1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Фиқҳ

ФИҚҲ ИЛМИНИНГ АҲАМИЯТИ

05:00 / 17.01.2017 5118 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бу илмнинг аҳамиятини билиш учун маълум бир муддатга уни бутунлай унутайлик ва фақиҳлардан содир бўлган ҳар бир маълумотдан фойдаланмасликка аҳд қилайлик. Фиқҳ илмининг аҳамиятини яхшироқ англаб етиш учун фақат биргина мисол келтириш билан кифояланишни келишиб олайлик. Келинг, ўша масала таҳоратда юзни ювиш бўлсин. Табийки, аввало Қуръони Каримни қўлга оламиз. Аммо муқаддас китобимизда «Таҳорат китоби» номли сурани топа олмаймиз. Зотан, Аллоҳнинг китоби бу каби масалалардан олийдир.

Нима қиламиз? Қуръони Каримни тўлиқ ёддан бўлмаймиз. Ёд билганларимиз, маъносини билмайди. Бир иложини қилиб «юз» сўзи бор оятларни топамиз. Уларнинг ичидан «юз ювиш» ҳақида сўз юритилган оятни топамиз.
Аллоҳ таоло «Моида» сурасида:

«Эй иймон келтирганлар, намозга турган вақтингизда юзларингизни ва қўлларингизни чиғаноқларигача ювинг, бошларингизга масҳ тортинг ва оёқларингизни тўпиқларигача (ювинг)», деганлигини биламиз.
Мана, Қуръонда таҳорат қилган одам юзини ювиши ҳақида амр бор экан, деймиз.
Бу маълумот бизга озроқ кўринади ва ҳадисларга мурожат қилишга ўтамиз. Фиқҳий боблар асосида жамланган ҳадис китобларида фақиҳларнинг тасири бор деб бошқа услубда жамланган ҳадис китобларига қарайдиган бўлсак, ўзимизга керак ҳадисларни топа олмай гаранг бўламиз. Охири, бир амаллаб ўзимизга керакли ҳадисларни топамиз ва юзни ювиш ҳақидаги ибораларга синчковлик билан назар соламиз.
Усмон розияллоҳу анҳунинг озод қилган қули Ҳумрон розияллоҳу анҳудан риоят қилинади: «Усмон таҳоратга сув чақирди ва таҳорат қилди: Икки қўлини уч марта ювди. Сўнгра оғзини чайқади ва бурнига сув олиб тозалади. Кейин юзини уч марта ювди. Сўнгра ўнг қўлини чиғаноғи билан уч марта ювди. Кейин чап қўлини ҳам шунга ўхшатиб ювди. Сўнгра бошига масҳ тортди. Кейин ўнг оёғини тўпиқлари билан уч марта ювди. Сўнгра чап оёғини ҳам шунга ўхшатиб ювди. Кейин:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни менинг ушбу таҳоратимга ўхшатиб таҳорат қилганларини кўрдим», деди ва «Ким менинг ушбу таҳоратимга ўхшатиб таҳорат қилса ва туриб бориб икки ракъат намоз ўқисаю, унда бирор нарсани кўнглидан ўтказмаса, ўтган гуноҳлари мағфират қилинади», деб қўшиб қўйди». Бешовлари ривоят қилган.
Бу ҳадиси шарифдан таҳорат қилишни мукаммал ўрганиш билан бирга аъзоларни, жумаладан, ўзимиз баҳс қилаётган юзни ҳам уч марта ювишни ўрганиб олдик. Бу, албатта, араб тилини яхши билган кишиларга муяссар бўладиган иш.
Энди худди шу масаланинг ўзини фиқҳ илми устозлари юқоридаги оят ва ҳадисдан қандай тушунганлари билан танишиб чиқайлик.
Бунинг учун, элимизда маълум ва машҳур бўлган фиқҳ китоби «Мухтасари Виқоя»нинг матни ва шарҳидан фойдаланамиз.
«Бас, таҳоратнинг фарзи юзни сочдан қулоққача ва жағнинг тагигача, икки қўл ва икки оёқни чиғаноқлари ҳамда тўпиқлари билан ювмоқ. Бошининг тўртдан бирига ва соқолидан башарасини тўсиб турганига масҳ тортмоқдир».
