1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Сийрат

Пайғамбар кўришни истаган қавм

18:00 / 05.09.2017 5380 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мақбарага кирдилар-да: «Ассалому алайкум, эй мўмин қавмлар диёри! Албатта, биз ҳам сизга қўшилувчимиз. Биродарларимизни кўрмоқни хуш кўрдим», дедилар.

«Эй Аллоҳнинг Расули, биз биродарларингиз эмасмизми?» дейишди.

«Сизлар саҳобаларимсиз. Биродарларимиз ҳали-ҳануз келганларича йўқ», дедилар.

«Эй Аллоҳнинг Расули, ўз умматингиздан ҳали-ҳануз келмаганларини қандай танийсиз?» дейишди.

«Айтинг-чи, бир одамнинг қоп-қора отлар ичида юзи ва оёқ-қўллари оппоқ порлаган отлари бўлса, у отларини таний оладими?» дедилар.

«Албатта, эй Аллоҳнинг Расули», дейишди.

«Албатта, улар таҳоратнинг асаридан юзлари ва оёқ-қўллари порлаган ҳолда келурлар. Мен уларни ҳовуз устида кутиб олувчиман. Огоҳ бўлингким, албатта, бир гуруҳ одамлар менинг ҳовузимдан худди қочган туя қайтарилгандек қайтарилурлар. Мен:

«Ҳой, бу ёққа келинглар!» деб уларга нидо қилурман. Шунда:

«Батаҳқиқ, улар сендан кейин ўзгартириб юбордилар», дейилади. Мен:

«Ундай бўлса, ҳалок бўлсинлар, ҳалок бўлсинлар», дейман», дедилар».

Муслим ва Насаий, баъзисини Бухорий ривоят қилганлар.

Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифда машҳур ҳодиса ва унда бўлиб ўтган гапларнинг баъзи тарафлари зикр қилинмоқда.

Аслида воқеа қуйидагича бўлган эди. Бир куни саҳобалар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни йўқотиб қўядилар. Бир-бирларидан сўраб-суриштирадилар. Кимдан сўрасалар, «Ҳозир шу ерда кўрган эдик», дейди. Сўраб-сўраб бориб, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни қабристондан топадилар ва «Эй Аллоҳнинг Расули, сизни йўқотиб қўйиб, кўнглимизга ҳар хил гаплар келди, хавотир олдик», дейишади. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мана шу ҳадисда келган гапларни айтадилар.

Ушбу ҳадисда зикр этилган, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам билан саҳобаи киромлар орасида бўлиб ўтган суҳбат ўша қабристонда бўлиб ўтган. Келинг, ушбу суҳбатни батафсил ўрганиб чиқайлик. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам даставвал қабристонни зиёрат қилиш одобига амал қилиб:

«Ассалому алайкум, эй мўмин қавмлар диёри! Албатта, биз ҳам сизга қўшилувчимиз», деб қабр аҳлига, мўмин-мусулмонларга салом бердилар. Сўнг:

«Биродарларимизни кўрмоқни хуш кўрдим», дедилар».

Саҳобалар ўзларини Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг биродарлари деб билар эдилар. Шунинг учун у зотнинг бу гапларидан ажаб­ландилар ва:

«Эй Аллоҳнинг Расули, биз биродарларингиз эмасмизми?» дейишди. У зот:

«Сиз саҳобаларимсиз, биродарларимиз ҳали-ҳануз келганларича йўқ», дедилар.

Яъни, сизлар суҳбатимни топган саҳобаларимсиз. Аммо биродарларимиз ҳали келганлари йўқ, ке­йинроқ келадилар, дедилар.

Бошқа бир ривоятда: «Мендан кейин келадилар, мени кўрмасдан, менга иймон келтирадилар», деганлар.

Бу гапдан кейин саҳобаларда янги савол пайдо бўлди. Улар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизни кўриб, таниб олганлар. Аммо ўзларидан кейин келган умматларини кўп халойиқнинг ичидан қандай таниб олар эканлар», деб ўйладилар ва:

«Эй Аллоҳнинг Расули, ўз умматингиздан ҳа­ли-ҳануз келмаганларини қандай танийсиз?» дейишди.

Албатта, гап қиёмат куни ҳақида кетмоқда. Чунки у кундан бошқа вақтда кўришишнинг, танишишнинг имкони йўқ. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу саволга мисол келтириш билан жавоб бердилар:

«Айтинг-чи, бир одамнинг қоп-қора отлар ичида юзи ва оёқ-қўллари оппоқ порлаган отлари бўлса, таний оладими?» дедилар. Саҳобалар:

«Албатта, эй Аллоҳнинг Расули», дейишди. Шунда Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Албатта, улар юзлари ва оёқ-қўллари таҳо­ратнинг асаридан порлаган ҳолда келурлар», дедилар.

