1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Сийрат

Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ахлоқлари ҳақида

20:02 / 28.04.2017 3997 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Абу Саъийд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам мастура қиздан ҳам ҳаёлироқ эдилар. Қачон бир нарсани ёқтирмасалар, юзларидан билар эдик».

Бошқа бир ривоятда:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам фаҳшчи эмас ва фаҳшни қилмас ҳам эдилар. Ул зот сизларнинг яхшиларингиз, ахлоқи яхшиларингиздир», дейилган».

Иккисини Икки Шайх ривоят қилишган.

Бошқа бир ривоятда:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам хулқ жиҳатидан одамларнинг энг яхшиси эдилар», дейилган. 

«Фаҳш» сўзи қабиҳ гапни айтишга ишлатилади. «Фаҳшчи» деганда, табиатида қабиҳ гапларни айтиш бор киши кўзда тутилади. «Фаҳш қилиш» деганда эса, табиатида бўлмаса ҳам ўзини мажбур қилиб қабиҳ сўзларни айтиш кўзда тутилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг табиатларида аслида қабиҳ сўз айтиш бўлмаган, шу билан бирга, у зот ўзларини мажбур қилиб ҳам қабиҳ сўзлар айтмаганлар.


Бухорий ва Термизийнинг ривоятида:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳеч қачон бирор таомни айбламаганлар. Агар иштаҳалари тортса, ердилар, бўлмаса, тарк қилар эдилар», дейилган.


Ато розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Мен Абдуллоҳ ибн Амрга:

«Менга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Тавротдаги сифатларининг хабарини бер», – дедим. 

«Хўп! Аллоҳга қасамки, у зот Тавротда ўзларининг Қуръондаги баъзи сифатлари ила васф қилингандирлар: 

«Эй Набий, албатта, Биз сени гувоҳ, хушхабар берувчи, огоҳлантирувчи ва уммийларга ҳимоя қўрғони қилиб юбордик. Сен бандам ва Расулимдирсан. Сени Мутаваккил деб номладим. Бадхулқ ҳам, қўпол ҳам, бозорларда шовқин солувчи ҳам эмассан. У ёмонликни ёмонлик ила қайтармас, лекин афв қилур, кечирур. Аллоҳ у ила қинғир миллатни, «Лаа илааҳа Иллаллоҳу», дейишлари, у ила кўр кўзларни, кар қулоқларни ва берк қалбларни очиши ила тўғриламагунча уни қабз қилмас».

Бухорий ривоят қилган.


Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан бирор нарсани сўралганда, ҳеч қачон «йўқ» демаганлар».


Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Бир одам Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан икки тоғ ораси тўлган қўйларни сўради. Бас, унга ўшаларни бердилар. У ўз қавми ҳузурига бориб:

«Эй қавмим, мусулмон бўлинглар! Аллоҳга қасамки, Муҳаммад кўп ато берар экан. Фақийрликдан қўрқмас экан», – деди».

Анас: «Киши фақат дунё учун мусулмон бўлмайди. Балки дунё ва ундаги барча нарсалардан кўра Ислом унга маҳбуброқ бўлгандагина мусулмон бўлади», – деди».

Бу ривоятда ўз қавмини мусулмон бўлишга чорлаётган одам Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан қўй олгани учун эмас, у зотнинг камбағалликдан қўрқмай, шунча қўйни бир одамга бериб юборганликларини Набийлик мўъжизаси билиб мусулмон бўлган эди. 


Сафвон ибн Умайя розияллоҳу анҳу айтади:

«Аллоҳга қасамки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳунайнда менга атони берганларича бердилар. Олдин у зот мен учун одамларнинг энг ёмони эдилар. Ато беравериб, мен учун одамларнинг энг маҳбуби бўлиб қолдилар».

Ушбу учовини Муслим ривоят қилган.


Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам одамларнинг энг гўзали, одамларнинг энг сахийси, одамларнинг энг шижоатлиси эдилар. Бир кеча аҳли Мадийна қаттиқ даҳшатга тушдилар. Одамлар овоз чиққан томон юра бошладилар. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам уларнинг олдидан чиқдилар. Ўша томондан қайтиб келаётган эканлар. Ул зот улардан олдин овоз чиққан томонга борган эканлар. Ул зот Абу Толҳанинг эгарсиз отини миниб, бўйниларига қилич осиб олган эканлар. Ул зот:

«Қўрқманглар! Қўрқманглар!» – дедилар».

Икки Шайх ривоят қилишган.


Яна ўша кишидан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадийнага келганларида Абу Толҳа менинг қўлимдан ушлаб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига олиб борди ва:

«Ё Расулуллоҳ, албатта, Анас жуда хушёр бола, сизга хизмат қилсин», – деди. 

Бас, у зотга сафарда ҳам, ҳазарда ҳам ўн йил хизмат қилдим. Аллоҳга қасамки, қилган нарсамни, нима учун буни қилдинг, демадилар. Қилмаган нарсамни, нима учун буни қилмадинг, демадилар».

Тўртовлари ривоят қилишган.


Яна ўша кишидан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам одамларнинг энг яхши хулқлиси эдилар. Бир куни мени бир ҳожат учун юбордилар. Мен:

«Аллоҳга қасамки, бормайман», – дедим. Ичимда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам амр қилган нарса учун бораман, дедим-да, чиқдим. Бозорда ўйнаётган болалар олдидан ўтаётиб туриб қолибман. Бир вақт, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам орқамдан бўйнимни тутиб турибдилар. Мен у зотга назар солдим. Ул зот:

«Эй Унайс, мен амр қилган жойга бордингми?» – дедилар. Мен:

«Ҳа! Мен бораман. Ё Расулуллоҳ», – дедим ва юриб кетдим».

