1446 йил 21 жумадис сони | 2024 йил 23 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Кун ҳадиси

Эй Муъоз, Аллоҳнинг бандалардаги ҳаққи нимаю

23:27 / 15.05.2017 4267 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Муъоз ибн Жабал розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Уфайр номли эшакда Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг орқаларига мингашиб борар эдим. У зот: 

«Эй Муъоз, Аллоҳнинг бандалардаги ҳаққи нимаю, бандаларнинг Аллоҳдаги ҳаққи нима эканини биласанми?» дедилар. 

«Аллоҳ ва Унинг Расули билувчироқ», дедим.

«Албатта, Аллоҳнинг бандалардаги ҳаққи уларнинг Аллоҳга ибодат қилишлари, Унга ҳеч нарсани ширк келтирмасликларидир. Бандаларнинг Аллоҳдаги ҳаққи эса Ўзига ҳеч нарсани ширк келтирмаган кимсани азобламаслигидир», дедилар. 

«Эй Аллоҳнинг Расули, одамларга башорат берайми?» дедим. 

«Уларга башорат берма, яна суяниб қолмасинлар», дедилар».

Икки ҳадисни икки шайх ва Термизий ривоят қилганлар.

Шарҳ: Бу ҳадис ҳам Муъоз ибн Жабал розияллоҳу анҳудан ривоят қилинмоқда. У киши билан аввалги ҳадисда танишган эдик.

Ушбу ҳадиси шариф билан аввалги ҳадиснинг ўхшаш жойлари кўп. Лекин дақиқ фарқлари ҳам бор. Келинг, шу фарқларни кўриб чиқайлик.

Ўхшашлик жойлари: ровий битта, яъни Муъоз ибн Жабал розияллоҳу анҳунинг ўзлари. Сўнгра хабарни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан эшитгандан сўнг: «Одамларга бу хабарни етказайми?» деб сўрашлари. Яна: «Етказсанг, суяниб қолурлар» деган жавоб ҳам бир хил.

Фарқли жойлари эса биринчи ҳадисда «Ким «Лаа илааҳа иллаллоҳу» Муҳаммадур Расулуллоҳ», деб шаҳодат берса» дейилган. Бу ҳадисда эса «уларнинг Аллоҳга ибодат қилишлари, Унга ҳеч нарсани ширк келтирмасликлари», дейилган.

Албатта, шаҳодат калимасини айтиш билан Аллоҳга ибодат қилиш, У Зотга ширк келтирмаслик орасида фарқ жуда катта. Хусусан, ибодат лафзининг асл ва кенг маъносини оладиган бўлсак, бу дунё ҳаётини тамомила Аллоҳнинг амрига мувофиқ қилиб яшаш маъноси келиб чиқади. Ширк келтирмаслик деганда эса фақат ақийда бобида Аллоҳнинг шериги бор, деб эътиқод қилмаслик эмас, балки ибодат, амал бобларида ҳам ширкнинг турли кўринишларидан узоқда бўлиш кўзда тутилган бўлади.

Бу маънолар эса ушбу бобдаги ҳадислар баъзи жоҳил кишилар ўйлаганидек, шаҳодат калимасини айтиб қўйса бўлди, бошқа нарсанинг кераги йўқ, деган фикрнинг ботил эканини кўрсатади. 

Биринчи ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шаҳодат калимаси учун берилган ваъдага суяниб қолишнинг олдини олиш учун башоратни одамларга айтмасликка амр қилган эдилар. Бу ҳадисда эса Аллоҳга ибодат қилиш, У Зотга ширк келтирмасликка берилган ваъдага суяниб қолишнинг олдини олиш учун башоратни одамларга айтмасликка амр қилмоқдалар. 

Биринчи ҳадисда дўзахнинг ҳаром қилиниши ваъда қилинган бўлса, кейинги ҳадисда азобламаслик ваъда қилинмоқда. Лекин иккисида ҳам одамлар маънони бошқача тушуниб, қилинган ваъдага суяниб қолишларидан чўчиш бор. Бу эса банда қай даражага етса ҳам хотиржам, бепарво бўла олмаслигини кўрсатади. 

Банда доим хавф ва умид орасида, яъни дўзахга тушишдан хавфсираб, жаннатга тушишдан умидвор бўлиб туради. Ҳеч ким «Мен калимаи шаҳодатни айтиб қўйдим ёки ибодатни қилиб қўйдим, Аллоҳга ширк келтирганим йўқ, энди менинг жаннатдан жой олишим аниқ», деб шаҳодатига ёки ибодатига суяниб қола олмайди.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг эҳтиёт чораларини кўришлари айни ҳикмат бўлганлигини бугун, айниқса яққол кўриб турибмиз. У зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётлик вақтларида, кейинги даврларда ҳеч ким шариат амалларининг заррачасига ҳам амал қилмаса бўлаверади, деган фикрда умуман бўлган эмас. 

Тушунарли бўлиши учун намозни олайлик. Саҳобаи киромлар, тобеъинлар, табаъ тобеъинлар ва улардан кейинги авлодлардан ҳеч ким «Бирор вақт намозни ўқимай қўйса бўлаверар экан», деган фикрни қилган эмас. Намозни ҳамма ўқиган.

