1446 йил 21 жумадис сони | 2024 йил 23 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Савол жавоб

Е-322 моддаси

20:47 / 28.04.2016 23232 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

САВОЛ - Маргарин, шоколад ва бошқа баъзи бир озиқ-овқат маҳсулотларининг ёрлиқ қогозида унинг таркибида Е-322 моддаси борлиги ёзилади. Баъзиларнинг айтишига қараганда бу чўчқа ёғи экан. Чиндан ҳам шундайми? Шунингдек, бизга номаълум бўлган мана шундай маҳсулотларнинг ҳалол эканлигига қандай ишонч ҳосил қилиш мумкин?

ЖАВОБ – Албатта, бу ҳозирги кунда кўп такрорланадиган саволлардан ҳисобланади. Фақат Е-322 эмас, балки шунга ўхшаган рамз билан ишора қилинган кўпгина моддалар бор. Ана ўша моддалар озиқ-овқат маҳсулотларини маълум бир савияда ушлаб туриш, ёки қандайдир бир бошқа вазифаларни бажарадиган моддалар бўлади. Улар битта чўчқа ёгидан ташкил қилинган эмас, балки бир неча қоришма нарсалардан ташкил қилинган – «жалатин» ё шунга ўхшаган турли моддалар ҳисобланади. Уларнинг ичида чўчқа ёги қўшиб ишлатилган бўлиши мумкин, ёки кўпроқ ҳайвонларнинг суяклари ишлатилган бўлади ва ўшанинг ичида чўчқанинг суяги ҳам бўлиши мумкин.
Мана бу масалага аввал бўлмаганлиги учун эски китобларда жавобини топа олмаймиз, лекин ҳозирги замон уламолари бу масалаларни пухта, ниҳоятда диққат билан ўрганишган, мана шу озиқ-овқат маҳсулотларини тайёрлайдиган кишилар билан, олимлари билан ўтириб, таркибларини, таҳлилларини – ҳамма нарсаларини кўпчилик бўлиб ўрганиб чиқишган ва ўз хулосаларини айтишган.
Бу масала бизнинг диёримизда, халқимизнинг орасида энди-энди суриштириб борилаётгани эътиборидан, мўмин-мусулмонлар бунга қизиқиб, ҳукмини ўрганишга қизиқаётганлиги эътиборидан бу масалага батафсил тўхтаб ўтмоқчимиз ва ана ўша тўхтаб ўтишда асосан, Ислом фиқҳи академиялари, тиббий илмлар бўйича ислом ташкилоти уламолари ва бугунги кунимизда кўзга кўринган фақиҳларининг мажлислар ўтказиб, маслаҳат ва чуқур таҳлил қилиб ўрганиб чиққандан кейинги хулосаларини сизларга етказишга ҳаракат қиламиз.
Мана шундай савол бошқа уламоларга ҳам берилган. Бизга берилган саволда Е-322 дейилган бўлса, бошқаларда, мана мисол учун «Мусулмон озчиликлар фиқҳи» деб номланган китобдаги саволда Е-422, Е-553 деб рамз қилинган моддалар ҳақида сўралади. Унда ҳам, бизнинг саволимиздаги каби «мана шу моддалар ичига аралаштирилган озиқ-овқат маҳсулотларини еса бўладими, бизга айтилишича ана шу нарсаларнинг асли чўчқанинг ёги ёки суягидан эмиш?» деган саволлар берилган.
Жавобга айтиляптики, ана ўша рақамланган моддаларнинг ҳаммасининг ҳам асли чўчқанинг суягидан ёки ёгидан бўлавермайди. Баъзи ҳолатларда ўша нарсаларсиз қилинган ҳолатлар ҳам бор. Лекин ҳаром нарсадан қилинган фаразни эътиборга олсак ҳам, фуқаҳоларнинг барча жумҳурлари қарор қилишганки, «Агар нажас нарса бошқа нарсаларга аралашиб йўқ бўлиб кетса, унинг ҳукми ҳам ўзгаради.
