1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Закот

Закоти берилмаган мол-дунё касри

05:00 / 16.01.2017 4810 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бир куни ўшалар (олтин-кумушлар) жаҳаннам оташида қизитилур ва пешоналари, ёнбошлари ҳамда орқаларига босилиб: «Мана бу ўзингиз учун тўплаган нарсангиз, бас, энди тўплаб юрган нарсангизни татиб кўринг!» дейилур (Тавба сураси, 35-оят).



Бу оятдаги олтин ва кумуш, яъни молу дунё тўплаш ҳақидаги маънолар кўпчиликни чўчитиб қўйган. Ҳатто саҳобаи киромлар ўртасида ҳам турли саволлар туғилган. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тушунтириш берганлар.

Имом Абу Довуд ҳазрати Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда қуйидагилар айтилади: «Олтин ва кумушни жамғариб…» ояти нозил бўлганда мусулмонларга оғир келди. “Биздан бирор киши ҳам ўзидан кейинги фарзандига мол-мулк қолдирмас экан-да”, дейишди. Шунда Умар розияллоҳу анҳу: “Мен сизларни бу кўнгилсизликлардан чиқараман”, дедилар-да, юриб кетдилар. У киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб: “Эй Аллоҳнинг Расули! Саҳобаларингизга бу оят катта нарса бўлиб кўринди-ку”, дедилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Албатта, Аллоҳ закотни беҳудага эмас, балки молларингизни поклаш учун фарз қилган. Меросни эса фақат орқангиздан қоладиган мол учун фарз қилган”, дедилар. Шунда Умар розияллоҳу анҳу: “Аллоҳу акбар!” дея такбир айтиб юбордилар. Сўнгра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишига:  “Сенга эр киши учун энг яхши хазина нималигини айтайми? Аҳли солиҳ хотинки, унга назар солса, хурсанд қилади, бир иш буюрса, итоат этади. Эри ундан ғойиб бўлса, муҳофаза қилади”, дедилар».

Шу ва шунга ўхшаш ҳадисларга суянган ҳолда оятдаги аламли азобга сабабчи бўладиган жамғарма закоти берилмаган молу дунё экан, деган хулосага келинади. Дарҳақиқат, закотини бермай, мол тўплаганлар аламли азобга дучор бўладилар.

Имом Муслим Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Закотни адо қилмаган ҳар бир одамга қиёмат куни ўтдан тамға қилиниб, ёнбошига, пешонасига ва орқасига босилади. У куннинг миқдори эллик минг йилга тенг бўлади, то одамлар орасида ҳукм чиқариб бўлгунча, тамға босилаверади. Сўнгра ё жаннатга, ё дўзахга йўли кўрсатилади», – деганлар.

Бошқа бир ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким ўзидан кейин хазина қолдирса, қиёмат куни унга икки қора нуқтаси бор кўзойнакли илон бўлиб кўринади. Унинг орқасидан қувлаб юради. Ундан: “Сен нимасан ўзи?” деб сўраса: “Мен ўзингдан кейин қолдириб кетган хазинангман”, дейди. Сўнгра яна орқасидан қувиб боради. У қўлини тутади. Илон қўлини тишлаб, ютади ва тананинг қолганини ҳам юта бошлайди», деганлар.

Бундан олдин мушриклар ҳақидаги ниҳоий ҳукмлар айтилган эди. Мушрикларга тегишли ҳукмлар унча кўп тортишувларга сабаб бўлмайди. Чунки бу ҳукмлар асосан Арабистон ярим оролига хос бўлиб, сабаблари юқорида баён этилди. Уларнинг ҳаммаси Исломни қабул қилдилар.

Аммо аҳли китобларга оид гап-сўзлар, тортишувлар жуда кўп. Шунинг учун бу мавзуни бир оз шарҳлашга тўғри келади. Худди мушриклар ҳақидаги ниҳоий ҳукмга ўхшаб, аҳли китоблар ҳақидаги ниҳоий ҳукм ҳам бирданига нозил бўлгани йўқ. Бу оятлар нозил бўлгунга қадар анчагина гап-сўзлар, муомалалар ва воқеалар бўлиб ўтган. Ана ўшалар асосида охирги қарор сифатида ушбу оятлар нозил бўлган.