Наҳотки Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васалламдан тортиб, қанчадан-қанча саҳобийлар, уламолар, мужтаҳидлар, мазҳаб бошлиқлари, муҳаддислар, фуқаҳолар бугунги кунда Ислом амалларини адо этишдан бўйин товлаётган жоҳилларчалик тушунчага эга бўлмаган бўлсалар?!

Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг эшакка минишлари, ортларига Муъоз ибн Жабал розияллоҳу анҳуни мингаштириб олишларидан у зотнинг мутавозеъ, камтарликларини билиб оламиз.

2. Эшакнинг номи Уфайр эканидан ҳайвонларга ном қўйиш жоизлигини тушунамиз.

3. Бировга бир нарсани айтишдан олдин, буни биласанми, деб сўраш ҳам таълимнинг услубларидан экани.

4. Аллоҳга ибодат қилиш бандаларнинг Аллоҳ олдидаги бурчи экани.

5. Аллоҳга бирор нарсани ширк келтирмаслик ҳам бандаларнинг бурчи экани.

6. Аллоҳ таоло Ўзига ибодат қилган, ширк келтирмаган бандаларини азобламаслиги.

7. Бирор хабарни одамларга етказишдан олдин, агар у умумий рухсатдан бошқачароқ бўлса, хабар эгасидан (бошлиқдан) «Бу хабарни одамларга айтаверайми?» деб сўраб олиш кераклиги.

8. Агар хабар кўпчилик орасида тушунмовчилик келтирадиган бўлса, хушхабар бўлса ҳам, кўпчиликка айтмай туриш лозимлиги.

9. Мусулмонлар орасида тушунмовчилик чиқиши, амалдан қолиш хавфи каби нарсаларга қарши эҳтиёт чораларини кўриш зарурлигини билиб оламиз. Чунки ушбу ҳадисдаги маъно одамларни Аллоҳнинг ибодатига, У Зотга ширк келтирмасликка чорлаш бўлса ҳам, одамларнинг нотўғри тушуниб, аксинча маъно беришларидан, бунга суяниб қолишларидан чўчиб, хабарни тарқатиш ман қилинди.

10. «Аллоҳнинг бандада ҳаққи бор, банданинг Аллоҳда ҳаққи бор» иборасини ишлатиш мумкинлигини билиб оламиз.

Ушбу ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Муъоз ибн Жабал розияллоҳу анҳуга: «Уларга башорат берма, яна суяниб қолмасинлар» деганларига салафи солиҳ уламоларимиз кўплаб таълиқ қилганлар. Шулардан баъзиларини келтирамиз:

«Бу қайтариш баъзи одамларга хосдир. Бухорий шу ҳадис билан олим киши одамларнинг бирор илмни фаҳмламасликларидан қўрқса, баъзиларини қўйиб, баъзиларини хос қилиши мумкинлигига ҳужжат қилган. Гоҳида ушбу ҳадисга ўхшаш ҳадисларни ботил аҳли ва ибоҳийлар (ҳар нарсани «бўлаверади» деювчилар) шаръий таклифларни тарк қилиш, ҳукмларни йўқ қилишга рўкач қилиб оладилар. Бу эса охиратни хароб қилгани етмаганидек, бу дунёни ҳам хароб этади».

Яъни: «Уларга бунинг хабарини берма. Чунки сен уларга бу хабарни айтсанг, Роббнинг лутфига эътимод қилиб, бандалик ҳаққини унутарлар. Оқибатда даражалари нуқсонга учраб, ҳолатлари таназзулга юз тутар. Кўпчиликнинг ҳоли шудир. Аммо хос кишиларга қанчалик башорат етса, улар шунчалик кўп ибодат қилурлар. Ашараи мубашшарийн (жаннат башорати берилган ўн саҳоба) шундай бўлганлар».

Биз қўшимча қилмоқчимизки, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаи киромлардан фақат ўн кишининг жаннатга киришларига башорат берганлар. Бу жуда машҳур иш бўлиб, ҳамма уларга ҳавас қилган. Ҳатто ақийда китобларида ҳам бу масала алоҳида зикр қилинади. Агар ким шаҳодат калимасини айтса, тўғридан-тўғри жаннатга кираверадиган бўлса, мазкур ўн кишига берилган башорат беҳуда бўлиб қолмайдими? Унда уларни алоҳида зикр қилишнинг нима кераги бор эди?! Жаннатнинг башоратини номма-ном олиб туриб ҳам, бирор ибодатни тарк этмай, балки олдингидан зиёда ибодат қилганларига нима дейсиз?

Демак, турли баҳоналар билан ибодат қилишдан қочадиган, шариат ҳукмини қилмасликка уринадиганларнинг гап ва ишлари ҳеч қандай рисолага тўғри келмайди.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
. .6043. Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинадиБу киши ёш болалар олдидан ўтиб, уларга салом бердиларда .Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг одати давоми...

1718 11:42 / 16.11.2018
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинадиРасулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни.Огоҳ бўлинг, албатта дунё лаънатлангандир ва ундаги нарсалар давоми...

3354 07:15 / 05.08.2018
. .Жубайр ибн Мутъим розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам.Менинг бешта исмим бор. Мен Муҳаммадман. Мен Аҳмадман. давоми...

2989 08:30 / 09.10.2021
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Ражаб ойи кирса, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Аллоҳумма барик лана фи ражабин ва шаъбана, ва баллиғна давоми...

2285 09:13 / 28 февраль