1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Рўза

Рўзаи рамазон (Фитр садақаси)

05:00 / 13.01.2017 9891 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Фитр садақаси


САВОЛ: Рамазон ойида фитр садақасини беришнинг ҳукми нима? Фойдалари борми?

ЖАВОБ: Рамазон ойида садақаи фитр бериш закот каби фарз амал ҳисобланади. Шунинг учун шаръий китобларда уни “закот ул-фитр” ҳам дейилади. Аллоҳ таоло Аъло сурасида бундай дейди:

قد أفلح من تزكى وذكر اسم ربّه فصلى

“Нажот топувчи одам, ҳақиқатан, (куфр ва гуноҳлардан) пок бўлур ва Парвардигорининг исмини ёд этиб, (беш вақт) намоз ўқир”. (Аъло сураси, 14-15-оятлар).

Мазкур ояти каримани Саид ибн Мусаййиб ва Умар ибн Абдулазиз каби тобиъинларнинг улуғлари “Закоти фитрни берган одам нажот топур” деб таъвил қилганлар.

Ушбу амалнинг шаръий бўлиш сабаби Имом Абу Довуд ва Имом Ибн Можжаларнинг Ибн Аббос разийаллоҳу анҳудан қилган ривоятларидир:

فرض رسول الله صلى الله عليه وسلم زكوة الفطر طهرة للصيام من اللغو والرفث وطعمة للمساكين. من أدّاها قبل الصلوة فهى زكوة مقبولة ومن أدّاها بعد الصلوة فهو صدقة من الصدقات

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам фитр закотини фарзлигини айтдилар. Рўза учун лағв ва бекорчи ишлардан покловчидир ва мискинларга емишдир. Кимки уни ҳайит намозидан олдин адо қилса, бас, у мақбул закотдир. Кимки уни ҳайит намозидан кейин адо қилса, бас, у оддий (нафл) садақалардан бир садақадир”.

Имом Дорақутний ҳам иснодида гап-сўз бўлмаган ҳадиси шарифни ривоят қилган: Рамазон рўзаси фарз қилинган йили, Жаноби Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳайитдан икки кун аввал махсус маъруза қилиб, фитр садақасини чиқаришни буюрганлар. Ана шундан бери мусулмонлар Рамазон ойида фитр садақасини адо қилиб келмоқдалар.

Имом Табароний Саҳл ибн Уббода разийаллоҳу анҳудан қилган ривоятда Рамазон  ойининг рўзаси осмону ер ўртасида муаллақ туриб қолади. Қачонки, фитр садақаси адо қилинса, у Парвардигори оламнинг ҳузурига кўтарилади. Яъни, фитр садақасининг адосига кўра рўза қабул бўлади.

Фитр садақасини адо этган одамга фарзни адо этганлик савоби берилади. Шунингдек, “Фатовойи Сирожия”да айтилишича, фитр садақаси адо этиш рўзанинг қабул бўлишига, ўлим вақтидаги нажотга, қабр азобидан қутилишга сабаб бўлади .  


САВОЛ: Рўзадорларнинг ҳаммасига фитр садақаси чиқариш вожибми?

ЖАВОБ: Йўқ, албатта. Балки, мусулмон ва озод бой хонадон аҳлига фитр садақаси чиқариш вожиб бўлади. Бойлик эса икки хил бўлади:

1.    Закот берадиган бой.

Закот берадиган бой шуки, унинг ўз ҳожатидан ортиқча молу дунёси бўлиб, бир йил ўтганидан сўнг закот беради. Ана ўша ортиқча молу дунёси закот бериши учун одатда ўсадиган молу дунё бўлиши ҳамда маълум миқдорга, яъни нисобга етиши керак. Бу эса учта нарсада бўлади, холос:

А). Олтин-кумуш ва пулдан. 

