1446 йил 2 жумадул аввал | 2024 йил 03 ноябрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Сийрат

Қабасотун мин ҳаётир Росул (2-қисм)

20:12 / 28.04.2017 3966 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Қабасотун мин ҳаётир Росул (2-қисм)

(Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётларини ўрганиш)

Пайғамбарлик мўъжизаларидан


Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг баракалари

Муҳаммад ибн Исҳоқдан ривоят қилинишича Башир ибн Саъднинг қизи айтади:

“Онам – Равоҳанинг қизи Умра мени чақириб кийимимга бир ҳовуч хурмо солиб берди-да:

– Қизалоғим, буни отангга олиб бориб бер, – дедилар.

Мен отамни излаб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёнларидан ўтдим. Жаноб алайҳиссалоту васаллам:

– Қани қизалоғим, сендаги нима нарса? – деб сўрадилар.

– Хурмо. Онам дадамга – Башир ибн Саъдга юбордилар, – дедим.

– Менга бергин-чи? – дедилар алайҳиссалоту васаллам.

Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг икки кафтларига солдим, лекин ҳовучлари тўлмади. Сўнг бир кийимни ёзиб қўйишга буюрдилар. Кейин хурмони унинг устига сочиб, ёйиб қўйдилар-да, ёнидаги одамга:

– Хандақ аҳлини чақир, нонушта қилиб олсинлар, – дедилар.

Хандақ аҳли тўпланиб келиб хурмони ея бошладилар. Хурмо Хандақ аҳлининг ҳаммаси еб бўлгунларича кўпайиб, ҳатто кийимнинг атрофидан тошаверди...

ФУРСАТ КЕЛМАДИМИ?

Абу Суфён ибн Ҳарб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан омонлик сўраганида, жаноб соллаллоҳу алайҳи васаллам амакилари Аббос розияллоҳу анҳуга уни тонггача чодрасида олиб ўтиришликка буюрди. Аббоснинг равоғига етиб келганда бўлган ишлардан надомат қилиб, ўзича ўйлади: “Нима қилиб қўйдим? Ўз қўлим билан топшириб қўйдим-ку?! Бунинг ўрнига Аҳбошлар ва Кинонани тўплаб, уни ўшаларга ташлаб берсам, хор қилармидим...”

Шу пайт Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз ҳужраларида ўтирган ҳолда нидо қилдилар:

– Эй Абу Суфён! Унда Аллоҳ хор қилур эди!

Абу Суфён:

– Эй Аббос, мени укангнинг ўғлининг олдига олиб бор! – деди.

Аббос розияллоҳу анҳу:

– Шўринг қурсин, эй Абу Суфён! Фурсат келмадими?! – дея уни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига олиб борди.

– Эй Алллоҳнинг расули! Менинг кўнглимда бир гумон бор эди, – деди Абу Суфён. –  Гувоҳлик бераман: Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ, ва албатта, Сиз Аллоҳнинг расулисиз!..

МАСХАРА ҚИЛГАНЛАРГА КИФОЯ ҚИЛАМИЗ

Бу тўғрида Аббос ибн Абдулмутталиб шундай деб айтиб беради:

“Бир куни масжидда турсам Абу Жаҳл келиб:

– Аллоҳга қасамки, Муҳаммадни соллаллоҳу алайҳи васаллам сажда қилган ҳолатида топсам, бўйнини тепиб ташлашни ўз зиммамга оламан! – деб қолди.

Мен Абу Жаҳлнинг хабарини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга етказдим. Жаноб соллаллоҳу алайҳи васаллам ғазаб билан масжидга келдилар. Дарвозадан ичкари кириб, Алақ сурасидан Абу Жаҳл ҳақидаги “Йўқ! Албатта, инсон туғёнга кетади!” оятидан суранинг охиригача ўқиб, сажда қилдилар. Шунда бир киши Абу Жаҳлга:

– Эй Абул Ҳакам, ана Муҳаммад! (соллаллоҳу алайҳи васаллам) Сажда қилиб турипти! – деди.

