1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Савол жавоб

Шерикликка суғориш ва чамалаш

17:48 / 19.09.2017 3744 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

«Шерикликка суғориш» деган жумладан шерикликка боғдорчилик қилиш тушунилади. Масалан, бир кишининг боғи бор. Уни боғбонга бериб, олинадиган ҳосилни ўртада маълум миқдорда бўлиб олишга келишиб олади.

Араб тилида «харс» деб мевани дарахтда турганида тахмин билан ўлчашга дейилади. 

1759. Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: 

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Хайбарни ундан чиқадиган мева-зироатнинг ярмига муомала қилдилар. Бас, у зот ҳар йили ўз завжалари(дан ҳар бири)га юз васақ: саксон васақ хурмо ва йигирма васақ арпа берар эдилар. Умар ишни қўлга олганда Хайбарни тақсимлади. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аёлларига ер ва сув ёки ҳар йилги васақларни олиб туришдан бирини ихтиёр қилишга ҳақ берди. Бас, улардан баъзилари ер ва сувни, баъзилари эса ҳар йилги васақларни олиб туришни ихтиёр қилдилар. Оиша ва Ҳафса ер ва сувни ихтиёр қилганлардан эдилар». 

Тўртовлари ривоят қилганлар.

Шарҳ: Мадинаи мунавварага яқин бўлган Хайбар номли жойда яҳудийлар яшар эдилар. Уларнинг хиёнатлари ва айблари туфайли Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам уруш қилиб, ерларини ўлжага олганлар. Шу билан бирга, шартнома тузиб, мусулмонларга мулк бўлиб қолган ер ва боғларни шерикчилик асосида яҳудийларга берганлар. 

Шартномага биноан, зироатчилик ва боғдорчиликдан чиққан ҳосилни тарафлар тенг ярмидан бўлиб олар эдилар.

Мана шу жойда ерни фақат нақд пулга эмас, балки шерикчилик асосида ундан чиққан ҳосилни бўлиб олиш шарти билан ҳам бошқага бериб, шерикчилик зироати қилиш мумкинлиги яна бир бор такрорланмоқда. 

Шу билан бирга, шерикчиликка боғдорчилик қилиш, бундан ташқари, шерикчилик ғайридийн кишилар билан ҳам бўлиши мумкин экан.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам аҳли аёлларининг нафақаларини ана шу Хайбардан тушадиган ҳосилдан олар эдилар. У зот завжаи мутаҳҳараларидан ҳар бирларига маҳсулотдан юз васақдан берар эдилар. Ўша юз васақнинг саксон васақи хурмо, йигирма васақи арпа бўлар эди. (Бир васақ тахминан 165 килограммга тенг).

Ҳазрати Умар халифа бўлиб турган вақтларида Хайбар яҳудийлари яна хиёнат қилганлар. Шунда у киши уларни Хайбардан чиқариб юборганлар. Шунинг учун ер ва боғларда шерикчилик асосида иш олиб бориш шартномаси ҳам ўз кучини йўқотган. 

Ҳазрати Умар Хайбар ерларини мусулмонларга бўлиб берганларида «Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг завжаи мутаҳҳараларининг нафақалари нима бўлади?» деган савол пайдо бўлган. Ҳазрати Умар оналаримизга икки нарсадан бирини танлашни таклиф қилганлар. Хоҳласалар, бўлиб берилаётган ер ва сувдан ўз ҳақларини олсинлар, хоҳласалар, аввалгидек, тайёр маҳсулотдан васақларда олсинлар. 

Шунда оналаримиз турлича ихтиёр қилган эканлар. Оиша онамиз билан Ҳафса онамиз ер ва сув олишни танлаган эканлар.

 1760. «Ансорийлар Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга:

«Биз билан биродарларимиз орасида хурмоларни тақсим қилиб беринг», дейишди.

«Йўқ», дедилар у зот.

«Бизни меҳнатдан халос қилинглар, сизни мевага шерик қилурмиз», дейишди (ансорийлар).

«Эшитдик ва итоат қилурмиз», дейишди (муҳожирлар)».

Бухорий ривоят қилган.

Шарҳ: Ансорийларнинг ўз биродарлари, дийну диёнат учун Мадинага ҳижрат қилиб келган муҳожирларга нисбатан қилган фидойиликлари дунё тарихидаги энг нодир фидо­йиликлардан ҳисобланади. Ансорийлар ҳамма нарсаларини муҳожирларга тутганлар. Жумладан, ушбу ривоятда айтилаётганидек, хурмо ва бошқа боғларини ҳам бўлиб бермоқчи бўлиб, бу таклифни амалга оширишни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан илтимос қилганлар. Улар боғларининг ярмини муҳожир биродарларига бўлиб бермоқчи бўлганлар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ансорийларнинг бундан бошқа фидойиликларини ҳам етарли ҳисоблаб, боғларини бўлиб беришдан бош тортганлар.

