1446 йил 21 жумадис сони | 2024 йил 23 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Кун ҳадиси

Кун хадиси

05:02 / 04.06.2017 3973 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ибн Аббосдан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Албатта, Аллоҳ менинг умматимдан хатони, унутилган ва мажбур қилинган нарсани кечиргандир», дедилар».

Ибн Можа ривоят қилган.

Шарҳ: Бу ҳадиси шариф Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинмоқда. Ушбу ҳадиси шарифда Муҳаммад алайъиссаломнинг умматларига Аллоҳ таоло томонидан бўлган улкан марҳамат ҳақида сўз кетмоқда. Яъни, мусулмон киши беихтиёр содир этган гуноҳлари учун жавобгар бўлмаслиги баён этилмоқда. Бу ҳадис ўзида улкан маънони мужассам қилгандир. Инсоннинг ҳақиқий айбдор ёки айбдор эмаслигини аниқлашдаги катта ва асл қоидани баён этмоқда. Фуқаҳоларимиз ушбу ҳадиси шарифдан фиқҳий ҳукмларни ишлаб чиқишда кенг фойдаланганлар.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу ҳадисларида Аллоҳ таоло у зотнинг умматларидан уч нарсани кечиб юборганлиги ҳақида баён бермоқдалар.

1. Хато, яъни бир нарсани билмасдан қилиб қўйиш. Мисол учун, бир ишни қилса бўлади, деб тушунган ҳолда қилади, кейин шариатда ман қилинганлиги аён бўлади. Шунингдек, бир ният билан қилса, натижа аксинча чиқади. Мисол учун, овлаш мақсадида ҳайвонга отган ўқи одамга тегиб кетиши мумкин. Бунга ўхшаш ҳолатларда инсон хато қилган бўлади. Унинг хатоси кечирилади. Чунки бу нарса унинг ихтиёридан ташқари содир бўлди. Содир этилган хато Аллоҳнинг ҳаққи бўлса, бутунлай кечиб юборилади. Банданинг ҳаққи бўлса, енгиллашади. Масалан, инсон бир кишини хато туфайли ўлдирган бўлса, олдинги мисолда айтилганидек, ҳайвонга отган ўқи одамга тегиб кетса, қасос учун ўқни отган киши ўлдирилмайди, балки у ўлган киши учун хун тўлайди.

2. Унутиш, яъни ёдидан кўтарилиб, тақиқланган ишни қилиб қўйиш. Мисол учун, фалон ишни қилмайман, деб қасам ичса-ю, қасамини унутиб, ўша ишни қилиб қўйса, гуноҳ бўлмайди. Хато ва унутиш туфайли моддий зарар етказилса, тўланади. Бир амал унутиш туфайли бажарилмаган бўлса, эслаган заҳоти дарҳол уни бажариш лозим бўлади. Мисол учун, биров намозни унутиб қўйган бўлса, эслаши билан дарҳол ўқиб олади.

3. «Мажбур қилинган нарса», яъни бир одамни бошқалар куч билан мажбуран гуноҳ ишни қилдирса, мажбурланган одамга гуноҳ бўлмайди. Мажбур қилувчилар эса гуноҳкор бўладилар. Мажбур қилиб рўзасини очдириш, намоз ўқитмаслик, динга қарши гапларни айтдириш ва бошқалар бунга мисол бўлади.

Шу билан бирга, мажбурлаш мажбур қилинаётган одамнинг жонига ёки бирор аъзосига таҳдид солиши шарт. Бундан паст даражадаги мажбурлаш гуноҳ ишни қилаверишга йўл очмайди. Ойлик маошининг камайиши ёки ишдан бўшатилиши ва шунга ўхшаш нарсалар узр ҳисобланмайди. Фақат ўлим хавфи ёки танасидаги аъзоларидан бирининг йўқ бўлиши, майиб бўлиши каби хавфларгина шаръий эътибордаги мажбурлаш ҳисобланади.

Буларга қўшимча равишда, баъзи ҳадисларда ухлаб қолиш ҳам узр ҳисобланган. Яъни бир киши ухлаб қолиб, намоз вақтини ўтказиб юборса, уйғонган заҳоти ўқиб олади.

Ушбу ҳадиси шарифдан олинадиган фойдалар:

1. Исломнинг осонлик дини экани.

2. Хато билан содир этилган гуноҳнинг кечирилиши.

3. Унутиш туфайли содир этилган гуноҳнинг кечирилиши.

4. Мажбурлаш ила содир этилган гуноҳнинг кечирилиши.

Бу нарсаларнинг ҳаммаси Аллоҳ томонидан мусулмонлар учун улкан марҳаматдир. Агар Аллоҳ таоло мазкур ҳолатларда ҳам гуноҳни ҳисобга олишни хоҳласа, ҳаққи бор эди. Аммо бандаларига оғирликни хоҳламаганидан кечиб юборди.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ҳаким ибн Ҳизом розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан нарса сўраган эдим, бердилар. Кейин яна сўраган эдим, яна бердилар. давоми...

3225 06:05 / 14.09.2018
Муъоз ибн Жабал розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Бир киши .Лаа илааҳа иллаллоҳу, Муҳаммадур Расулуллоҳ, деб чин қалбдан давоми...

4896 17:49 / 13.05.2017
Абу Молик алАшъарий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам.Поклик иймоннинг ярмидир,, дедилар.Имом Муслим ривоятлари.Бу ҳадис давоми...

2709 09:35 / 26.02.2018
Амр ибн Авф Ансорийдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади..Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Абу Убайда ибн Жарроҳни Баҳрайннинг жизясини олиб келиш учун давоми...

3396 10:40 / 07.07.2018