Абу Жаҳл яқин келди-ю, дарҳол ортига қайтиб кетди.

– Нега айтганингни қилмадинг? – деб сўрадилар.

– Ўртамизда оловли чуқурни кўриб қолдим! – жавоб берди Абу Жаҳл.

ҲИЖРАТ АСНОСИДАГИ МЎЗЖИЗАЛАР

Ҳижрат асносида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам соҳиби Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу билан бирга дам олгулик ва егулик нарса истаб Умму Маъбаднинг уйига тушдилар. У деҳқончилик ва чорвачилик унумсизлиги, ернинг қақроқлиги ва ҳосилнинг камлигидан қийинчиликда яшар эди. Гўштми, хурмоми ёки сутми бўлса, тақдим қилишини сўрадилар.

– Аллоҳга қасамки, бирор нарсамиз бўлса қизғанмас эдик, – деди у.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳовлига боқиб, ориқлиги ва нимжонлиги билан бошқа қўйлардан ажралиб турган қўйни кўрсатиб:

– Манавининг сути борми? – деб сўрадилар.

– Бунинг ундай нарсаларга ҳоли ва мадори йўқ, – деди кампир.

– Уни соғиб кўришга рухсат берасанми? – дедилар жаноб.

– Аллоҳга қасамки, унинг тузук-қуруқ эти ҳам йўқ. Шунга қарамай соғиб кўрмоқчи бўлсангиз ўзингиз биласиз, соғиб кўраверинг.

Жаноб алайҳиссалоту васаллам муборак қўллари билан унинг елинини силаб, Аллоҳнинг номини зикр қилдилар. Елинга сут тўлиб кетди. Бирор каттароқ идиш сўрадилар. Сўнг сутни соғдилар. Сут шоввиллаб, тўлиб-тошиб чиқар эди. Сутни кампирга тақдим этди. Кампир тўйгунича ичди. Кейин ўша жойда ҳозир бўлганлар ҳаммалари тўйгунларича ичдилар. Охирида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам тўйиб ичдилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак қадамлари бу маҳалла аҳлига барака бўлиб, ёмғир ёғди. Ўсимликлар кўкариб ҳосил мўл-кўл бўлди. Бу юртга Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак исмларини қўйдилар.

ЁҒОЧ ТАЁҚ ҚИЛИЧГА АЙЛАНДИ

Уккоша ибн Муҳсин ибн Ҳарсон ал-Асадий Бадр куни токи қўлидаги қиличи синиб кетгунга қадар жанг қилди. Кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келган эди, ёғочдан бўлган таёқ бердилар ва:

– Эй Уккоша, энди мана бу билан жанг қил! – дедилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан олиб силкитган эди, қўлидаги таёқ узун, ўткир тиғли, тоза пўлат қиличга айланиб қолди. Бу қилич билан Аллоҳ таоло мусулмонларга зафар бергунига қадар жанг қилди.

Ўша қилич “мададкор” деб номланди. Уни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бўлган барча ғазотларда олиб юрди.

БУ ҚЎЙ ГЎШТИГА СЕН ЗАҲАР СОЛДИНГМИ?

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қўрғонлардан иборат бўлган Ҳайбарни фатҳ қилдилар. Шунда Зайнаб бинту Ҳорис исмли аёл заҳар солинган қўй гўштини тақдим қилди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам гўштдан бир тишладилар, саҳобаларининг ҳам айримлари едилар. Шунда ҳазрат Пайғамбар алайҳиссалом:

– Қўлларингизни тортинглар! – деб, ҳалиги хотинни чақириб келишга одам юбордилар. У аёл келгач:

– Қўй гўштига сен заҳар солдингми? – деб сўрадилар.

– Буни сенга ким билдирди? – сўради аёл.

– Қўлимда турган манави гўшт, – дедилар алайҳиссалоту васаллам.