Маълумки, Маккаи Мукаррамада аҳли китоблар кўп эмас эди. Варақа ибн Навфалга ўхшаш баъзи бир шахслар турли сабабларга кўра, аҳли китоблар билан алоқада бўлиб, уларнинг динини қабул қилган бўлиши мумкин. Улар Исломга ва мусулмонларга яхши муносабатда бўлганлар. Айримлари Исломга кирганлар ҳам. Кейинчалик Мадинаи Мунавварада ҳам баъзи яҳудийлар Исломга кирдилар. Қуръони каримда бунга ўхшаш аҳли китобларни мадҳ этувчи ояти карималар бор.

Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳижратларидан кейин аҳли китоблар билан алоқалар кучайди. Бунга аввало, Мадинаи Мунавварада яшаб турган яҳудийлар сабабчи бўлдилар. Улардан Абдуллоҳ ибн Салом розияллоҳу анҳуга ўхшаш Аллоҳ ҳидоят берганлари мусулмон бўлиб, ажрларини икки ҳисса олиш бахтига муяссар бўлдилар. Лекин асосий гуруҳ биринчи кунданоқ Исломга ашаддий душманлик қила бошладилар. Улар мусулмонлар ўртасида фитна чиқаришга уринишдан ҳеч ҳам тўхтамадилар. Ислом дини, Қуръони карим ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳақида турли иғво-бўҳтонлар тарқатишда бир лаҳза ҳам сустлашмадилар. Биринчи кундан бошлаб Қуръони карим оятлари уларнинг хатоларини очиқ айтиб, ўзларини ўнглашга чақирса ҳам, кўнмадилар. Мунофиқларнинг бошлиғи Абдуллоҳ ибн Убай ибн Салул исмли яҳудий экани ҳаммага маълум. Қибла Байтул Мақдисдан Маккага – Каъбага ўзгарганда ҳам яҳудийлар катта иғвогарлик сафарбарлигини ўтказдилар. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг севимли аёллари Оиша онамизни зинода айблаб, ёлғондан иғво тарқатганлар ҳам ўшалар. Мушрикларни тўплаб, мусулмонларга қарши урушга гиж-гижлаганлар ҳам ўшалар. Охири бориб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бошлиқ мусулмонлар улар билан сулҳ тузишди. Тинчлик-омонликда бир-бирини ҳурмат қилиб яшашга келишилди. Аммо яҳудийлар бу сулҳга ҳам хиёнат қилдилар. Оқибатда Бану Қайнуқоъ, Бану Назир ва Бану Қурайза номли яҳудий қабилалари билан урушишга мажбур бўлинди. Яҳудийлар Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни ўлдириш учун суиқасд ҳам уюштирдилар. Фақат Аллоҳнинг иноятигина у зотни сақлаб қолди. Улардан бир кампир Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга заҳарланган қўй гўшти берди. Хайбарда яҳудийлар билан мусулмонлар ўртасида катта жанг бўлди ва ҳоказо. Шунинг учун уларга нисбатан биз ўрганаётган оятлардаги ниҳоий ҳукмлар чиқарилди.

Аҳли китобларнинг яна бир тоифаси бўлмиш насороларга келадиган бўлсак, биринчи даврларда улар билан яхши алоқалар бўлган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларидан заифҳолларига насроний подшоҳ Нажошийнинг юрти – Ҳабашистонга боришни, у ерда зулм кўрмасликларини айтганлар. Қуръони каримда насоролар бошқаларга қараганда мусулмонларга яқинроқ эканликларини тасдиқловчи оятлар бор. Айни чоғда худди яҳудийлар каби, насороларга ҳам уларнинг кофир эканликларини эслатадиган, хатоларини ўзларига баён қиладиган оятлар ҳам мавжуд. Баъзи насроний гуруҳларнинг Маккаи Мукаррамага ҳам, Мадинаи Мунавварага ҳам келиб, Қуръони карим тинглашгани, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга турли саволлар беришгани, кўнгли таскин топганлари Исломни қабул қилганлари маълум ва машҳур. Баъзилари одоб доирасида тортишув ҳам олиб борганлар. Форс давлати билан насроний Рум давлати урушиб, енгилганида, мусулмонлар аҳли китоб румликларнинг мағлубиятидан қаттиқ хафа бўлганлар. Қуръони каримда «Рум» сураси нозил бўлиб, унда тезда румликлар форслар устидан ғалаба қозониши ҳақида хабар берилган эди.

