1447 йил 17 шаъбон | 2026 йил 05 февраль, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Кун ҳадиси

Эй болам!

10:10 / 27.08.2017 3986 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Эй болам, агар эртаю-кеч бировга нисбатан қалбингда ғиллу ғаш бўлмаслигига қодир бўлсанг, шуни қил», дедилар.

Сўнгра яна: 

«Эй болам, шу менинг Суннатимдир. Ким менинг Суннатимни тирилтирса, батаҳқиқ, менга муҳаббат қилган бўлади. Ким менга муҳаббат қилган бўлса, мен билан бирга жаннатда бўлади», дедилар».

Шарҳ: Бу ҳадис ҳазрати Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинмоқда.

Маълумки, ҳазрати Анаснинг оналари у кишини Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга ёшлигиданоқ хизматга берганлар. У киши ўн йил давомида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хизматларида бўлганлар. Шунинг учун ҳам кўпгина ҳадисларда у зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳазрати Анас розияллоҳу анҳуга «Эй Ғулом!», «Эй бола!», «Эй болам!» деб мурожаат қилганларини учратамиз. Ушбу ҳадиси шарифда ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишига:

«Эй болам!» деб мурожаат қилмоқдалар ва:

«Агар эртаю кеч бировга нисбатан қалбингда ғиллу ғаш бўлмаслигига қодир бўлсанг, шуни қил», дедилар».

«Ғиллу ғаш» бировнинг жони, моли ва обрўсига астойдил футур етишини тилаш ва унга берилган неъматнинг завол бўлишини қалбдан хоҳлашдир.

Демак, ҳар бир мусулмон бировга нисбатан ёмонликни соғинмаслиги лозим. Ҳеч кимга нисбатан қалбида ғиллу ғаш сақламаслиги керак. Иншааллоҳ, бу ҳақда тегишли бобларда кераклича сўз юритилади.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз насиҳатлари давомида:

«Эй болам, шу менинг Суннатимдир», дедилар.

Яъни, қалбда бировга нисбатан ғиллу ғаш бўлмаслиги Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Суннатларидир. 

«Ким менинг Суннатимни тирилтирса, батаҳқиқ, менга муҳаббат қилган бўлади». 

Пайғамбар алайҳиссаломнинг Суннатларини тирилтириш амали тўхтаб қолган Суннатга қайта амал қилишни бошлаш билан бўлади. Демак, Суннатга амал қилиш, амалдан қолган Суннатни қайта тирилтириш у зот алайҳиссаломга бўлган муҳаббатнинг аломатидир.

«Ким менга муҳаббат қилган бўлса, мен билан бирга жаннатда бўлади», дедилар».

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Суннатларига амал қилиш, бу Суннатни маҳкам ушлаш инсонни ана шундай олий мақомга эриштиради.

Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Ўзининг кичик ёшдаги ходимига, шогирдига «Эй болам» деб мурожаат қилиш жоизлиги.

2. Иложи борича бировга нисбатан қалбда ғиллу ғаш сақламаслик лозимлиги.

3. Қалбда бировга нисбатан ғиллу ғаш сақламаслик Набий алайҳиссаломнинг Суннатларидир.

4. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Суннатларини тирилтириш у зотга бўлган муҳаббатдир.

5. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Суннатларини тирилтирган ва у зотга муҳаббат қилган одам у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга жаннатда бўлади.

Мазкур ҳадисга амал қилишга қанчалик муҳтожлигимизни гапириб ўтирмасак ҳам бўлади.

Ушбу бобни ўрганиш давомида Китоб ва Суннатни маҳкам тутиш фарзу вожиб эканини, бу масала бугунги куннинг энг долзарб масаласи эканини англадик. Лекин Китоб ва Суннатни маҳкам ушлаш осон бўлмайди. Мусулмон олами Китоб ва Суннатдан минг йилдан ортиқроқ даврда аста-секин узоқлашди. Энди уларга қайтиш ҳам тезлик билан амалга ошиши қийин. Фақат Китоб ва Суннатга тўлиқ амал қилиш билангина муваффақиятга эришиш, бахт-саодатга мушарраф бўлиш мумкин.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
. , . ,. .93. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Аллоҳнинг одамлардан бўлган аҳли бор,, дедилар. .Улар давоми...

2544 08:05 / 23.12.2019
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинадиНабий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўлим талвасасидаги оғриқлари кучайганида, Фотима розияллоҳу анҳо .Вой, отамни азият давоми...

3463 09:25 / 13.11.2017
Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Ҳунайн куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тақсимда баъзи кишиларни ортиқ кўрдилар. Ақраъ ибн Ҳобисга юзта давоми...

3317 20:00 / 28.11.2017
Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинадиРасулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам минбарда туриб, садақа ва тиланчиликдан сақланиш ҳақида гапириб туриб .Юқори давоми...

4182 06:00 / 18.09.2018
Аудиолар

227915 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

146635 14:35 / 11.08.2021