1446 йил 21 жумадис сони | 2024 йил 23 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ҳаж

Ҳажнинг фазилатлари ҳақида

17:51 / 04.08.2017 5520 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

1356. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ким Аллоҳ учун ҳаж қилса, фаҳш сўз айтмаса ва фисқу фасод қилмаса, худди онаси уни туққан кундек қайтади», дедилар».

Шарҳ: Яъни ҳаж ибодати даврида уят сўзларни айтмай, фисқу фасод ишларни қилмай юрган кишилар худди онадан туғилгандек бегуноҳ ҳолга қайтадилар. Бу ҳақиқатни ҳажга борувчи ҳар бир киши энг зарур нарсалар қатори қалбига сингдириб олмоғи лозим. Ҳаж одатда кишига умрида бир марта бериладиган фурсат. Ундан ҳар бир ҳожи унумли фойдаланиши лозим. Бунинг учун ҳажга жўнашдан олдин ҳаж сафарида ўзига лозим бўлган нарсаларни яхшилаб ўрганиб олмоғи керак. Бандага ўрганиши лозим бўлган нарсаларнинг энг муҳимларидан бири ушбу ҳадисда зикр қилинмоқда.

Ҳажни ният қилгандан бошлаб гуноҳлардан онадан туғилган пайтдагидек пок бўлиш ҳаракатига тушиш лозим. Тайёргарлик кўриб олиб, ҳаж давомида бирор оғиз фаҳш сўзларни айтмай, фисқу фасод қилмай юрса, иншааллоҳ, ўша банда муродига етади.

Ҳаж қилиш нияти ила эҳром боғлаган киши ўша ондан бошлаб то ҳаж амалларини адо этиб бўлгунича ибодатда бўлади. Ҳар бир ҳожи ушбу ҳақиқатни бир лаҳза ҳам унутмаслиги лозим. Буюк саҳобий Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу эҳром боғлаганларидан бошлаб, то ҳаж амалларини бажариб бўлгунларича бирор оғиз беҳуда сўз айтмас эдилар. У киши бу борада ҳаммага ўрнак бўлишлари керак. 

1357. Яна ўша кишидан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Умрадан кейинги умра иккисининг орасидаги нарсаларга каффоратдир. Ҳажжи мабрурнинг мукофоти жаннатдан бошқа нарса эмас», дедилар».

Иккисини бешовларидан фақат Абу Довуд ривоят қилмаган.

Шарҳ: Бу ривоятда ҳам умранинг, ҳам ҳажнинг фазли ҳақида сўз бормоқда. Кейинги умра ўзидан аввалги умрадан буён содир этилган Аллоҳ таолонинг ҳаққига оид бўлган маълум гуноҳларнинг ювилиб кетишига сабаб бўлар экан. Агар ҳажжи мабрур бўлса, унинг мукофоти жаннатдан бошқа нарса бўлмас экан.

Ҳажжи мабрур – риё ва гуноҳ ишлардан холи бўлган, сахийлик ҳамда ҳусни хулқ ила адо этилган ҳаждир. Ҳаж қиладиган одам жаннатга эришиш учун мислсиз катта имкониятга эга бўлади. Ҳаж қилувчи динимизнинг беш рукнидан бири бўлган ушбу улкан ибодатни адо этиш пайтида риё ва гуноҳ ишлардан холи бўлса, ҳажни сахийлик ҳамда ҳусни хулқ ила адо этса, мазкур ваъда қилинган нарсага эришади.

Бу ва олдин келган ҳадислардан ҳаж ибодатининг бошқа ибодатлар қатори, одоб-ахлоқ масаласига қанчалар боғлиқ эканлигини кўрамиз. Мусулмон инсон бу ибодатни адо этиш жараёнида ўзининг одоби ва ахлоқини сайқаллаш имконига эга бўлади.

1358. «Оиша розияллоҳу анҳо:

«Эй Аллоҳнинг Расули! Жиҳодни энг афзал амал деб биламиз. Жиҳод қилайликми?» деди.

«Йўқ. Аммо жиҳоднинг афзали Байтга ҳаждир», дедилар».

Бухорий ва Насоий ривоят қилганлар.

Насоийнинг лафзида:

«Лекин жиҳоднинг яхшиси ва гўзали ҳажжи мабрурдир», дейилган.

Шарҳ: Маҳбуб Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом ўзларининг бу муборак ҳадисларида ҳаж ибодатини жиҳоддан ҳам юқори даражага қўймоқдалар.