– Ҳа, мен. “Агар ҳақиқатан ҳам пайғамбар бўлса, унга зарар қилмайди. Мабодо пағамбар бўлмаса – ундан қутуламиз” деган эдим.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ўша аёлни авф қилиб юбордилар.

КИСРО БИЛАГУЗУКЛАРИ

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзининг соҳиби Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу билан бирга Мадинага ҳижрат қилиб чиққанларида Суроқа ибн Моликка йўлиқиб қолдилар. Қурайш Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни тутиб келган ёки қаердалгини айтган кишига юзта туя беришни эълон қилган эди.

Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам Суроқага:

– Ҳой Суроқа, Кисро билагузукларини тақсанг қандай бўлардинг? – дедилар.

Суроқа эсанкираб қолди ва:

– Армаз ўғли Кисронинг билагузугиними? – деб сўради.

Шу лаҳзада Суроқанинг кўнглидан нималар кечганини Аллоҳдан бошқа ҳеч ким билмас эди. Ҳолбуки, унинг рўпарасида турган инсоннинг қавми қувиб, ўз юртидан ҳижрат қилиб чиқиб кетган бўлса-ю, шу  инсон Кисро устидан ғалаба қилиш ҳақида сўзлаяптими? Аммо Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам ғайб забондан, Аллоҳнинг ваъдаси билан тасдиқланган забон билан сўзлаётган эдилар.

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу халифалиги даврида Форснинг ўлжалари келиб, масжидда мусулмонлар ўртасига ташланди. Умар (розияллоҳу анҳу) Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Суроқага айтган сўзларини эслади. Ўлжалар орасидан Кисронинг билагузугини излаб топди. Сўнг:

– Ораларингизда Суроқа ибн Молик борми? – деди.

– Ҳа, – дедилар. Суроқа ўрнидан турди. Умар (розияллоҳу анҳу) унга Кисро билагузугини берди ва:

– Мана буни олиб, минбарга кўтарил ва қўлингни юқори кўтариб “Аллоҳ ва Унинг расули рост сўзлайди!” деб айт! – дедилар.

САҲОБАЛАРГА АЙТИЛГАН БАШОРАТ

Хубоб ибн Арт олов ва қиздирилган темир билан азобланар эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Каъбанинг соясида қўлларини муборак бошларининг остига қўйиб ётганларида ҳузурларига келиб:

– Эй Аллоҳнинг расули, Аллоҳга биз учун дуо қилмайсизми? – деди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам юзлари қизариб кетган ҳолларида ўтириб олдилар ва:

– Сизлардан аввалгиларни гўштлари титилиб, суяклари чиққунча темир тароқ билан тирнаб жароҳатлар эдилар, лекин бу нарса уларни динидан қайтармас эди. Бошларининг ўртасидан арра солиб ёриб ташлашар эди, бу ҳам уларни динидан қайтара олмас эди. Шубҳасизки, Аллоҳ таоло бу (дин) ишини шундай ғолиб қиладики, отлиқ киши Санъодан Ҳазрамавтгача Аллоҳдан бошқадан қўрқмаган ҳолда (хотиржам) етиб боради.

НУБУВВАТДАН АВВАЛГИ МЎЪЖИЗА

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам пайғамбарликдан аввал амакиси Абу Толибнинг доимий хизматида эдилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам кичкина болалик пайтлари эди. Аббос розияллоҳу анҳу укаси Абу Толибдан Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аҳволидан бирон нарса айтиб беришини сўраса айтар эдики, овқатланишдан аввал Аллоҳнинг номини айтар, қоринлари тўйгач Аллоҳга ҳамд айтар эдилар, ҳолбуки, улар бундай қилмас эдилар.

Бир кеча арабларнинг одатларига кўра ҳарорат юқорилигидан ухлашдан олдин кийимини ечиб ётишга буюрди. Бу нарса ёқмаса-да, хилофлик ила рад қилмадилар ва амакисига:

– Кўзингизни мендан бошқа томонга буринг, менга бирор кимса қарашлиги дуруст эмас! – дедилар. Сўнг ухладилар.

