1446 йил 10 жумадул аввал | 2024 йил 12 ноябрь, сешанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Сийрат

Қуръонда расул (с.а.в) васфи

19:03 / 28.04.2017 4070 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

“Муҳаммад ҳам бир Расул, холос. Ундан олдин ҳам расуллар ўтган. Агар у ўлса ёки қатл қилинса, орқангизга қайтасизми?! Ким орқасига қайтса, Аллоҳга ҳеч қандай зарар келтира олмайди ва Аллоҳ шукр қилувчиларни албатта мукофотлайди” (Оли Имрон, 144-оят).


 Уҳуд жангида камончилар ўз жойларини тарк этгач, мусулмонларнинг мушриклар қуршовида қолган қисми жуда оғир ҳолатга тушиб қолишди. Шу пайт мушриклардан Ибн Қамъа исмли одам зарб билан Набий алайҳиссаломнинг бошларини ёрди ва мушриклар ҳузурига бориб: «Муҳаммадни ўлдирдим!» деб қичқирди. Жанг майдонида «Муҳаммад ўлибди», «Расулуллоҳ ўлибди» деган гап яшин тезлигида тарқалди. Бу хабарни эшитган мусулмонларда тушкунлик ва заифлик пайдо бўлди. Улар дуч келган томонга тумтарақай қоча бошлашди. Фақат Расулуллоҳ алайҳиссолату вассаломнинг оз сонли кишилар билан собит туришларигина катта фалокатнинг олдини олди. «Расуллуллоҳ ўлди» деган хабар мусулмонларни ҳаддан ташқари умидсизлантириб юборди. Ҳаттоки Умар ибн Хаттоб ва Толҳа ибн Убайдуллоҳ розияллоҳу анҳумо каби улкан саҳобийлар ҳам бу машъум хабардан кейин умидсиз бўлиб, бир гуруҳ муҳожир ва ансорийлар билан биргаликда жангни тўхтатиб, ўтириб қолишди. Ушбу оят мусулмонларнинг бу тасаввурлари нотўғри эканини баён қилиб, уларга ибратли дарс бермоқда: «Муҳаммад ҳам бир Расул, холос». Яъни Сизларга йўлбошчи бўлиб юрган Муҳаммад алайҳиссалом ҳам бошқа пайғамбарлар каби бир пайғамбардир, холос.

«Ундан олдин ҳам расуллар ўтган».  Муҳаммад алайҳиссалом ҳам ўша ўтган пайғамбарлар силсиласидан бир ҳалқадир. Аллоҳ Ўз динини бандаларига етказиш учун Одам Атодан буён ҳар замон ва ҳар қавмнинг хусусиятларига қараб улар ичидан пайғамбарлар танлаб, уларга ваҳий юбориб турган. Инсоният тарихи давомида кўплаб пайғамбарлар келиб-кетган.

«Агар у ўлса ёки қатл қилинса, орқангизга қайтасизми?!» Муҳаммаднинг ўлими сизларни Аллоҳнинг динидан қайтарадими?! Сиз эътиқод қилаётган дин Муҳаммаднинг дини эмас-ку, балки Аллоҳнинг дини-ку! Аллоҳнинг динига хизмат қилиш учун қанчадан-қанча пайғамбарлар келиб-кетганлар. Ислом дини бир кишининг ҳаётига боғлиқ эмас, балки у қиёмат қоим булгунча қоладиган диндир. Агар дин бир кишининг, ҳатто Муҳаммад алайҳиссалом каби улкан ва комил инсоннинг ҳаётига боғлиқ бўладиган бўлса, унинг абадийлиги қолмас эди. Демак, унинг ўлими ҳақидаги хабарни эшитганингиздан сўнг тушкунликка тушиб, қочиб қолишингиз нотўғридир.

«Ким орқасига қайтса, Аллоҳга ҳеч қандай зарар келтира олмайди». Ҳаммангиз қайтиб кетсангиз ҳам, Аллоҳга ҳеч зарар етмайди. Балки ким орқага қайтса, ўшанинг зарарини ўзи тортади. Ислом дини Аллоҳ таоло томонидан бандаларга берилган улкан неъматдир. Ким бу неъматга эришишда ҳидоят топса, икки дунёнинг бахтига муяссар бўлади.

