1446 йил 23 жумадул аввал | 2024 йил 25 ноябрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Имоми Аҳмад ва у кишининг мазҳаблари

21:54 / 27.04.2017 4034 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аҳли сунна вал жамоанинг фиқҳий мазҳаббошиларидан тўртинчилари Имом Аҳмад ибн Ҳанбалдирлар. Тарихчиларнинг таъкидлашларича, у кишининг ота-оналари марвлик бўлиб, кейинроқ улар Арабистон томон кўчганлар. Имом Аҳмад ибн Ҳанбал ҳам Марвда 164 ҳ.санада туғилдилар. Ёшликларида етим қолиб, фақирлик билан ўсдилар, қийналиб ўқидилар. У зот кийим тўқиб сотар, хаттотлик қилиб қорнини тўйғизар эдилар. Баъзи вақтларда ҳаммомлик ҳам қилганлар. Ёшликданоқ ҳадис илмига қаттиқ қизиқдилар. Бу эса, ўз навбатида илм талаб этиш учун кўп сафар қилишга чорлади. Имом Аҳмад Абу Ҳанифанинг бош шогирдларидан бўлмиш Имом Абу Юсуфдан дарс олдилар. Кейинчалик Бағдодда катта муҳаддис Ҳушайт ибн Башир ал-Воситийда тўрт йил мунтазам ўқиб, у кишидан уч мингта ҳадис ёзиб олдилар. Илм талабида Яман, Кўфа, Басра, Мадина, Макка ва бошқа жойларга сафар қилдилар. Маккаи Мукаррамада Имом Шофеъийдан дарс олдилар. Имом Шофеъий Бағдодга келганларида ораларидаги алоқа яна ҳам мустаҳкам бўлди. Имом Аҳмад у кишидан кўпроқ таълим олишга ҳаракат қилдилар. Имом Шофеъий Мисрга кўчиб кетаётганларида Имом Аҳмад ҳам у киши билан бирга кетмоқчи бўлдилар-у, аммо шароит тўғри келмади. Имом Шофеъий Бағдоддан чиқаётиб: "Мен Бағдоддан чиқдим, энди бу шаҳарда Ибн Ҳанбалдан тақводорроқ ва фақиҳроқ одам йўқ", дедилар.