Абу Толиб айтади: “Аллоҳга қасамки, иккаламизнинг орамизда шундай бир кийимни кўрдимки, ҳарирдан ҳам майинроқ, ҳиди мушкдан ҳам кўра хушбўйроқ эди. Билмадим, бу кийим қайдан келди экан?!.”

АБУ ТАЛҲА ВА БИР ҲОВУЧ АРПА

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Ансорлардан Абу Талҳа хотини Умму Салимга:

– Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг заиф овозларини эшитдим. Заифлигидан қорни очлигини сездим. Бирор нарсанг борми? – деди.

– Бор, – деб бир ҳовуч арпа олиб хамир қорди ва андагидан нон ёпди. Кейин қолганини кийимимнинг остига ўраб қўйиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига юбордилар.

Бордим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам масжидда ўтирган эканлар. Атрофида одамлар. Уларнинг рўпарасига бориб турдим.

– Абу Талҳа жўнатдими? – сўрадилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам.

– Ҳа, – дедим.

– Овқатми? – сўрадилар соллаллоҳу алайҳи васаллам.

– Ҳа, – дедим яна.

– Туринглар! – деб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам одамларни етаклаб йўлга тушдилар. Мен уларнинг олдиларига тушиб бордим-да, бориб Абу Талҳага хабар бердим. У хотинига:

– Эй Умму Салим, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам одамлар билан келяпти эканлар. Бизда уларга еткулик овқат йўқ-ку!? – деди.

– Аллоҳ ва унинг расули билгувчироқ! – деди Умму Салим.

Абу Талҳа Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга пешвоз чиқиб кутиб олди ва бирга кирди.

– Қани, Умму Салим. Нима егулигинг бўлса келтир-чи! – дедилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам.

Умму Салим бояги нонни олиб кирди. Идишдаги сариёғдан қуйиб, нонга суртиб берди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир қанча сўзларни айтдилар ва:

– Ўн кишига киришга изн бер! – дедилар.

Ўн киши кириб, тўйгунларича еб чиқиб кетдилар. Сўнг яна:

– Ўн кишига изн бер! – дедилар.

Яна ўн киши кириб, тўйгунларича тановул қилиб чиқиб кетдилар. Сўнг яна:

– Ўн кишига изн бер! – дедилар.

Шу зайлда одамлар ҳаммалари кириб, тўйгунларича тановул қилдилар.

Улар етмиш ёки саксон нафар эдилар”.

ЮЗИНГ ҚУРСИН!

Фотима розияллоҳу анҳо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига йиғлаган ҳолда кириб келдилар.

– Қизгинам, нега йиғламоқдасиз! – сўрадилар Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам.

– Отажон! Нега йиғламайинки, Қурайшнинг анави жамоаси Каъбада йиғилиб Лот, Уззо ва Манот билан онт ичиб, агар сизни кўришса, қатл қилишликка аҳд қилишди. Улар ҳаммаси қонингизга ташна бўлиб туришибди, – деди Фотима розияллоҳу анҳо.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:

– Қизгинам, таҳорат олишга сув олиб келинг, – дедилар. Сўнг таҳорат олиб масжидга чиқдилар. Улар жанобни кўриб:

– Ана у! У шу ерда! – дейишди.

Сўнг бирдан бошларини хам қилишиб, бўйинларини эгишиб қолишди. Нигоҳларини ҳам кўтара олмай қолишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир ҳовуч тупроқ олиб, уларга сочиб юбордилар. Сўнг:

–  “Шоҳат ал-вужуҳ!” (Юзларинг қурсин, дабдала бўлсин!) – дедилар.

Кимгаки тупроқ теккан бўлса, Бадр кунида кофир ҳолида ҳалок бўлди.

