1446 йил 22 жумадул аввал | 2024 йил 24 ноябрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Иймон

Эътиқодингизни уйғотинг

04:02 / 29.07.2017 6793 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Қайси динга эътиқод қилишимизни сўраб қолишса, биз ишонч билан “Ислом” деб жавоб берамиз. Лекин бизни қандай амаллар мусулмон қилиб туришини биламизми? Албатта, Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқлигига ва Муҳаммад алайҳиссалом Унинг бандаси ва расули эканлигига гувоҳлик бериш ҳамда Исломнинг қолган тўртта устунлари − намоз, рўза, закот ва ҳаж амалларини бажариш. Бу барчага маълум. Лекин юқоридаги устунлардан ташқари яна кўплаб кўрсатма ва буйруқлар борки, уларни бажаришлик ҳаётимизга фақат такрорланмас Ислом шукуҳини олиб киради. Уларни бажаришлик орқали биз ўзимизни Оламларнинг сарвари, сўнгги пайғамбар  Муҳаммад алайҳиссаломнинг уммати эканлигимизни ҳис қиламиз.

Ислом дини арконларига амал қилувчиларда баъзан уларга нималардир етишмаётгани ҳақида эшитиб қоламиз. Уларнинг ҳаётлари ўзлари хоҳлаганларидек эмас. Уларнинг исломий “мен”ларига қандайдир путур етгандек гўё. Кайфият йўқ, хоҳиш-истаклар амалга ошмаган, руҳий хотиржамлик етарли эмас. Уларнинг ҳаёти зерикарли ва бир хилликдан иборат. Улар диний мажбуриятларини маюс ҳолда ва мажбуран, механик тарзда амалга оширади, уларнинг хаёллари эса бу дунёнинг туганмас ғам-андуҳлари, ташвишлари билан банд. Улар хушуъ (эътибор ва тўла таслимлик) билан ибодат қила олмайдилар, қалбларида эса жуда аҳамиятли олов ўчиб қолгандек. Оқибатда инсон ҳаётида бефарқлик босқичи бошланади ва ҳаётимизнинг энг муҳим қисми, мезони ҳисобланмиш динимиз биз учун иккинчи ўринга тушиб қолиб, курашсиз ўз ўрнини ҳою ҳавасларга бўшатиб беради.

Сабаб нима? Энг асосий сабаб, биз динимиздаги кўрсатмаларга етарли даражада эътиборимизни қаратмаймиз. Ваҳоланки, айнан ўшалар қалбимиздаги оловнинг ўчиб қолмаслигига сабаб бўлади. Булар ўз умматига Пайғамбаримиз алайҳиссалом мерос қилиб қолдирган суннатларидир. Зеро, Қуръони Каримда марҳамат қилинганидек: «Батаҳқиқ, сизлар учун – Аллоҳдан ва охират кунидан умидвор бўлганлар учун ва Аллоҳни кўп зикр қилганлар учун Расулуллоҳда гўзал ўрнак бор эди» (Аҳзоб сураси, 21-оят). Аллоҳ таоло суннатга эргашиш орқали биздан Ўзини доимо ёдда тутишимизни, яхшиликларимизни янада кўпайтириб, қилган гуноҳларимизга тавба қилишимизни хоҳлайди. Ҳаётларидан мусулмонлар учун жуда муҳим амаллар ҳисобланган рўза тутиш, закот тўлаш ва Қуръон ўқишнинг бутунлай йўқ бўлиб кетганлигини ҳис қилмайдиган инсонларнинг борлиги жуда ачинарлидир. Кам аҳамият бериладиган суннатлар ҳақида эса айтмаса ҳам бўлади. Аксарият мусулмонлар суннат ҳақида деярли ҳеч нарса билмайдилар, энг ёмони, суннатни ўрганишга ҳаракат ҳам қилмайдилар. Ҳатто улар суннатнинг бу дунёдаги ҳаётимиз учун нақадар кераклигини, абадий дунёдаги ҳаётимиз учун қанчалар таъсири катта эканини тасаввур ҳам қилолмайди.