Инсоннинг ортиқча пуллари 20 мисқол тилланинг ёки 700 мисқол кумушнинг миқдори қийматига етса, шу етган вақтдан бошлаб бир йил ўтса, унинг қирқдан бири закотга чиқарилади. Аёлларнинг тақинчоқларининг қиймати ана шу нисобга етса ҳам бир йилдан кейин закот берилади. Бирор нарса сотиб оламан, деб ёки бола уйлантираман деб ният қилиб тўплаётган пулидан, агар у нисобга етган бўлса, бир йилдан сўнг закот чиқараверади.

Б). Ҳайвонлардан. 

Улар бешта ҳайвон тури бўлиб, яйловда ярим йилдан кўпроқ вақт мобайнида боқиладиган бўлиши керак. Демак, улар туялардан бештага етганидан бошлаб, моллардан ўттизтага етганидан бошлаб, қўй-эчкилардан қирқтага етганидан бошлаб ва эркак ва урғочи отларнинг қиймати нисобга етганидан бошлаб бир йилдан сўнг берилади. Агар булар қанча бўлсада, уйда боқиладиган бўлса, закот берилмайди.

В). Тижорат молларидан.

Ҳар қандай нарсани тижорат қилиш ниятида сотиб олган ҳамда шу вақтда унинг қиймати нисобга етган бўлса, бир йилдан сўнг қийматининг қирқдан бирини закотга чиқаради. Сотиб олаётган вақтда шуни сотиш нияти бўлиши керак. Агар сотиб олгандан сўнг, бир неча муддат ўтганидан кейин сотиш нияти туғилса ёки мерос ва ҳадияга келган нарсани сотиш нияти туғилса, бундай нарсалардан закот чиқарилмайди. Уларни сотганидан сўнг, қиймати нисобга етган бўлса, ортиқча бўлиб, бир йил уйида турса, кейин ўша қийматдан закот берилади.

Юқорида кўрсатилган учта нарсадан бошқа бойликларидан, улар қанчалик кўп бўлишидан қатъий назар закот чиқарилмайди.  

2.    Закот бермайдиган бой. 

Бундан юқорида кўрсатилган учта бойлиги – ортиқча пуллари, яйловда боқиладиган ҳайвонлари, тижорат ниятида сақлаётган буюмлари бўлмаган, аммо, уйида бошқа ортиқча нарсалари бор ва шу нарсаларининг қиймати закот нисобига етадиган бойлар назарда тутилмоқда. Масалан, бир одамнинг иккита уйи бўлиб, бировида ҳеч ким яшамаса, иккита машинаси бўлиб, бирови ортиқча бўлиб турган бўлса, битта соғин сигиридан бошқа сигирлари бўлса, улар ортиқча бўлади. Бир йилдан кўпроққа етадиган ғалла жамлаб қўйган бўлса ҳам нисобга ҳисоблайди. Уларнинг қиймати нисобга етгани учун у закот бермайдиган бой ҳисобланди. Шунингдек, уйидаги ортиқча идиш-товоқлари, меҳмонларга мўлжалланмаган ортиқча кўрпа-тўшаклари, сандиқда турган нарсалар, деворга осиб қўйилган гиламлар ҳам ҳожатдан ташқари нарсалар сифатида нисоб пулига ҳисобланади ва шунга етган бўлса, демак, у ҳам закот бермайдиган бойлар қаторига киради. Шунингдек, фақат жавонларни безаб турган, ўқилмайдиган китоблари, шунингдек, китобларидан иккинчи нусхалари, сервес идишлари ҳам нисобга ҳисобланади ва уларнинг қийматлари етган бўлса, демак, у ҳам закот бермайдиган бойлар сафидан ўрин олибди.

Закот берадиган ва бермайдиган бойларнинг ҳукми шуки, улар фитр садақаси бериши, қурбонлик қилиши лозим ва зарур бўлади. Улар бой одамлар сифатида вожиб садақаларни, назрларни ола билмайдилар. Уларга бу нарсалар ҳаром бўлади. Мана шундай икки хилдаги бойлар бўлмаган кимсалар камбағал ҳисобланади, уларга закот, ушр ёки назрларни олишлари мумкин бўлади.