«Ва Аллоҳ шукр қилувчиларни албатта мукофотлайди». Ким Исломнинг улуғ неъмат эканини тушуниб етса, шукр қилса, яъни Исломни ўзига ҳаёт йўли қилиб олиб, Аллоҳга бу неъмат учун ҳамду сано айтса, Аллоҳ таоло унга мукофот беради.

Уҳуд ғазотида бўлиб ўтган бу ҳодиса ва унинг баёни бўлиб келган ушбу оят орқали Аллоҳ таоло мусулмонларни Набий алайҳиссаломнинг шахсларига ортиқча ёпишишдан қайтариб, асосий манбага қарашга одатлантиришни хоҳлаган. Мусулмонлар тўғридан-тўғри Аллоҳнинг Ўзига мурожаат қилишни ўргансинлар. Улар Аллоҳнинг олдида ўзларининг масъул эканларини сезсинлар.

Шу билан бирга, бу ҳодиса ва оят Набий алайҳиссаломнинг вафотларига тайёргарлик, мусулмонлар бошига бир куни шундай мусибат тушганда довдираб қолмасликлари учун сабоқ, дарс эди. Ҳақиқатан ҳам шундай бўлди. У киши вафот этганларида ҳеч кимнинг ишонгиси келмади. Ҳатто Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу қиличларини чиқариб: «Ким «Муҳаммад ўлди», деса, бошини узаман!» деб ҳовлида айланиб юрдилар. Фақат Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу бу ҳақиқатни тушуниб етдилар. Бу вақтда у киши шаҳардан ташқарига чиққан эдилар. Хабарни эшитиб, тезда етиб келдилар. Ҳужраи Саодатга кириб, Пайғамбар алайҳиссолату вассаломни ўпдилар-да: «Тириклигингизда ҳам пок эдингиз, ўликлигингизда ҳам поксиз, дедилар. Сўнгра ташқарига чиқиб, баланд овоз билан: “Эй одамлар! Ким Муҳаммадга сиғинаётган бўлса, Муҳаммад вафот этди! Аммо ким Аллоҳга сиғинаётган бўлса, Аллоҳ тирик ва ўлмайди!» дедилар ва ушбу ояти каримани тиловат қилдилар. Ана ўшандагина мусулмонлар ўзларига келиб, ҳушёр тортдилар.


“Муҳаммад сизлардан биронта эркакнинг отаси бўлган эмас. Лекин Аллоҳнинг Расули ва набийларнинг сўнггисидир. Аллоҳ ҳар бир нарсани ўта билувчидир” (Аҳзоб, 40).

Эй одамлар, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Зайнабга уйланганлари учун «Муҳаммад ўз ўғлининг хотинига уйланди», деб бўҳтон қилманглар. Чунки «Муҳаммад сизлардан биронта эркакнинг отаси бўлган эмас». Жумладан, Зайнабни талоқ қилган Зайд ибн Ҳорисанинг ҳам отаси бўлган эмас. Зайднинг отаси Ҳориса ибн Шурҳабийлдир. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Зайд талоқ қилган Зайнабга Аллоҳнинг амри билан, жоҳилият ҳукмларидан бирини ботил қилиш учун уйландилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг жоҳилият ҳукми бўйича Зайдни асраб олишлари ҳам Аллоҳ ирода этган ҳикмат орқали шу одатни йўқ қилиш учун бўлган эди. Зайд ҳеч қачон у зотга ўғил бўлган эмас. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга ҳеч ким ўғил бўлган эмас. У зот эса ҳеч кимингизга ота бўлган эмас.

«Лекин Аллоҳнинг Расули ва набийларнинг сўнггисидир». Лекин Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳнинг ҳамма учун юборган Расулидир. У зот пайғамбарларнинг сўнггисидир, ундан кейин ҳеч бир пайғамбар келмас.

