1446 йил 20 шаввол | 2025 йил 18 апрель, жума
Минтақа:
Тошкент
ЎЗ UZ RU EN
Тазкия

Мақтов сени сатр қилган зотгадир

20:38 / 05.07.2017 5593 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ким сени икром қилса, У Зотнинг сендаги гўзал сатрини икром қилади. Бас, мақтов сени сатр қилган Зотгадир, сени икром қилган ва сенга ташаккур айтган шахсга эмас.

Ибн Атоуллоҳ Сакандарий раҳматуллоҳи алайҳ ушбу ҳикматда ундан аввалги ҳикматдаги баҳсни давом эттирмоқда ва банданинг бандага кўрсатадиган икроми, ҳурмат-эҳтироми ортида турадиган ҳақиқатни баён қилмоқда. Бир банда ўзига ўхшаган бошқа бир бандага ҳурмат-эҳтиром ва иззат-икром кўрсатадиган бўлса, ўша ишнинг ортида Аллоҳ таолонинг Ўз бандаларидан бирининг айб ва нуқсонларини гўзал сатр қилиб, бошқаларга яхши кўрсатиб қўйгани туради. Агар Аллоҳ таоло мазкур банданинг ёмонликлари ва айбу хатоларини сатр қилмаганида, у ўзига ўхшаган бошқа бандаларнинг олдида шарманда бўлиши, ҳаммага ёмон кўриниши турган гап эди.

Шунинг учун банда ўзига ўхшаган бошқа бандалардан иззат-икром кўрса, мазкур бандани икром қилган ва унга миннатдорчилик билдирган ўзига ўхшаган бандага эмас, аввало Аллоҳ таолога ҳамду санолар айтиши керак бўлади. Мазкур яхшилик ва икром қилган бандага Аллоҳ таолонинг бу борадаги иродасининг юзага чиқишига сабаб бўлгани учун ташаккур айтилади. Зеро, ҳақиқий мақтовга сазовор Зот фақат У Зотнинг ёлғиз Ўзидир.

Ушбу ҳақиқатга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак ҳадиси шарифларида далил бор.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:

«Қачон Аллоҳ бир бандани яхши кўрса, Жаброилга: «Албатта, Аллоҳ Фалончини яхши кўради, сен ҳам уни яхши кўр!» дея нидо қилади. Шунда Жаброил уни яхши кўради. Сўнг Жаброил  осмон аҳлига: «Албатта, Аллоҳ Фалончини яхши кўради, сизлар ҳам уни яхши кўринглар!» дея нидо қилади. Шунда уни осмон аҳли яхши кўради. Сўнгра у ер аҳли учун мақбул қилиб қўйилади».

Бухорий ривоят қилган.

Аллоҳ таоло Ўзининг муҳаббатига сазовор бўлган бандаларининг айб ва нуқсонларини Ўзининг гўзал сатри ила беркитиб қўяди. Мазкур аброр бандаларнинг айб ва хатолари Аллоҳ таоло томонидан тўсилгани учун бошқа одамлар уларга муҳаббат қиладилар.

Аллоҳ таоло барчаларимизга айб ва хатолари У Зот томонидан сатр қилинишига лойиқ бандалардан бўлишимизни насиб қилсин!

Аллоҳ таоло барчаларимизга бизни икром қилган ва бизга тақдир қилган шахсга эмас, балки аввало бизни сатр қилган Зотга мақтов айтадиган бандаларидан бўлишимизни насиб қилсин!


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Хислатли ҳикматлар шарҳи китобидан)



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Илмнинг фойдалари сонсаноқсиз эканини ҳамма яхши билади. Бу ўринда биз диний илмларнинг баъзи фойдаларини қисқача эслаб ўтамиз1.Илм орқали Аллоҳ танилади, Унга давоми...

4277 13:30 / 18.01.2020
Нафсни поклаш ва ахлоқни сайқаллаш борасидаги воситалардан бири таҳоратдир.Араб тилидаги .таҳорат, сўзини ўз тилимизга таржима қиладиган бўлсак, .поклик, деган давоми...

4560 13:45 / 01.02.2020
Аъробий сўрадиndash Эй Аллоҳнинг Расули, туяни боғлайми ёки эркин қўйиб, таваккул қилаймиРасул соллаллоҳу алайҳи васаллам буюрдиларndash Боғлаб таваккул қилЯна Аллоҳ давоми...

2808 18:05 / 29.11.2018
Яхшиликлар иймоннинг мевалари, яхши амаллар ишончнинг маҳсули, ўйин кулгу эса, шубҳанинг самарасидир. Эшитиш ва кўриш тақводорларнинг икки сифати. Кўрлик ва давоми...

4342 05:00 / 01.03.2017