1446 йил 21 жумадис сони | 2024 йил 23 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Савол жавоб

Дуо китоблар ҳақида

21:12 / 24.04.2016 6110 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

«Дуоларга инган хислатлар» китобидаги ёзувлар ҳақиқатга қанчалик яқин? Шунингдек, ундаги «Кимёи саодат» бўлими ҳақида алоҳида тўхталиб ўтсангиз. 

Яна бир савол: «Расулуллоҳ ўқиб юрган дуолар» китобига ишониш мумкинми? Бу китобда асосан Аллоҳнинг исмлари зикр этилган. Айтинг-чи, мана шу исмларни айтиш билан Аллоҳ тилагимизни қабул қиладими?

ЖАВОБ: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Дарҳақиқат, ҳозирги кунларда дуо китобларига ружуъ қўйиш жуда авж олди. Бу борадаги китоблар ҳам жуда сон-саноғи йўқ даражада кўпайиб кетди. Бу каби ҳолатлар, одатда, кишиларда баъзи-бир тилак-истаклар кўпайган, бой бўлиб кетиш орзуси тарқалган, бошига тушган мушкулликлардан бир зумда, тезда халос бўлиш истаги ҳукмрон бўлиб қолган пайтларда авж олади.

Аслида, дуога интилиш, барча ҳолатларда дуо қилиш, дуонинг фазийлатлари ва ҳосиятларига ишониш яхши, балки лозим бўлган иш. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ковушингнинг ипи йўқолса ҳам Аллоҳдан сўра», дея бежиз айтмаганлар. Аммо, бу нарсалар тўғри равишда, Қуръон ва ҳадислар асосида бўлиши даркор. 

Нотўғри тушунчаларга ишониб, бидъат-ҳурофотга берилиб, таги пуч гапларга асосланиб иш кўриш мутлақо мумкин эмас. Ҳозирда бизни ташвишга солаётган нарса айнан мана шу ҳолатдир. 

Турли-туман китобларда, мана бу саволдаги каби, ўқувчини шубҳага соладиган, «Шунга ишонса бўлармикин ёки йўқмикин?», дейдиган даражада муболағали маълумотлар гап-сўзлар ҳам бор. 

Бу китобларнинг кўплари ҳеч бир ўйламай-нетмай, қаердандир келиб қолган асоссиз, таги-туги йўқ китобларни таржима қилиш, шоша-пиша улардан бир нарсани жамлаш маъносида қилинган ишлар ҳисобланади. 

Юқоридаги саволда келган «Дуоларга инган хислатлар» деган китоб аввал ҳам чоп этилган экан. Энди, дуо китобларининг бозори ривож топганида, яна шу бозорга иштирок этиш мақсадида унинг қайта чоп қилиниши қайси мақсадда амалга оширилгани китобнинг ўзидан кўриниб турибди. 

Энг қизиғи, китобни тақдим қилиш варақчасида «таржиймон – фалончи», деб ёзиб қўйилган. Лекин, қайси китобдан, қайси нусхадан ва қайси тилдан таржима қилингани тўғрисида ҳеч қандай маълумот йўқ. Мана шунинг ўзиёқ китобнинг савиясини пасайтиради: унинг асли нима эканини билиш учун ўқувчи ҳеч қандай маълумот ололмайди. 

«Кимёи саодат» деб аталган дуонинг арабча ўқилиши кирилл ҳарфида узундан-узоқ ёзилибди. Бу дуони ким қилган, қачон қилган, ким ривоят қилган, у ўзи қайси китобда бор – бирор оғиз гап ёки ишора йўқ. 

Дуонинг матни ёзиб бўлинганидан сўнг «унинг хосиятлари» деган даъвода бир қанча ғайриодатий нарсалар санаб ўтилган. Ана ўша хосиятларга кўра, агар уларга эътибор бериб, ишониладиган бўлса, дунёда одам мана шу «Кимёи саодат» дуосини ёдлаб олиб юрса, бас, ҳеч қандай муаммо қолмаслиги турган гап. 

Бу дуонинг 50 та хосияти бор эмиш. Мазкур дуо одамларнинг ҳар хил тилак-истакларини бериш, мушкулотлари ва дардларидан халос қилиш кучига эга эмиш ва ҳоказо. 

Буларни ўқиган одам ҳайрон қолиб, савол берган тингловчимиз каби, «Бу ўзи ростми, ишонса бўладими?» деган маънолардаги саволларни бериши табиий. Мисол учун, 48-ҳосиятда айтилади: «Кимки «Полпос» номли дев билан мулоқот қилмоқчи бўлса, етти кунгача ҳар куни 41 марта қуйидаги калимани ўқисин». Ана энди ўшани ўқиса, етти кундан кейин ҳалиги дев унга кўринар экан, ўқувчига мушук сифатида, каптар сифатида, кейин одам сифатида келар экан ва хоказо. 