Мусулмонларнинг кўпчилиги суннат деганда қўшимча нафл ибодатларни ва рўзани тушунадилар. Масалан, бомдод намозидан олдин икки ракат намоз ўқиш ёки Арафот кунида рўза тутиш... Аммо биз эргашишимиз керак бўлган кўплаб суннатлар бор. Уларнинг қаторида маълум вақтларда, маълум вазиятларда қилинадиган ибодатлар ва дуолар бор. Эрталаб ва кечқурун айтилиши керак бўлган зикрлар. Уларнинг сони эса кўп, ҳажми катта ва кичик бўлган бундай зикрларни ёдлаш ва ҳаётимиз давомида такрорлаб юриш ўзимиз учун кони фойда эканини унутмаслигимиз даркор.  

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Эй Аллоҳнинг Расули! Менга эрталаб ва кечқурун қайси зикрлар билан банд бўлишим кераклигини айтинг». Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Эй барча яширин ва аён нарсаларни билувчи Аллоҳ, осмонлар ва ерни Яратувчиси, барча нарсаларнинг Эгаси, Сендан ўзга илоҳ йўқлигига гувоҳлик бераман. Мени ўз нафсим ёвузлигидан ва шайтоннинг шарридан ҳамда унинг кўпхудолигидан Ўзинг омонда сақла”, деб айт» (Абу ДовудТермизий ривоятлари).

Ҳозирда бундай зикрлар жамланган китоблар ҳам, электрон шаклда веб-сайтлар ҳам мавжуд. Ихтиёримизда уларни қандай талаффуз қилишни ўргатувчи аудиоёзувлар ҳам бор. Бу каби дуоларнинг бир нечтасини ёдлаб, ўрганиб олишлик учун биздан озроқ қунт ва интилиш талаб этилади холос. Уларни ёдлаб ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айлантирганимиздан сўнг умримизга барака ва яхшиликлар ёғилаётганига гувоҳ бўламиз. Зеро, мусулмон кунини Аллоҳ таолонинг зикри билан бошлаб, Унинг зикри билан якунласа, банданинг ҳаётида катта ўзгаришлар содир бўлади. Бу зикрларнинг кўпчилиги Аллоҳ таолога мурожаат ва дуолардан иборат бўлиб, улар мусулмонларга яхшилик, мукофот ато этади, шайтон ёвузлигидан ҳимоя  қилади.

Абу Саид ал-Ҳудрий Пайғамбар алайҳиссаломдан ривоят қилади: “Дуоларида гуноҳ бўлмаган ва қариндошлик алоқаларини узишни сўрамаган ҳар қандай мусулмон Аллоҳ таолога мурожаат қилса, Аллоҳ унга қуйидаги учтадан бирини беради: сўраганларига жавобни бу дунёнинг ўзидаёқ олади ёки сўраганларига мукофот унинг учун боқий дунёда тайёрлаб қўйилади ёки у бир офатдан омондан сақланади”. Ҳозир бўлганлардан бири деди: “Унда биз Аллоҳ таолога дуо билан кўп мурожаат қиламиз”. Пайғамбаримиз алайҳиссалом жавоб бердилар: “Аллоҳ таолонинг мағфирати ва раҳмати сизлар сўраганингиздан кўпроқдир” (Термизий ва Ҳоким ривояти).

Севимли Пайғамбаримиз алайҳиссалом маълум ҳолатларда, масалан, фарзанд туғилганда, уйдан чиқаётганда, уйга қайтаётганда, таомланишдан олдин ва кейин, никоҳланишдан олдин, катта харид қилишдан олдин, жинсий яқинликдан олдин, хожатхонага боришдан олдин, табиат ҳодисалари (ёмғир, кучли шамол, янги ой) пайтида ўқишга буюрган бир неча дуолар ҳам бор.

