1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Сийрат

Набий алайҳиссаломнинг умматга шафқатлари

20:02 / 28.04.2017 3317 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таоло шундай деб марҳамат қилади:

«Батаҳқиқ, сизларга ўзингиздан бўлган, сизнинг машаққат чекишингиз унинг учун оғир бўлган, сизнинг (саодатга етишишингизга) ташна, мўминларга марҳаматли, меҳрибон бўлган Расул келди». («Тавба» сураси, 128-оят)

Ояти каримада Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг асосий сифатларидан бир нечаси зикр қилинмоқда. Дунё тарихида у зот алайҳиссаломдек кишиларга марҳаматли, меҳрибон инсон бўлган эмас. 


Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ҳар бир Набийнинг қабулида шак йўқ дуоси бўлади. Барча Набийлар ўз дуосини қилиб бўлди. Мен ўз дуоимни қиёмат куни умматимга шафоат бўлиши учун беркитиб қўйганман. У менинг умматимдан Аллоҳга ҳеч нарсани ширк қилмай ўлганларга албатта етгувчидир», – дедилар».

Икки Шайх ва Термизий ривоят қилишган.


Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ азза ва жалланинг Иброҳим ҳақидаги: «Роббим, албатта, у(санам)лар одамлардан кўпини адаштирдилар. Бас, ким менга эргашса, у мендандир. Ким менга осий бўлса, албатта, Ўзинг мағфират қилгувчи ва раҳимлисан», деган қавлини тиловат қилдилар. 

Ийсо алайҳиссалом: «Агар уларни азоблайдиган бўлсанг, бас, албатта, улар Сенинг бандаларинг. Агар уларни мағфират қиладиган бўлсанг, бас, албатта, Сенинг Ўзинг азийз(ғолиб) ва ҳикматли зотсан», деган эдилар. 

Бас, у зот икки қўлларини кўтариб туриб:

«Аллоҳим! Умматим! Умматим!» – дедилар ва йиғладилар. Шунда Аллоҳ азза ва жалла:

«Эй Жаброил, Муҳаммаднинг ҳузурига бор. Роббинг билса-да, ундан сени не йиғлатур, деб сўра», – деди. 

Жаброил алайҳиссалом келиб, у ҳақда сўради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишига айтган нарсаларининг хабарини бердилар. Ҳолбуки, унинг ўзи ҳам билар эди. Шунда Аллоҳ:

«Эй Жаброил, Муҳаммаднинг ҳузурига бор ва:

«Албатта, Биз сени умматинг ҳақида рози қилурмиз, сенга ёмонлик қилмасмиз», деб айт»,– деди».


Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Аллоҳ таоло Ўз бандаларидан бир умматга раҳматини ирода қилса, ўша умматнинг Набийсини ундан аввал қабз қилур. Бас, уни (умматига) фарат ва салаф қилур. 

Қачон бир умматнинг азобини ирода қилса, Набийси тирик турганда азоблаб ҳалок қилур. У назар солиб турганда (умматнинг) ҳалокати ила кўзини қувонтирур. Чунки, улар уни ёл¬ғончига чиқарган ва ишига исён қилган эдилар», – дедилар».

Иккисини Муслим ривоят қилган.

Аллоҳ таоло мана шундай баркамол сифатларга соҳиб қилган бандаси Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламни Ўзининг охирги Расули қилиб танлаб олди. Ўша пайтдаги жаҳолат ботқоғига ботган, ғафлат уйқусида қотган инсониятни тўғри йўлга бошлаш учун, уларга охирги ва мукаммал шариатнинг амалларини аввал ўзи бажариб кўрсатиш учун, барчага шахсий ўрнак бўлиш учун худди шу баркамол сифатлар ила сифатланган комил инсон керак эди. Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам ана ўша талабларнинг барчасига тўлақонли жавоб берадиган зот эдилар.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
427. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам .Садақанинг яхшиси беҳожатлик билан бўлганидир ва уни ўзингга аҳлу аёл давоми...

969 19:00 / 31 май
868. Жундаб ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар .Ким мақтанишини ёйса, Аллоҳ унинг шармандалигини давоми...

2263 19:00 / 25.03.2023
Абдуллоҳ ибн Саржис розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ердаги тешикка бавл қилишдан қайтардилар. Одамлар Қатодага.Нима учун давоми...

4298 13:55 / 01.09.2019
Бу масалага мушриклар қандай қараганларини уларнинг Валид ибн Муғийра билан қилган маслаҳатларидан билиб олинади. У Қурайш қабиласининг бошлиқларидан ва давоми...

3563 18:01 / 21.12.2017