Бунақа ишларни ҳеч ким эшитмаган, воқеъликда ҳеч ким кўрмаган, тажрибада йўқ нарсалар. Энг муҳими, ҳалиги айтганимиздек, бу дуо ва унинг хосиятлари кимдан ривоят қилинган, ким айтган, улар Қуръонда келганми, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларида келганми, саҳобаларнинг гапларида келганми, мужтаҳид уламоларнинг хулосаларида борми, бу ҳақда на хабар, на масдар ва манбаъ бор. 

Шу билан бирга, бу дуога ишонмаганларга хосиятлар якунида катта бир таҳдид, хавф, дўқ-пўписа ҳам бор. Айтиладики: «Кимки шак келтирса, яъни шу «Кимёи саодат» дуосига ишонмаса, кофир бўлади». 

Аллоҳ ўзи сақласин, асли Қуръон ояти бўлмаган, Набийимиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадиси бўлмаган, саҳобаларнинг гаплари бўлмаган, ким айтгани номаълум бир дуони инкор қилиш билан инсон кофир бўлиб қоладими? Бир инсоннинг кофир бўлиши, албатта, осон иш эмас. 

Шунинг учун, бунақа нарсаларни ёзаётган, тай­ёрлаётган, китоб қилиб чиқараётган одамлар нимани ёзишяпти, нимани китоб қилишяпти, ким бу китобнинг чиқишига рухсат бераяпти, ким чоп қиляпти – буларни бир ўйлаб кўришлари керак. Аллоҳ таолонинг олдидаги масъулиятни ҳам унутмасликлари лозим.

Шу билан бирга, бу китоб бошидан охиригача уйдирма, дейиш ниятимиз ҳам йўқ. Мисол учун, унда «Муззаммил» сурасининг фазийлатлари айтилган. Бу тўғрида баъзи бир ҳадислар ҳам ворид бўлган. Шу боис, китобдаги ҳамма гапни ҳам биз инкор ыилса олмаймиз.

Шунингдек, «Баъзи бир турли хил дуолар ва уларнинг хислатлари» деган сарлавҳа остида келган маълумотлар ичида баъзи бир ҳақиқатлар ҳам бор. Лекин, китоб умуман олганда, юқорида айтиб ўтганимиздек, асоссиз нарсаларга тўлиб-тошган. 

«Шамъун» исмининг хосияти, касалликни дуолар орқали аниқлаш усули каби нарсалар исломий адабиётимизнинг ишончли манбаъларида, тафсирларимизда, ҳадисларимизда, мўътамад китобларимизда йўқ, албатта.

Яна шунга ўхшаган китоблардан бири «Тонгдан оқшомгача ўқилувчи дуолар» китобидир. У ҳам қайта чоп қилинган. Унда ҳам юқоридагига ўхшаш дуоларни айтиш, ёдлатиш кўрсатмалари берилган. Мисол учун, китобдаги дастлабки дуо – «уйқу олдидан ва тонгда туриб ўқиладиган дуолар»ни кўриб чиқайлик.

Энг аввало, дуо қилиш олдидан унинг одобларига риоя этишга эътибор қилинмаган, ҳаттоки, «бисмиллаҳ» ҳам айтилмаган. Боз устига дуолар нотўғри таржима қилинган. Жумладан, «Бисмикаллооҳумма аҳйаа ва амууту» дуосини «Эй Аллоҳим, Сенинг исмингни айтаман ва тириламан», деб таржима қилинган. Бу нотўғри. Унинг асли маъноси: «Аллоҳим, Сенинг номинг билан тириламан ва ўламан», бўлади. 

Кўриниб турибдики, дуо мутлақо нотўғри таржима қилинган. Энди, арабчани билмаган ўқувчи нима қилади? Ўзи қилаётган дуони ўз маъносидан бошқача тушуниб қолаверадими? 

Бешинчи бетда «Кийим кийилаётганда ўқиладиган дуолар» бобида «Аллооҳумма инни ас‘алука мин хойриҳи ва хойри маа ҳува лаҳуу ва аъуузу бика мин шарриҳи ва шарру ма ҳува лаҳу» деган дуо қуйидагича таржима қилинади: «Эй Аллоҳим, мен бу либоснинг хайрини ва у либосни кийиш хайрини Сендан сўрайман». 