Лекин Арабистон ярим оролида Ислом давлати пайдо бўлганини эшитган румликлар ўзларининг форслар билан давом этиб келаётган душманликларини унутдилар. Улар зудлик билан мусулмонларга қарши аскар тўплай бошладилар. Улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Басрадаги Рум ҳокимига юборган элчилари Ҳорис ибн Умайр Аздийни ўлдирдилар. Одатда элчига ўлим йўқ эди. Аммо насоролар ҳамма амал этадиган қоидага амал қилмай, мусулмонларнинг элчисини ўлдирдилар. Бу ишни улар уруш чиқариш учун қилишган эди. Элчини ўлдириб қўйиб, яна аскар тўплашни давом эттирдилар. Румликларнинг ўзлари юз минг аскар йиғдилар. Уларнинг Шомдаги иттифоқдошлари ва насроний араб қабилалари ҳам юз минг аскар тўпладилар. Мана шу икки юз минг аскар билан мусулмонларни йўқ қилиб ташлаш қасдида эдилар. Саккизинчи ҳижрий сананинг Жумадул улаа ойида улар мусулмонларнинг Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам томонларидан юборилган уч мингга яқин аскари билан Муъта урушида тўқнашдилар.

Сўнгра Табук жанги бўлди. Тавба сурасида ана шу жанг тўғрисида батафсил баён қилинади. Кўриниб турибдики, насоролар Ислом ва мусулмонлар учун жиддий хавфга айланган эдилар. Шунинг учун уларга нисбатан бу оятларда чиқарилган ҳукмлар ҳеч ажабланарли эмас. Бу воқеъликдан келиб чиққан ҳукмдир.

Бир қарашда муросасиз кўринган, аммо аслида адолатли ҳукмларнинг содир бўлиш ҳикматлари, бу ҳукмларнинг оятларнинг ўзида айтиб ўтилган етти сабаби ва тарихий воқеълигини ўрганиб чиқдик. Энди ҳукмнинг ўзини ўрганишга, аниқроғи, бу ҳукмнинг жавҳарини тушунишга ҳаракат қилайлик.

Аллоҳ таоло биз ўрганаётган оятларда мусулмонлар жамоасининг аҳли китобларга – яҳудий ва насороларга нисбатан муомаласи қандай бўлишини белгилаб бермоқда. Мусулмон давлатида яшаётган иймонли-Исломли кишилар Аллоҳнинг ер юзидаги халифалари ҳисобланадилар. Улар ер юзида адолат ўрнатиш, зулмни кўтариш, ҳамма ёқда ҳуррият ҳукм суришидан масъулдирлар. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаи киромлари шу масъулиятни тўлиқ тушунганлар ва ўшанинг тақозоси билан ҳаракат қилганлар. Улар масъулиятни адо этиш учун жиҳодга чиққанлар. Саҳобаларнинг жиҳодларини ва кейинги авлоднинг уни давом эттиришини кўпчилик турлича тушунади, турлича баҳолайди.

Душманлар буни босқинчилик ҳаракати, бошқа юртларни босиб олиш, бойликларини ўзлаштириш, халқларни қул қилиш, дея баҳолайдилар. Ўлкамизнинг ҳақиқий босқинчилари бўлмиш кофирлар бу ҳаракатни «Араб истилоси» деб номлаганлар. Уларнинг айтишича, араблар бостириб келиб, ҳамма ёқни ўзлариники қилиб олганлар. Кишиларни мажбуран Исломга киритганлар. Исломни қабул қилмаганларни ўлдирганлар ёки катта солиқ солганлар.

Ўзини Исломга дўст санаганлар ва кўпчилик мусулмонлар бу зулмкор баҳодан Исломни гўё «ҳимоя» қиладилар. Улар: «Исломда жиҳод фақат ватанни ҳимоя қилиш учун жорий қилинган», «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам давридаги ҳамма урушлар фақат мудофаа учун бўлган», «Қуръони каримдаги оятлар ҳам худди шу маънога далолат қилади», дейдилар. Лекин бу икки тоифанинг даъволарини бир оз ўйлаб, муноқаша қилинса, ҳамма нарса равшан бўлади.