Яъни, мендан кейин келган умматларим қиёмат куни куфр ва гуноҳдан қоп-қора бўлиб кетган одамлардан ажралган ҳолда, таҳорат қилганда сув теккан жойлари, юзлари ва оёқ-қўллари гўзал бўлиб порлаган ҳолларида келурлар. Мен уларни ана ўша аломатларидан таниб олурман, дедилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бу гаплари таҳоратнинг нақадар фазилатли эканини кўрсатади. Мўмин-мусулмон одам намоз ўқиши, тавоф қилиши ва Қуръон ушлаши ва ўқиши учун таҳорат қилмоғи шарт. Умуман, доимо таҳоратли юриш эса фазилатдир. Таҳоратнинг фазллари жуда кўп. Жумладан, таҳорат қилган одам ҳар аъзосини ювганда ўша аъзолардаги гуноҳлар тўкилиши ҳақида ҳадислар бор. Аммо бу ҳадисда ҳақиқий мўмин-мусулмон одамда таҳоратининг асари қиёмат куни қандай зоҳир бўлиши баён қилинмоқда.

Қиёмат қоим. Ҳамма ёқда мисли йўқ алғов-далғов. Одам Атодан тортиб, то қиёматгача яшаб ўтган халойиқ қайта тирилтирилиб, Маҳшаргоҳга тўпланган. Қиёматнинг даҳшатидан гўдакларнинг сочи оқарган, эмизикли аёллар ўз боласини унутган. Ота болани, бола отани танимайди. Ҳамма ўзи билан ўзи овора. Биров-бировни таниши у ёқда турсин, кўрмайди ва сезмайди ҳам. Ана шундай тўс-тўполоннинг ичида, шунча халойиқнинг орасида фақат бир киши ўз одамларини осонгина таниб олади. У зот Роббил оламиннинг ҳабиби Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдирлар. Аллоҳ таоло ¤з ҳабиби учун умматларини осон таниб олишни таъминлаган. Ажойиб, гўзал бир аломат қилиб қўйган. Бу аломат мўмин банданинг бу дунёда иймон ва ихлос билан қилган таҳорати асаридир. Қиёмат куни мўмин банданинг таҳорат қилганда сув теккан аъзолари оппоқ бўлиб порлаб туради.

Кофирлар, мунофиқлар, бетаҳоратлар юзлари, баданлари, оёқ-қўллари қоп-қора ҳолатда, хору зор юрган бир пайтда мўминларнинг юзлари, оёқ-қўлларидан нур порлаб туради. Маҳбуб пайғамбарлари уларни ана ўша нурдан таниб оладилар. Шунинг учун ҳам таҳоратни кўпроқ қилиш, ҳамиша таҳоратли юриш керак. Ким бу ишни кўпроқ қилса, қиёмат куни юзи, қўл-оёқларидан порлайдиган нури кўп бўлади, оз қилса, оз. Қилмаса, нури умуман бўлмайди. Расулуллоҳ уни танимайдилар.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадиснинг давомида таҳорат асаридан юзи, оёқ-қўллари порлаб турган умматларини қаерда кутиб олишларини ҳам айтмоқдалар:

«Мен уларни ҳовуз устида кутиб олувчиман».

Бу ҳовуз ҳақида ўттиздан ортиқ соҳобалардан турли ҳадислар ривоят қилинган.

Имом Бухорий ҳазрати Анас ибн Молик рози­яллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пай­ғам­баримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Менинг ҳовузимнинг миқдори Ийладан Яманнинг Санъо­сигачадир. Ундаги кўзалар юлдузларнинг ададичадир», деганлар.

Ҳовуз ҳақидаги ҳадисларнинг умумий маъносидан қуйидаги маълумотлар келиб чиқади: бу ҳовуз жуда улкан, муҳтарам бир жойдир. Унга жаннатдаги Кавсар анҳоридан шароб оқиб келади. Унинг шаробининг ранги сутдан оқ, муздан совуқ, асалдан ширин, мушкдан кўра хушбўйдир. У жуда кенг бўлиб, бўйи билан эни тенгдир.

Имом Термизий ривоят қилган ҳадисда: «Ҳар бир Пайғамбарнинг ҳовузи бордир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳовузлари энг каттаси, энг ширини ва энг кўп одам келадиганидир», дейилган.

Бу ерда ҳам ўша ҳовуз ҳақида сўз кетмоқда. Мазкур ҳовуздан шароб ичиш жаннатийликнинг аломати, улкан бахт ва буюк саодатдир. Пайғамбаримиз ўша ҳовуз устида туриб, таҳорат асаридан юзлари, оёқ-қўлларидан нур таралиб турган умматларини кутиб оладилар. Бу дунёда Исломда бўлганлар таҳорат асаридан юзлари, оёқ-қўллари порлаган ҳолда келиб, устида Пайғамбарлари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам кутиб турган ҳовуз шаробидан ичиш бахтига муяссар бўладилар.

Аммо бошқача ҳолат ҳам бўлади. Бу кўнгилсиз ҳолатни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам қуйидагича васф қиладилар:

«Огоҳ бўлингким, албатта, бир гуруҳ одамлар менинг ҳовузимдан худди қочган туя қайтарилгандек қайтарилурлар».