«Аллоҳ ҳар бир нарсани ўта билувчидир». У ҳамма нарсани ана шу ўта билиши асосида тасарруф қилади. Ушбу масалада ҳам ана шу билими билан тасарруф қилди. Эҳтимол, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўғил фарзандлари турмагани ҳам ҳикматлидир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Хадижа онамиздан Қосим, Тоййиб, Тоҳир исмли ўғиллар кўрганлар, аммо уларнинг ҳаммаси кичиклик пайтларида вафот этган. Мория Қибтиядан Иброҳим исмли фарзанд кўрганлар, у эмизикли пайтида вафот этган. Хадижа онамиздан тўртта қизлари бўлган: Зайнаб, Руқайя, Умму Кулсум ва Фотима онамиз. Улардан уч нафари Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан олдин дунёдан ўтган. Фақат Фотима онамизгина у зот соллаллоҳу алайҳи васалламдан олти ой кейин вафот этганлар. Пайғамбарларнинг сўнггиси бўлмиш Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга фарзанд бобида мазкур ҳолатнинг жорий қилиниши Аллоҳ таолонинг ҳикматидандир.

Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўнг Расул ҳам, Набий ҳам келмаслиги аниқ. Ким бунга хилоф эътиқод қилса, кофир бўлади. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сўнгги пайғамбар эканларининг хабарини берган ушбу ояти каримани тасдиқловчи кўплаб ҳадиси шарифлар ҳам ворид бўлган.

Имом Аҳмад ибн Ҳанбал раҳматуллоҳи алайҳи Убай ибн Каъбдан, у киши ўз оталаридан ривоят қилган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қуйидагиларни айтадилар: «Менинг мисолим шуки, худди бир одам гўзал ва мукаммал ҳовли-жой қуриб, ундан биргина ғиштни қўймай, ўрнини очиқ қолдирган, одамлар бинони айланиб кўриб, ундан ажабланиб, сўнгра: «Агар мана шу ерга ҳам ғишт қўйилганда эди», дейдилар, мен набийлар ичида ўша жойга қўйилган ғиштман»; Имом Аҳмад ибн Ҳанбал Ирбоз ибн Сория розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, мен Аллоҳнинг наздида набийларнинг сўнггисидирман», деганлар.


“Иймон келтирган, солиҳ амалларни қилган ва Муҳаммадга нозил қилинган нарсага – ҳолбуки, у Роббларидан келган ҳақдир – иймон келтирганларнинг айбларини беркитади ва аҳволларини яхшилайди” (Муҳаммад, 2).

Иймон ҳақиқий бўлса, эгасини солиҳ амалларга ундайди, шунинг учун ҳам Қуръони каримда кўпинча «иймон»дан кейин «амали солиҳ» зикр этилади. «Иймон келтирган, солиҳ амалларни қилган...»

Аслида, иймоннинг ичида Муҳаммад алайҳиссаломга нозил қилинган Қуръони каримга иймон ҳам бор, лекин бу ерда Қуръон Парвардигор томонидан келган ҳақ нарса эканини яна бир бор бўрттириб кўрсатиш учун алоҳида таъкидланяпти.

«...ва Муҳаммадга нозил қилинган нарсага – ҳолбуки, у Роббларидан келган ҳақдир...» Агар улар айб ёки гуноҳ ишларни иймонга келишдан аввал содир этган бўлсалар, иймонга келишнинг ўзи иймондан олдинги барча гуноҳларни ювиб юборади. Иймондан кейин содир этилган бўлса, ҳақиқий иймон гуноҳкорни тавбага чорлайди. Тавба қилган иймонли бандасининг гуноҳини эса Аллоҳ таоло албатта мағфират қилади.

«...иймон келтирганларнинг айбларини беркитади ва аҳволларини яхшилайди». Аллоҳ таоло иймонли кишиларнинг «аҳволларини яхшилайди». Яъни иймонли инсоннинг ҳамма тарафдан кўнгли тўқ бўлади. Бундай инсон хотиржам, қалби сокин, тани соғ, ишончи комил, виждони пок, ҳаёти тинч, оиласи саодатли бўлади. Хуллас, Аллоҳ таоло ҳамма жиҳатдан унинг аҳволини яхшилайди. Бу эса улкан бахт бўлиб, бундай бахтга фақат иймонли кишиларгина муяссар бўладилар.