Аслида, дуонинг таржимаси бошқача: «Эй Аллоҳим, албатта, мен Сендан унинг яхшилигини ва унга боис бўлган нарсаларнинг яхшисини сўрайман ва мен Сендан унинг ёмонлигидан ва унга боис бўлган нарсаларнинг ёмонлигидан паноҳ сўрайман». 

Демак, китобда дуонинг ярми нотўғри таржима қилинган, ярми мутлақо таржима қилинмаган. Бунга ўхшаш мисолларни яна кўплаб келтириш мумкин.

Инсонларда ҳозир бир айланиб бой бўлиш, бир зумда мушкулотидан қутулиш, баъзи бир лафзларни айтиш билан мурод ҳосил бўлишга интилиш руҳияти юқори даражага чиққан. Бундан фойдаланган айрим кишилар китобини бозорга солиш учун шошилишиб қолган. Аммо ҳеч ким ўйламайдики, мана шу лафзларни билиб-билмасдан қайтариш билан мурод ҳосил бўлармиди?!

Саволнинг иккинчи қисмига келадиган бўлсак, «Расулуллоҳ ўқиб юрган дуолар» китоби, ҳақиқатан, ишончли манбаъларга асосланган бўлиб, саҳиҳ ҳадисларда келган маълумотлардан иборат. Унда мўътабар ҳадис китобларимизда келган дуолардан айримлари танлаб олиниб, яхши бир тартибда берилган. Ҳар бир мусулмон киши ўша дуоларни ўқиб юришга одатланса, ниҳотда яхши бўлади.

Албатта, Аллоҳ таолонинг исмини зикр қилиш яхши, матлуб нарса. Кўплаб ажр-савобларга сабаб бўлади. Лекин, тилакларни ҳосил қилиши маъносида тушунчамизни бироз тўғрилаб олишимиз керак. 

Шуни яхши билишимиз лозимки, дуо бу – маълум бир лафзларни қуруқ такрорлаш эмас. Қандайдир сўров лафзларини такрорлаш «талаб» дейилади. Менга у бер, менга бу бер, мени ундоқ қил, мени бундоқ қил, деган сўзлар талаб маъносини билдиради. «Дуо» эса бутун вужуди билан, иймон-эътиқодга тўлган ҳолда, барча ҳис-туйғусини Аллоҳ таолога йўналтириб, қалбан У Зотга юзланиб, бор вужуди билан илтижо ҳолатига ўтишдир. Афсуски, буни кўпчилик билмайди, қуруқ лафзларни такрорлаш билан овора.

Шунингдек, дуо қилишнинг ўзига яраша алоҳида одоблари бор. Дуонинг қабул бўлиш вақтлари бор, жойлари бор, амаллари бор. Ана шуларни ҳам ўрнига қўйиш керак. 

Энг муҳими, дуоим қабул бўлсин деган инсон ўтган гуноҳларига тавба қилиши, луқмасини ҳалол этиши керак, ана ўшанда дуоси қабул бўлади, муродига етади, иншааллоҳ. 

Бу нарсаларни тушунмасдан, маълум бир лафзлар маъносини юқоридагидай нотўғри таржималарга ишониб, нотўғри тушуниб, маълум сўзларни қуруқ такрорлаш билан дуонинг қабул бўлиши даргумон. 

Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло барчаларимизни тўғри йўлга бошласин, дуоларни тўғри қилишимизни ва уларнинг қабул бўлишини насиб этсин. Валлоҳу аълам. 


Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Савол Ассалому алайкум, урматли Шайх Ҳазратлари Алҳамдуллилаҳ, Намозни 5 маҳал ўз вақтида адо этаман, садақа бераман, ҳар куни истиғфор айтиб юраман, Шаҳодат давоми...

3582 21:21 / 22.03.2016
СаволАсслому алейкум Шайх ҳазратлари. Олдинги саволларимга жавобларингиз учун Сиздан бениҳоя миннатдорман. Яна савол банда узоқ вақт таровеҳ ўқиладиган давоми...

4536 08:15 / 09.02.2018
Шайх ҳазратлари, сизга қуйидагича саволим бор эди рўзадор киши рўза пайтида ювиниб, чўмилса ёки ғусл қилиши шарт бўлиб қолса, рўзаси бузиладими Агар рўзаси давоми...

15055 16:00 / 24.04.2016
СаволАссалому алайкум Азиз устозлар агар эр ўз хотинига у бу нарсалар учун нафақа берса, хотини эса уларни йиғиб ўз отаонасига ёрдам сифатида берса бўладими давоми...

4302 09:25 / 24.02.2018