ОДАТДАН ТАШҚАРИ МЎЪЖИЗАЛАР

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам муборак қўллари билан ишора қилганларида осмондаги ой икки бўлакка бўлиниб кетди. Макка аҳли Ҳиронинг икки шуъла орасида қолганига гувоҳ бўлдилар. Абу Жаҳл эса аҳмоқлиги туфайли мўъжизани сеҳрга чиқарди.

Ҳазрат соллаллоҳу алайҳи васаллам:

– Сафардаги йўловчиларга хабар жўнатинглар! – дедилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мўъжизалари ҳақ эканлиги ҳақида хабарлар тарқади.

Яна бир мўъжизалари – бир аъробий ҳидоятга сабаб бўлгувчи мўъжиза сўради. Шунда унинг талабига кўра дарахт ўрнидан қўзғалиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёнларига келиб салом берди. Қаршиларида тўхтаб, ул зотнинг пайғамбарлигига ва Аллоҳ таолонинг ваҳдониятига гувоҳлик берди. Сўнг бир ишоралари ила ўз ўрнига қайтиб кетди.

Байтуллоҳнинг атрофида уч юз олтмишта бут бор эди. Уларнинг оёқлари тошларга қўрғошин билан маҳкам қилиб ўрнатилган эди. Макка фатҳ қилинган йили Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қўлларидаги асо ила ўша бутларга ишора қилдилар – ишора туфайли бутлар юзлари билан ва орқалари билан ағдарилиб тушди.

Уҳуд ғазоти куни Қатоданинг кўзига шикаст етиб лунжигача осилиб қолди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дуолари билан кўзи жойига қайтарилди, ҳатто аввалгидан ҳам авлороқ бўлди.

Ҳайбар фатҳи куни Саййидимиз алайҳиссалом Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳунинг кўзларига дам солдилар, кўзининг оғриғи бутунлай оғримаган каби  шифо топди.

Хандақ ғазоти кунида ибн Ҳакамнинг бир қўли синди. Жаноб соллаллоҳу алайҳи васаллам дам солдилар, шу заҳотиёқ тузалди, ҳатто оғриқ ҳам сезмади.

АЛЛОҲ СИЗНИ ИНСОНЛАРДАН ҲИМОЯ ҚИЛАДИ

Макка фатҳидан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам  Фузола ибн Умайр ибн Малул ал-Лайсий билан кетаётган эдилар. Фузола ўзича Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни ўлдиришни қасд қилиб борар эди. Шунда Расули акрам алайҳиссалом:

– Кўнглингдан нима ўтяпти? – деб сўраб қолдилар.

– Ҳеч нарса. Мен Аллоҳни зикр қилиб кетаётган эдим, – деди у.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам кулдилар-да:

– Сен учун Аллоҳга истиғфор айтаман, – деб муборак қўлларини унинг кўксига қўйдилар.

Фузола: “Аллоҳга қасамки, ҳали Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қўлларини олмасларидан туриб, мен учун ер юзида у зотдан кўра маҳбуброқ кимсани топа олмай қолдим”, деб айтиб юрар эди.



Шайх Аҳмад Муҳаммад Ассофнинг

“Қабасотун мин ҳаётир-Русул” китобидан

Асака туман бош имом-хатиби

Шаҳобиддин ПАРПИЕВ таржимаси.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
224. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан масжидда ўтирган эдик. Бир киши туяда кириб келди ва уни масжидга давоми...

5774 14:00 / 02.08.2019
373. Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Масжид атрофидаги ерлар бўшаб қолди. Бану Салама масжид яқинига кўчиб ўтмоқчи бўлди. Бу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи давоми...

3438 13:30 / 12.06.2020
252. Абу Бакра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Замон Аллоҳ осмонлару ерни халқ қилган кунидаги ҳайъатига қайтди. Бир йил ўн давоми...

3840 14:20 / 13.09.2019
586. Саҳл ибн Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ичимлик келтирилди. У зот ундан ичдилар. Ўнг тарафларида бир бола давоми...

3624 19:00 / 19.11.2021