Демак, юзни ювиш таҳоратнинг фарзларидан бири экан. Бу амалнинг фарз эканини фақиҳлар узоқ ва машаққатли таҳлиллардан кейин аниқлашган. Сиз билан биз бу ҳақда ўйлаб ҳам кўрмаган эдик. Чунки, Қуръони Каримда ҳам, ҳадиси шарифда ҳам таҳоратда юзни ювиш фарз деган гап йўқ. Зотан, бу нарса уларнинг вазифаси ҳам эмас. Юзни ювиш ҳақидаги гап Қуръони Каримда буюруқ майлидаги феъл ила ифода этилган, Аллоҳнинг буюриғи фарз бўлади, дейдиган бўлсак, бошқа оятларда буюруқ майлида келган феъллар фарзни ифода қилмаганини кўрамиз.
Мисол учун «Жума» сурасидаги: «Бас, намоз тугагандан сўнг ер юзи бўйлаб тарқалинг» деган оятни олиб кўрайлик. Ушбу ояти каримадаги илоҳий фармонга биноан, намоз тугагандан кейин ҳамма тарқалиб кетиши лозим. Аммо амалда бу ҳолни кўрмаймиз. Тарқалган тарқалади, қолганлар ибодат, дуо каби ишлар билан машғул бўлиб ўтирсалар ҳечқиси йўқ.
Ёлғиз Аллоҳнинг охириги китоби Қуръонда буюруқ майлида келган икки феълнинг бири фарзни, иккинчиси мубоҳни англатишини сиз билан биз қаердан била оламиз? Аммо фақиҳлар буни ўз қоидаларни ишга солиб, барча бунга оид нарсаларни чуқур таҳлил қилиб ҳаммасини ўз жойига қўйганлар.
Икки оятни ва унда зикр қилинган талабни атрофлича чуқур ўрганиб чиқиб таҳоратда юзни ювиш фарз эканини, жума намозини ўқиб бўлганидан кейин тарқалиш фарз эмаслиги аниқлаганлар.
Ўрганаётган оят ва ҳадисимиздан таҳоратда юзни ювиш борлигини билган эдик. Аммо фақиҳларни ўша нарсани:
«Юзни сочдан қулоққача ва жағнинг тагигача ювмоқ», демоқдалар. Улар «юз» араб тилида нимани ифода қилишини арабларнинг асл луғатларидан ўрганишган ва уларда қўйидаги баёнотни топишган:
«Юзнинг узунасига бўлган чегараси пешонанинг соч ўсган жойидан жағнинг остигачадир. Юзнинг кўндалангига чегараси бир қулоқнинг юмшоқ жойидан иккинчи қулоқнинг юмшоқ жойигачадир».
Бу билан ҳам кифояланиб қолмасдан фақиҳлар юзга оид майда аъзоларни ҳам аниқлаб, айтиб ўтишган ва таҳоратда уларни ювиш ҳам фарзлигини баён қилишган:
«Икки лабнинг ва буруннинг уст қисмлари ҳам юздан ҳисобланади. Қош, киприк, мўйлаб, юздаги қиллар, пастки лабнинг ўртасига чиқадиган жунлар ва соқолнинг юздаги қисмини ювмоқ ҳам фарздир».
Оят ва ҳадисдаги «юз» сўзини қойилмақом қилиб англатиб бўлган фақиҳ сўнгра «ювиш»ни таҳлил ва тадқиқ қилишга ўтади. Бу сўзни ҳам таҳоратга оид маъносини:
«Бу ердаги ювишдан мурод аъзодан камида икки қатра томадиган даражада сувни ўтқазиш ёки қуйишдир», деб баён қилади.
Кейин неча марта ювишнинг ҳукмини айтади:
«Аъзоларнинг бир марта ювмоқ фарздир, уч марта ювмоқ суннатдир».
Бир марта ювиш Қуръоннинг амрига биноан фарз, уч марта ювиш Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг ҳадисларига биноан суннат.
Шу билан, мисолимизга якун ясаймиз ва инсоф билан тафаккур қилишга киришамиз. Битта ишнинг оят ва ҳадис бўйича англаб етишда фақиҳларнинг хизматлари шунчалар катта бўлса, диний аҳкомларнинг барчасини тушуниб етишдаги хизматларини ҳар ким ўзи билиб олаверсин.