Закот бермайдиган бойлар ортиқча молу дунёсини ҳисоблаганда, улардан бир йил ўтиши шарт эмас, яъни, фитр садақаси берадиган куни, қурбонлик қиладиган куни ортиқча молу дунёсини ҳисоблайди-да, агар закот нисобига етган бўлса, фитр закоти ва қурбонлик амалини қилаверади.


САВОЛ: Бой одам фитр садақаси чиқармоқчи бўлса, оиласидагиларнинг ҳаммаси номидан берадими?

ЖАВОБ: Бой одам фитр садақаси чиқарганда ўзи номидан ҳамда кичкина, аммо бой бўлмаган болаларининг ҳаммасига, шунингдек, қуллари бўлса, уларга ҳам фитр садақаси чиқаради.

Имом Бухорий ҳазратлари Ибн Умар разийаллоҳу анҳудан қилган ривоятда бундай дейилган:

فرض رسول الله صلى الله عليه وسلم زكوة الفطر صاعا من تمر او صاعا من شعير على العبد والحر والذكر والأنثى والصغير والكبير من المسلمين وأمر بها ان يؤدى قبل الصلوة

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам фитр закотини хурмо ва арпадан бир соъ (4 кило) бўлишини қулга, мусулмонлардан ҳур-озодга, эркагу аёлга, кичигу каттага фарз қилдилар. Уни ҳайит намози ўқишидан аввал адо қилишни ҳам буюрдилар”.

Имом Дорақутний ва Байҳақийлар Ибн Умар ва Ҳазрати Али ҳамда Ибн Аббос каби саҳобий зотлардан қилган ривоятларида уйидаги ҳар қандай инсон номидан садақаи фитр чиқариш лозимлиги айтилади.


САВОЛ: Хотини ёки каттакон ўғиллари номидан фитр садақа чиқармайдими?

ЖАВОБ: Хотини ва вояга етган катта болаларининг топиш-тутиши алоҳида бўлса, улар ўзлари фитр садақа чиқариши лозим бўлади. Чунки, улар ота қарамоғида яшашга мажбурий эмаслар. Аммо, уларнинг номидан чиқараверса, фитр садақаси ҳисобига ўтади, албатта. Бинобарин, ота оиласида яшаётгани учун улар номидан ҳам фитр садақаси чиқаравериши керак. Бошқа уй-жой қилиб чиқиб кетган бўлса, ўғилларнинг ўзлари ўз оиласига чиқаради, албатта.


САВОЛ: Бир оилада вояга етмаган бола бор. У оиласидагилардан анча бой. Яъни, унга бобосидан мерос қолган. Фитр садақаси унга лозимми?

ЖАВОБ: Вояга етмаган бола бойлигини тасарруф қила олмагани учун унинг бойлиги ҳожати аслиййадан ташқари ҳисобланади. Чунки, вояга етмаган болаларнинг ҳожати аслиййаларини оталари чиқаришлари мажбурийдир. Демак, ўша бойвачча боланинг молидан валий бўлиб турган отаси фитр садақаси чиқаради.


САВОЛ: Фитр садақаси нималардан чиқарилади? Буғдойданми ёки арпаданми? 

ЖАВОБ: Фитр садақаси ҳар бир одамга буғдойдан ва буғдойдан олинадиган нарсалар – уни ёки толқонидан ва майиздан ярим соъ, яъни 2 килоча чиқарилади. Хурмо ёки арпадан эса бир соъ, яъни 4 килоча чиқарилади.

Имом Бухорий ва Муслимлар Ибн Умар разийаллоҳу анҳудан қилган ривоятда бундай дейилган:

فرض رسول الله صلى الله عليه وسلم زكوة الفطر صاعا من تمر او صاعا من شعير فعدل الناس به مدين من حنطة

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам фитр закотини хурмодан ёки арпадан бир соъ қилиб фарз қилдилар. Бас, шунда одамлар буғдойдан икки муддини унга тўғрилаб ҳисобладилар”.

Бу ҳадисдаги икки мудд ярим соъга тўғри келади.

