1446 йил 20 жумадул аввал | 2024 йил 22 ноябрь, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тазкия

Маъсият сатрини сўраш

20:34 / 05.07.2017 14631 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Сатр икки қисмдир: маъсиятдан сатр қилиш ва маъсиятни сатр қилиш. Авомлар мартабалари махлуқотнинг назаридан тушишидан қўрқиб Аллоҳдан маъсиятни сатр қилишини сўрайдилар. Хослар эса ҳақиқий Эгасининг назаридан қолишдан қўрқиб Аллоҳдан маъсиятдан сатр қилишини сўрайдилар.

Ибн Атоуллоҳ Сакандарий раҳматуллоҳи алайҳ ушбу ҳикматда мўмин бандаларнинг маъсиятдан сатр қилинишга бўлган муносабатлари ҳақида сўз юритмоқда.

«Сатр» сўзи араб тилида бир нарсани тўсиш, беркитиш ва пардалашни англатади.

Ибн Атоуллоҳ Сакандарий раҳматуллоҳи алайҳ аввало маъсиятдан сатр қилиниш – беркитилиш икки хил бўлишини таъкидламоқда. Биринчиси – маъсиятдан сатр қилиш – маъсият қилишдан ўзини тўсиш, уни яқинига йўлатмаслик. Иккинчиси – маъсиятни сатр қилиш – тўсиш. Яъни қилинган маъсият ҳақидаги хабарнинг тарқалишини тўсиш.  

– Авом мўминлар «Халойиқнинг назаридан қолмайлик, одамлар кўриб қолса, уят қилишади, уларнинг олдида шарманда бўлиб қолмайлик», дея қилинган маъсиятни тўсишини Аллоҳ таолодан ёлвориб сўрайдилар. Уларнинг ушбу ҳолатларининг зикри Қуръони Каримда ҳам келган.

Аллоҳ таоло Нисо сурасида марҳамат қилади:

«Одамлардан яширарлар ва Аллоҳдан яшира олмаслар. Ҳолбуки, У Ўзи рози бўлмайдиган гапни хуфёна келишаётганларида ҳам улар ила биргадир. Ва Аллоҳ улар қилаётган амалларни қамраб олувчидир» (108-оят).

Яъни мазкур кишилар ўзлари қилаётган ишларини

«Одамлардан яширарлар ва Аллоҳдан яшира олмаслар».

Улар одамлар билиб қолмасин деб, қилаётган гуноҳ ишларини яширишга уринадилар. Буни ўзларининг айбларини одамлардан яшириш учун қиладилар. Аммо ҳақиқатни Аллоҳдан яшира олмасликларини хаёлларига ҳам келтирмайдилар. У Зотнинг ҳар бир нарсани кўриб-билиб туришини унутганлар билмайдиларки,

«Ҳолбуки, У Ўзи рози бўлмайдиган гапни хуфёна келишаётганларида ҳам улар ила биргадир».

Бирга турган Қодир Зотдан бирор нарсани яшириб бўладими?! Аллоҳ дунёдаги каттаю кичик ҳар бир нарсани билиб турувчи Зотдир. Ушбу ҳақиқат оятнинг охирида ҳам таъкидланади:

«Ва Аллоҳ улар қилаётган амалларни қамраб олувчидир».

Шундай экан, Ундан бирор нарсани яширишга уриниб нима қиладилар?!

Аллоҳ таоло Ғофир сурасида марҳамат қилади:

«У Зот кўзларнинг хиёнатини ҳам, кўкслар яширган нарсаларни ҳам билур» (19-оят).

Аллоҳ таоло билмайдиган ҳеч нарса йўқ. У Зот ҳамма нарсани билади. Ҳаттоки,

«У Зот кўзларнинг хиёнатини ҳам...» билади.

Яъни кимнингдир бировга билдирмасдан, ўғринча кўз қири ташлаганини ҳам билади, ҳисобга олиб қўяди.

У Зот

«...кўкслар яширган нарсаларни ҳам билур».

Ҳеч кимга билдирмасдан, дилда тугиб қўйилган нарсаларни ҳам Аллоҳ таоло жуда яхши билади. Шундай бўлганидан кейин, бошқа нарсаларни билишида ҳеч шак-шубҳа йўқдир. Одамлар Ундан огоҳ бўлсинлар. 