Қочган туя ўзи хоҳлаган томонга кетаётганда йўлини тўсиб чиқиб, узоқдан ҳайдаб қайтарилади. Бахтли умматлар келиб, ҳовуздан шароб ичаётган бир пайтда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам фаришталар ҳовуздан шароб ичиш илинжида келаётган баъзи одамларнинг йўлларини тўсиб чиқиб, уларни худди қочган туяни қайтараётгандек ҳайдаб юбораётганларини кўрадилар. Кейин нима бўлишини қуйидагича баён қиладилар:

«Мен: «Ҳой, бу ёққа келинглар!» деб уларга нидо қилурман».

Яъни, Пайғамбаримиз ҳалиги одамларнинг қайтиб кетаётганларини кўриб, ўз ҳузурларига чақирадилар. У шўрликлар жавоб беришга ожизлар. Шунда фаришталар томонидан:

«Улар сендан кейин ўзгартириб юбордилар», дейилади.

Яъни, ўша ҳовуздан қайтарилаётганлар Пай­ғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан кейин­ эътиқодни, динга амал қилишни, Қуръон ва Сун­натни маҳкам тутишни ўзгартириб юборганлар. Улар эътиқодни бузганлар, Исломга амал қилмай қўйишган ёки баъзисига амал қилиб, баъзисига амал қилмайдилар. Шунинг учун улар ҳовуз олдидан худди қочган туя ҳайдалгандек қайтариб юбориладилар.

Бунга  Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васалламнинг нима дейишларини у зотнинг ўзларидан эшитайлик:

«Мен: «Ундай бўлса, ҳалок бўлсинлар, ҳалок бўл­синлар», дейман».

Яъни, йўқолсинлар, ҳовузга яқин келмасинлар, дейдилар. Демак, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларидан кейин нотўғри йўлга кетганлардан юз ўгирадилар. Эътиқодни, динни ҳамда Китоб ва Суннатга амал қилишни ўзгартирганларга ҳалокат тилайдилар.

Уларнинг ўзларининг ҳовузларидан шароб ичмасликларига рози бўладилар.

Ушбу ҳадисдан олинадигон фойдалар:

1. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мақбарани зиёрат қилганлар.

2. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларидан кейин келадиган мухлис умматларини «биродарларим» деб атаганлар ва уларни кўрмоқни орзу қилганлар.

3. Саҳобалар ушбу ҳодисагача ўзларини Расу­луллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга биродар ҳисоблаб юрганлар.

4. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни кўрмай туриб, у зотга иймон келтирган ва Исломга амал қилганларнинг алоҳида фазллари борлиги.

5. Қиёмат қоим бўлишининг ҳақлиги.

6. Қиёматда Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васалламга уммат бўлиш шарафига эга бўлган мухлис кишиларда таҳорат асари порлаб, бошқалардан ажраб туриши ҳақлиги.

7. Бунга ўхшаш нарсаларни тушунтириш учун ҳайвонларни мисол келтиришнинг жоизлиги.

8. Тушунмаган нарсани одоб билан сўраб ўрганишнинг яхшилиги.

9. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳовузлари ҳақлиги.

10. Осийлар, бетавфиқлар ва динни ўзгартирувчилар ҳовуздан шароб ича олмайдилар. Пай­ғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ундай кишиларнинг ҳалок бўлиши ҳақида дуо қиладилар.

Ушбу ҳадиси шарифни яхши тушуниб, унинг тақозоси бўйича иш тутсак, қиёматда таҳорат асаридан порлаб турадиган нуримиз кўпроқ ва кучлироқ бўлиши учун ҳаракат қилсак қандай ҳам яхши бўлар эди. Ҳар биримиз Пай­ғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳовузларидан сутдан оқ, асалдан ширин, мушкдан хушбўй шаробдан ичишга мушарраф бўлиш учун қўлимиздан келган ҳар бир ишни ҳозирдан бошласак қандай яхши бўлар эди.

Бунинг учун Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам даврларида Қуръон ва Суннатга қандай амал қилинган бўлса, ҳозирда ҳам ана шу даражага эришиш учун ҳаракат қилишимиз лозим бўлади.


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Ҳадис ва ҳаёт китобидан)



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
170. Абдуллоҳ ибн Убай ибн Салулнинг ўғли Абдуллоҳ Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб .Эй Аллоҳнинг Расули, эшитишимча Абдуллоҳ ибн давоми...

6147 13:30 / 26.04.2019
.Аврат, инсоннинг уят жойи маъносини билдириб, намоз ўқиганда ўша жойларни тўсиш лозим. Акс ҳолда намоз қабул бўлмайди.Аллоҳ таоло.Эй Одам болалари, ҳар бир масжид давоми...

3400 14:01 / 09.08.2020
Нубувват аломатлари китоби188. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам .Мен Қиёмат куни одам боласининг улуғидирман. давоми...

4282 13:40 / 31.05.2019
Муҳаммад алайҳиссаломга эҳтиром кўрсатиш, у зотга нисбатан доимо одобли бўлиш иймон тақозоси ҳисобланади. Шу маънода ҳар бир мўмин киши ушбу одобларни яхши давоми...

4099 19:00 / 28.04.2017