Аввалги мусулмонларнинг барчаси энг афзал амални қилиш ва энг улкан савобни олиш иштиёқи ила ёниб яшар эдилар. Мана, уларнинг вакиласи Оиша онамиз розияллоҳу анҳо Пайғамбаримиз алайҳиссаломдан:

«Эй Аллоҳнинг Расули! Жиҳодни энг афзал амал деб биламиз. Жиҳод қилайликми?» деб сўрадилар.

Демак, аёллар жамоаси ўзлари ўрганган ояти карималар ва ҳадиси шарифлардан исломий амалларнинг ичида энг афзали жиҳод деган хулосага келганлар. Аммо улар ўзбилармонлик қилиш дардидан холи бўлиб, ўзларига пешво бўлган, ўзларидан илмли зотлардан сўрамай бирор иш қилмаганлар. Бу сафар ҳам Оиша онамиз ўзлари билган нарсани, яъни аёл кишиларнинг ҳам энг афзал амални қилиш ниятида жиҳод қилишлари лозим ёки лозим эмаслигини яна бир бор аниқлаб олиш мақсадида сўрадилар. Шунда Расулуллоҳ алайҳиссалом:

«Йўқ. Аммо жиҳоднинг афзали ҳажжи мабрурдир», дедилар».

Демак, аёллар жамоасига ҳаж қилиш, ҳаж бўлганда ҳам ҳажжи мабрур қилиш энг афзал жиҳод бўла олар экан.

Насоийнинг лафзида:

«Лекин жиҳоднинг яхшиси ва гўзали Байтга ҳаждир», дейилган.

Бу ҳадисдан ҳажжи мабрур энг гўзал ва энг яхши жиҳод эканлиги маълум бўлмоқда. Шунинг учун ҳаж қилиш бахтига муяссар бўлган ҳар бир банда ўз ҳажининг ҳажжи мабрур – риё ва гуноҳ ишлардан холи, ҳусни хулқ ила адо этилган ҳаж бўлиши учун ҳаракат қилмоғи зарур.

1359. Яна ўша кишидан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Арофат куничалик Аллоҳ бандани дўзахдан кўпроқ озод қиладиган кун йўқдир. Албатта, У зот яқинлашиб келади ва фаришталар олдида улар билан фахрланиб: «Анавилар нимани ирода қилдилар?» дейди», дедилар».

Муслим ва Насоий ривоят қилганлар.

Шарҳ: Бу ҳадиси шарифда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаж кунларидан бири бўлмиш Арофат кунининг фазли ҳақида сўз юритмоқдалар. Аллоҳ таоло бандаларини дўзахдан энг кўп озод қиладиган кун Арофат куни экан. Чунки Арофатда турган кишилар тавбани энг кўп қиладиган кишилар бўлиб, уларнинг ўзларини хору зор тутишларини кўриб, Аллоҳ таоло фаришталар олдида улар билан фахрланади. Шунинг учун Арофатда туриш бахтига мушарраф бўлган ҳар бир банда ўша куннинг улуғ фазлидан баҳраманд бўлиб қолиш учун қаттиқ ҳаракат қилиши керак. Худди ана шу куни у Аллоҳ таоло дўзахдан озод қилган саодатмандлар жумласидан бўлиб қолиши мумкин.

«Албатта, У зот яқинлашиб келади ва фаришталар олдида улар билан фахрланиб: «Анавилар нимани ирода қилдилар?» дейди».

Бу ҳодиса ҳам Арофат куни бўлади. Аллоҳ таоло фаришталари олдида ҳажга борган бандалари билан фахрланади. Бу ҳажнинг улкан фазилати бўлиб, бу мақомга фақатгина ҳаж қилган бандагина эришиши мумкин.

1360. Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ҳаж билан умрани кетма-кет қилинг. Албатта, худди босқон темир, тилла ва кумушнинг кирини кетказганидек, иккиси фақирлик ва гуноҳларни кетказади. Ҳажжи мабрурнинг жаннатдан бошқа савоби йўқ», дедилар».

Насоий ва Термизий ривоят қилганлар. Термизий саҳиҳ деган.

Шарҳ: Ҳаддодлар (темирчилар) темир ва бошқа маъданларнинг занги ва кирини яхшилаб кетказиш учун босқонни кетма-кет босиб, болғани устма-уст урадилар ва мақсадларига эришадилар. Гуноҳларим ювилсин, фақирликдан қутулиб бой бўлай деган банда ҳам ҳаждан кейин умра қилса, мақсадига эришар экан.

«Ҳажжи мабрурнинг жаннатдан бошқа савоби йўқ».

Жаннатни ўзига савоб, яъни мукофот қилиб олишни истаган банда ҳажжи мабрур қилиши лозим экан. Яъни ҳаж қилганда ҳаёсиз гап-сўзлардан тийилиб, фисқу фужурлардан холи бўлиб, сахийлик ва ҳусни хулқ ила ҳаж қилмоғи керак.