Убай ибн Каъб ривоят қилади: “Шамолдан ғазабланманг. Унда сиз ёқтирмайдиган нимадир кўрсангиз қуйидаги дуони ўқинг: “Аллоҳим! Биз Сендан ушбу шамолнинг яхшилигини, унда бор нарсанинг яхшилигини, уни юборганнинг яхшилигини сўраймиз ва Сендан ушбу шамолнинг зараридан, унда бор нарсанинг зараридан ва уни юборганнинг зараридан паноҳ тилаймиз” (Саҳиҳи Бухорий», 275-6.).

Агар мусулмон ойна ортида содир бўлаётган талатўпнинг шунчаки кузатувчиси бўлмасдан, юқоридаги дуоларни ўқиса, уларда ўзи учун нақадар катта манфаат яширинганига гувоҳ бўлади. Унинг фикри одатдаги фоний дунё ташвишларидан халос бўлиб, коинот Яратувчиси қудратини ҳис қилишга йўналади. Унинг қалбида сурур, таслим бўлиш, тинчланиш, умид, қўрқув, муҳаббат ва интилиш пайдо бўлади. Бу такрорланмас туйғу бизнинг аслида ким эканимизни, бу дунёга нега келганимизни ва қаерга кетишимизни эсимизга солиб туради. Шунинг учун ғам-қайғуда ҳам, хурсандчиликда ҳам Аллоҳ таолонинг ўзигагина дуо қилишда улкан донишмандлик яширин. Қуръон Карим билимдони Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу ривоят қилади. Пайғамбаримиз алайҳиссалом мусибат етганда “Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ! Аллоҳдан ўзга Буюк тахт соҳиби йўқ. Аллоҳдан ўзга осмонлар ва ер Роббиси, Сахий тахт Соҳиби йўқ”, дедилар (Бухорий ва Муслим ривояти).

Биз бу зикрлар юрагимизга қандай таъсир қилишини, Аллоҳ таоло билан қандай алоқа йўлларини очишини билмаймиз, лекин Пайғамбаримиз алайҳиссалом қўрқув исканжасида турган, ҳис-ҳаяжонга берилган, ғам чеккан одамга зикрлар қандай таъсир қилганини барчадан яхшироқ билганлар. Бундан ташқари биз хурсандлигимизда бу дуолар доимо миннатдор бўлишга, ғамгин бўлганимизда эса чалғишимизга, тинчланишимизга ёрдам беради. Бу дуо ва зикрларни доимий равишда қўллашни одат қилиб оладиган бўлсак, улар ҳаётимизни яхши томонга ўзгартиришга катта кўмак беради. Зеро, Аллоҳ таоло мунтазам зикр қилиниб туриладиган банда ҳаёти, Унинг зикри бўлмаган умрдан қадрлироқдир. Намоз ўқишдан олдин ёки Қуръон тиловати вақтида Аллоҳ таолони эсга олувчи билан, ҳаттоки акса ураётганда, кийинаётганда ва ҳаммомга кираётганда Уни эсга олувчи банда ўртасида катта фарқ бор. Оламлар Роббиси ўз Каломида қуйидагича марҳамат қилади: «Бас, Мени зикр қилинг, сизни эсларман. Ва Менга шукр қилинг, куфр келтирманг» (Бақара сураси, 152-оят). Аллоҳ таолонинг ўзи бандасини ёд этса, банда сўрови жавобсиз қоладими? Ғам-андуҳга ва безовталикка учраган банда кўмаксиз қоладими? Аллоҳ таоло айтганидек: «Огоҳ бўлингким, Аллоҳнинг зикри ила қалблар ором топур»  (Раъд сураси, 28-оят).