Исломий фатҳларни «араб истилоси» дейиш нотўғри эканини душманларнинг ўзлари ҳам билишади, аммо Исломга қарши нимадир ўйлаб чиқариш керак бўлган. Натижада шу ибора ўйлаб топилган. Чунки фотиҳ мужоҳидлар ичида араб эмаслар ҳам кўп эди. Шу билан бирга, уларнинг ҳаракати ҳеч қачон истило бўлмаган. Мусулмонлар қаерга борсалар, динга даъват қилиш учун, адолат ўрнатиш учун борганлар. Ўша ерларнинг аҳолиси билан ака-ука бўлиб яшаб қолганлар (душманлар «катта солиқ» деб номлаган «жизя» тўғрисида кейинроқ гаплашамиз). Мусулмонлар ҳеч бир юртнинг молу мулкини талаб, олиб кетмаган. Кишиларни Исломга киришга мажбур ҳам этмаган. Уларнинг муомаласи мустамлакачиларнинг номаъқул муомаласига мутлақо ўхшаган эмас. Буни инсофли ажнабий тарихчилар ва олимлар ҳам такрор-такрор қайд этганлар. Машҳур олим Томас Орланднинг «Исломга даъват» китобида бу ҳақиқатни тасдиқлайдиган кўпгина ҳужжатли далиллар келтирилади.

Шуниндек, «ҳимоячи»ларнинг гапларига ҳам ўзига яраша эътирозлар чиқади. Масалан, «Агар Исломда жиҳод фақат мудофаа учун жорий қилинган бўлса, нима сабабдан саҳобалар Арабистон ярим оролидан чиқиб, бошқа юртларга бордилар, у ерларда шаҳид бўлдилар?» деган савол берилса, улар жавоб беришга қийналиб қолишади.

Яхшиси, бу масалани саҳобаларнинг ўзларидан сўраш керак. Тарихда шундай бўлган ҳам. Саҳобаи киромлар Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу бошчиликларида ўша даврдаги иккита катта империянинг бири – Форс давлати чегарасига келиб тушдилар. Бундан хабар топган Форс давлати Рустам исмли лашкарбоши раҳбарлигида тайёргарлигини кўриб қўйган эди. Рустам мусулмонлар томон ўз элчиларини юборди. Форс элчилари мусулмонларнинг бошлиғини тополмай, анча вақт овора бўлишди. Чунки Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳунинг алоҳида ажратилган жойи ҳам, кийими ҳам йўқ эди. У киши лашкарлари билан аралашиб юрар эдилар. 

Элчилар у кишини одамлар орасидан топдилар. Ўзларини таништирган элчилар Форс давлати раҳбарларининг мусулмонлар вакили билан гаплашмоқчи эканини билдиришди. Саъд ибн Абу Ваққос орқаларига шундай қараган эдилар, ерда ёнбошлаб ётган, юпун кийинган Робиъ исмли саҳобага кўзлари тушди. Унга: “Сен булар билан боргин, бошлиқлари бизнинг вакилимиз билан гаплашмоқчи экан”, дедилар. Робиъ розияллоҳу анҳу бир чапдаст ҳаракат билан найзасига таяниб, от устига сакраб минди ва элчиларга қараб: “Кетдик”, деди. 

Элчилар лол бўлиб туриб қолдилар. Бир жулдур кийинган «вакил»га, бир ерда ўтирган «амир»га қарашди. Ўзаро бир нималарни гаплашдилар-да, ниҳоят, катталари Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳуга: “Бундан кўра тузукроқ одам йўқми?” деди. Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу: “Ичимизда тузугимиз шу, вакил юборишни сизлар сўрадингиз, биз эмас”,  дедилар. 