Абу Довуд ва Насоийлар Ибн Аббос разийаллоҳу анҳудан ривоят қилишларича, у зот Басрада одамларга мана бундай деганлар: “...Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу садақани хурмо ёки арпадан бир соъ, буғдойдан эса ярим соъ қилиб фарз қилдилар”.

Саҳобаи киромлар ва хулафои рошидийнлар давридан садақаи фитр мана шу тарзда адо қилиб келинган.    


САВОЛ: Фитр садақасини буғдой ёки арпанинг ўзидан эмас, балки, қийматини бериб қўйиш мумкинми? Ҳар қалай, бизнинг юртларда ана шундай қилиш одат бўлган?

ЖАВОБ: Албатта мумкин. Бу бизнинг мазҳабимиздадир. Бошқа учта мазҳабда қийматини бериш мумкин эмас.

Фақирларга буғдой бериш фойдалироқ бўлса, буғдой берилиши керак, албатта. Агар уларга фитр садақасининг қиймати, пули фойдалироқ бўлса, пулини берган маъқул.

Бунга саҳиҳ ҳадиси шарифлардан далиллар бор. 

Имом Бухорий қилган ривоятда зикр қилинишича, Абу Бакр Сиддиқ разийаллоҳу анҳу халифалик даврида туяси борларга, уларнинг туяларидан жазаъа туяси, яъни беш яшар туя закот чиқариш керак бўлганда, агар, у топилмаса, ҳиққа, яъни тўрт яшар туя олиб, устига маблағ қўшиб олишни жорий қилганлар.

Ибн Аби Шайба ривоят қилган: Бир одам туя зикот чиқариши керак бўлган. Туяларининг гўзаллигидан уни  чиқаришни хоҳламай, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга унинг ўрнига иккита сигир беришини айтанларида, ул зоти шариф рози бўлганлар.

Муоз разийаллоҳу анҳу Яманга борганларида одамлардан закот олишда ўша даврда саҳобаларга кийим-кечак жуда зарур бўлиб турганидан закотлари ҳисобига кийим-кечак олишини жорий қилганлар.  

Мана шу ривоятларга асосланиб, бизнинг юртларда садақаи фитр ёки закотлари ўрнига уларнинг қийматларини бериш урф бўлган.


САВОЛ: Фитр садақаси бериш қачон вожиб бўлади? Уни Рамазоннинг биринчи куниданоқ берса бўладими? Агар фитр садақасини беришни унутган ёки бермаган бўлса, ҳайит ўтганидан кейин уни бериш лозим бўладими?

ЖАВОБ: Фитр садақасини бериш ҳайит куни тонг отгандан сўнг ҳайит намозидан аввал вожиб бўлади. Яъни, ўша куни ҳайит намозидан сўнг мусулмон бўлса, ёки ўша куни бомдоддан аввал бой одам ўлиб қолса, бу иккисига (ўлганнинг меросхўрларига) фитр садақасини чиқариш лозим бўлмайди.

Имом Абу Довуд ва Ҳокимлар Ибн Умар разийаллоҳу анҳудан ривоят қилган: “Бизга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳайит намозидан аввал, одамлар намозга чиқишларидан бурун фитр закотини адо қилишни буюргандилар”.

Жаноби Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари ҳам ийдгоҳга боришларидан аввал фитр садақасини берар ва:

أغنوهم عن السؤال فى هذا اليوم

“Фақирларни бу кун сўровдан беҳожат қилинглар, халос қилинглар!”, дер эдилар. (Абу Довуд ривояти).

Аммо, уни эртароқ, аммо Рамазоннинг ичида адо қилиш барча мазҳаблар ҳукмига кўра мустаҳабдир. Рамазон келмасидан олдин фитр садақасини адо қилиб бўлмайди. (“Заҳириййа”). Абдуллоҳ ибн Умар разийаллоҳу анҳу фитр садақасини ҳайитдан бир-икки (баъзи ривоятларда икки-уч) кун аввал берар эдилар. (Ибн Ҳиббон ва Дорақутний ривояти).

