонот оламини муҳофаза қилишга катта эътибор берганлиги.

АҲЛИ КИТОБНИНГ СЎЙГАНИ ҲАЛОЛ

Ибн Аббосдан Аллоҳ таолонинг: «Аллоҳнинг исми зикр қилинган нарсадан енглар!» ва «Аллоҳнинг исми зикр қилинмаган нарсаларни еманглар» деган қавллари ҳақида қуйидагилар ривоят қилинади: «Иккиси насх ўлароқ, «ва китоб берилганларнинг таомлари сиз учун ҳалолдир» қавли ила ундан аҳли китобнинг сўйгани истисно қилинди». Абу Довуд ривоят қилган.
Шарҳ: Ушбу ривоятдаги Ибн Аббос розияллоҳу анҳунинг «насх ўлароқ» деган гапларидан бекор қилинди, амалдан қолди, деган маъноларни тушиниш керак эмас. Чунки Саҳобаи киромлар «насх» сўзини бир неча маъноларда, жумладан, истисно мъносида ҳам ишлатишган.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда: «Аллоҳнинг исми зикр қилинган нарсадан енглар!» ва «Аллоҳнинг исми зикр қилинмаган нарсаларни еманглар» деган оятларни нозил қилганидан кейин, Аллоҳ таолонинг номини айтмай сўйилган ҳайвон гўштини емоқ мутлақо мумкин бўлмай қолган. Кейинроқ, «ва китоб берилганларнинг таомлари сиз учун ҳалолдир» ояти нозил бўлгандан кейин эса, аҳли китоб - насоро ва яҳудийлар сўйган нарсалар юқоридаги умумий ҳукмдан истисно қилиниб, Аллоҳнинг исми зикр қилинмаган бўлса ҳам ҳалол ҳисобланадиган бўлган.
Аллоҳ таоло бу ҳукмни шариатга улкан ҳикматлар юзасидан киритгандир. Ана шу масалани ўрганиб чиқайлик.
Бунинг учун аҳли китобнинг сўйгани ҳалол бўлишини батафсил баён этишга тўғри келади. Чунки бу борада кишилар орасида англашмовчиликлар анчагина.
Аллоҳ таоло «Моида» сурасида қуйидагиларни айтади: «Бугунги кунда сизларга пок нарсалар ҳалол қилинди. Китоб берилганларнинг таоми сиз учун ҳалолдир. Сизнинг таомингиз улар учун ҳалолдир».
Бу ояти кариманинг аввалида: «Бугунги кунда сизларга пок нарсалар ҳалол қилинди», деб ҳалол-ҳаром масаласида ғайридин миллатлар билан ҳам ўзига хос муомалалар, кенгчиликлар борлиги эслатилиб, бу ҳақда баъзи ҳукмлар баён қилинмоқда: «Китоб берилганларнинг таоми сиз учун ҳалолдир. Сизнинг таомингиз улар учун ҳалолдир».
Ислом мусулмонларга номусулмонлар билан бирга тинч-омон яшашга рухсат берган. Лекин шунинг ўзи етарли эмас. Модомики мусулмонлар жамиятда бошқа дин вакиллари билан биргаликда яшар эканлар, табиийки, ўртада турли шаклда яқин алоқалар бўлиши, ўзаро борди-келди қилишлари мумкин. Шундан келиб чиқиб, мусулмонларга аҳли китобларнинг сўйган сўйишлари ҳалол қилинган.
Бу оятда «таом» сўзи қўлланган, аммо ундан аҳли китобларнинг барча таомлари, жумладан, чўчқа ёки бошқа ҳаром ҳайвонларнинг гўшти, ароққа ўхшаш ичимликлари ҳам ҳалол экан-да, деб тушунилмаслиги керак. Бу нарсаларнинг ҳаромлиги ўз-ўзидан ҳаммага маълум.
Асли ўзи ҳалол бўлган бошқа нарсалар ҳақида ҳам аввал айтиб ўтилди.
Демак, бу ерда гап гўшти асли ҳалол бўлган ҳайвонлар аҳли китобларнинг динлари асосида сўйилган бўлса, ҳалол бўлишлиги ҳақида кетмоқда.
Баъзи кишилар: «Сизнинг таомингиз улар учун ҳалолдир», дейишлик нима учун керак бўлди экан? Улар Қуръон ҳукмига амал қилишмайди-ку? Ҳалол-ҳаромнинг фарқига ҳам боришмайди-ку, дейишлари мумкин.
Уламоларимиз бунга жавобан: «Мазкур хитоб мўминларга қаратилган, сизлар ҳам уларга ўз таомингиздан берсангиз бўлаверади, деганидир», дейдилар.
Имом ат-Табароний ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам мажусийлар ҳақида гапириб туриб:
«Улар билан аҳли китобларга қилган муомалани қилинглар. Фақат аёлларини никоҳлаб олманглар ва сўйишларини еманглар», деганлар.
Бундан аҳли китоб, яъни, насоро ва яҳудийларнинг аёлларига уйланиш ва сўйган ҳайвонларини ейиш жоизлиги келиб чиқади.
Агар Насроний киши Ийсо алайҳиссаломнинг номларини айтиб сўяётганини мусулмон киши эшитиб қолса, унинг учун ўша сўйилган ҳайвоннинг гўшти ҳаром бўлади, дейдилар уламоларимиз.
Агар насроний шахс «Бимиллаҳ» деса-ю, Ийсо алайҳиссаломни қасд қилса, гўшт ҳалол, чунки бундай ҳолатда зоҳирига қараб ҳукм қилинади.

