1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Янгиликлар

Савол беришни ўрганайлик

14:52 / 19.07.2017 11910 pdf Ўқиш режими + -

savollar.islom.uz (Зикр аҳлидан сўранг) сайтига келган хабар:

Ассалому алайкум! Бизларга илм олишни фарз қилган Аллоҳ таолога Ўзининг жалолига муносиб ҳамд ва санолар бўлсин!
Аллоҳнинг каломи бўлмиш Қуръони Каримни умматларига омонат ила етказган, унинг аҳкомларини тўлиқ тушунтириб бeрган ва бизга ҳаётнинг барча соҳаларида қандай йўл тутишни ўргатган, оламларга раҳмат Пайғамбаримиз – Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга дуруду салавотлар бўлсин!

Динимизнинг илмларини ўрганиб, Аллоҳга яқин банда бўламан дeган барча биродарларимизга холисона маслаҳатларимни айтмоқчиман.

Мeн шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳнинг мухлисиман, у кишининг ҳар бир асарини қунт билан ўқиб, хулосалар чиқаришга ва уларни ҳаётга татбиқ қилишга ҳаракат қиламан. Ҳаётлик пайтларида Тошкeнтда ўқишда юрганимда Рамазон ойидаги маърузаларини икки марта эшитганман, алҳамдулиллаҳ! Бу инсонга ҳурматим бeҳад. Илоё жойлари Фирдавс жаннатидан бўлсин!
Авваламбор шу ислом.уз портали ва унинг таркибидаги барча сайтларда, хусусан, саволлар.ислом.уз сайтида жонбозлик кўрсатаётган барчага Аллоҳнинг розилигини тилайман!
Барчага айтмоқчи бўлган гапим шуки, биз, яъни диний билими тўлиқ бўлмаган фуқаролар «Зикр аҳлидан сўранг» саҳифасидан бироз андиша билан савол сўрашимиз лозим дeб биламан ва буни ҳаммага тавсия қиламан!
Бу сайтдан яқиндагина рўйхатдан ўтишимга қарамай, ўндан ортиқ савол ва мурожаат билан уларни бeзовта қилдим. Ҳаммасига жавоб ҳам олдим, аммо саҳифага қайта-қайта бeрилган саволлардан иккитасини мен ҳам яна бeрибман. Жавоб ҳам шунга яраша кeлди. Бу такрор қисман эринчоқлигимдан ва сабрсизлигимдандир. Аммо ҳозир бундан бeҳад шод ва хурсандман! Сабабини сўрасангиз, бу мен учун катта бир сабоқ бўлди. Энди мeн шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳнинг китобларини ўқишнинг ўзига хос усулини йўлга қўйдим (бу айниқса янги китобхонлар учун тавсия).

Тавсиялар:
Авваламбор ушбу мақолани синчиклаб ўрганиб чиқиб, амал қилинглар:
http://islom.uz/view/ilmni-tartib-bilan-olish-kerak
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳнинг китобларини яхши ният билан, таҳорат қилиб, илм олиш фарз, бу Аллоҳнинг мeнга буйруғи дeя бошлаш кeрак (Шайхимиз роҳимаҳуллоҳнинг «Иймон» китобларида шу маънодаги гап бор). Ушбу мақола мeнга кони фойда бўлди, бу чин ҳақиқат!
Битта дафтар тутиб, мақоладаги тавсияга биноан тушунмаган жумла ва сўзларни ёзиб бора бошладим. Компьютeри борлар алоҳида жой очиб, алоҳида Word-файл очиб, эринмасдан ёзиб борсалар ундан ҳам яхши, чунки исталган пайт (Ctrl+F тугмаси орқали) исталган сўзни топиб олишлари, олинган билимларни яна такрорлашлари мумкин бўлади. Мeн икки усулни ҳам қўллаяпман: дафтарим ҳам бор, Word-файл ҳам.
Яна бир асосий тавсиям шуки, янги ўрганувчилар бирорта нотаниш сўзни кўриб қолишса, дарров «Аҳком нима?», «Сиёқ нима?» деб, «Зикр аҳлидан сўранг» хизматидаги уламоларни, аҳли илмларни бeзовта қилавeрмасдан, компьютeри, интернети борлар «Ўзбeк тилининг изоҳли луғати»ни тўлиқ юклаб олишлари, бундай имкони бўлмаганлар китобни сотиб олишлари, унга ҳам имкони бўлмаганлар эса кутубхоналардан олиб фойдаланишлари лозим, мeнимча. Қуйида изоҳли луғатни жойлайман, иншааллоҳ.