Мисол учун: ароқ моддаси – маст қилувчи ичимлик ўзи жойида турган ҳолида маст қилувчи ичимлик ҳолидан ўтиб сиркага айланиб қолса, ҳалол бўлади. Ёки нажосат нарса куйиб кул бўлса, унинг ҳам ҳукми ўзгаради - покка айланади.
Шунингдек, нажосат нарса тузнинг ичига тушиб, туз уни еб юборса, унинг ҳам ҳукми ўзгаради. Мисол учун, бир ҳайвон, ҳоҳ у ит бўлсин ёки чўчқа бўлсин туз конига қулаб тушган бўлса-ю, туз уни тамоман еб юборса, унинг итлик ёки чўчқалик хусусияти тамоман йўқолади, у умуман вужудда бўлмай йўққа айланиб кетади. Энди ўша ерда тузгина қолади, ана шу пайтда сифати ўзгарган бўлади ва исми ҳам қолмайди, ўзгаради. Шунга биноан унинг ҳукми ҳам ўзгариб нажосатдан покликка айланади.
Мана шу гаплардан хулоса чиқариб айтамизки - биз бундай холатларда нарсаларнинг аслига қараб ҳукм чиқармаймиз, чунки ароқнинг асли ўзи узумдан бўлади, ёки шунга ўхшаган шариатда рухсат берилган мубоҳ нарсалардан бўлади. Лекин, ўша узум, ёки бугдой, ёки бир нарса ишлов бериш оқибатида узумлик, бугдойлик ҳолини ўзгартириб, маст қилувчи ичимликка айланади. Ана шу пайтда «бунинг асли узум эди, ичса бўлаверади» демаймиз. Чунки турган ҳолига қараб ҳукм чиқарамиз – «бу узум эди, ҳозир хамрга-ароққа айланибди, ҳаром бўлди» деймиз. Ана шу ароққа айланиб турган нарса маълум бир муддат ўтиб, ўзгариб, сиркага айланиб қолса, «бу асли ароқ эди, энди сирка бўлибди, ишлатмаймиз» демаймиз, балки «бу сирка, буни ишлатса ҳалол, ўзи покдир» деган ҳукмни чиқарамиз.
Ҳозирги кундаги баъзи бир гизо ёки даволарга чўчқанинг бирор нарсаси аралашган бўлса ҳам, лекин ўша аралашган нарса ўзининг асл хусусиятини йўқотган бўлади. Бошқача ибора билан айтганимизда, «кимёвий ўзгариш оқибатида бутунлай бошқа бир нарсага айланиб қолади. Энди унинг нопоклиги, нажаслиги қолмайди ва ўша нарсада «чўчқанинг гўшти ҳаром» деб айтадиган ҳукмга ҳеч қандай дохил бўлмай қолади.
Мисол учун, ўша нарсалардан қилинган моддалардан баъзилари ҳайвоннинг суягидан қилинади, гоҳида ўша суяк чўчқанинг суяги ҳам бўлиши мумкин. Бу ишдан хабардор бўлган, эътиқодли одамларнинг айтишича ана ўша қўшилган модда – чўчқанинг ёги ёки гўшти бўлган нарса кимёвий аралашув оқибатида ўзининг хусусиятини батамом йўқотган бўлади. Ана шундай нарсалардан баъзи вақтларда совун қилиш мумкин, ёки тиш тозалайдиган «маъжун» - пасталар қилиш мумкин ва булардан фойдаланиш мумкин. Чунки ҳали айтганимиздек, мазкур моддалар ўзининг асл моҳиятини йўқотган, батамом пок-ҳалол нарсага қўшилиб кетган нарсалар бўлади.
Яна мана шу маънода сизларнинг эътиборингизга 1995 йил милодий санада, 22-24 май кунлари Кувайт давлатида бўлиб ўтган «Тиббий илмларнинг исломий муноззамаси» номли ташкилотнинг катта илмий анжуманида озиқ-овқат маҳсулотлари ва баъзи дори дармонларга қўшиладиган асли ҳаром бўлган моддалар тўгрисида бугунги куннинг кўзга кўринган уламолари ва тиб ходимларининг жуда катта илмий анжумани ва унда тақдим этилган 1112 саҳифали ҳужжатнинг охирида чиқарилган қарорни қисқача маъноси билан ҳам танишиб ўтишга ижозат бергайсиз:

«Ғизо ва даводаги ҳаром қилинган ва нажас бўлган
моддалар ҳақидаги қарор»

1.Ҳар бир мўмин-мусулмон одам шариати исломия ҳукмларини ўзига лозим тутмоги вожибдур. Хусусан, озиқ-овқат ва даво соҳасида бунга алоҳида эътибор бериш керак. Чунки мўмин-мусулмон одамнинг ейдиган нарсаси пок бўлмоги, ичадиган нарсаси пок бўлмоги, даволаниш учун истеъмол қиладиган дорилари пок бўлмоги лозимдур.
Аллоҳ субҳану ва таолонинг раҳмати кенг. Ўз бандаларига раҳм қиладиган бу улуғ Зот ўзининг шариатига эргашиш йўлларини ҳам енгиллаштириб қўйган ва бу борада зарурат тугилганда баъзи бир нарсаларнинг риоясини эътиборга олишни шариатига киритган. Ана шундай қоидалардан бирида – «зарур бўлган ҳолда ман қилинган нарсаларга рухсат берилади» дейилган.
Шунингдек, «ҳожат тушган пайтда бу ҳожат заруратнинг ўрнига ўтади» деган қоида ҳам бор. Аслида барча нарсалар мубоҳдир, илло ҳаромлигига эътиборли далил бор нарсаларгина ҳаром ҳисобланади. Шунингдек, «барча нарсалар аслида ўзи пок» деб ҳисобланади, лекин «нажаслиги, нопоклигига далил ишончли ҳолда келтирган нарсаларгина пок эмас» деб ҳисобланади.

