1447 йил 14 жумадис сони | 2025 йил 05 декабрь, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Қуръон

Қуръон − ҳидоят ва шифодир

18:48 / 14.08.2017 11815 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

 “Қуръон – Аллоҳ таолонинг каломи. У мусҳафларда битилган, қалбларда ёдланган, тилларда ўқилган, Муҳаммад алайҳиссаломга нозил қилинган. Қуръон билан қилган талаффузимиз, уни ёзган битигимиз, уни қилган қироатимиз махлуқ (яратилган)дир, лекин Қуръон махлуқ  эмасдир”

Имом Аъзам Абу Ҳанифа 

 

Ислом дини келмасидан аввал башарият жаҳолат ботқоғига ботган, маънавий дунёси қашшоқлашган эди. Мана шундай дамда Аллоҳ таоло башариятга тўғри йўлни кўрсатиш учун ўз Пайғамбари Муҳаммад алайҳиссаломни юборди,  у зотга Қуръони каримни нозил қилди.

“Албатта, бу Қуръон энг тўғри йўлга ҳидоят этур...” (Исро сураси, 9-оят). У зотга 23 йил давомида ваҳий орқали нозил қилган Қуръони Каримнинг ўттизта номи ва сифатлари бор. “Қуръон”, “Китоб”, “Зикр”, “Ҳақ”, “Танзийл”, “Фурқон”, “Баён ва тибён”, “Нур”, “Шифо”, “Мавъиза”, “Ҳуда”, “Раҳмат”, “Ҳикмат ва ҳаким”, “Ваҳий”, “Бурҳон”, “Ал-Балоғ”, “Алий”, “Наба’”, “Бушро”, “Аҳсан ал-ҳадис”, “Масоний”, “Муташобиҳ, Муҳкам, Умм ал-Китоб”, “Баййина ва баййинот”, “Тасдиқ ва Тафсил”, “Қаййим”, “Суҳуф”, “Каломуллоҳ” каби  номлар бу Илоҳий Китобнинг самовий китобларнинг охиргиси ва энг мукаммали эканидан далолатдир.

Аллоҳ таоло марҳамат қилади:

(Биз) Қуръондан мўминлар учун шифо ва раҳмат бўлган (оят)ларни нозил қилурмиз” (Исро сураси, 82-оят). 

Қуръони Каримдаги энг асосий мавзулар ақида, фиқҳий ҳукмлар ва қиссалардир. Мавзулар доирасида одоб-ахлоқ, илм каби кўплаб бошқа мавзулар ҳам келиб чиқади. Китобда фиқҳий, шаръий ҳукмларга хос оятлар 150та, қиссалар 2000та, ақидага оид 300та, тарбия оид 1400тани ташкил қилади. Ҳатто баъзан оятлар бир нечта мавзуни қамраб олади.

Қуръони карим инсонларга раҳмат, шифо, ҳидоятга бошловчи илоҳий манба қилиб туширилган. Унинг фазилатлари ва ҳикматлари ҳақидаги билимлар муқаддас Китоб оятлари, ҳадислар ва уламоларнинг фикрларини ўрганиш орқали ҳосил бўлади.

Аллоҳ таоло марҳамат қилади:

“Айтинг: “(Ушбу Қуръон) имон келтирган зотлар учун ҳидоят ва (дилдаги маънавий иллат учун)шифодир” (Фуссилат сураси, 44-оят).

Абдуллоҳ ибн Бурайда отаси Бурайда розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кимки Қуръонни ўқиса, уни ўрганса ва унга амал қилса, қиёмат куни унга нурдан бўлган бир тож кийдирилади, (у тожнинг) зиёси Қуёшнинг зиёси кабидир. Шунингдек, унинг ота-онасига ҳам икки кийим кийдирилади. Шунда улар: “Бу бизга нима сабабдан кийдирилди?” дейишади. “Фарзандингизнинг Қуръонни ёдлаб, унга амал қилгани учун шундай марҳаматга сазовор бўлдингиз”, дейилади”, дедилар (Имом Ҳоким ривояти).