ХУЛОСА

Уламоларимиз ҳайвон сўйиш ҳукмига оид барча ояти карима ва ҳадиси шарифларни синчклаб ўрганиб чиққанларидан кейин сиз билан бизга уларни қисқа ва тартибли равишда баён қилиб берганлар. Келаси сатрларда мазкур маълумотлардан баъзиларини эътиборингизга ҳавола қиламиз.
Сўювчилар уч қисмга тақсимланади;
Сўйиши ҳалол бўлганлар.
Сўйиши ҳаром бўлганлар.
Сўйиши ҳақида ихтилоф бўлганлар.
Сўйиши ҳалол бўлганлар қуйидагилардан иборат;
Мусулмон, болиғ, оқил, эркак ва намозхон сўювчилар энг афзал сўювчилар ҳисобланадилар.
Сўйиши ҳаром бўлган сўювчилар қуйидагидан иборат;
Аҳли китоб бўлмаган кофир, мушрик, васаний, динсиз, муртад ва зиндиқ сўювчиларнинг сўйишини еб бўлмайди.
Сўйиши ҳақида ихтилоф бўлган сўювчилар қуйидагилар;
1. Аҳли китоб сўювчилар.
Улар яҳудий ва насоролардир. Ибн Аббос розияллоҳу анҳунинг таъбирлари ила айтилганда «Яҳудий ва Насронийларнинг сўйишлари уларнинг Таврот ва Инжилга иймон келтирганлари учун ҳалол қилингандир».
Аҳли китобларнинг ўз шариатларида ҳалол деб эътиқод қиладиган бизга ҳаром қилинмаган бўлса, жоиздир. Агар Аллоҳнинг исмини айтилгани маълум бўлмаса ҳам, канисаларига ёки ийдларига атаб сўйилган бўлса ҳам. Агар насроний Масийҳнинг номи билан, яҳудий Узйарнинг номи билан сўйса, бизга ҳалол бўлмайди.
Аммо Моликий ва Шофеъий фуқаҳолар баъзи ҳолатларда мазкур ҳукмларга хилоф қиладилар.
2. Мажусий сўювчи.
Мажусийлар аҳли китоб бўлмаганлари, мушрик бўлганлари учун уларнинг сўйишлари ҳалол ҳисобланмайди.
3. Аёл сўювчи.
Исломда аёл кишини ўзига хос бўлмаган ишга таклиф қилиш яхши ҳисобланмайди. Одатда ҳайвонларни сўйиш иши ҳам аёллларнинг латофатларига зид иш ҳисобланганидан уларни эҳтироми юзасидан сўйиш ишларига таклиф қилинмаган.
Аммо аёл кишининг сўйган сўйиши, агар аёл ҳайз кўрган ҳолда бўлса ҳам, жоиз. Эркак кишининг сўювчи бўлиши мустаҳаб, холос. Чунки у аёл кишидан кўра сўйиш ишларига муносиброқ.
4. Ёш бола сўювчи.
Агар ёш бола ўсмир бўлиб, оқу қорани ажратадиган ва ишларнинг фарқига борадиган бўлса, сўйиши ҳалол.
Аммо ёш бола кичкина бўлиб, нарсаларнинг фарқига бормайдиган бўлса, жумҳури фуқаҳолар қавли бўйича сўйиши ҳалол эмас.
Чунки унинг қасди йўқ, бисмиллаҳнинг фарқига бормайди ва сўйишни эплай олмайди.
Шофеъийлар бу масалада жумҳурнинг гапидан бошқа гапни айтганлар.
5. Мажнун сўювчи.
Мажнун кишининг сўйган гўшти жумҳури уламолар гапи бўйича ҳалол бўлмайди. Шофеъийлар бу масалада ҳам жумҳурнинг гапидан бошқа гапни айтганлар.
6. Маст сўювчи.
Маст кишининг сўйган гўшти жумҳури уламолар гапи бўйича ҳалол бўлмайди. Шофеъийлар бу масалада ҳам жумҳурнинг гапидан бошқа гапни айтганлар.
7. Ўғри сўювчи.
Биров бошқа одамнинг ҳайвонини ўғирлаб сўйса, ўша ҳайвоннинг гўшти бошқаларга ҳалол бўлади.
8. Куч билан тортиб олувчи сўювчи.
Биров бошқа одамнинг ҳайвонини зўравонлик қилиб куч билан тортиб олиб сўйса, ўша ҳайвоннинг гўшти бошқаларга ҳалол бўлади.
9. Мажбурланган сўювчи.
Бир кишининг ҳайвон сўйиш нияти йўқ бўлса ҳам бошқалар уни мажбурлаб сўйдирса, мазкур мажбурланган шахснинг сўйган сўйиши ҳам ҳалол бўлади.