Буюк саҳобий Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу ушбу оятнинг тафсирида қуйидагиларни айтганлар:

«Бу оят бир қавм ичида ўтирган бир киши ҳақидадир. Унинг қаршисидан аёл киши ўтса, одамларга ундан кўзини тўсган қилиб кўрсатади. Қавмнинг ғафлатдалигини билган заҳоти аёлга кўз тикади».

– Хослик даражасига етган мўминлар доимо Аллоҳ таолодан ўзларини маъсиятга яқинлаштирмаслигини сўраб илтижода бўладилар. У Зотдан ўзлари билан маъсиятлар орасига тўсиқ қўйишини, уларни содир этиш хаёлларига ҳам келмаслигини тинмай сўрайдилар. Улар бу ишни ҳақиқий Молик бўлган Аллоҳ таолонинг назаридан қолишдан қўрққанлари учун қиладилар.

Албатта, зикр қилинган икки хил сатр орасида фарқ бор. Бўлганда ҳам, катта фарқ бор. Аммо иккисида ҳам Аллоҳ таолонинг сатр, яъни тўсиш сифати бор. Аллоҳ таоло сатр қилувчидир, Саттордир.

Яъло розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам очиқ жойда изорсиз ғусл қилаётган одамни кўриб қолдилар. Бас, минбарга чиқдилар. Аллоҳга ҳамду сано айтдилар, сўнгра:

«Албатта, Аллоҳ ўта ҳаёли ва ўта тўсингандир. У Зот ҳаё ва сатрни севади. Бирортангиз ғусл қилса, тўсиниб олсин», дедилар».

Абу Довуд ва Насоий ривоят қилганлар.

Ушбу ҳадиси шарифдан Аллоҳ таолонинг Ситтир, яъни ўта сатр қилувчи – тўсувчи сифати борлиги келиб чиқади. У Зот таоло бандаларининг айб ва нуқсонларини бу дунёда ҳам, у дунёда ҳам сатр қилиши бордир.

Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шундай деяётганларини эшитдим:

«Албатта, қиёмат куни банда Роббига яқинлаштирилади. Ҳаттоки, унинг устига  (ҳимоя) қанотини қўяди ва унга: «Бу гуноҳни биласанми, бу гуноҳни биласанми?» деб гуноҳларига иқрор қилдиради. У: «Роббим, биламан», дейди. Сўнгра унга: «Албатта, Мен сендан ана ўшаларни у дунёда сатр қилдим, бугун эса сендан уни кечиб юбораман», дейди ва яхшиликлар саҳифасини беради».

Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

Шунинг учун ҳам барча мўминлар, қай даражада бўлсалар ҳам, доимо Аллоҳ таолонинг сатрини сўрашда бардавом бўладилар.

Аллоҳ таоло барчаларимизга халқнинг назарида мартабаларимиз тушишидан қўрқиб, Аллоҳ таолодан маъсиятни сатр қилишини талаб қиладиганлар даражасидан Аллоҳ таолонинг назаридан қолишдан қўрқиб, У Зотдан маъсиятдан сатр қилишини сўрайдиганлар даражасига кўтарилишимизни насиб қилсин!


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Хислатли ҳикматлар шарҳи китобидан)



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Сунний тасаввуф ўзи нима ва унинг вазифаси нимадан иборатАввало турли омилларга кўра .тасаввуф, сўзи орқали ифода қилинаётган ҳақиқатнинг .руҳий тарбия,, давоми...

5566 13:02 / 05.11.2018
. ,. .Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам.Албатта, умматим қиёмат куни таҳорат асаридан пешона ва давоми...

4229 13:45 / 15.02.2020
Еттинчи офат ndash ёлғон.Ёлғон араб тилида .кизб, дейилади ва луғатда ростнинг тескарисини англатади.Уламолар ёлғонни қуйидагича таърифлайдиларЖуржоний .Ёлғон давоми...

4181 13:00 / 23.01.2021
Хожа Муҳаммад Зоҳид қуддиса сирруҳуБу зоти олийнинг туғилган юртлари ва йиллари ҳақида маълумотимиз йўқ. Вафотлари эса ҳижрий 936 сана, милодий 1529 санада Бадахшда давоми...

5764 17:00 / 08.02.2019
Аудиолар

135067 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

55346 14:35 / 11.08.2021