Агар бирорта бой фитр садақасини бермасдан Рамазонни ўтказворган, ҳайит куни ҳам уни адо қилмаган бўлса, гарданидан соқит бўлмайди. Бу закотга ўхшаган молия ибодати бўлгани учундир. Уни эслаган вақтда қазо сифатида фақирларга улашиб берворади.


САВОЛ: Кўпчилик закотини Рамазонда беришни одат қилган. Закот Рамазонда берилиши шартми?

ЖАВОБ: Закот моли нисобга етган кунидан бир йил ўтса, ўша куниёқ бериш лозим бўладиган ибодатдир. Закот Рамазонда берилиши керак, деган қоида йўқ.

Рамазонда амаллар савоби кўпайтириб берилади. Чунки, Салмони Форисий разийаллоҳу анҳу қилган ривоятда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам мана бундай деб марҳамат қилганлар:

من تقرب فيه بخصلة من الخير كان كمن أدّى فريضة فيما سواه ومن أدّى فريضة فيه كان كمن أدّى سبعين فريضة فيما سواه

“Кимки Рамазон ойида яхшиликдан бирортасини ўз ихтиёри билан қилса, худди бошқа ойларда бир фарзни қилгандек бўлур. Кимки Рамазонда бир фарзни қилса, худди бошқа ойларда етмишта фарзни бажаргандек бўлур”. (Имом Байҳақий “Шуъаб ал-иймон”да ривоят қилган).

Шунинг учун одамлар закотларини Рамазонда беришга тўғрилайдилар. Яъни, моллари нисобга етганидан сўнг ҳали бир йил ўтмасдан туриб Рамазон келиши билан закотларини бериб, кўпроқ савобга ноил бўладилар. 

Баъзилар моли нисобга етганидан сўнг келгусидаги бир неча йиллик закотларини ҳам берадилар. Ҳазрати Аббос разийаллоҳу анҳу закотини бир неча йиллигини аввалдан беришига рухсат сўраганида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам рухсат берганлар. Буни Имом Аҳмад, Абу Довуд, Термизий, Ибн Можжа каби муҳаддислар ривоят қилганлар.


САВОЛ: Фитр садақаси ва закотлар кимларга берилиши керак? 

ЖАВОБ: Фитр, закот, ушр, назр каби вожиб садақаларни масрифи закот деб аталадиган жойларга, яъни, аниқроғи кимсаларга сарф қилмоқ лозим бўлади. Акс ҳолда қилган садақалари қабул бўлмай қолади. Булар нисобга етмайдиган молу дунёси бор камбағал кимса, ҳеч нарсаси йўқ мискин, давлат томонидан белгиланган садақаларни йиғувчи кимса, хўжаси билан озод бўлишига шартнома тузган мукотаб қул, молу дунёси нисобга етмайдиган қарздор, Аллоҳ йўлига тушган ғозийлар, ҳожилар, толиби илмлар ва пули тугаган ёки йўқотган йўловчи (мусофир)лардир. Садақаларни айнан мана шуларга сарф қилинишини Аллоҳ таолонинг ўзи белгилаб берган:

    انّما الصدقات للفقرآء والمساكين والعاملين عليها والمؤلفة قلوبهم وفى الرقاب والغارمين وفى سبيل الله وابن السبيل، فريضة من الله. والله عليم حكيم

“Албатта, садақаларни фақат фақирлар, мискинлар, унда (садақа ишида) ишловчилар, диллари ошна қилинувчи (кофир)лар, (пул тўлаб озод этилувчи) қуллар, фарздорларга ва Аллоҳ йўлида ҳамда йўловчига (мусофирга) бериш Аллоҳ томонидан фарз (этилди). Аллоҳ илмли ва ҳикматли зотдир”. (Тавба сураси, 60-оят).

Ушбу ояти каримада зикр этилган “диллари ошна қилинувчилар”га закот бериш саҳобалар ижмоъси билан бекор қилинган. Лекин фитр садақасини уларга – зиммий деб аталадиган, бизнинг ўлкаларда яшаётган ғайри динларга (мутлақ кофирларга эмас) бериш мумкин .