1.Ажнабий тиллардаги «алкогол» сўзи араб тилида «ал-Куҳл» деб аталади, Лекин ажнабийлар ҳам алкоголни «ал - Куҳл»дан олишганлиги маълум ва машҳур. Ана шу алкогол нарсалар шариат нуқтаи-назаридан нажас ҳисобланмайди. Бу нарса «ҳамма нарсанинг асли покдир» қоидаси асосида бўлган. Хусусан, ўша алкогол нарсалар холис ўзи бўлса ҳам, бошқа нарса аралаштирилган бўлса ҳам, ёки сувга аралаштирилган бўлса ҳам барибир.
Шу билан бирга, «хамр», яъни ароқ ва ичиб маст бўлиш учун тайёрлаб қўйилган нарсалар нажосат ҳисобланади. Шунга биноан, шариат нуқтаи-назаридан алкогол - яъни спиртли нарсалар тиббий ҳожат учун ишлатиладиган қилиб тайёрланган бўлса, уларни терини, яраларни ва тиббий асбоб-ускуналарни тозалаш учун, микробларни ўлдириш учун ишлатиш мумкин.
Шунингдек, тиббий маънода ва тиббий ниятда тайёрлаб қўйилган спиртларни ҳиди яхши бўладиган атирлар учун ишлатилса бўлади. Чунки, бу ердаги баъзи бир атирга қўшиладиган моддалар фақат ана ўша спирт билангина эриши мумкин.
Шунингдек, баъзи бир кремларга ҳам мана шу нарса ишлатилади. Бу ҳалиги ичадиган, маст бўлиш учун тайёрлаб қўйилган хамр – ароқ ҳукмига кирмайди. Аммо, алкогол нарса маст қилувчи модда бўлганлиги учун уни ичмоқ, танаввул қилмоқ мутлақо ҳаромдир.
Шунингдек, мўмин-мусулмонлар қараб, ўрганиб билиб олишлари керакки, ўша ўзлари ичадиган даволарда ва унинг таркибида ароқ моддаси, маст қилувчи ичимлик моддалари бўлмаслиги керак. Хусусан, болалар учун, ҳомиладор аёллар учун бериладиган нарсаларда.
Шунингдек, яхши билиб қўймоқ лозимки, ҳозирги кунда тайёрланаётган баъзи бир дориларнинг таркибида жуда ҳам оз миқдорда алкогол моддаси бўлиши мумкин, бу маст қилиш ниятида эмас, балки дорини ушлаб туриш ниятида ёки баъзи бир даволовчи моддаларни эритиб юмшатиш маъносида, сув ва бошқа нарсалар билан уларни юмшатиб бўлмаслиги юзасидан бироз қўшилган бўлади. Буларни истеъмол қилса жоиз, рухсат берилган.
Шунингдек, баъзи бир озиқ-овқат маҳсулотларига маст қилувчи ичимлик учун тайёрланган нарсаларни жуда оз миқдорда қўшилган бўлса ҳам истеъмол қилиш мутлақо мумкин эмасдир. Бунга баъзи бир шоколадларнинг, музқаймоқнинг турлари ва шунга ўхшаш махсус овқатлар киради. Баъзи бир газли ичимликлар ҳам бор, ана ўша нарсаларда маст қилувчи нарсалар қўшилган бўлади – ароқми, конякми ёки бошқа нарсалар қўшилган бўлади – буларни ичишга мутлақо рухсат йўқ. Чунки шариат қоидаси бўйича, кўпи маст қилган нарсанинг ози ҳам ҳаром бўлади.
Баъзи бир озиқ-овқат маҳсулотларини тайёрлаш пайтида алкогол моддасини жуда ҳам оз миқдорда ишлатилиши бор. Бунда унинг мазаси учун эмас, балки сув ёки бошқа нарсалар билан эримайдиган нарсаларни эритиш учун қилингандир. Бу кўп тарқалган нарса бўлганлиги учун ва ўша озиқ-овқат маҳсулотини тайёрлаш пайтида қўшилган жуда оз миқдордаги алкогол нарса ҳавога буг бўлиб таралиб кетиши эътиборидан ундан озиқ-овқатларни истеъмол қилишга рухсат берилгандир.
6. Баъзи бир озиқ-овқат маҳсулотлари борки, унинг таркибига чўчқанинг ёги қўшилади ва у эриб бошқа нарсага айланиб кетмаган бўлади ҳамда ўз ҳолида мазкур озиқ-овқат маҳсулотларини таркибида туради. Бунга мисол айтадиган бўлсак – баъзи бир пишлоқларр, мойлар, ёглар ва шунга ўхшаган нарсалар бор. Баъзи печенъеларни, шоколадларни ва музқаймоқларни қилишда чўчқанинг ёгидан фойдаланилади. Мазкур нарсаларда чўчқанинг ёги ўзи туради. Бундай таомларнинг барчаси ҳаромдир. Уларни емоқ мутлақо мумкин эмасдир. Чунки аҳли илмнинг барчаси чўчқанинг ҳамма нарсаси нажас эканлигига ва уни еб бўлмаслигига иттифоқ қилишган.

