1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ақийда

Жаннат кафолати

16:58 / 16.08.2017 6854 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Кафолат сўзи одамлар ўртасидаги савдо-сотиқ ва умумий тижоратларида қаттиқ эътибор ва катта аҳамият қозонган. Кафолатланган мол-мулк ва суғуртаси бор товарлар одамлар наздида кафолати йўқ мол-мулк каби ўринда эмас. Бу эса одамларнинг кафолатланган нарсага қаттиқ эътиборлари, ундан ўзга шундай бўлмаган нарсага нисбатан унинг исботи мавжуд экани нуқтаи назаридан катта тафовутда кўпроқ эканини таъкидлайди. Шунинг учун одамларнинг бу ишга қаттиқ эътибор беришлари кўпроқдир. Хоссатан, кафолат берувчи ростгўйлик билан танилган, вафодорлик ва омонатдорлик билан безанган ҳамда у сабабли кафолатга ноил бўладиган ишлар осон ва енгил ишлар бўлиб, одамларга малол келмаса, қийинчилик туғдирса.

Кафолат берувчи ўз ҳавойи хоҳиши билан сўзламайдиган, у фақат ваҳий қилинаётган бир ваҳий(ни сўзлайдиган) содиқул масдуқ Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бўлсалар, нима дейсиз? Кафолатланган нарса кенглиги осмонлару ерчалик бўлган, кўз кўриб, қулоқ эшитмаган ва инсон хаёлига келмаган жаннат бўлса, унда нима қиласиз? Кафолатга эриштирадиган ишлар оғир меҳнат ва машаққат талаб қилмайдиган осон ишлар ва енгил амаллар бўлса, сиз у амалларни қилишга ҳаракат қиласизми?

Убода ибн Сомит розияллоҳу анҳу ривоят қилади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Менга ўзларингиз томондан олти нарсанинг кафолатини беринглар, мен сизларга жаннатнинг кафолатини бераман: сўзлаганингизда рост сўзланглар, ваъда қилганингизда вафо қилинглар, сизларга омонат топширилса адо қилинглар, таносил аъзоларингизни сақланглар, кўзларингизни қуйи қилинглар ва қўлларингизни тийинглар» (Имом Аҳмад, Ибн Ҳиббон, Ҳоким ривояти).

Батаҳқиқ, у кафолатга кафолат, вафога вафодир: «Менга ўзларингиз томондан олти нарсанинг кафолатини беринглар, мен сизларга жаннатнинг кафолатини бераман». Қандай ҳам енгил олти амал! Қандай ҳам осон ва енгил, яхшилик бобларидан иборат ишлар! Ким уни ҳаётида адо этса ва ўлимига қадар уларга риоя қилса, бас, унинг учун жаннат кафолатланган.

Аллоҳ таоло марҳамат қилади: «Жаннат тақводор зотларга йироқ бўлмаган (бир маконга) келтирилди (ва уларга дейилди): «Мана шу (неъматлар) Сизларга — ҳар бир (Аллоҳга) қайтгувчи, (ўз аҳдини) сақлагувчи (риоя қилгувчи), ғайбдаги Раҳмондан қўрққан ва тавба-тазарруъ қилган дил билан келган кишиларга ваъда қилинаётган нарсалардир. Унга (жаннатга) тинч-омон кирингиз! Бу (кун) мангу (қоладиган) Кундир». Улар учун у жойда хоҳлаган нарсалари бордир. Ва яна Бизнинг даргоҳимиздаги қўшимча (иззат-икром)лар ҳам бордир» (Қоф сураси, 31−35-оятлар). 

Жаннат кафолатининг биринчи шарти, «сўзлаганингизда рост сўзланглар». Мўмин сўзида ростгўй, ёлғон унга йўл топа олмайди. У ҳаётида ростгўйликка, то ростгўйлиги уни жаннатга элтгунча мудом риоя қилиб боради. Ҳадисда ворид бўлишича: «Ростгўйликни лозим тутинглар. Батаҳқиқ, ростгўйлик эзгуликка бошлайди. Эзгулик эса жаннатга бошлайди. Киши мудом рост сўзлайди ва ростгўйликка риоя қилади, ҳатто Аллоҳнинг ҳузурида сиддиқ деб ёзилади» (Муслим ривояти).

Иккинчи  шарти, «ваъда қилганингизда вафо қилинглар». У мўминларнинг сифатларидан бир сифат ва муттақийнларнинг аломатларидан бир аломатдир. Улар ваъдага хилоф қилиш ва битимни бузиш нималигини билмайдилар. Вафо бошқа муомалотни ҳам ўз ичига олгани нуқтаи назаридан мусулмон жамиятини қуришдаги асосий сифатдир. Муомалотнинг бари, ижтимоий алоқалар, ваъда ва битимлар вафодорликка кўз тикиб туради. Агар вафо йўқолса, ишонч йўқолади, ўзаро муомала ёмонлашади ва ўзаро нафрат ҳукм суради.