Ҳайвон сўйишнинг суннатлари;

1. Сўйиш ишини кундуз куни бажариш суннатдир. Ҳанафий мазҳаби бўйича кечаси ҳайвон сўйиш макруҳи танзийҳийдир. Имом Табароний Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан келтирган ривоятда Пайғамбаримиз алайҳиссалом кечаси қурбонлик қилишдан қайтарганлари ҳақида сўзланган.
2. Сўювчи ҳам, сўйилаётган ҳайвон ҳам қиблага юзланган бўлиши. Ҳайвон сўйиш ҳам ибодат ҳисобланади. Ибодат эса қиблага қараб қилинади. Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳам сўйиш ишини адо этиш чоғида қиблага юзланиб қилганлар.
3. Сўйиладиган ҳайвонни мулойимлик билан чап биқинига ёнбошлатиш. Бошини юқори кўтариш. Сўювчи ҳайвоннинг ҳалқуми терисидан тортиб туриб ул ажрагандан кейин пичоқ тортади. Мол ва қўйларнинг ўнг оёғини бўшатиб типирчилашига имкон яратилса яхши бўлади.
4. Сўйганда томирларнинг ҳаммасини кесиш ва тез ҳаракат қилиш керак.
5. Пичоқни ҳайвонга кўрсатмай яхшилаб ўткирлаб олиш лозим. Бир ҳайвонни бошқасининг кўз ўнгида сўймаслик керак.
6. Ҳайвонга молойим муомала қилиш керак. Уни кўтариб ерга урилмайди. Оёғидан ушлаб судралмайди. Бу каби ишларнинг барчаси ҳайвонни ўлимидан олдин қийнаш бўлади.

Сўйишдаги макруҳ ишлар;

1. Сўйишни қибладан бошқа тарафга қаратиб сўйиш.
2. Қўй эчкиларни кўкрагига яқин жойдан, туя ёки жирафани жағига яқин жойидан сўйиш.
3. Ҳайвонни қийнаш.
4. Ҳайвонни бирор нарсанинг тиши, тирноғи ёки суяги билан сўйиш.

Сўйилган ҳайвоннинг ейиш ҳаром бўлган нарсалари;

Ҳанафий мазҳаби бўйича сўйилган барча ҳайвонлардан қуйидаги нарсаларни емоқ ҳаромдир;

1. Эркак ҳайвоннинг закари.
2. Эркак ҳайвоннинг икки мояги.
3. Урғочи ҳайвоннинг жинсий аъзоси.
4. Ҳайвондаги без.
5. Ҳайвондан оққан қон.
6. Ўт пуфак.
7.
Чунки Аллоҳ таоло «Аъроф» сурасида Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг васф қилароқ:
«Уларга покиза нарсаларни ҳалол қилиб, нопок нарсаларни ҳаром қиладиган», деган. Мазкур етти нарсалар ҳам нопок нарсалардир.
Мужоҳид розияллоҳу анҳудан келтирилган ривоятда Пайғамбаримиз алайҳиссалом мазкур етти нарсани емоқдан қайтарганлар.
Қушхоналардаги янгича сўйишлар ҳақида.
Уламоларимиз янгича қушхоналарда қўлланиладиган сўйиш услубларни яхшилаб ўрганиб чиқиб улар ҳақида ўз мулоҳазаларини айтганлар.
Ҳайвоннинг сўйиш пайтидаги қаршилигини синдириш учун сўйишдан олдин уни баъзи бир кимёвий моддаларни бериб хушидан кетказиш жоиз. Бу ишда ҳайвонга азоб бериш бўлмаслиги лозим. Фақат ҳайвонни сўйиш пайтидан унинг жони бўлиши ва қон отилиб чиқиши шарт.
Ҳайвонни ўқ отиб йиқитиш, ёғоч, темир ёки болта каби нарсалар ёки электр токи билан уриб йиқитиш шариат бўйича ҳаромдир. Бу ишларни қилган одамлар гуноҳкор бўладилар. Аммо мазкур ишларни қилиш туриб ҳайвонни жони борида шаръий қилиб сўйиб олинса, ҳалол бўлаверади.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Дастлаб Қуръондан бошқа нарса ёзилмагани маълум ва машҳур. Кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратлари ёзилди. Сўнгра ҳадис тадвин қилинди. давоми...

5986 13:00 / 19.12.2018
1. Таҳийяти масжид намози. . . Абу Қатода розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам .Қачон бирингиз масжидга кирса, давоми...

2311 19:00 / 30.03.2023
Эркак кишининг аврати киндиги остидан то икки тиззасининг остигачадир. Бу ҳукмнинг далили қуйидагилар . ,. Имом Дора Қутний Абу Айюб розияллоҳу давоми...

3806 19:23 / 14.10.2021
Барча уламолар маййитнинг дуо, истиғфор, садақа ва ҳаж каби баданиймолиявий ибодатлардан манфаат олишига иттифоқ қилганлар. Уламолар намоз ва Қуръон қироати давоми...

1388 19:00 / 25 апрель