САВОЛ: Толиби илмларга бой бўлсалар ҳам  вожиб садақаларни берса бўладими?

ЖАВОБ: Толиби илмлар масрифи закот тартибида “фий сабилиллоҳ”, яъни Аллоҳ йўлида юрганлар қаторида туришини уламоларимиз таъкидлаганлар. (“Бадойиъ ус-санойиъ”).

Аллоҳ йўлида юрганларга садақа бериш эса савобнинг кўп бўлишига шубҳа йўқ. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам оиласидагиларга сарф қилинган динордан кейинг энг афзал динор Аллоҳ йўлида юрганларга сарф қилингани, дея таърифлаганлар. (Имом Муслим Савбон р.а.дан ривояти).

Бинобарин, масрифи закотда вожиба садақаларни беришда энг афзали толиби илмларга берилган садақалар эканлигига шубҳа йўқ.

Аммо, толиби илмларнинг ҳам садақаи вожибаларни олишлари учун муҳтож бўлишлари шартдир. Зеро, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар:

لا تحلّ الصدقة لغنى ولا لذى مرة سوى

“Садақа бой учун ва касб қилувчи соғлом одамга ҳалол бўлмайди”. (Термизий, Абу Довуд ва Доримийларнинг Абдуллоҳ ибн Амр р.а.дан ривояти).

Демак, қўлида, ёнида нисобга етадиган бойлиги бор толиби илмларга закот, ушр ёки фитр садақалари берилмайди. (“Шарҳи Ниқоя”, “Жомиъ ур-румуз”). 

Толиби илмлар вояга етган бўлганлари учун оталарининг бойлиги ҳисобга ўтмайди. 

Демак, мусофирликда, фақат ўқишга бориб-келаётган, қўлида жуда бор бўлса, уч ойга етадиган моли бор бечора толиби илмларга бундай садақаларни бериш жуда кўп савобларга ноил бўлиш демакдир.  


САВОЛ: Фитр садақаларни ота-онасига берса бўладими? Ака-укаларигачи? Опа-сингилларга берса бўладими? Бошқа уй-жой қилиб кетган фарзандларгачи?

ЖАВОБ: Аслида, садақаларни қариндош уруғларга, яқинларга бериш афзалдир. Сулаймон ибн Омир разийаллоҳу анҳу ривоятида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар:

الصدقة على المسكين صدقة وهى على ذى الرحم ثنتان صدقة وصلة

“Мискинга берилган садақа битта садақадир. У маҳрамларга берилса, иккита савоб – садақа ва силаи раҳимдир”. (Аҳмад, Термизий, Насоий, Ибн Можжа ва доримийлар ривояти).

Вожиб садақалар буларга берилмайди:

Ота-оналарга, агарчи қанча юқори кетса ҳам, яъни бобо-момоларга ҳам берилмайди.

Фарзандларга, агарчи қанча паст кетса ҳам, яъни невара, чевараларга ҳам берилмайди.

Хотини ёки эрига ҳам садақа берилмайди.

Чунки, буларга вожиб садақалар эмас, вожиб нафақалар ва битмас-туганмас яхшиликлар қилиниш буюрилган.

Юқоридагиларга садақа берилиши мумкинлигини ифода қилган ҳадислар мазмунидан булар нафл садақалар эканлиги англашилган.

Демак, ота-онангизга фитр бериб бўлмайди. Бошқа уй-жой қилиб кетган фарзандларингизга ҳам фитр садақасини, закотни бериб бўлмайди. Аммо келин ёки куёвларингизга, қўлларига беришингиз мумкин. Улар кейин истасалар, фарзандларнгиз билан берган садақаларни баҳам кўришлари мумкин.

Вожиб садақалар буларга берилади:

Ака-укаларга, амма-тоғаларга берилади.

Опа-сингилларга, жиянларга берилади.

Демак, ака-укалар бойлари камбағалларига, опа-сингиллар бойлари камбағалларига, акалар ёки укалар муҳтож сингил ёки опаларига фитр садақасини берганлари бошқа камбағал-муҳтожларга берганидан афзалдир.  