Оят ва ҳадисда келмаган ҳукмларни айтиб ўтиришга ҳожат бўлмаса ҳам керак. Йўқ! Келинг, бу борада ҳам жуда қисқача бўлса ҳам фақиҳларнинг беқиёс хизматларини тўлиқ англаб етиш учун бир икки мисолни кўриб чиқайлик.
Фақиҳлар нафақат оят ва ҳадисларни балки, шаръий масалаларга боғлиқ сиз билан бизга энг арзимаган бўлиб кўринадиган нарсаларни ҳам мислсиз диққатлик билан ўрганадилар. Ўрганибгина қолмай, уларга шаръий ҳукмларни ҳам чиқарадилар.
Мисол учун, имом Ибн Нужайм ўзининг «ал-Ашбоҳ ван Назоир» китобида қуйидаги масалани зикр қилган:
«Агар қудуққа бутун тезак тушса, уни нажас қилмайди. Яримтаси тушса нажас қилади. Фарқ шулки, бутун тезак қудуққа тушганда уни тарқалишини ман қиладиган пардаси бўлади, яримта тезакда эса у бўлмайди».
Ҳайвондан тушадиган тезакда ундаги нажасни тарқалиб кетишини ман қиладиган парда бўлишини умримизда ўйлаб кўрмаган бўлсак керак. Ўша парда йиртилганда нажса сувга тарқалишини ҳам хаёлимизга келтирмаган бўлсак ажаб эмас.
Аммо муҳтарам фақиҳларимиз буни аллақачон ўрганиб чиқиб китобларига ёзиб қўйганлар.
Фақиҳларимиз одамларнинг оғизларидан чиқадиган ҳар бир сўзнинг фарқини ва ундан чиқадиган ҳукмларни ажойиб тарзда йўлга қўйганлар.
Эски фиқҳ китобларимизда, бир киши отдан тушсам, хотиним талоқ бўлсин, деган одамнинг ҳукми нима бўлади, деган масала ўртага қўйилган. Отдан тушмаса бўлмайди. Отдан тушса, хотини талоқ бўлади.
Фақиҳлар учун бу масалани ечиш ҳеч гап эмас. Улар ўша одамнинг отини бирор дарахга яқин олиб борилсин ва у отдан эмас дарахтдан тушсин, ҳач нарса бўлмайди дейдилар.
Мана сизга, фиқҳ илмининг аҳамияти!
Мана сизга, фақиҳларнингн хизмати!
Муҳтарам китобхон!
Жанобингиз Қуръони Карим оятлари, уларнинг маънолари ва тафсирлари билан таниш бўлсангиз керак.
Шунингдек, ҳадиси шарифлар ва уларнинг шарҳларини ҳам ўқиган бўлсангиз керак.
Ушбу камтарона китобни диққат билан ўқисангиз, аввалги тушунчаларингиз билан фиқҳий тушунча орасидаги фарқни яққол сезишингиз турган гап. Ҳа, беҳудага фиқҳни дақиқ маъноларни англатувчи илм деб аталмаган!
Ана шундагина фиқҳнинг ва фиқҳий мазҳабларнинг қадрига етишимиз мумкин бўлади.

"КИФОЯ" китобидан

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ҳанафий мазҳаби бўйича, кафан уч турга зарурат кафани, кифоя кафани ва суннат кафанига бўлинади. 1. Зарурат кафани. Зарурат ва ожизлик бўлганда эркак ва аёлга давоми...

1822 19:00 / 16 февраль
Ҳар бир ошланмаган тери ошланса, пок бўлади. Фақат чўчқа ва одамнинг териси бундан мустасно.Бунда ошлашнинг барча турлари кўзда тутилган. Нима қилса ҳам терининг давоми...

3779 13:22 / 15.10.2020
.Радд, луғатда .қайтариш, маъносини англатади.Мерос илми истилоҳида эса авлнинг тескарисини билдиради. Бунда насибалар улушлардан ортиб қолиб, асабалар давоми...

1407 16:00 / 25.05.2020
Бунда пешин ва аср ҳамда шом ва хуфтон намозларини қўшиб, биринкетин, бир вақтда ўқиш кўзда тутилгандир. Бошқа мазҳабларда сафардаги одамга пешин билан асрни ва давоми...

2194 18:39 / 06.10.2023