Ноилож қолган элчилар ўша вакилни олиб, йўлга тушдилар. Қароргоҳга яқинлашишлари билан, элчилар отдан тушиб, таъзим қилиб юра бошладилар. Мусулмонларнинг вакили Робиъ розияллоҳу анҳу эса уларнинг бу кулгили ҳолларини томоша қилиб, отдан тушмай, кулиб, ичкарига кирди. Аммо қоровуллар бирдан ёпирилиб, уни отнинг устидан тортиб олишди ва улуғларининг олдига от миниб бориб бўлмаслигини англатишди. Аммо у киши бошини мағрур тутиб, найзасини ерга қадаб-қадаб кета бошлади. У ҳар сафар найзасини ерга урганида, ерга тўшалган бир йўлбарс терисини тешар эди. Робиъ розияллоҳу анҳу тўғри бориб, тахтда ўтирган бошлиқнинг ёнидан жой олди. Аммо хизматкорлар дарҳол у кишини пастга ўтиришга мажбур этишди. Шунда Робиъ розияллоҳу анҳу: “Бизга сизлар ҳақингизда, адолатли подшоҳларингиз ҳақида хабарлар борар эди. Ҳаммаси беҳуда экан. Агар ўзингизга ўхшаш бир одамга шунчалар таъзим қиладиган бўлсангиз, бизга ҳеч ҳам тенг кела олмайсизлар”, деди. Форсларнинг каттаси таржимонга: “Ундан сўра-чи, нима учун келишди экан?” деди. Робиъ розияллоҳу анҳу бу саволнинг жавобига асрлар бўйи қоида бўлиб қолган жумлани айтди. У: “Аллоҳ таоло бизни бандаларни бандаларга ибодат қилишдан Аллоҳга ибодат қилишга, динларнинг жабридан Исломнинг адлига, бу дунё торлигидан у дунё кенглигига чиқариш учун юборди”, деди.

Ҳа мусулмон фотиҳлар бошқа юртларга ўз фойдаларини кўзлаб эмас, балки Аллоҳнинг амрини бажариш учун борганлар. Улар дунёдаги инсонлар қулликнинг турли кўринишларидан озод бўлишлари учун курашганлар. Ер юзида фақат Аллоҳнинг ҳукми барқарор бўлишини истаганлар. Улар ер юзидаги бирон кимсага жабр ва зулмни раво кўрмаганлар. Ҳар ким хоҳлаган динини танлаб, Ислом адолатидан фойдалансин, деб ҳаракат қилганлар. Улар қайси юрт тупроғига қадам қўйсалар, олдин ерлик аҳоли орасида тушунтириш ишларини олиб борганлар. Чунки уларнинг вазифаси кишиларга Аллоҳнинг дини – Исломни етказиш бўлган. Улар ҳақ динга тарғиб қила туриб, одамларга «Мусулмон бўл – саломат бўласан ёки динингда қолмоқчи бўлсанг, жизя бер. Унга ҳам, бунга ҳам кўнмасанг, орамизда уруш бўлади», – дейишган.

Мусулмон фотиҳлар: «Биз тажовузкор уруш қилмаймиз, бировни динимизга киришга мажбур ҳам этмаймиз. Биз фақат бошқаларни Исломга даъват қиламиз, ким хоҳласа, мўмин бўлсин, хоҳламаса, кофирлигича қолсин – ўзининг иши. Фақат бизнинг йўлимизни тўсмасин, бошқаларни даъват қилишимизга халақит бермасин. Исломга кирмоқчи бўлганларнинг ҳам йўлини тўсмасин. Бизнинг фикримизча, инсон фақат мусулмон бўлгандагина, ёлғиз Аллоҳга ибодат қилган бўлади. Бу ҳақиқатни одамларга етказиш бизга топширилган. Топшириқни адо этишимизга тўсиқ бўлма! Ким бетараф бўлса, марҳамат, четда тинч-омон тураверсин. Лекин ким бизга қарши чиқса, даъватга йўл бермаса, бошқаларнинг Исломни ўрганишига тўсиқ бўлса, у билан урушишдан бошқа илож қолмайди», – дейдилар. Мусулмонларга уруш қилганларга қарши уруш қилинади, холос. Исломий қоида бўйича, уруш пайтида қари кишилар, ёш болалар, аёллар ва ибодатхоналарга тегиш мумкин эмас. Шунингдек, қурол кўтариб чиқмаганлар ҳам тинч қоладилар. Агар Аллоҳ нусрат бериб, мусулмонлар ғолиб келсалар, душманни қуролсизлантириб, уларнинг Ислом соясида тинч-омон яшашлари жорий қилинади. Урушмасдан, дастлабки даъватдаёқ ўз динида қолиб, жизя беришни ихтиёр этганлар ҳам мусулмонлар билан бирга тинч-омон яшайверадилар.

