1447 йил 14 жумадис сони | 2025 йил 05 декабрь, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Савол жавоб

Қай ўринларда ёлғонга рухсат берилган

21:44 / 25.04.2016 3880 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва баракотуҳ. Ҳурматли Устоз, Шайх ҳазратлари, дийнда ёлғон гапиришликка жуда қаттиқ қаралади, лекин дийннинг ёки дийндош биродарининг фойдаси учун ва фитнага қолмаслик учун ёлғон гапирса бўладими? Қай ўринларда ёлғонга рухсат берилган ёки ёлғон гапиришликка умуман рухсат йўқми? Илтимос, устоз, аниқроқ тушунтириб берсангиз, сиздан ва биздан Аллоҳ таоло рози бўлсин.

ЖАВОБ: Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм.
Исломда ёлғон ҳаром ва катта гуноҳ ҳисобланса ҳам, ундан каттароқ зарарни қайтариш учун уч ҳолатда, истисно тарийқасида, ёлғон ишлатишга рухсат берилган.
1. Одамлар орасини ислоҳ қилиш.
Мусулмонларнинг бир-бирлари билан уришиб юришлари жуда ҳам ёмон иш. Бу ёмон иш оқибатида инсонлар ва жамиятлар ораси бузилади.
Кишиларнинг бир-бирлари билан хусуматлашишлари, уришишлари барча бало-офатларнинг бошидир.
Шунинг учун, бу ҳолат пайдо бўлиши билан қандай қилиб бўлса ҳам уни бартараф қилишга ўтмоқ зарур. Бу йўлда ҳатто ёлғон гапирилса ҳам рухсат.
Одамларнинг орасини ислоҳ қилиш учун ёлғон гапирган одам фақатгина яхшилик учун ёлғон гапиради.
2. Урушда ғалаба қилиш учун.
Душман билан бўлаётган қуролли қарама-қаршилик ҳаёт-мамот жанги бўлади. Бу жангда душман қўлидан келган барча ишларни, жумладан, ёлғонни ҳам ишга солади. Агар аскар енгилса, барча уммат ва миллат душман асорати остида қолади.
Шунинг учун ҳам, кўпчилик манфаати йўлида, душманни доғда қолдириш учун ёлғон гапиришга рухсат берилган.
3. Оиланинг аҳлилигини сақлаб қолиш учун.
Ҳар бир жамиятда оиланинг аҳиллиги алоҳида аҳамият касб этади. Аҳил оилада ўсган болалар салоҳиятли фуқаро бўлиб ўсадилар. Ота-онанинг жанжаллари садоси остида ўсган болалар эса салоҳиятли фуқаро бўлишлари мумкин эмас.
Шунинг учун ҳам эр-хотин орасидаги ўзаро аҳиллик жуда ҳам муҳимдир. Ана ўша аҳилликни сақлаб қолиш мақсадида эрга ҳам, хотинга ҳам бир-бирларига яхшилик маънода ёлғон гап айтишларига рухсат берилган.
Ушбу истисно тарийқасида рухсат берилган уч ҳолатдан бошқа ҳолларда ёлғон гапириш мумкин эмас.
Умму Кулсум бинти Уқба розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Бу аёл Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга байъат қилган биринчи муҳожиралардан бўлган эди. У киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Одамлар орасини ислоҳ қилган каззоб эмас, хайрни айтади ва хайрни етказади», деганларини эшитган экан.
«Мен у зотнинг одамлар «ёлғон» дейдиган нарсадан бирор нарсага рухсат берганларини эшитмаганман. Илло уч нарсага: урушда, одамлар орасини ислоҳ қилишда ва эрнинг ўз хотинига ва хотиннинг ўз эрига гапиришида рухсат берганлар», – деди у».
Тўртовлари ривоят қилишган.
Абу Довуднинг лафзида:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёлғондан бирор нарсага рухсат берганларини эшитмаганман. Илло уч нарсани «ёлғончи ҳисобламайман» дер эдилар: одамлар орасини ислоҳ қилган одамни. У бир гапни айтса, ундан ислоҳдан бошқани ирода қилмайди. Урушда сўз сўзлаган кишини ва ўз хотинига сўз айтган эрни ҳамда ўз эрига сўз айтган хотинни», дейилган.
Гапни буриб гапириш, яъни, киши оғир ҳолга тушиб қолганда сиртидан бошқа, ичида бошқа маъно берадиган гапни айтиб, очиқ-ойдин ёлғон гапирмай қутулиб кетишига рухсат бор.
Имрон ибн Ҳусойн розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Албатта, гапни буриб гапиришда ёлғондан қочиш майдони бордир», – дедилар».
Ибн Адий ва Байҳақий ривоят қилишган.
Ислом оламида Қуръони Каримни махлуқ дейиш фитнаси чиққанда халийфа ҳаммани бу гапни айтишга мажбур қилишга ўтган.
Навбат имом Шофеъийга келганда у киши: «Албатта, мана булар махлуқдирлар», деб тўрт панжаларини кўрсатган.
Тафтишчилар бундан, тўрт илоҳий китоб - Забур, Таврот, Инжил ва Қуръонлар махлуқ, деб айтилганини англаганлар. Имом Шофеъий бўлсалар, тўрт панжани ирода қилганлар.
Ўзининг золимлиги билан донг таратган Ҳожжож золим саҳобаларнинг бирларидан: «Мен ҳақимда нима дейсан», деб сўраган. Шунда у киши: «Сен қоситсан», деган.
Араб тилида «қосит» сўзининг икки қарама-қарши маъноси бор. Бу сўз ҳам «одил», ҳам «жабр қилувчи» маъноларини билдиради.
Мазкур саҳобий розияллоҳу анҳу Ҳажжожга, «сен қоситсан», деганида, ўша ерда турганлар унга: «Сени мадҳ этди», дейишган. Аммо Ҳажжожнинг ўзи: «Йўқ, у мени жабр қилувчи» демоқда, деган. Валлоҳу аълам.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
САВОЛ Хизмат юзасидан бир маросимга борган эдим. Дастурхонда турли спиртли ичимликлар бор эди. Атрофдагилар ичишди, албатта бу менга ёқмади, лекин чиқиб кетишнинг давоми...

4764 21:40 / 27.04.2016
СаволАссалому алайкум Устозлар, Аллоҳ сизлардан рози бўлсин. Ҳозирда кенг кўламда оммалашган интернет орқали смс тарзда номаҳрамлар билан гаплашиш ҳукми қандай давоми...

10356 20:26 / 26.03.2021
Ассалому алайкум Устозлар, менда иккта саволим бор. 1. Менга яқин бўлган бир инсон, гапдан гап чиқиб бошка динга ва вакилларига нисбатан ўз ўрнида хурмат бўлиши давоми...

5543 06:10 / 10.09.2018
СаволАссалому алайкум, ҳурматли Шайх Ҳазратлари Аллоҳ умризга, амализга барака берсин. Устоз ҳозир биз ишлайдиган қурилишда пива ичишга одатланишяпти, олдин давоми...

5408 08:00 / 04.11.2017
Аудиолар

210850 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

130114 14:35 / 11.08.2021