Муслим ва Абу Довуд ривоят қилишган.


Яна ўша кишидан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан кўра аҳли аёлга меҳрибонроқ бирортани кўрмадим. Иброҳим Мадийнанинг четида эмизилар эди. Ул зот ўша томон борардилар. Биз ҳам у зот билан борардик. Ул зот уйга кирганларида тутунга тўлган бўларди. Чунки, унинг эмизикли отаси темирчи эди. Бас, у зот уни олиб, ўпиб, яна қайтариб берар эдилар. Иброҳим вафот этганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Албатта, Иброҳим ўғлимдир. У кўкракдалигида ўлди. Албатта, жаннатда икки эмизувчи уни эмизишни камолига етказурлар», – дедилар».


Яна ўша кишидан ривоят қилинади:

«Батаҳқиқ, Иброҳимни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида жон таслим қилаётганида кўрдим. Ул зотнинг икки кўзларидан ёш оқди ва:

«Кўз ёш тўкур. Қалб маҳзун бўлур. Роббимиз рози бўладиган нарсадан бошқани айтмасмиз. Аллоҳга қасамки, Эй Иброҳим, биз сенинг учун маҳзунмиз»,– дедилар».

Иккисини Тўртовлари ривоят қилишган.


Яна ўша кишидан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Анжаша исмли хушовоз сарбонлари бор эди. У завжаи мутоҳҳаралар бор туяларни етаклаб кетмоқда эди. Бас, у зот унга:

«Эй Анжаша, оҳиста юр. Биллурларни синдириб қўйма», – дедилар».

Икки Шайх ривоят қилишган.


Яна ўша кишидан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Бомдод намозини ўқиганларидан кейин, Мадийнанинг хизматкорлари сувли идишларини олиб келар эдилар. Қайси идиш келтирилса, у зот унга қўлларини солар эдилар. Баъзида совуқ тонгда ҳам келишарди. Ул зот қўлларини солардилар».

Одамлар табаррук учун ўз идишларидаги сувга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан қўл¬ларини солиб беришларини сўрар эдилар.


Яна ўша кишидан ривоят қилинади:

«Батаҳқиқ, сартарош Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сочларини олаётганини кўрдим. Саҳобалари у зотни ўраб олишган эди. Бирор соч донаси тушса ҳам, бирор кишининг қўлига тушишини хоҳлар эдилар».

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг фазллари улуғлигидан, саҳобаи киромлар, табарруклиги учун, сочларини ҳам ерга туширмай бўлиб олишар эдилар.


Яна ўша кишидан ривоят қилинади:

«Ақли бир оз бундайроқ аёл:

«Ё Расулуллоҳ, сизда ҳожатим бор», – деди.

«Эй, Умму Фулон, қайси кўчадан юрасан? Сенинг ҳожатингни равон қилай», – дедилар у зот. Сўнгра у билан ҳожати чиққунча йўлда юриб кетдилар».

Ушбу учовини Муслим ривоят қилган.


Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам икки ишдан бирини ихтиёр қиладиган бўлсалар, улардан бири бошқасидан енгилроқ бўлса, агар гуноҳ бўлмаса, албатта, енгилини ихтиёр қилар эдилар. Агар гуноҳ бўлса, ундан энг узоқдаги одам бўлар эдилар. 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз¬лари учун интиқом олган эмаслар. Илло, Аллоҳ азза ва жалланинг ҳурмати поймол қилинсагина, (интиқом) олардилар».

Учовлари ривоят қилишган.


Яна ўша кишидан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қўллари билан ҳеч нарсани – аёлни ҳам, ходимни ҳам урмаганлар. Илло, Аллоҳнинг йўлида жиҳод қилганларидагина урганлар. Ул зотга бирор нарса етган бўлса, унинг соҳибидан интиқом олмаганлар. Илло, Аллоҳ ҳаром қилган нарсалар поймол қилинсагина, Аллоҳ азза ва жалла учунгина интиқом олганлар».

Муслим ва Абу Довуд ривоят қилишган.


Яна ўша кишидан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир ишни қилиб, унда енгилликка рухсат бердилар. Бу у зотнинг саҳобаларидан баъзи кишиларга етганда, уларга ёқмади ва ундан ўзларини олиб қочдилар. Ўша иш у зотга етганда, хутба қилдилар:

«Кишиларга нима бўлдики, уларга мен енгилликка рухсат берган иш етганда, уни ёқтирмай, ўзларини олиб қочурлар?! Аллоҳга қасамки, албатта, мен уларнинг ичида Аллоҳни энг кўп билувчилариман ва У зотдан энг кўп қўрқувчилариман», – дедилар».

Муслим ривоят қилган.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Қабасотун мин ҳаётир Росул 2қисмРасулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётларини ўрганишПайғамбарлик мўъжизалариданРасулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи давоми...

4029 20:12 / 28.04.2017
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қавмнинг ичида ўрта бўйли ndash новча ҳам эмас, пакана ҳам эмас тиниқ рангли ndash ўта давоми...

3931 19:54 / 28.04.2017
324. Имрон ибн Ҳусойн розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Менинг бавосирим бор эди. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан намоз ҳақида сўрадим. У зот .Тик туриб ўқи. давоми...

4696 14:18 / 07.02.2020
263. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Эй Аллоҳнинг Расули, Қиёмат куни сизнинг шафоатингиздан энг саодатманд бўладиган ким, дедим. .Эй Абу Ҳурайра, давоми...

2112 19:00 / 19.08.2023