Қуръони Каримга мурожаат этганимизда, бешта амалга  риоя этишимиз талаб этилади. Улар қуйидагилар:

1.Қуръони Каримга ишониш ва унга ҳурматда бўлиш;

«Расул унга ўз Роббидан нозил қилинган нарсага иймон келтирди ва мўминлар ҳам. Ҳар бирлари Аллоҳга, Унинг фаришталарига, китобларига, расулларига: «Унинг расулларининг бирорталарини ажратмаймиз», дея иймон келтирдилар. Ва: «Эшитдик ва итоат қилдик. Роббимиз, мағфиратингни сўраймиз ва сўнгги қайтиш Ўзинггадир», дедилар» (Бақара сураси, 285-оят).

2. Қуръони Каримни ўқиш;

«Биз китоб берганлардан уни ўрнига қўйиб тиловат қиладиганлари – ана ўшалар унга иймон келтирадир. Ким унга куфр келтирса, ана ўшалар – ўзлари зиён кўрувчилардир»  (Бақара сураси, 121-оят).

3. Англаш ва мулоҳаза қилиш; 

«Иймон келтирган, солиҳ амалларни қилган ва Муҳаммадга нозил қилинган нарсага – ҳолбуки, у Роббларидан келган ҳақдир – иймон келтирганларнинг айбларини беркитар ва аҳволларини яхшилар» (Муҳаммад  сураси, 2-ояти).

4. Қуръони Каримнинг кўрсатмаларига амал қилиш ва умр давомида давомий қилиш;

«У ўлим ва ҳаётни сизларнинг қайсиларингиз амалда яхшироқ эканингизни синаш учун яратди. У ўта иззатлидир, ўта мағфиратлидир» (Мулк сураси, 2-ояти)

5. Камолотга йўл сифатида Қуръони Карим илмини тарқатиш.

«Бу (Қуръон) одамлар учун, у ила огоҳлантирилишлари, У Зот ягона Илоҳ эканини билишлари ва ақл эгалари эслатма олишлари учун етказишдир» (Иброҳим сураси 52-ояти).

Дарҳақиқат, Қуръони Карим  бу ўз ичига барокат ва битмас-тугалмас билимлар қамраб олган Раббимизнинг эслатма ва муборак Битигидир.  У ҳамма илмлар ва ҳар хил барокатлар манбаасидир.  Самовий китобларнинг охиргиси ва энг мукаммали бўлмиш  Қуръони Каримни ўқир эканмиз,  қалбимиз маънавий озуқа олиш билан бирга, қилаётган ишларимизда, ризқимизда барака бўлади.

Аллоҳ таоло марҳамат қилади:

 “Аллоҳнинг Китобини тиловат қиладиган, намозни баркамол адо этадиган ва Биз уларга ризқ қилиб берган нарсалардан махфий ва ошкора эҳсон қиладиган зотлар сира касод бўлмайдиган тижоратдан (ажру савоб бўлишидан) умидвордирлар. Зеро, (Аллоҳ) уларнинг ажрларини комил қилиб берур ва Ўз фазлини уларга янада зиёда қилур. Албатта, У мағфиратли ва ўта шукр қилувчидир” (Фотир сураси, 29−30-оятлар)

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
иккинчи мақолаРасулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан Қуръони Каримни тўлиқ ёдлаб олган кишиларнинг сони беҳисоб экани улкан ҳақиқатдир.Набий соллаллоҳу давоми...

5103 14:30 / 03.09.2019
Доктор Манноъ Қаттон ўзининг .Қуръон илмлари ҳақида тадқиқотлар, китобида жумладан шундай деган .Қуръонни мусҳафда маълум бўлган Усмоний расмга мувофиқ ёзиш давоми...

3638 13:00 / 19.11.2021
Бошқа набийларга келгани каби Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ҳам ваҳий келган эди. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга ваҳий тушиш ҳоллари қуйидаги давоми...

10759 11:09 / 15.10.2018
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Қуръони Каримни Аллоҳ таолонинг ҳузурида қандоқ бўлса ўшандоқ ҳолида Жиброил алайҳиссаломдан қабул қилиб олганлар. У давоми...

8020 05:00 / 19.01.2017
Аудиолар

210932 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

130190 14:35 / 11.08.2021