1361. Абу Саъийд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Албатта, Яъжуж ва Маъжужнинг хуружидан кейин ҳам байтни ҳаж ва умра қилинади», дедилар».

Бухорий «Ҳарамнинг фазли»да ривоят қилган.

Шарҳ: Демак, қиёматнинг охирги аломатлари зоҳир бўлган паллаларда ҳам ҳаж ва умра ибодатлари тўхтамай давом этар экан. Бу эса уларнинг жуда ҳам фазилатли ибодатлар эканлигига ёрқин далилдир.

Ислом уммати ўз бошидан жуда оғир кунларни ўтказган. Аммо ҳар қандай шароитда ҳам ҳаж ёки умра ибодати тўхтаб қолмаган. Ҳатто сел келиб, ҳарами шарифнинг ичи сувга тўлиб қолганда ҳам кишилар сувда сузиб, ёғочга миниб бўлса-да, Байтуллоҳни тавоф қилишда давом этишган. Ушбу сатрлар муаллифи мазкур тарзда тавоф қилган кишилар билан шахсан суҳбатлашишга муяссар бўлган. Улардан бири машҳур олим Муҳаммад Али Собунийдир.

1362. Умму Салама розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ким Масжидул Ақсодан Масжидул ҳаромга ҳаж ёки умра учун эҳром боғласа, унинг аввалги-ю­ охирги гуноҳлари мағфират қилинади ёки унга жаннат вожиб бўлади», дедилар».

Абу Довуд, Аҳмад, Ибн Можа ривоят қилганлар.

Шарҳ: Бу ҳадиси шарифда Масжидул Ақсодан эҳром боғлаб, ҳаж ва умра қилиш алоҳида фазилатга эга эканлиги таъкидланмоқда. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан нима учун айнан шу маънодаги ҳадиси шариф келганлигини алоҳида мулоҳаза қилишимиз лозим. Каминанинг фикрича, бу бир пайғамбарлик мўъжизасидир. Айни шу маъно бизнинг кунларимизга келиб, ўзини намойиш қилди. Ҳозирда Масжидул Ақсодан эҳром боғлаб, ҳаж ва умра қилиш машаққатли ва шарафли ишга айланди. Ҳақиқатда ҳам Масжидул Ақсодан эҳром боғлаб, ҳаж ёки умра қилиш олдинги ва кейинги гуноҳларнинг мағфират этилишига сабаб бўладиган ва жаннатни вожиб қиладиган ишга айланиб бормоқда.

1363. Насоийнинг ривоятида:

«Аллоҳнинг меҳмонлари учта: ғозий, ҳожи ва умра қилувчи», дейилган.

Шарҳ: Бу ривоятдан ҳам ҳаж ва умра фазилатли ибодатлар эканлиги очиқ кўриниб турибди. Ушбу ҳадисда ҳаж ва умра ибодатларини адо этувчи мўмин ғозийга тенглаштирилмоқда. Албатта, ҳар бир ҳожи ва умра қилувчи ўзи адо этаётган ҳаж ёки умра ибодатининг қанчалик улуғ ибодат эканлигини англаб етмоғи ва уларнинг қадрини билмоғи лозим.


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Ҳадис ва ҳаёт китобидан)



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
1. Қурби етган одам ҳаж қилиши.2. Аллоҳ зикрини кўпайтириш.3. Масжидни жамоатда иштирок этиш билан обод қилиш.4. Нафл намозларни кўпайтириш.5. Нафл рўза тутиш.6. Қуръон давоми...

2316 06:00 / 18.06.2023
Ҳаж сафарини бошлашдан олдин гуноҳлардан астойдил тавба қилиш лозим. Зеро, ҳаж сафаридан энг муҳим ва асл мақсад ҳам гуноҳларлан тавба қилишдир. Тавбанинг қабул давоми...

1820 09:00 / 13 июнь
Ҳаж сафарига жўнаётган кишидан .Бизни ҳам хос дуоларингизда эслаб, ҳаққимизга дуо қилиб қўйинг,, деб илтимос қилиш жоиз ва ҳадислар билан собит бўлгандир. Сафвон давоми...

5368 11:09 / 11 июнь
Aйтaйлик, Aллoҳ имкoн бepиб, ҳaжгa бopишгa қapop қилдингиз, тaйёpгapликни нимaдaн бoшлaш кepaк Kўплap йўлдa кepакли мoлдyнё, кийимкeчaк вa бoшқa aшёлap ҳaқидa ўйлaй бoшлaйди. Бy мyтлaқo давоми...

1965 12:25 / 25.06.2022