“Муҳаммад Аллоҳнинг Расулидир, у билан бирга бўлганлар кофирларга шиддатли, ўзаро раҳмдилдирлар. Уларни рукуъ ва сажда қилган ҳолларида кўрасан. Аллоҳдан фазл ва розилик тиларлар. Юзларидаги аломатлари сажда асаридир. Уларнинг Тавротдаги ва Инжилдаги мисоллари ана шундайдир. Бу худди уруғини ёриб чиқиб, қувватланиб, йўғонлашиб, поясида тик туриб, деҳқонларни ажаблантирган бир экинга ўхшар – улар билан кофирларни ғазаблантириш учун. Аллоҳ улардан иймон келтирган ва солиҳ амалларни қилганларига мағфират ва буюк ажрни ваъда қилди”
(Фатҳ, 29).

Бу ояти карима Муҳаммад алайҳиссаломнинг Расуллик сифатларини таъкидлаш билан бошланмоқда: «Муҳаммад Аллоҳнинг Расулидир...» Маълумки, мушрик ва кофирлар бу сифатларни инкор қилган эдилар. Уларнинг вакили Суҳайл ибн Амр, мазкур сура тафсирининг аввалида айтилганидек, Набий алайҳиссалом сулҳ матнини имло қилаётганларида, матндан «Аллоҳнинг Расули» деган иборани ўзгартиришларини қатъий талаб қилиб туриб олган, «Биз сенинг Аллоҳнинг Расули эканингни тан олганимизда бу ишларни қилмас эдик» деган маънода гап қилган эди. Ояти карима мушрикларнинг мана шу қайсарликларига қақшатқич зарба бермоқда.

Мўмин-мусулмонларнинг яхши сифатлари кўп, аммо ушбу оятда уларнинг вакиллари бўлмиш саҳобаи киромларнинг баъзи сифатлари махсус васф қилинмоқда: «...у билан бирга бўлганлар кофирларга шиддатли, ўзаро раҳмдилдирлар». Саҳобаи киромларнинг фазлларини зоҳир этиш учун келтирилган ушбу сифат ҳар бир мўминнинг ҳам сифати бўлиши лозим. Саҳобалар ўзларининг оталари ёки болалари кофирлар сафида бўлса, уларга қарши ҳам қаттиққўл бўлганлар. Аммо, ким бўлишидан қатъи назар, мусулмонга нисбатан меҳрибон бўлишган.

«Уларни рукуъ ва сажда қилган ҳолларида кўрасан». Улар доим рукуъ ва сажда ҳолатида, яъни ибодат ҳолатида бўладилар. Мўмин-мусулмон шахснинг, хоссатан, оятда мадҳлари келаётган саҳобаи киромларнинг барча ҳаётлари ибодатдан иборатдир. Лекин, шундай бўлса ҳам, оятда банданинг Аллоҳга энг яқин бўладиган пайти – рукуъ ва сажда пайтининг зикр қилиниши бежиз эмас. Ояти каримадаги тавсифдан улар худди доимо рукуъ ва саждада тургандек тасаввур пайдо бўлади.

«Аллоҳдан фазл ва розилик тиларлар». Уларнинг асосий сифатларидан бири – ҳамма ишни Аллоҳнинг фазли ва розилиги учун қилишлари. Бошқа бирор тараф ёки шахснинг розилиги деб, Аллоҳнинг розилигини четга сурмайдилар. Шунинг учун фазлу марҳаматни ҳам фақат ягона Аллоҳнинг Ўзидан кутадилар.

Яна бир сифатлари: «Юзларидаги аломатлари сажда асаридир». Яъни ибодатнинг асари юзларидан билиниб туради. Бу оддий ҳақиқат бўлиб, ибодатли, пок, тақводор инсонларнинг юзларидан иймон нури ёғилиб туришини ҳар бир мулоҳазали, кўзи очиқ киши кўра олади.

Пайғамбаримиздан қилинган ривоятлардан бирида: «Кимнинг тунда намози кўпайса, кундузи юзи чиройли бўлади», дейилган. Саҳобаи киромлар бу борада ҳаммага ўрнак бўлишган.