Шундай бўлса ҳам, ансорийлар муҳожирларга яхшилик қилишнинг бошқа услубини топганлар. Уларнинг янги кўчиб келиб, иш топа олмай юрганларини ҳисобга олиб, «Сизлар бизнинг боғимизнинг хизматини қилинг, биз сизга боғнинг мевасидан хизмат ҳаққи берайлик», деганлар. 

Муҳожирлар бу таклифни жон деб қабул қилишган. Шу тариқа шерикликка боғдорчилик қилганлар. Бу иш кейинчалик шариат ҳукмига айланиб, «Шерикчиликка боғдорчилик қилиш мумкин», деган ҳукм чиққан.

 

1761. Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Аллоҳ Ўз Расулига Хайбарни «файъ» қилиб берди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларни қандай бўлсалар, шундай қолишларини таъминладилар ва уни Ўзлари билан уларнинг орасида (тенг шерик) қилдилар. Сўнгра Ибн Равоҳани юбордилар ва у бориб, харс қилиб (мевани шохида турганда тахмин билан қанча чиқишини ўлчаб) келди».

Бошқа бир ривоятда: 

«Ибн Равоҳа уни қирқ минг васақ, деб харс қилди. Кейин уларнинг ихтиёрига қўйди, улар мевани олдилар ва зиммаларига йигирма минг васақ тушди». 

Абу Довуд ривоят қилган. Аллоҳ олий ва билгувчироқдир.

Шарҳ: «Файъ» Аллоҳнинг ёрдами билан жангсиз таслим бўлган душмандан тушган ўлжадир. Жанг билан олинган ўлжа «ғанимат» дейилади ва бундай ўлжалар мужоҳид жангчиларга бўлиб берилади. Файъ эса Ислом давлатининг умумий мулки бўлиб қолади. Хайбар ҳам файъ бўлган. 

Шунинг учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам давлат бошлиғи сифатида Хайбар ерини яҳудийлардан қандай олинган бўлса, ўшандай қолдирганлар ва чиққан маҳсулотни тенг бўлиб олишга улар билан шартнома тузганлар. Бу эса аввал ҳам айтиб ўтилганидек, шерикчилик асосида бўлган. 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ислом давлати мулкига айланган Хайбар ерларини яҳудийларга тенг шерикликка деҳқончилик ва боғдорчилик қилиш учун берганлар. Яҳудийлар у ерларда ишлаб, ҳар йили чиққан ҳосилнинг ярмини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга берадиган бўлганлар.

Меваларга таъм кириб қолганда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Абдуллоҳ ибн Равоҳани юборганлар ва у киши харс, яъни мевазорларни бирма-бир айланиб, чиқадиган мевани чамалаб, тахмин қилганлар. Ушбу ривоятда айтилганидек, чамалаб туриб, «Қирқ минг васақ чиқади», деб айтганлар. Шундай қилинмаса, яҳудийлар мевани беркитиб олишлари, сотиб юборишлари мумкин эди. 

Кейин Абдуллоҳ ибн Равоҳа яҳудийларга «Хоҳласангиз, қийматини, хоҳласангиз, меванинг ўзини беринглар», деган. Яҳудийлар меванинг ўзини беришни танлаб, йигирма минг васақ мева берадиган бўлишган.

 

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Ҳадис ва ҳаёт китобидан)



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ҳозир ҳар хил хушбўй атирлар духилар, айниқса франсузчаси кўпайиб кетди. Улар таркибида оз миқдорда спирт қўшилган бўлади, дейишади. Биз, яъни намоз ўқийдиганлар давоми...

3708 16:04 / 24.04.2016
Ассалому алайкум Ҳурматли устозлар, яқинда намоз ўқишни бошладим. Саволим шуки, намоз ўқийдиган пайтимда ҳар хил хаёллар миямда айланаверади. Баъзи пайтлар давоми...

3090 07:53 / 18.10.2018
Ассаламу алайкум, ҳурматли Шайх Ҳазратлари Савол Барчамизга сир эмаски, ҳозир дунёда бўлаётган ишлар фитналар жуда ҳам хавфли бўлиб қолди. Илмсиз одамнинг адашиб давоми...

5222 21:16 / 22.04.2016
Ассалому алайкум Биламизки, кўп ёшларимиз диндан узоқлашиб кетишган. Ҳатто ғусл нималигини билмайдиганларни ҳам учратдим. Маълум бир сабабларга кўра, яъни узрсиз давоми...

2597 12:39 / 21.06.2019