Жизя одамларни қийнаш учун жорий қилинган солиқ эмас. У ҳар бир бошга мажбурий ҳам эмас, балки қодир кишилардан маълум миқдорда олинадиган тўловдир. Биринчидан, жизя Аллоҳнинг динига даъват қилишнинг йўлини тўсмаслик, қарши турмаслик аломати сифатида берилади.

Иккинчидан, жизя берган шахсни мусулмонлар ички ва ташқи душманлардан ҳимоя қиладилар. Унинг ўзи, молу мулки ва оила аъзоларининг ҳимоясини ўз зиммаларига оладилар. Жизя тўлаган киши ҳарбий хизматдан ва бошқа сафарбарликлардан озод қилинади.

Учинчидан, жизя тўлаган киши мусулмонлар тақдим этадиган оммавий-ижтимоий таъминотлардан фойда олади. Улар қурган кўприк, йўл, бозор ва бошқа нарсалардан фойдаланади. Қариганда, кексалик нафақаси олади.

Тўртинчидан, мусулмонлар жизя олгандан сўнг юқорида зикр этилган ишларни бажара олмасалар, жизяни қайтариб, эгасига топширадилар.

Умуман, жизя масаласига тузукроқ назар солинса, уни ҳар ким ўзи учун бериши аён бўлади. Худди шу маънода мусулмонлар ҳам Байтул молга закот, ушур ва бошқа йўллар билан ўз ҳиссаларини қўшадилар. Исломдаги жизянинг адолатини янада яхши тушуниш учун уни танқид қилиб, адолатсиз деганлардан бирининг муомаласига назар солайлик.

Коммунистлар ўз фойдаларини кўзлаб, кишиларни алдаш учун баъзи диний ташкилотлар тузган эдилар. Бу ташкилотларда фақат улар ихтиёр қилган кишилар ишлашига қарамасдан, ўша ташкилотларга ҳам, уларда ишловчиларга ҳам мисли кўрилмаган оғир солиқлар солинар эди. Баъзи бир маиший хизматлар учун диний ташкилот ва ходимлар томонидан тўланадиган ҳақ ҳам бошқалар тўлайдиган тўловлардан ортиқ эди. Бунинг устига, улар диний ишда ишлаган ватандошларга ҳар қандай нафақа беришдан, жумладан, қарилик нафақаси беришдан мутлақо бош тортар эдилар. Хулоса қилиб айтилганда, Худога ишонган одам коммунистларга ҳақ тўлаб, ишониши керак эди. Шу ҳолларига уларнинг бошқаларни танқид қилишларига ҳайронсан.

Демак, аҳли китоблар Исломни қабул қилсалар, мусулмонлар билан биродар бўлиб яшайверадилар. Исломни қабул қилмай, жизя берсалар, уларнинг ҳимояси, тинчлик-омонлиги ва диний эркинлиги мусулмонлар зиммасида бўлади. Мусулмонлар ўзлари эришган бахт-саодатга бошқалар ҳам эришишини истайдилар. Ана шу истак йўлидаги тўсиқларга, куфр, зулм ва туғёнларга қарши курашадилар.


(“Тафсири Ҳилол”дан)



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
. .Муоз розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мени Яманга юбордилар ва ҳар бир ўттиз сигирдан битта эркак ёки давоми...

2457 09:00 / 01.05.2021
. . . .Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Аббос Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан закотни вақти келишидан олдин бериш ҳақида давоми...

1794 12:00 / 04.05.2021
Аллоҳ таоло .Эй иймон келтирганлар, садақаларингизни миннат ва озор билан ботил қилманг,, деган Бақара, 264.Шарҳ Бундан садақа қилган киши берган садақаси орқасидан давоми...

4400 05:00 / 14.01.2017
Жобир ибн Атийкдан, у отасидан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Келажакда ҳузурингизга ёмон кўрилган жамоатлар келадилар. Бас, қачонки улар давоми...

8643 13:00 / 10.05.2021