Учинчи шарти, «сизларга омонат топширилса, адо қилинглар». У, Аллоҳ таоло унинг аҳлини мадҳ қилган, уни адо этувчиларга олқиш айтган хулққа оид улкан сифатлардандир. У, кишининг иймони мукаммаллиги ва исломи гўзаллигидандир. Омонатдорлик билан дин, номус, мол, тана, руҳ, илм ва бундан бошқа нарсалар ҳифзу ҳимояда бўлади. Ҳадисда ворид бўлишича: «Мўмин – одамлар ундан ўз моллари ва жонлари борасида хотиржам бўлган кишидир» (Аҳмад ривояти); Агар жамиятда омонатдорлик ҳукм сурса, ўзаро жипслашиш мустаҳкамланади, ўзаро боғланиш кучаяди, яхшилик ва барака кенг қулоч ёзади.

Тўртинчи шарти, «таносил аъзоларингизни сақланглар». Аллоҳ таоло огоҳ этади:  «Улар авратларини (ҳаромдан-зинодан) сақлагувчи кишилардир. Магар ўз жуфту-ҳалолларидан ва қўлларидаги чўриларидангина (сақланмайдилар). Бас улар маломат қилинмаслар. Энди ким шундан ўзгани (зино ва шу каби шариати Исломияда ҳаром қилинган нарсаларни) истаса, бас ана ўшалар ҳаддан ошгувчилардир» (Мўминун сураси, 5−7-оятлар). Таносил аъзосини сақлашда наслни сақлашлик, наслу насабга риоя қилишлик, жамият поклиги, офат ва касалликлардан саломат бўлишлик мавжуд.

Бешинчиси шарти,  «кўзларингизни қуйи қилинглар». Аллоҳ таоло: «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), мўминларга айтинг, кўзларини (номаҳрам аёлларга тикишдан) тўссинлар ва авратларини (ҳаромдан) сақласинлар! Мана шу улар учун энг тоза (йўлдир). Албатта Аллоҳ улар қилаётган ҳунарлардан хабардордир. Мўминаларга ҳам айтинг, кўзларини (номаҳрам эркакларга тикишдан) тўссинлар ва авратларини (ҳаромдан) сақласинлар!» (Нур сураси,  30−31-оятлар), дея амр этади.

Кўзни қуйи қилишнинг фойдалари улкан. У бандага иймон ҳаловати, дил нури, қалб қуввати, нафс поклиги ва салоҳиятини олиб келади. Унда ҳаромга боқиш ва ботилга интилишдан сақлов бор.

Олтинчи шарти, «қўлларингизни тийинглар». Бандаларига азият етказувчига Аллоҳ таоло ва одамлар ғазаб қилади, жамият уни четга чиқариб қўяди. У бадхулқлик ва одобнинг тубанлигига далилдир. Агар инсон одамларга азият етказишдан тийилса, бу унинг хулқи юксак, одоби олий ва муомаласи яхши эканига далолат қилади. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Бир киши йўл бўйидаги дарахт шоҳи олдидан ўтиб: «Аллоҳга қасамки, буни мусулмонлардан четлаштираман, уларга озор бермагай», деди ва жаннатга киргазилди» (Муслим ривояти).

Бу олти хислатни ўзларида жамлаган бандалар учун борадиган манзиллар гўзалдир,  жаннатнинг қасд қилинган дарвозалари кенг очиқдир. Аллоҳим, барча бандаларингга бу манзилларни яқин ва гўзал қилгин! Омин.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
.Байъат, сўзи луғатда .олдисотди,ни англатади. Шариатда эса, байъат кишиларнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга итоат ҳақида берган аҳдномаларини ифода давоми...

13779 22:47 / 02.12.2016
Аҳли сунна ва жамоа мазҳаби уламолари .Аллоҳ таоло одамлар ва ҳайвонлардан иборат Ўз махлуқотларига берган ва улар манфаат олган дунёвий ва ухровий ҳар бир нарса давоми...

2866 19:00 / 06.12.2021
Аллоҳнинг гўзал исмлари. АсСалом .Салом, сифати барча нуқсонлардан саломат Зот, шунингдек, тинчлик, хотиржамлик ва роҳат берувчи Зот деганидир. Аллоҳ .Салом, давоми...

10604 08:15 / 20.04.2017
Эй аҳли китоблар Динингизда ҳаддан ошманг ва Аллоҳга нисбатан ҳақдан бошқани айтманг. Албатта, Масиҳ Ийсо ибн Марям Аллоҳнинг расули, Марямга илқо қилган давоми...

4974 10:29 / 31.12.2017