1446 йил 21 жумадис сони | 2024 йил 23 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Кун ҳадиси

Иймон етмиш нечта ёки олтмиш нечта шуъбадан иборатдир

22:41 / 25.04.2017 4902 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Иймон етмиш нечта ёки олтмиш нечта шуъбадан иборатдир. Унинг энг афзали «Лаа илааҳа иллаллоҳ» демоқ ва энг кичиги йўлдаги озор берадиган нарсани олиб ташлаш. Ҳаё иймоннинг шуъбасидир», дедилар».

Шарҳ: Ушбу ҳадис Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинмоқда. Бу ҳадиси шарифда келган: 

«Етмиш нечта ёки олтмиш нечта» деган жумладаги шак (иккиланиш) ровийдандир. Ҳадисни эшитаётганда аниқ эшита олмай қолган. Ўзига нима хабар етса, фақат шуни ривоят қилиш зарур бўлгани туфайли бу масалани бошқалардан сўраб, аниқлаб олган бўлса ҳам омонатдор ровий ўзи эшитгандаги ҳолатни аниқ ифода этиш учун шундай ривоят қилган. «Етмиш нечта» дегани етмишдан ортиқ, саксондан кам деганидир. 

Бу ҳадиси шарифда иймоннинг шуъбалари борлиги таъкидланмоқда. 

Бу «Муржиъа» мазҳабидагиларга қарши ҳужжатдир. Шу билан бирга, иймоннинг юқори ва пастки қисми борлиги таъкидланмоқда. Етмиш нечта шуъбанинг энг юқориси калимаи шаҳодатни айтиш бўлса, энг паст даражаси йўлдан озор берадиган нарсани олиб ташлашдир. Икковлари орасида яна етмишдан ортиқ шуъбалар бор. Бу ҳам иймон ягона, бир бутун нарсадир, унинг катта-кичиги бўлмайди, деган «Муржиъа» мазҳабидагиларга қарши ҳужжатдир. Ўша шуъбалар ичида ҳаё алоҳида эътиборга сазовор бўлганлиги учун «Ҳаё иймоннинг шуъбасидир», деб алоҳида таъкидланади. Шунингдек, иймон нафақат сўздан, эътиқоддан, балки амалдан ҳам иборат экани тушунилмоқда. Чунки йўлдаги озор берадиган нарсани олиб ташлашга гапни ҳам ва дилдаги тасдиқни ҳам нисбат бериб бўлмайди. Бу соф амалдан иборат. «Муржиъа» мазҳабидагилар эса «Иймон фақат гапдан иборат», дейдилар.

Умуман, ушбу ҳадис уламоларимизни кенг ва чуқур илмий изланишларга чорлаган ҳадисдир. Чунки унда Исломдан олдин ҳам, Исломда ҳам энг кўп баҳс юритилган масала – иймон ва унинг шуъбалари ҳақида сўз кетмоқда. Иймон ҳамма нарсанинг асли бўлганлиги учун унга алоҳида эътибор бериш зарур. 

Айни шу масала бўйича алоҳида китоб тасниф қилган уламолар ҳам бор. Имом Абу Абдуллоҳ ал-Ҳалиймийнинг «Фавоидул минҳож», Имом Байҳақийнинг «Шуъбул иймон», Исҳоқ ибн ал-Қуртубийнинг «Китобун-Насиҳ», Имом Ибн Ҳиббон Бустийнинг «Васфул иймон ва шуъабиҳи» китоблари шулар жумласидандир.

«Иймон» сўзи луғатда «ишонч», «тасдиқ» маъноларини билдиради. Шариатда эса бир нарсани тил билан айтиш, дил билан тасдиқлаш ва амал билан тамомлаб, камолга етказишдир. Иймоннинг етмиш нечта шуъбаси бор, дейиш иймонни етмишдан ортиқ шохи бор дарахтга ўхшатишдир. Дарахтнинг асли иймон бўлса, унинг шохлари иймоннинг шуъбаларидир. Аҳли сунна ва жамоанинг барчалари – муҳаддислар ҳам, фуқаҳолар ҳам, ақийда илми уламолари ҳам иттифоқ қилиб: «Дўзахда абадий қолмайдиган, аҳли қибла ҳисобланган мўмин – Ислом динига ҳеч қандай шак-шубҳасиз жазм ила эътиқод қилган ва шаҳодат калимасини нутқ қилган одамдир», дейдилар. «Тили билан айтиб қўйса кифоя», деганлар адашган «Муржиъа» мазҳабидагилардир.

Ушбу ҳадисда иймон етмиш ёки олтмишдан ортиқ шуъбага эга экани ва ўша шуъбаларнинг энг юқориси, энг пасти ва яна биттасининг номи айтилмоқда. Бошқа ҳадисларда етмишдан ортиқлиги ва яна баъзи бошқа шуъбалар ҳақида сўз кетган. Лекин бирорта ҳадисда етмиш нечта шуъба санаб, ҳисоблаб чиқилмаган. Бу эса, ўз навбатида, уламоларимизни баҳсга, илмий изланишга чорлаган.

  Имом Ибн Ҳиббон Бустий «Васфул иймон ва шуъабиҳи» китобида қуйидагиларни ёзган эканлар: «Ушбу ҳадиснинг маъносини бир қанча муддат ўргандим. Тоатларни санасам, бу ададдан бирмунча кўп чиқди. Суннатга қайтдим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам иймон деб номлаган тоатларни санадим. Қарасам, улар етмиш нечтадан кам. Қуръонга қайтдим. Аллоҳ таолонинг Китобида иймон деб номланган амалларни ҳисобладим. Қарасам, улар ҳам етмиш нечтадан кам. Сўнгра такрор бўлганларини қолдириб, Қуръон билан Суннатда иймон, деб номланган амалларни қўшиб санасам, оз ҳам эмас, кўп ҳам эмас, етмиш нечта чиқди. Ана шундагина Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ҳадисдаги ададда Қуръон ва Суннатда иймон деб номланган амалларни кўзда тутганларини англадим».


Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Абу Мусо алАшъарий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинадиРасулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам.Қачон Қиёмат қоим бўлса, Аллоҳ таоло ҳар бир мусулмонга яҳудий ёки давоми...

3390 09:20 / 07.06.2018
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам.Яҳудийлар етмиш бир ёки етмиш икки фирқага бўлиндилар. Насоролар етмиш бир ёки давоми...

4146 10:10 / 24.08.2017
Ибн Масъуддан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади..Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар.Икки кишидан бошқага ҳасад қилиш йўқ Аллоҳ молдунё бергану, уни давоми...

3137 06:00 / 27.09.2018
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинадиРасулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам.Етти нарса келишидан олдин яхши амалларни қилиб қолишга шошилинглар. Бунда давоми...

3438 23:10 / 24.01.2018