Ҳаётимизга маъно-мазмун, ранг-баранглик бахш этувчи бошқа суннатлар ҳам талайгина. Масалан, масжидга кираётганда ўнг оёқ билан кириш ва баъзи ишларни чап оёқ билан бошлаш. Оиша онамиз розияллоҳу анҳо ривоят қилади: “Пайғамбар алайҳиссалом ўнг томон билан бошлаш мумкин бўлган барча ишларни ўнг томон билан бошлашни севардирлар. Покланишда ҳам, сочларни тарашда ҳам, оёқ кийимларини кийишда ҳам” (Абу Довуд ривояти). Агар бу каби суннатларни ҳаётимизга тадбиқ қилиб олсак, нақадар аъло иш бўлади. Умримизга битмас-туганмас баракот ёғилади. Зеро, севимли Пайғамбаримиз алайҳиссалом севган ҳар бир нарса Аллоҳ таоло учун ҳам суюклидир. Буларнинг қаторига мисвокдан фойдаланиш, сизни сийлаганга барака сўраб Аллоҳ таолога дуо қилиш, акса урган инсонга яхшилик сўраш, кийимларда оқ рангни кўпроқ афзал кўриш ва бошқа кўплаб одоб-ахлоқ қоидаларини киритиш мумкин. Улар бизга Аллоҳ таоло ва динимиз ҳақида доимо эслатиб туради, уларсиз диний амалларимиз камчиликка тўла ва рангсиз бўлиб қолиши эҳтимолдан холи эмас. Саҳобалар ва бизнинг аждодларимиз Пайғамбаримиз алайҳиссалом суннатларини маҳкам тутганлар, чунки улар билан ҳаётлари яхшиликка тўла, мазмунли ўтишларини тушуниб етганлар. Биз ҳам улардан ўрнак олишимиз, суннатга амал қилиш яхшилик ва умр йўлимизни ёритиб борувчи шамчироқ эканини англамоғимиз даркор. Айнан улар ҳаётимизни Ислом нури билан тўлдиришга ёрдам беради, доимий равишда Аллоҳ таоло ҳақида эслатиб, исломий ҳаёт қуришимизга кўмаклашади. Шунингдек, суннатга амал қилиш ўлароқ, биз ўсиб келаётган ёш авлодга ўзимиз намуна, Ислом ҳаётимизнинг ажралмас қисми эканини тушунтиришда ўрнак бўламиз.

Аллоҳим, умримизни Сени ёд этиш билан баракотли қилгин, Сенга шукроналик билан тўлдиргин ва Ўзингнинг динингга муҳаббатимизни кучайтиргин! Расулинг соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ўрнак олиб, у зотнинг суннатларини ҳаётимизга тадбиқ қилишимизда Ўзинг мададкор бўлгин!


Абдулатиф Иргашев 

таржимаси


Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
КечинмаquotМенга дуо қилинг ва сизга ижобат қилурман... quotҒофир сураси, 60оят quotАллоҳ фақат жазолайдиquot quotАллоҳ бизни яхши кўрмайдиquot Аллоҳ раҳм қилмайдиrdquo ...Бундай давоми...

8238 16:13 / 29.06.2017
Албатта, муслимлар ва муслималар, мўминлар ва мўминалар, давомли итоаткор эркаклар ва давомли итоаткор аёллар, садоқатли эркаклар ва садоқатли аёллар, сабрли давоми...

6642 17:11 / 17.02.2018
Эй иймон келтирганлар Аллоҳга тақво қилинглар Ҳар бир жон эртанги кун учун нима тақдим қилганига назар солсин. Аллоҳга тақво қилинглар Албатта, Аллоҳ нима амал давоми...

7412 16:49 / 10.10.2017
.Албатта, Биз ҳар бир нарсани ўлчов билан яратдик. ,Ушбу оятдаги .ўлчов, сўзининг икки хил шарҳи бўлиб, бири .қазои қадар, маъносини, иккинчиси .миқдор,, .ўлчов, давоми...

11323 18:00 / 20.09.2021
Аудиолар

135255 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

55512 14:35 / 11.08.2021