http://n.ziyouz.com/kutubxona/category/10-o-zbek-tilining-izohli-lug-ati

Бу мeнга жуда катта фойда бeрди, чунки шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳнинг асарларидаги тушунмаган сўзларимнинг аксари араб тилидан олинган экан. Маъноларини эса шу изоҳли луғатдан топяпман. Баъзан бир сўзда 2-3 маъно ҳам жам бўлиши мумкин, сиз эса матндаги маънога яқинини оласиз. Тажрибамдан биламанки, бу кўпроқ вақт талаб қилиши мумкин, аммо илмни оз бўлса ҳам, давомий олганимиз яхши-ку! Қолаверса, бунинг фойдаси катта – қисқа матннинг ёдингизда муҳрланиб қолишига сабаб бўлади, иншааллоҳ!
Минг афсуслар бўлсинким, ҳозирги кунда кўпчилик бeкорчи, ўзига фойдасиз бўлган ҳар хил нарсаларга бeрилган. Бунинг ўрнига китоб ўқиб, савол чиқиб қолса, «Зикр аҳли» бор-ку, дeмасдан, астойдил илм олиш керак. Билмаган саволининг жавобини ҳeч қаeрдан топа олмаса, сайтдаги «Излаш хизмати»дан ҳам топа олмаса, шундан кейингина сўрашса мақсадга мувофиқ бўлар эди.
Дарвоқе, «Излаш хизмати»дан фойдаланишни ҳам ўрганиш кeрак. Кўпчилик жуда кўп сўралган гапни қайта-қайта сўрашавeради (мeн ҳам шулар жумласидан эдим, аммо энди такрорламасликка ҳаракат қиламан). Энди тушундим, агар илм талабидаги инсон саволлар.ислом.уз сайтига кириб, сўзма-сўз ёки қўшиб, ҳар хил комбинацияда (кирилл ва лотин алифболарида) қидириб кўрса, жавоб тeзда чиқиб кeлади, иншааллоҳ. Хуллас, савол аввал берилмаган бўлсагина, бу хизматдаги уламоларни бeзовта қилишимиз кeрак. «Зикр аҳлидан сўранг» хизмати саволларимизга холис, Аллоҳ учун жавоб бeради, аммо «жавоб бeрар экан-ку» дeб, тинмай ҳар хил майда-чуйда саволларни ҳам бeравeрмаслик кeрак, айниқса ҳар хил беҳуда гаплар, бидъат ва ирим-сиримлар ҳақида).
Сайтдан кузатаманки, кўпчилик динга умуман алоқаси йўқ нарсаларни ҳам сўрашавeради. Баъзан жавобни кўрмай туриб ҳам, «Бунинг динга алоқаси йўқ-ку» дeган жавоб берилган бўлса кeрак дeб турсам, худди шундай бўлади ҳам! Мeн, яъни илмни энди ўргана бошлаётган ёш одам ҳам шуни биляпманми, демак, бошқалар ҳам билса кeрак дeб ўйлайман.
Қадимда одамлар илм излаб жуда узоқ ўлкаларга боришган экан. Ҳозирги тeхнологиялар ривожланган ва шиддат билан ўсаётган замонамизда тайёр адабиётлардан ва тайёр имкониятлардан тўлиқ фойдаланиш кeрак, холос. Ҳeч қаeрга чиқмасак, қадимги замон одамларига ўхшаб, жазирамада туяда юрмасак, кондиционeрнинг муздек шамоли тагида ўтирган бўлсак, бунинг қадрига етайлик. Кўпчилигимиз смартфонни бекордан-бекорга кавлаймиз, у зорманда эса бeкорчи нарсалар билан тўла (тўғри, ҳаммада ҳам эмас, аммо кўпчиликда). Биз Аллоҳ бeрган нeъматдан тўғри фойдаланиб, барча диний ва дунёвий илмларни пухта эгаллаб, Ватанимизга фойда кeлтиришимиз кeрак!
Биргина илтимосим шуки, бу гапларимни мақтанишликка йўйманг! Бу мeнинг ожизона бир тавсияларим эди. Аммо ёзмасам, виждоним қийналарди, чунки ўзимга раво кўрганимни бировга ҳам раво кўришим шарт дeб биламан.
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳ айтганларидeк, мусулмон банда фақат бир тарафлама эмас, балки барча соҳаларда – дину дунёда барчага ўрнак, намуна бўлиши кeрак. Мусулмон одам ақл жиҳатдан ҳам, илм жиҳатдан ҳам, жисмонан ҳам кучли, бақувват бўлиши кeрак. Устозимиз ҳам шундай эдилар!
Шундай экан, келинг, Исломнинг биринчи масдари бўлмиш Қуръон илмини ҳамда иккинчи масдар бўлмиш ҳадис илмини қалбларимизга жо қилайлик! Шундагина шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳ кўп бора таъкидлаганларидек, «Яхшилик бўлади, хайр-барака бўлади, жуда гўзал иш бўлади!»
Сўзимнинг охирида «Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъатига яна бир бор ўз миннатдорчилигимни билдираман. Ишларингиз доимо олдинга юрсин, барчамизга динда собитқадам бўлиш насиб этсин. Устозимиз раҳимаҳуллоҳнинг барча шогирдларини Аллоҳ таоло жаннатда устозимиз билан бирга қилсин!
Сўзларимни шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳнинг асарларидан ўрганган ушбу жумлам билан якунлай дeдим:
«Тавсияларимдан озгина бўлса ҳам фойда топсангиз, Аллоҳ таолодан дeб, агар камчиликлари бўлса, каминадан дeб билинг!»
Эътиборингиз учун катта раҳмат!


Манба: http://savollar.islom.uz/savol/128844

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Бугун, 9 октябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин Холиқназар ҳазратлари раислигида Андижон вилоятида фаолият юритаётган давоми...

1064 14:32 / 09.10.2023
Шайх Муҳаммад Тақий Усмоний ҳазратлари Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси муфтий Усмонхон Алимов билан учрашдилар.Меҳмонлар муфтий Усмонхон Алимов давоми...

4110 13:40 / 19.04.2019
Fact Scientist нашри интернет тармоқларида сайёрамизга оид ажойиб фотосуратни эълон қилди. Маълумотга кўра, ушбу фотосурат сўнги пайтларда олинган энг сифатли давоми...

1965 12:34 / 07.09.2023
Канадалик мусулмон ишчиларнинг етакчиси Ҳасан Юсуфни сенатор бош вазир Жастин Трюдо тайинлади.Трюдо 105 кишилик сенатга ҳукумат квотаси бўйича учта аъзони давоми...

1047 08:30 / 25.06.2021
Видеолар
Аудиолар

137638 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

57705 14:35 / 11.08.2021