Яна бир қонун шуки, чўчқанинг моддасидан тайёрланган «инсулин» дориси. Буни қанд касаллигига гирифтор бўлган беморлар учун даво сифатида ишлатилади ва уни шаръий қоидаларга биноан зарурат учун истеъмол қилса бўлади.
7. Агар гизо ва давога қўшилган ҳаром нарса бошқа моддаларга аралашиб, ўз хусусиятини тамоман йўқотиб, бошқа бир ҳолатга айланиб қолса, уларни истеъмол қилиши мубоҳ бўлади. Мана шу қоидага биноан, ҳайвонларнинг суягидан, терисидан ёки пайларидан қилинган «жалатин» моддаси ҳалол ҳисобланади.
Шунингдек, чўчқанинг ёки ўзи ўлган ҳайвоннинг ёгидан қилинган совунлар мазкур чўчқа ёги ёки ўзи ўлган ҳайвоннинг ёги бошқа моддаларга – пок нарсаларга аралашиб, ўзининг хусусиятини батамом йўқотса, шакли-шамоили умуман қолмаса, ҳеч қандай аломати бўлмай бутунлай йўқ ҳолга айланиб кетган бўлса, ўшандан тайёрланган совунларни ҳам ишлатса бўлади.
Шунингдек, баъзи бир суриладиган малҳамлар, кремлар, пардоз-андоз ашёларини таркибида чўчқанинг ёгидан қўшилган бўлиши мумкин, лекин ана ўша нарсани зийнат нарса бўлганлиги учун ишлатиб бўлмайди. Фақат ҳали айтганимиздек, бу нарса жуда оз бўлиб, ўша ёгни бутунлай бошқа нарсага айланиб кетганлиги, унинг асорати умуман қолмаганлиги аниқ бўлсагина, ишлатиб бўлади.
Шунингдек, кишининг ҳушини йўқотадиган, араб тилида «мухаддир» деб аталадиган, бизда тиббий маъноларда ишлатиладиган нарсалар бор – нашанаванд, наркотик моддаларни бирортасини танаввул қилиб бўлмайди. Фақат тиббий маънода, муайян бир миқдорда, муайян бир шаклда, табибларни бошчилигида ва уларни тайинлаши асосидагина улардан фойдаланиш мумкин, холос».
(Арабчадан сўзма – сўз таржима тугади)
Алоҳида, таъкидлаб айтиб ўтишимиз керакки, мана бу бўлаётган изнлар, рухсатлар фатво тариқасида айтилган нарсалардир. Яъники, ўрганиб чиқиб, «мана шу нарса жоиз бўлади» деган хулоса чиқарилгандир. «Буни ҳамма истеъмол қилиши мажбур, қилмаса бўлмайди» деган маъно мутлақо йўқ. Кишиларнинг ичида тақво йўлини тутиб, «мана шу нарсаларни ўзим истеъмол қилмайман, нима бўлса ҳам ичида шубҳали нарса борлиги кўнглимни хира қиляпти» деган одамлар бўлса, улар албатта тақво йўлини тутганлари афзал. Кўнгиллари тортган ҳолатда энг шубҳасиз нарсаларни истеъмол қилиб юришлари ўзларининг иши – тақволари.
Лекин, уламолар рухсат бериб қўйган тарафни олиб «уламолар рухсат берган, мана шу нарсалардан истеъмол қилсак жоиз экан» деб баъзи бир одамлар истеъмол қилса, тақво йўлини тутганлар уларни маломат қилмасликлари керак. Аксинча, фатво йўлини тутиб турганлар тақво йўлини тутганларни маломат қилмасликлари керак.
Ҳар ким муфтийларнинг фатво беришлари билан бирга яна ўз қалбига ўзи фатво бериб, шариат ҳудудида турган икки тарафдан бирини олишга ҳаққи бор ҳисобланади.
Аллоҳ субҳану ва таоло барчаларимизни озиқ-овқатимиз, дори-дармонимиз ҳалол, пок бўлишини Ўзи насиб қилган бўлсин, барчаларимизга Ўзи пок юришни таъминлаган бўлсин. Омийн!

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
СаволАссалому алайкум Қурбонлик қилсак гўштини бировга бeрсагу уни ароқ билан eса нима қиладиЖавобquotЗикр аҳлидан сўрангquot ҳайъатиВа алайкум ассаломБилиб туриб давоми...

4677 16:55 / 23.08.2017
Бир биродаримизнинг қизига жин кириб олган эмиш. Қанча дўхтирга кўрсатди, бирор тайинли ташхис қўя олишмади. Охири жин чиқарадиган бир кишига олиб бориб ўқитиб давоми...

14786 15:50 / 24.05.2016
САВОЛ Ассалому алайкум, ҳурматли Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф жаноблари, бизнинг саволимиз қуйидагича Биз яшаб турган жойдан 2025 км. масофада чўл қумлари бор. давоми...

4328 20:11 / 27.04.2016
Менинг холам АҚШда яшаб келдилар ва у ерда насроний динини қабул қилибдилар. Келганларидан кейин барча қариндошларимизни насронийликка даъват қилдилар ва давоми...

4277 21:23 / 27.04.2016