САВОЛ: Фитр садақаларни эшонлар авлодига, хўжаларга ёки шунга ўхшаш ўзларини олийнасаб санайдиганларга бериш мумкинми?

ЖАВОБ: Агар ўзларини олий насаб санайдиганлар, ким бўлишидан, уларни ким деб аталишидан (саййид, хўжа, эшон, миён, тўра, шоҳ) қатъий назар, агар улар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг авлодлари ёки Бани Ҳошим уруғи, яъни, Пайғамбаримизнинг боболари Абдулмутталибнинг ўғиллари Ҳорис ва Аббос ўғиллари ҳамда амакилари Абу Толибнинг ўғиллари Али, Жаъфар, Ақилнинг ўғиллари авлодидан бўладиган бўлсалар, демак, уларга вожиб садақаларни бериш мумкин эмас. Башарти, улар ҳақиқатан ҳам ўшалар насабидан бўлса, шуни шажаралар ёки бошқа нарсалар билан исботлай олсалар уларнинг вожиб садақаларни олиши ҳаром ҳисобланади. Бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари бундай деганлар:

نحن أهل البيت لا تحلّ لنا الصدقات

“Биз аҳли байтмиз! Бизга садақалар ҳалол бўлмайди”. (Имом Бухорий ривояти).

Чунки, вожиб садақалар молу дунёни ҳалол қиладиган нарсадир. Демак, у ишлатилган сувга ўхшайди. Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз алайҳиссалом бундай демишлар:

انّ هذه الصدقات انما هى اوساخ الناس لا يحلّ لمحمد ولا آل محمد

“Албатта бу садақалар, шаксиз, одамларнинг кирларидир. Улар Муҳаммадга ва Муҳаммад оиласига ҳалол бўлмайди”. (Имом Муслим ривояти). 

Юқоридаги ҳукмдан нафл садақалар, ҳадия олишлари мустаснодир. (“Муҳит”, “Шарҳи Ниқоя”).


САВОЛ. Фитр садақасини, умуман, закот, каффорат ва бошқа садақаларни бериш макруҳ бўладиган кимсалар ҳам борми?

ЖАВОБ. Ўз юрти қолиб, бошқа юртга олиб бориб бериш ҳам макруҳ амал ҳисобланади. Фақат бошқа юртда қариндошлари бўлса, уларга олиб бориб бериш мумкин.

Фосиқ, гуноҳни бепарво қилаверадиган кимсаларга садақалар берилмайди. Шунингдек, тиланчиларга ҳам садақалар берилмайди. Чунки, бир кунлик емиши бор одамга тиланчилик қилиши мумкин эмас. Кўчада юрган тиланчилар эса тиланчиликни касб қилиб олганлардир.

Фитр садақаси сифатида мусофирн ёки муҳтожни уйига чақириб ёки ошхонада овқатлантириб юбориш фитр садақасига ўтмайди.


Ҳамидуллоҳ Беруний тайёрлаган



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Рўзанинг инсонга келтирадиган фойдалари ҳақида гап кетар экан, унинг инсон саломатлигига нисбатан ўта фойдали эканлиги энг кўп гапириладиган мавзуълардан давоми...

4254 05:00 / 11.01.2017
Амалларни чиройли суратда адо этмасдан, рўзангизни бузиб қўйманг.ndash Намозингизни зое қилиш орқали рўзангизни бузманг.ndash Садақа улашмасдан, рўзангизни давоми...

1606 16:00 / 12.04.2023
...Инсоннинг йўлдан урадиган нарсалар ичида қорин ва жинсий шаҳватлар энг кучлиларидан ҳисобланиши ҳеч кимга сир эмас. Рўзанинг фойдаларидан бири худди ўша икки давоми...

3297 05:00 / 11.01.2017
1. Рўза тутган кишининг тақводорлиги зиёдалашади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда рўзани олдинги умматларга фарз қилганидек, ушбу уммати Муҳаммадийяга ҳам фарз давоми...

2991 05:00 / 14.01.2017