Аҳмад ибн Ҳанбал ҳадис илмида жуда ҳам илгари кетганлар. Кўпчилик уламолар у кишининг ҳадисдаги "Муснад" китобларини энг маътабар олтита ҳадис китоби жумласига киритадилар. Шу билан бирга, у киши фиқҳий мазҳаб бошлиғи ҳамдирлар. Имом Аҳмад ибн Ҳанбалнинг шогирдлари ва муҳлислари у кишининг фиқҳлари билан фахр қилишар эди. Ҳатто улуғ тарихчи Табарий ўзининг "Ихтилофул уламо" китобида Аҳмад ибн Ҳанбални муҳаддис, деб атаганда, Ибн Ҳанбалнинг мухлислари у кишининг уйига бостириб кирганлар ва нимага Ибн Ҳанбални фақиҳ демадинг, деб жанжал қилишган. Охири Табарийни миршаблар зўрға ажратиб олишган.
Албатта, Аҳмад ибн Ҳанбал ҳазратларининг бундай "ёрдам"га ҳожатлари йўқ эди. Шундоқ ҳам у кишини бутун Ислом олами улуғ олим, фақиҳ, муҳаддис, зоҳид ва тақводор сифатида яхши танир эди. У киши барчага устоз эдилар. Имом Аҳмаднинг даври сиёсий ва ақидавий ихтилоқлар кучайган давр бўлди. Айниқса, ўша пайтда Мўътазилий мазҳаби тарафдорлари ҳукуматга яқин бўлиб олиб, кўп бузғунчиликлар қилдилар. Уларнинг ўша даврдаги бошлиқларидан бири Ибн Абу Довуд халифа Маъмунга одамларни мажбур қилиб, "Қуръон махлуқ" деб, айтиришга уринди. Унинг маслаҳати билан халифа Маъмун волийларга аҳли сунна вал жамоа уламоларини ҳақоратлаб хат ёзди. Уларни ҳукумат қароргоҳларига олиб келиб, "Қуръон маҳлуқ" деган гапни айтдиришни, уни бажармаганларни эса жазолашни амр қилди. Мусулмонлар улкан фитнага учрадилар. Ислом ақидаси бузилиши хавфи туғилди. Бағдодда Имом Аҳмад ибн Ҳанбал бошчилигида уламолар бунга қаттиқ қаршилик кўрсата бошладилар. Улар илмий мунозараларда мўътазилийларни шарманда қилишар эдилар. Буни сезган халифа Маъмун Бағдоднинг еттита атоқли олимини ўз ҳузурига юборишни амр қилди. Уларни мажбур қилиб, эътирофларини олди ва ҳаммага эълон қилди. Шу билан Имом Аҳмаднинг қанотини кесмоқчи бўлди. Лекин Имом Аҳмад бу фитнага қарши салобатли тоғдек маҳкам турдилар. У киши ўз илмлари билан фитначиларни халқ росида ҳужжат ва далиллар билан шарманда қилиб, довдиратиб қўйдилар. Шунда Маъмун ўзи турган Тунис шаҳрига Имом Аҳмад ибн Ҳанбал ва у кишининг шериклари Муҳаммад ибн Нуҳни юборишни амр қилди. Олимларни қўлларини кишанлаб, беҳурмат қилиб олиб кетишди. Аммо улар йўлдалик пайтида халифа Маъмун вафот этди. Олимларни кишанланган ҳолларида Бағдодга қайтаришди. Йлда Ибн Нуҳ вафот этдилар. Имом Аҳмад у кишини ўзлари ювиб, жаноза ўқиб, кўмдилар. Имом Аҳмадни эса янги халифа тайин бўлгунча қамаб қўйишди. Янги халифа ҳам эскисининг йўлини тутди. Акаси Маъмуннинг васиятига амал қилган халифа Мўътасим ҳам фитна йўлини давом эттирди. Имом Аҳмадни икки йилдан ортиқ, аниқроғи, йигирма саккиз ой қамоқда ушлаб қийнашди, аммо иродасини бука олмадилар. Имом Аҳмаднинг эътирофлари кўпчиликнинг ҳузурида бўлишини хоҳлашар эди. Шунинг учун одамларни тўплаб, халифа Мўътасим ўзи чиқар ва Имом Аҳмадни сўроққа тутар эди. Гап билан енга олмасликларига кўзлари етгандан сўнг калтаклашга ўтдилар. Ҳар сафар гап-сўз фойда бермагандан сўнг, Имомни ҳушидан кетиб қолгунча дарра билан уришар, кейин эса кўтариб, қамоққаолиб кетишар, бу ҳол эртасига яна янгидан бошланар эди. Бир куни калтак зарбидан ҳушидан кетаёзган Имомнинг қулоғига фитна боши Ибн Абу Довуд: "Эй, Аҳмад, қулоғимга, "Қуръон махлуқ", деб қўйгин, сени халифанинг қўлидан қутқариб оламан", деди. Шунда Имом Аҳмад бошларини зўрға кўтариб, "Эй, Ибн Довуд, қулоғимга Қуръон Аллоҳнинг каломи, махлуқ эмас, деб қўйгин, сени Аллоҳнинг азобидан қутқариб оламан", дедилар.
Бу воқеа халифанинг тавбақилиши, фитна боши Ибн Абу Довул ва унинг шериги Башрул Мусрайсийнинг боши олиниши ва Имом Аҳмаднинг эъзозланиши билан тугади. Шундай қилиб бу буюк Имом мусулмонларнинг катта фитнадан қутилиб қолишларига сабабчи бўлдилар.
Имом Аҳмад умирларининг охирида бемор бўлганларида бутун Ислом олами ташвишга тушди. У киши яшаётган шаҳар одамга тўлиб, юриб бўлмай қолди. Миршаблар фақат Имомнинг ўзлари истаган одамнигина кўришга қўйишар эдилар. У киши 241 ҳ. сана 12 робиъул аввал жума куни вафот этдилар. Тарихчиларнинг маълумотларига кўра у зотнинг жанозаларига икки ярим милион одам қатнашган.
Имом Аҳмад ўз мазҳабларида Қуръон ва суннатни асосий манбаъ қилиб олдилар. Сўнгра ижмоъ ва саҳобаларнинг кучли гаплари ўрин олди. Қиёсни бошқа илож қолмагандагина ишлатиш керак, дейдилар. Имом Аҳмад ибн Ҳанбал мазҳаблари масалаларни тор олиши ҳаммага маълум. У киши кўп масалаларда тақво асосида ҳукм чиқарганлари учун шундай бўлиб кўринади. Мисол учун, ит ялаган идишни тозалаш учун Имом Шофеъий етти мартта ювиш керак, дейдилар. Ҳадиси шарифда ҳам шу адат келган. Аммо, Ибн Ҳанбал саккиз марта ювиш керак, деганлар.
Аллоҳ таоло улуғ Имомимизни Ўзи раҳмат этсин, Ислом ва мусулмонлар учун қилган хизматларини муносиб мукофотласин. Омин!!!

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
.Албатта, Биз сенга Кавсарни бердик. Бас, Роббингга намоз ўқи ва жонлиқ сўй,, деган Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсин.Қурбонлик қилинглар Чунки, у отангиз давоми...

25150 15:00 / 17.07.2021
Ёш эрхотин бирбирини жуда яхши кўрар, тинчосуда ҳаёт кечиришар эди. Уларнинг табиатлари бирбирига тескари бўлиб, хотин серҳиссиёт, эр эса босиқ эди.Кунларнинг давоми...

4411 16:00 / 20.06.2019
Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло Таҳрим сурасининг 8оятида шундай дейди .Эй, иймон келтирганлар Аллоҳга холис тавба қилинглар, Тавба саодатга эришиш йўлларидан биридир. давоми...

1578 11:30 / 30.06.2022
Таймийнинг муаззини Маъмар айтади .Бир куни Сулаймон Таймий ёнимда хуфтон намозини ўқиди. Кейин мен унинг .Мулк қўлида бўлган Зот улуғдир, оятини ўқий бошлаганини давоми...

2248 08:00 / 27.01.2021
Аудиолар

135348 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

55598 14:35 / 11.08.2021