«Уларнинг Тавротдаги ва Инжилдаги мисоллари ана шундайдир». Ушбу ояти каримадан маълум бўладики, саҳобаи киромларнинг сифатлари аввалги илоҳий китоблар – Таврот ва Инжилда ҳам зикр қилинган. Маълумки, ҳозирда яҳудийларнинг қўлларидаги Таврот Мусо алайҳиссаломга Аллоҳ таолодан нозил қилиинган ҳақиқий Таврот эмас, балки бузилиб, ростидан ёлғони, тўғрисидан нотўғриси кўп ҳолатга келган бир китобдир. Инжил ҳақида ҳам худди шу нарсани айтиш мумкин. Шундай бўлса-да, уламоларимиз бу икки китобнинг ҳозирги нусхаларидан ҳам мазкур ояти каримани тасдиқловчи матнларни топишган.

Биз ўрганаётган ояти каримада эса ҳақиқий, ҳеч бузилмаган илоҳий васф келган, у ҳам бўлса: «Бу худди уруғини ёриб чиқиб, қувватланиб, йўғонлашиб, поясида тик туриб, деҳқонларни ажаблантирган бир экинга ўхшар…» Ушбу зарбулмасал ила Аллоҳ таоло Ислом динининг бошланиши, ўсиши, улғайишини баён қилмоқда. Чунки Муҳаммад алай¬ҳиссалом ёлғиз ўзлари бошлаган даъватни саҳобаи киромлар қўллаб-қувватлашди ва шу тарзда, худди қобиғини ёриб чиққан уруғ аста-секин ривожланиб, деҳқоннинг кўзини қувонтирадиган ўсимликка айлангани сингари, Ислом ҳам Пайғамбаримиз бошчиликларидаги саҳобалар жамиятида ўсиб, кўзни қувонтириб борди.

Лекин бу ҳолат кофирларнинг ғазабини қўзғатар эди. Шунинг учун ҳам ояти каримада «…улар билан кофирларни ғазаблантириш учун» деган ибора келди. Ушбу маънодан келиб чиқадики, саҳобалардан ғазаби қўзиган, уларни беҳурмат қилганлар кофирлар қаторига қўшилар экан.

Оятдаги шунчалик иззат-икром устига, Аллоҳ таоло саҳобаи киромларга яна мағфират ва улуғ ажрларни ҳам ваъда қилмоқда: «Аллоҳ улардан иймон келтирган ва солиҳ амалларни қилганларига мағфират ва буюк ажрни ваъда қилди». Албатта, Аллоҳнинг ваъдаси ҳақ, У Зот Ўз ваъдасига асло хилоф қилмайди. Саҳобалар – улуғ инсонлар. Пайғамбаримизнинг суҳбатларини топишдан ҳам улуғроқ бахт борми дунёда?! Шунинг учун ҳам ҳар бир мусулмон саҳобаи киромларнинг ҳурматларини ўрнига қўйиши лозим. Уларга нисбатан беодоблик қилишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом ҳадиси шарифларидан бирида: «Саҳобаларимни сўкманглар, менинг нафсим қўлида бўлган Зот билан қасамки, агар бирортангиз Уҳуд тоғидек олтин нафақа қилсангиз ҳам, уларнинг биттасининг бир муддига (оғирлик ўлчови) тўғри келмайди», деганлар.


(“Тафсири Ҳилол”дан)



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Жобир розияллоҳу анҳудан Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг намозлари вақти ҳақида сўралди..Бас, у киши.У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам Пешинни қуёш қиздирган давоми...

2880 11:00 / 10.05.2020
669. Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шундай деяётганларини эшитдим .Ким Аллоҳнинг китобидан бир давоми...

3250 16:30 / 04.02.2022
Ўн саккизинчи суннат Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.У киши .Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг завжаларидан бирлари бир катта тоғорадан ғусл давоми...

3654 20:40 / 29.05.2019
Кунлари умримиздек қисқа, тунлари орзулармиздек узун қиш... Мўмин инсон қисқа фурсатларни ғанимат билади, узун орзуларга эса берилиб, боғланиб қолмайди.Бу гал давоми...

4906 16:21 / 14.12.2018